Савобли ишларнинг умри узун, оқибати хайрли бўлади. Айни кунларда маҳалла-гузарларига борамизми, масжид-мадрасаларга кирамизми, ижтимоий тармоқларни кузатамизми, ойнаи жаҳонни томоша қиламизми – барчасида ўлкамизда ўтаётган Қуръон мусобақаси, хушовоз қорилар тиловатлари, хонадонлардаги Каломуллоҳ такрорлари ҳақида сўз юритилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Бу хайрли тадбирдан баҳра олиб қолай деган ихлосмандларнинг саноғи йўқ. Кимдир масжидда эрта тонгдан хизматда, кимдир атрофни супур-сидири билан банд, яна кимдир “менга қандай юмуш бор?” дея ҳиммат камарини белига боғлаб турибди. Турли ташкилотлар ходимлари ҳам қўлларини кўксига қўйиб хизматга шай туришибди.
Ҳосили калом, ҳамма савоб умидида, ана шу файзли кунлардан насиба олиб қолиш ниятида югуриб-елмоқда. Чунки бугунга қадар бу каби улуғ иш бўлмаган. Мусобақани ёритишга келган оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам одатдагидек, бир-иккита тасвир олиб, жонсараклик билан иккинчи космик тезликда жўнаб кетмаяпти, балки мусобақа охиригача қатнашиб, дуоларга биз ҳам қўшилиб қолайлик, деб жараённи жонли узатиб беришга ҳаракат қилмоқда.
Таассуфки, шундай улуғ янгилик, оддий одамларнинг қувончу шодликлари, чин юракдан айтилган дил сўзлари негадир марказий нашрларимизда ёритилмаяпти?
Давлатимиз раҳбари “Оддий одамлар бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни сезиши керак”, деб бот-бот такрорлаётган, Қуръон мусобақасини ўтказиш ҳақида ташаббус кўрсатиб: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”, деб турган бўлса-да, республикамизда етакчи саналган нашрлар бутун мамлакат бўйлаб, ҳар куни ҳар ҳудудда катта байрам тусида ўтаётган Қуръон мусобақаси ҳақида лом-мим демаётгани ажабланарли. Мусобақалар бир ойдан бери давом этаётган бўлса-да, бу ҳақда бирорта хабар узатмаган нашрлар ҳам бор.
Ҳақиқатнинг юзи ёруғ
Қуръон мусобақасининг шукуҳи қай даражада эканини одамларнинг ҳаво совуқ бўлишига қарамай, тўп-тўп бўлиб келганлари, чилланинг совуғи авжига чиққан кунларида ҳам ташқарида ўтириб мусобақани кузатган юртдошларимиз юз-кўзидан яққол кўриш мумкин. Ана шундай кунлардан мамнун бўлган ҳамюртларимиз кўзларида ёш билан қўлларини дуога кўтариб, яратган Парвардигорга ҳамду санолар айтмоқда. Бу ишга ташаббускор бўлган давлатимиз раҳбари ҳаққига дуолар қилмоқда.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси, сенатор, Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев Қуръон мусобақасини ўтказишдан энг асосий мақсад ёшларнинг Ислом динига бўлган эътиборини янада ошириш, уларнинг имон-эътиқодини янада зиёда қилиш эканини айтди. Мусобақанинг республика босқичини энг юқори даражада ташкил этамиз, деб алоҳида таъкидлади.
Наманган, Сирдарё, Қашқадарё, вилоятларида шахсан вилоят ҳокими, Жиззах, Андижон, Хоразмда эса вилоят ҳокими ўринбосарлари, Сурхондарё, Самарқанд вилоятлари ва Чирчиқ шаҳрида ҳокимиятнинг масъул ходимлари мусобақа қатнашувчиларини табриклаб уларга муваффақиятлар тилади. Бу эътибор ушбу раҳбарларнинг ўз аҳолиси маънавиятига бефарқ эмаслигини кўрсатади. Айниқса, Навоий шаҳар ҳокими Умарбек Халиловнинг “Аллоҳнинг каломини ёд олган киши ҳеч қачон кам бўлмайди”, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг “Ислом динига берилган эркинликни Қуръон мусобақаси дунёга яна бир карра исботлади” деган сўзлари билан бошланган чиқишлари барчани қувонтирди.
