Савобли ишларнинг умри узун, оқибати хайрли бўлади. Айни кунларда маҳалла-гузарларига борамизми, масжид-мадрасаларга кирамизми, ижтимоий тармоқларни кузатамизми, ойнаи жаҳонни томоша қиламизми – барчасида ўлкамизда ўтаётган Қуръон мусобақаси, хушовоз қорилар тиловатлари, хонадонлардаги Каломуллоҳ такрорлари ҳақида сўз юритилаётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.
Бу хайрли тадбирдан баҳра олиб қолай деган ихлосмандларнинг саноғи йўқ. Кимдир масжидда эрта тонгдан хизматда, кимдир атрофни супур-сидири билан банд, яна кимдир “менга қандай юмуш бор?” дея ҳиммат камарини белига боғлаб турибди. Турли ташкилотлар ходимлари ҳам қўлларини кўксига қўйиб хизматга шай туришибди.
Ҳосили калом, ҳамма савоб умидида, ана шу файзли кунлардан насиба олиб қолиш ниятида югуриб-елмоқда. Чунки бугунга қадар бу каби улуғ иш бўлмаган. Мусобақани ёритишга келган оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам одатдагидек, бир-иккита тасвир олиб, жонсараклик билан иккинчи космик тезликда жўнаб кетмаяпти, балки мусобақа охиригача қатнашиб, дуоларга биз ҳам қўшилиб қолайлик, деб жараённи жонли узатиб беришга ҳаракат қилмоқда.
Таассуфки, шундай улуғ янгилик, оддий одамларнинг қувончу шодликлари, чин юракдан айтилган дил сўзлари негадир марказий нашрларимизда ёритилмаяпти?
Давлатимиз раҳбари “Оддий одамлар бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни сезиши керак”, деб бот-бот такрорлаётган, Қуръон мусобақасини ўтказиш ҳақида ташаббус кўрсатиб: “Қуръонни эшитиш, эшита олиш юксак маънавият, маърифат. Қуръон ҳеч қачон ёмонликка даъват қилмайди. Агар, Қуръони каримни эшита олсак, эшиттира олсак, бу муваффаққият бўлади. Элимизга нур келади”, деб турган бўлса-да, республикамизда етакчи саналган нашрлар бутун мамлакат бўйлаб, ҳар куни ҳар ҳудудда катта байрам тусида ўтаётган Қуръон мусобақаси ҳақида лом-мим демаётгани ажабланарли. Мусобақалар бир ойдан бери давом этаётган бўлса-да, бу ҳақда бирорта хабар узатмаган нашрлар ҳам бор.
Ҳақиқатнинг юзи ёруғ
Қуръон мусобақасининг шукуҳи қай даражада эканини одамларнинг ҳаво совуқ бўлишига қарамай, тўп-тўп бўлиб келганлари, чилланинг совуғи авжига чиққан кунларида ҳам ташқарида ўтириб мусобақани кузатган юртдошларимиз юз-кўзидан яққол кўриш мумкин. Ана шундай кунлардан мамнун бўлган ҳамюртларимиз кўзларида ёш билан қўлларини дуога кўтариб, яратган Парвардигорга ҳамду санолар айтмоқда. Бу ишга ташаббускор бўлган давлатимиз раҳбари ҳаққига дуолар қилмоқда.
Президентнинг Давлат маслаҳатчиси, сенатор, Ёшлар иттифоқи раиси Қаҳрамон Қуронбоев Қуръон мусобақасини ўтказишдан энг асосий мақсад ёшларнинг Ислом динига бўлган эътиборини янада ошириш, уларнинг имон-эътиқодини янада зиёда қилиш эканини айтди. Мусобақанинг республика босқичини энг юқори даражада ташкил этамиз, деб алоҳида таъкидлади.
Наманган, Сирдарё, Қашқадарё, вилоятларида шахсан вилоят ҳокими, Жиззах, Андижон, Хоразмда эса вилоят ҳокими ўринбосарлари, Сурхондарё, Самарқанд вилоятлари ва Чирчиқ шаҳрида ҳокимиятнинг масъул ходимлари мусобақа қатнашувчиларини табриклаб уларга муваффақиятлар тилади. Бу эътибор ушбу раҳбарларнинг ўз аҳолиси маънавиятига бефарқ эмаслигини кўрсатади. Айниқса, Навоий шаҳар ҳокими Умарбек Халиловнинг “Аллоҳнинг каломини ёд олган киши ҳеч қачон кам бўлмайди”, Наманган вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг “Ислом динига берилган эркинликни Қуръон мусобақаси дунёга яна бир карра исботлади” деган сўзлари билан бошланган чиқишлари барчани қувонтирди.
Интернет сайтларида мусобақа кенг ёритилмоқда. Мамлакатимизнинг 12 та ҳудудида ўтказилган туман-шаҳар саралаш босқичлари сайтларда жонли эфирда ёритилмоқда. Бу борада Диний идоранинг muslim.uz сайти жуда фаол ҳаракат қилаётир. Онлайн видеолар бир ой давомида бир миллион марта кўрилиб, мусобақа материаллари ҳар ҳафтада қарийб бир миллиондан ортиқ қамровга эришди.
Ушбу маълумотларга диний идоранинг ҳудудий вакилликларининг расмий сайтлари ва хусусий сайтлар эълон қилган материалларни қўшсак, бу сонлар бир неча миллионларни ташкил этади. Шундан келиб чиқиб айтганда, Қуръон мусобақасини халқимиз беҳад интиқлик билан қарши олди.
Шу ўринда kun.uz, daryo.uz, azon.uz, islom.uz, muslimat.uz, xabar.uz, asr.uz darakchi.uz, sof.uz, podrobno.uz, uz24.uz, telegraf.uz ва хориждаги interfaks.ru, islam-today.ru, sputniknews-uz.com, regnum.ru, rusisworld.com каби ахборот сайтлари мусобақани ёритишда етакчилик қилаётганларини алоҳида қайд этиш лозим.
Республикамизнинг аксар вилоятларидаги йирик пешлавҳаларда Қуръон мусобақасининг эълонлари берилгани халқимизнинг кайфиятини янада кўтарди.
Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг қатор телеканалларида, жумладан, “Madaniyat va ma’rifat”, “Yoshlar”, “Uzbekiston-24” каналларида Қуръон мусобақасининг мунтазам эфирга узатилаётгани, информацион кўрсатувларда мусобақанинг давом этаётгани ҳақида лавҳалар бериб борилаётгани барчамизни қувонтирмоқда.
Юртдошларимизнинг таклиф ва истаклари инобатга олиниб, 12 февралдан бошлаб Қуръон мусобақаси учун “Madaniyat va ma’rifat” телеканали дастуридан махсус вақт ажратилди. Энди мусобақа ҳақида лавҳалар ҳар куни муайян бир вақтда ойнаижаҳонда узатилмоқда.
Ўтган ҳафта давлатимиз раҳбари Тошкент шаҳридаги бунёдкорлик ишлари билан танишиш жараёнида Чилонзор туманидаги янги барпо этилаётган масжидга Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф номини беришни таклиф этдики, бу халқимизнинг юртбошимизга бўлган муҳаббатини янада зиёда қилди. Президентимиз хайрли иш бошланиши олдидан, Шайх ҳазратларининг шахсияти ҳақида илиқ сўзларни айтиб, Қуръони каримга бўлган самимий муносабатини яна бир карра: “Қуръонни ўқиган одам, уни илмий билган одам ҳеч қачон кам бўлмайди”, деб ифодалади.
Бу – айни ҳақиқат, донишманднинг сўзидир. Дарҳақиқат, Аллоҳнинг каломини тиловат қилиш бўйича мусобақа ўтказиш ғояси, Унинг илмларини ўрганиш бўйича марказлару мактаблар, олий ўқув юртлари, академиялар ташкил этиш уйғоқ қалбларга янада илҳом бағишлаб, ғафлатдаги қалбларни эса уйғотиб юборди. Бу ўқув марказлари халқимизнинг асл миллийлигига қайтишига ўзининг улкан ҳиссасини қўшади, иншоаллоҳ.
Ортда қолмайлик, эскича эҳтиёткорликдан воз кечайлик
Халқимизнинг аср оша тўпланиб келган орзулари рўёбга чиқиб, жонажон юртимизда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган ислоҳотлар бўлаётир. Ҳар куни бир янгилик, бир хушхабар эшитмоқдамиз. Одамлар маънавиятида ҳам тубдан ўзгаришлар бўлаётгани, дину диёнатни ўрганишга, китоб мутолаа қилишга ҳамда илм олишга бўлган иштиёқ ортаётганини кузатиш мумкин.