Интернет сайтларида мусобақа кенг ёритилмоқда. Мамлакатимизнинг 12 та ҳудудида ўтказилган туман-шаҳар саралаш босқичлари сайтларда жонли эфирда ёритилмоқда. Бу борада Диний идоранинг muslim.uz сайти жуда фаол ҳаракат қилаётир. Онлайн видеолар бир ой давомида бир миллион марта кўрилиб, мусобақа материаллари ҳар ҳафтада қарийб бир миллиондан ортиқ қамровга эришди.
Ушбу маълумотларга диний идоранинг ҳудудий вакилликларининг расмий сайтлари ва хусусий сайтлар эълон қилган материалларни қўшсак, бу сонлар бир неча миллионларни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб айтганда, Қуръон мусобақасини халқимиз беҳад интиқлик билан қарши олди.
Шу ўринда kun.uz, daryo.uz, azon.uz, islom.uz, muslimat.uz, xabar.uz, asr.uz darakchi.uz, sof.uz, podrobno.uz, uz24.uz, telegraf.uz ва хориждаги interfaks.ru, islam-today.ru, sputniknews-uz.com, regnum.ru, rusisworld.com каби ахборот сайтлари мусобақани ёритишда етакчилик қилаётганларини алоҳида қайд этиш лозим.
Республикамизнинг аксар вилоятларидаги йирик пешлавҳаларда Қуръон мусобақасининг эълонлари берилгани халқимизнинг кайфиятини янада кўтарди.
Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг қатор телеканалларида, жумладан, “Madaniyat va ma’rifat”, “Yoshlar”, “Uzbekiston-24” каналларида Қуръон мусобақасининг мунтазам эфирга узатилаётгани, информацион кўрсатувларда мусобақанинг давом этаётгани ҳақида лавҳалар бериб борилаётгани барчамизни қувонтирмоқда.
Юртдошларимизнинг таклиф ва истаклари инобатга олиниб, 12 февралдан бошлаб Қуръон мусобақаси учун “Madaniyat va ma’rifat” телеканали дастуридан махсус вақт ажратилди. Энди мусобақа ҳақида лавҳалар ҳар куни муайян бир вақтда ойнаижаҳонда узатилмоқда.
Ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш жараёнида Чилонзор туманидаги янги барпо этилаётган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номини беришни таклиф этдики, бу халқимизнинг юртбошимизга бўлган муҳаббатини янада зиёда қилди. Президентимиз хайрли иш бошланиши олдидан, Шайх ҳазратларининг шахсияти ҳақида илиқ сўзларни айтиб, Қуръони каримга бўлган самимий муносабатини яна бир карра: “Қуръонни ўқиган одам, уни илмий билган одам ҳеч қачон кам бўлмайди”, деб ифодалади.
Бу – айни ҳақиқат, донишманднинг сўзидир. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг каломини тиловат қилиш бўйича мусобақа ўтказиш ғояси, Унинг илмларини ўрганиш бўйича марказлару мактаблар, олий ўқув юртлари, академиялар ташкил этиш уйғоқ қалбларга янада илҳом бағишлаб, ғафлатдаги қалбларни эса уйғотиб юборди. Бу ўқув марказлари халқимизнинг асл миллийлигига қайтишига ўзининг улкан ҳиссасини қўшади, иншоаллоҳ.
Ортда қолмайлик, эскича эҳтиёткорликдан воз кечайлик
Халқимизнинг аср оша тўпланиб келган орзулари рўёбга чиқиб, жонажон юртимизда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ислоҳотлар бўлаётир. Ҳар куни бир янгилик, бир хушхабар эшитмоқдамиз. Одамлар маънавиятида ҳам тубдан ўзгаришлар бўлаётгани, дину диёнатни ўрганишга, китоб мутолаа қилишга ҳамда илм олишга бўлган иштиёқ ортаётганини кузатиш мумкин.
Қуръон мусобақасини бутун диёримиз бўйлаб халқимиз байрам қилмоқда, қарийб ҳамма ОАВ ёритмоқда. Бироқ “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Народное слово”, “Правда Востока” ва Ўзбекистон ахборот агентлиги каби республикамиздаги энг етакчи, халқнинг қувончу ташвишлари билан яшайдиган нашрлар ёритмаётгани ҳаммани ажаблантирди. Диёримиз буюк олиму уламолар замини эканини бутун дунёга кўрсатиш фурсати пайдо бўлган вақтда, мутасадди вазирликлар, хориждаги элчихоналаримиз сайтлари сукут сақлаб турибди. Бу унчалик ижобий ҳодиса эмас. Айрим вилоят раҳбарлари нега ана шундай катта шодиёна тадбирларга эътиборсиз қарамоқда ёки бунинг бир сири борми?..
Мамлакатимиз раҳбари Қуръон мусобақасини кенг жамоатчиликка кўрсатишни талаб қилиб турган бир паллада воқеалар ривожидан четда туриш, ақалли битта ҳам материал эълон қилмасликнинг замирида бизга қоронғу бўлган нималар бор? Аслида бу каби оммавий тадбирларни ҳамма ташкилотлар ўз нашрларида, веб-сайтларида ёритиб борсалар яхши эмасми. Зотан, Президентимиз ҳам айнан шуни талаб қилмаяптими!
Етакчи нашрларимиз юртимизнинг қайси бир кунжагида бир арзимаган воқеа содир бўлса, ўшани ёритмаяптими? Ўша кичкинагина ҳодисани кўрган кўзлари бутун дунёга довруқ солаётган Қуръон мусобақасини кўрмаётганини нима деб тушуниш мумкин?
Ислом динида хайрли ишларда садоқат билан хизмат қиладиган инсонлар доим улуғланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Айтинг: «Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур” (Тавба, 105), деб таъкидлаган.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло сизлардан бирингиз амал қилиб, ўша амалини моҳирлик билан бажарганингизни яхши кўради” (“Жоме ас-сағир”), деб марҳамат қилганлар.
Демак, ҳар биримиз бу фоний дунёда маълум юмушларга вазифадор эканимизни, Яратган Парвардигоримиз уни биз учун тайин қилгани, бу ҳам бир имтиҳон эканини англаб етмоғимиз даркор. Қуръон мусобақасининг энг ажойиб туман-шаҳар босқичи якунланмоқда, кейин вилоят босқичи бошланади, сўнг республика босқичи бўлиб ўтади. Биз бу хайрли ишда имконияти бор барча юртдошларимизни ихлос билан иштирок этишини сўраб қоламиз. Мақсадимиз – бундай улуғ ишларнинг файзу баракотидан, савобларидан барчамиз баҳраманд бўлайлик.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг халифалиги
(халифалик даври: ҳижрий 64–73; милодий 683–692)
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ҳаёти
Абдуллоҳ ибн Зубайр – жаннат башорати берилган ўн кишининг бири бўлган машҳур саҳоба Зубайр ибн Аввом розияллоҳу анҳунинг ўғилларидир. Оналари – Асмо бинт Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳо.
У зот ҳижратдан кейин Мадинада биринчи туғилган бола эдилар. Шунинг учун у киши туғилганида мусулмонлар ниҳоятда хурсанд бўлган. Ўша пайтда яҳудийлар «Муҳожирларда бепуштлик тарқалган» деб даъво қилишарди. Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг туғилиши эса Мадинаи мунавварада мусулмонлар учун байрам устига байрам бўлиб кетди.
У киши улуғ саҳобадир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этганларида Абдуллоҳ ибн Зубайр тўққиз ёшда эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўттиз учта ҳадис ривоят қилганлар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр Қуръон оятлари ёзилган саҳифалардан мусҳафларга нусҳа кўчиришдек масъулиятли ишни бажарган тўрт саҳобанинг биридирлар.
Усмон розияллоҳу анҳу Ҳафса онамизга одам юбориб: «Бизга саҳифаларни бериб тур, ундан мусҳафларга нусха кўчириб олайлик, кейин уларни ўзингга қайтариб берамиз», деган. Шунда Ҳафса уларни Усмонга бериб юборган. У зот Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Саъид ибн Ос ва Абдурраҳмон ибн Ҳорис ибн Ҳишомларга амр қилган ва улар мусҳафларга нусха кўчиришган.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу Ярмук урушида оталари билан бирга иштирок этганлар. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу қатл қилинган куни у кишини ҳимоя қилиб жанг қилганлар ва жароҳатланганлар. Шунингдек, Қустантиния ғазотида, кейинчалик Муовиянинг даврида Африкадаги фатҳларда ҳам иштирок этганлар.
Ўша пайтда Африка жамияти дейилганда Тароблусдан Танжагача чўзилган катта ерларни ўз ичига олган жамият кўзда тутиларди. Унинг подшоҳи Рум томонидан қўйилар, ўша пайтда Жиржис исмли одам подшоҳ эди. У ҳар йили Рум подшоҳига харож тўлаб турарди. Жиржис бир юз йигирма минг отлиқдан иборат лашкар тўплади. Мусулмонлар келиб, Исломни арз қилишган эди, у бош тортиб, урушни ихтиёр қилди. Жиржис жарчи юбориб, «Ким Абдуллоҳ ибн Саъдни қатл қилса, уни қизимга уйлантираман ва юз минг динор бераман!» деб жар солдирди.
Мусулмонларнинг қўмондони Абдуллоҳ ибн Зубайр эдилар. У киши Абдуллоҳ ибн Саъддан изн олиб, мусулмонлар ичида «Ким Жиржисни қатл қилса, у юз минг динор олади ва Жиржиснинг қизига уйланиб, унинг мамлакатига волий бўлади!» деб жар солдирдилар. Жиржиснинг дилига қўрқув тушди.
Аввалига жанг Жиржиснинг режаси бўйича давом этди, яъни эрталаб бошланиб, пешинда тўхтар эди. Кейин Абдуллоҳ ибн Зубайр мусулмон жангчиларни иккига бўлдилар. Бир қисми пешингача уруш қилади, иккинчиси пешиндан кейин. Ана шунда румликлар дам олишга улгуришмайди. Мусулмонлар эса дам олиб дам олиб, жангни давом эттираверадилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ушбу режаси румликларнинг мағлубиятига асосий сабаб бўлди. Абдуллоҳ ибн Зубайр Жиржисни қатл этди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу жуда кўп ибодат қилар эдилар. Халифалар ичида чавандозлиги билан машҳур бўлганлар. Шижоатда у кишига тенг келадиган одам йўқ эди.
«Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу намоз ўқисалар, хушуъдан қотган таёққа ўхшаб қолар эдилар. Сажда қилганларида чумчуқлар у кишини девор деб ўйлаб, устиларига қўнар эди. Бир куни Каъбанинг Ҳатийм тарафида намоз ўқиётганларида тош тушиб, кийимларининг бир томонини узиб кетганини ҳам сезмаганлар».
Ҳижратнинг 64 йили Язид ибн Муовия вафот этганида бу зот халифа бўлишлари учун байъат берилди. Мана шу даврда Миср, Ҳижоз, Яман, Хуросон, Ироқ, Шом юртларининг баъзи ерларига ҳукмдор бўлдилар.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳу ўзлари умавийларга қарши чиқиб, Маккага амир бўлиб турганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айганларидек қилиб, Каъбани қайта қурдилар. Аммо умавийларнинг лашкарбошиси золим Ҳажжож Абдуллоҳ ибн Зубайрни қатл қилиб, қурилишларини бузиб, қурайшликлар кўрганидек қилиб қайта қурди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ўзларининг халифалик даврларида биринчи бўлиб дирҳамни жорий этдилар. Бу дирҳамнинг бир тарафига «Муҳаммадур Расулуллоҳ», иккинчи тарафига «Амруллоҳи бил вафо вал адл» деб битилган эди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрга байъат
Карбалода Ҳусайн розияллоҳу анҳу қатл қилинганларидан сўнг Ибн Зубайр Язидни халифаликдан олинди, деб эълон қилдилар ва одамларни ўзларига байъат қилишга чақирдилар. Мадинаи мунаввара ва Маккаи мукаррама аҳли у кишига байъат қилди. Юқорида айтиб ўтилганидек, Язид ибн Муовия Ибн Зубайрга қарши уруш қилди. Мадинаи мунавваранинг Ҳарамини бузиб, ичкарида уруш қилишга журъат этди. Маккаи мукаррама қамал қилиб турилганда, ҳижрий 64 (милодий 683) йилда Язид вафот этди. Шундан кейин Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг ишлари қарор топди. У кишига бошқа шаҳарларнинг одамлари ҳам байъат қилишди. Бану Умайяга фақат Шомнинг бир қисмигина қолди, холос.
Абдуллоҳ ибн Зубайр ана шу тарзда қонуний халифага айланди. Шунга биноан Муовия ибн Язид, Марвон ибн Ҳакам ва Абдулмалик ибн Марвонларнинг биринчи даврдаги халифаликлари ботил ҳисобланди. Улар ҳақида: «Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг замонида Шомда ҳоким бўлиб туришган», дейилади. Аҳли илмларнинг кўплари мана шунга иттифоқ қилганлар.
Ҳодисалар
Марвон ибн Ҳакамнинг фаолияти
Язиднинг ўлимидан кейин унинг ўғли Муовия халифа бўлди. Лекин у халифаликдан воз кечиб, узлатга юз тутди.
Умавийлар ҳижрий 64 йилда Марвон ибн Ҳакамга байъат қилишди. У Шомнинг барчасини ўз ҳукми остига бўйсундиришга имкон топди. Сўнг Абдуллоҳ ибн Зубайрдан Мисрни тортиб олди.
Марвон ибн Ҳакам ҳижрий 65 (милодий 684) йилда вафот этди. У ҳам ўғли Абдулмаликка аҳд олиб, уни халифа қилиб қўйгач, оламдан кўз юмди.
Мухтор Сақафий ҳаракати
(ҳижрий 64–67; милодий 683–686)
Мухтор Сақафий Ибн Зубайрнинг одамларидан эди. Лекин у Ибн Зубайрдан ажралиб, ўзбошимчалик билан иш юритиб, бош кўтарди ва Куфага жўнаб кетди. У залолатга кетиб адашган, ниҳоятда обрўталаб ва мол-мулкка ўч одам эди. У Куфага эга чиқиб олди, Мосулни буйсундирди, Маккага ҳужум қилди. Абдулмалик унга қарши уруш олиб борган эди, Сақафий уни енгди. Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг қотилларини қатл қилди, уларни жуда қаттиқ таъқиб остита олди. Бу ишларни у шийъаларнинг розилиги учун қилди. Мухтор Сақафий Убайдуллоҳ ибн Зиёдни қатл қилди. Сўнгра Мусъаб ибн Зубайр Мухтор Сақафийни йўқ қилди. Мусъаб Абдуллоҳ ибн Зубайр ва унинг укаси томонидан Басранинг волийси этиб тайинланган эди. Бу воқеа ҳижрий 67 (милодий 686) йилда бўлиб ўтди.
Абдулмаликнинг Ироқ ва Мадинани эгаллаб олиши
Абдулмалик ўзи бош бўлиб, Мусъаб ибн Умайрга қарши уруш қилиш учун йўлга чиқди. Мусъаб енгилди ва ҳижрий 71 (милодий 690) йилда қатл қилинди. Ироқ Абдулмаликка бўйсунди. Сўнг унинг лашкари Мадинаи мунавварага келди ва у ерни ҳам ўзига бўйсундирди.
Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг қатл қилиниши ва Макканинг бўйсундирилиши
Кейин Абдулмалик ўз қўмондони Ҳажжож ибн Юсуф бошчилигида лашкарини Макка томон юборди. Ибн Зубайр Маккада ўзига истеҳком қуриб олган эди. Ҳажжож Маккаи мукаррамани қамал қилди. Каъбани манжаниқда тошга тутди. Одамлар Ибн Зубайрни ташлаб қочиб кетишди. Ибн Зубайр ўзига яқин кишилар билан беқиёс шижоат кўрсатиб, Каъбанинг олдида душманга қарши жанг қилди. Бироқ манжаниқда отилган тошлар тегиб синган Каъбанинг бўлаклари остида ҳалок бўлди. Бу ҳодиса ҳижрий 73 (милодий 692) йилда содир бўлди. Шундай қилиб, Макка ва унинг аҳолиси Абдулмаликка бўйсунди. Барча юртларга Абдулмалик қонуний халифа бўлиб олди.
Абдуллоҳ ибн Зубайр розияллоҳу анҳунинг халифалиги таҳминан тўққиз йил давом этди.
Умавийлар халифалигининг қайта тикланиши
Абдулмалик ибн Марвон
(халифалик даври:ҳижрий 73–86; милодий 692–705)
Абдулмалик ибн Марвоннинг ҳаёти ва халифалиги
Абдулмалик ибн Марвон ибн Ҳакам ибн Абу Ос ибн Умайя 16 ёшлигида Муовия уни Мадинага волий қилган эди. У халифа бўлишидан олдин ғоятда обид, зоҳид ва фақих инсон бўлиб, Мадинаи мунавваранинг уламоларидан саналарди. Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 41–45 йилларда Африкани фатҳ қилиш ишларида иштирок этган. Ҳижрий 65 (милодий 684) йилда отаси Марвон ибн Ҳакамнинг вафотидан кейин ишни ўз қўлига олди. Ўша вақтда Ибн Зубайр халифа бўлиб турган эди. У Ироқни Ибн Зубайрдан ажратиб олгандан сўнг уни қатл қилиб, Ҳижозни ўзига бўйсундирди. Бошқа шаҳарлар ҳам унга байъат қилди. Ҳижрий 73 (милодий 692) йилдан Абдулмалик ибн Марвон қонуний халифага айланди ва барча вазиятни ўз қўлига олди.
Бу инсон умавийлар давлатининг иккинчи асосчиси саналади. Абдулмалик ибн Марвон ишни қўлига олган пайтда Ислом олами тарқоқ ҳолатда эди. У ўзининг донолиги ва сиёсати билан юртларнинг ҳаммасини тоатга қайтишга ундади ва бу ишда муваффақиятга эришди. Барча бош кўтаришлар, исёнлар ва қўзғалонларни бостирди.
Фатҳлар
Абдулмалик ибн Марвоннинг даврида кенг ва катта фатҳлар бўлмади, чунки у хорижийларга ва Ибн Ашъасга қарши жанг билан машғул бўлди. Кейинроқ Румга қарши уруш қилишга қайтди, чунки улар Шом юртларига таҳдид солиб турган эди. Мағриб юртлари қайтадан фатҳ, қилинди. Ўша даврда Шимолий Африка майдонида энг катта ва машҳур қўмондонлардан бири Мусо ибн Нусайр бўлди. Уқбанинг ўлимидан кейин Танжа ва Сиптани фатҳ қилди.
Шарқ тарафда Мовароуннаҳр юртларида туркларга қарши урушлар бўлди. Муҳаммад Сақафий Синдни фатҳ қилди. Машриқда кенг қамровли фатҳлар бўлмади, бироқ унинг давридаги барқарорлик отаси Валиднинг пайтидагидан кўра салмоқлироқ бўлди.
Ҳодисалар Абдурраҳмон ибн Ашъас ҳаракати
(ҳижрий 81–85; милодий 700–704)
Ҳижрий 81 йилда Ҳажжож Абдурраҳмон ибн Ашъасни турк юртларини фатҳ қилиш учун юборди.
У ерда жуда кўп ғалабаларга эришган Абдурраҳмон ибн Ашъас Ҳажжожга ва Абдулмаликка итоат қилишдан бош тортди. Ҳажжожга қарши уруш олиб бориб, Ироқни бўйсундирди. Сўнг машриқ тарафда Хуросондан бошқа жойлар унга бўйсунди. Абдурраҳмон ибн Ашъас билан умавийлар орасида катта урушлар бўлди. Ниҳоят ҳижрий 82 йилда у енгилиб, қочиб кетди ва ҳижрий 85 йилда қатл қилинди.
Ҳажжож томонидан Ибн Ашъасга эргашган уламолардан кўпчилиги ҳам қатл қилинди. Уларнинг ичида тобеъинлардан бўлмиш Саъид ибн Жубайр ҳам бор эди.
Ҳажжож ибн Юсуф Сақафий
Абдулмаликнинг энг кўзга кўринган одамларидан бири бўлган бу шахс ўзининг сиёсати, доҳийлиги ва шафқатсизлиги билан машҳур бўлди. У Мусъаб ибн Зубайрга қарши уруш олиб борган, Ироқни умавийларга қўшган қўмондонлардан эди. Сўнг Абдулмалик уни Абдуллоҳ ибн Зубайрга қарши урушиш ва Ҳижозни бўйсундириш учун юборди. У Ибн Зубайрни ўлдирди ва ўша ерларга ўзи волий бўлди.
Ироқда фитналар янгитдан бошланганда (ўзи ҳар доим шундай бўлиб келган), Абдулмалик Ҳажжожни Ироққа волий қилди. Ҳажжож Ироққа қарши раҳмсиз ва шафқатсиз сиёсат олиб бориб, уни ҳам ўзига бўйсундирди. Ҳажжожнинг нуфузи Шарқнинг барча тарафларига тарқалди. Умавийлар давлати дуч келган тўсиқларни енгишда унинг хизматлари ниҳоятда катта эди. Кўриниб турибдики, Ҳажжожнинг шафқатсизлиги ўша замондаги тинчлик ва истиқлол учун хизмат қилган.
Хаворижлар
Ўша даврларда хаворижларнинг Ироқ ва Арабистон яриморолидаги фаолиятлари кучайди. Умавий қўмондонлардан Муҳаллаб ибн Абу Сафро уларнинг устидан кўп ғалабаларга эришиб, у ерларда жуда кўп аҳолини қириб битирди. Қотрий ибн Фужоъа ва Шабиб Шайбоний хаворижларнинг энг кўзга кўринган намояндаларидан эди.
Абдулмалик ибн Марвон амалга оширган энг муҳим ишлар
– Ҳижрий 76 (милодий 695) йилда исломий пул бирлиги чиқарилиб, муомалага киритилди.
– Масжидул Ақсо биноси янгиланди.
– Девон ишлари арабийлаштирилди. Бу иш ҳижрий 81–86 (милодий 700–705) йилларда амалга оширилди.
Абдулмалик ибн Марвоннинг вафоти
Абдулмалик ибн Марвон ҳижрий 86 (милодий 705) йилда вафот этди. Унинг қонуний халифалиги ўн уч йил давом этди.
Кейинги мавзулар:
Валид ибн Абдулмалик.