Қуръон мусобақасини бутун диёримиз бўйлаб халқимиз байрам қилмоқда, қарийб ҳамма ОАВ ёритмоқда. Бироқ “Халқ сўзи”, “Ўзбекистон овози”, “Народное слово”, “Правда Востока” ва Ўзбекистон ахборот агентлиги каби республикамиздаги энг етакчи, халқнинг қувончу ташвишлари билан яшайдиган нашрлар ёритмаётгани ҳаммани ажаблантирди. Диёримиз буюк олиму уламолар замини эканини бутун дунёга кўрсатиш фурсати пайдо бўлган вақтда, мутасадди вазирликлар, хориждаги элчихоналаримиз сайтлари сукут сақлаб турибди. Бу унчалик ижобий ҳодиса эмас. Айрим вилоят раҳбарлари нега ана шундай катта шодиёна тадбирларга эътиборсиз қарамоқда ёки бунинг бир сири борми?..
Мамлакатимиз раҳбари Қуръон мусобақасини кенг жамоатчиликка кўрсатишни талаб қилиб турган бир паллада воқеалар ривожидан четда туриш, ақалли битта ҳам материал эълон қилмасликнинг замирида бизга қоронғу бўлган нималар бор? Аслида бу каби оммавий тадбирларни ҳамма ташкилотлар ўз нашрларида, веб-сайтларида ёритиб борсалар яхши эмасми. Зотан, Президентимиз ҳам айнан шуни талаб қилмаяптими!
Етакчи нашрларимиз юртимизнинг қайси бир кунжагида бир арзимаган воқеа содир бўлса, ўшани ёритмаяптими? Ўша кичкинагина ҳодисани кўрган кўзлари бутун дунёга довруқ солаётган Қуръон мусобақасини кўрмаётганини нима деб тушуниш мумкин?
Ислом динида хайрли ишларда садоқат билан хизмат қиладиган инсонлар доим улуғланади. Қуръони каримда Аллоҳ таоло: “Айтинг: «Ишлангиз! Албатта, Аллоҳ, Расули ва мўминлар ишларингизни кўражаклар. Шунингдек, албатта, ғойиб ва ошкора (ишлар)ни билувчи (зот) ҳузурига қайтарилурсиз. Бас, (ўшанда) сизларга қилган ишларингиз хабарини берур” (Тавба, 105), деб таъкидлаган.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Албатта, Аллоҳ таоло сизлардан бирингиз амал қилиб, ўша амалини моҳирлик билан бажарганингизни яхши кўради” (“Жоме ас-сағир”), деб марҳамат қилганлар.
Демак, ҳар биримиз бу фоний дунёда маълум юмушларга вазифадор эканимизни, Яратган Парвардигоримиз уни биз учун тайин қилгани, бу ҳам бир имтиҳон эканини англаб етмоғимиз даркор. Қуръон мусобақасининг энг ажойиб туман-шаҳар босқичи якунланмоқда, кейин вилоят босқичи бошланади, сўнг республика босқичи бўлиб ўтади. Биз бу хайрли ишда имконияти бор барча юртдошларимизни ихлос билан иштирок этишини сўраб қоламиз. Мақсадимиз – бундай улуғ ишларнинг файзу баракотидан, савобларидан барчамиз баҳраманд бўлайлик.
ЎМИ Матбуот хизмати
Инсоният тарихида ўз ўрнига эга бўлган буюк алломаларимиздан бири Имом Абу Мансур Мотуридийдир. Ул сиймо фақат бир замоннинг эмас, балки барча замонларнинг долзарб ва муҳим масалаларига асосли ҳамда қатъий жавобларни бера олган мутафаккир олим.
У зотнинг дунё илм-фанига, айниқса, ақида илмига қўшган ҳиссаси, ақл ва нақлни уйғунлаштиришдаги ўрни ҳақида замондошлари ҳамда муҳаққиқ олимлар томонидан юксак баҳолар берилган.
Кўпчилик «Абу Мансур» нисбасини эшитганда, у зотнинг ўғли «Мансур» бўлганми, деган саволга тўхталади. Лекин манбаларда Имом Мотуридий раҳимаҳуллоҳнинг «Мансур» исмли ўғли бўлгани айтилмаган. Аммо тадқиқотчилар манбаларга таяниб, у зотнинг қизи бўлганини таъкидлаган. Лекин Имом Мотуридий ўз тафсирида ўғил фарзандли бўлишни орзу қилганини ва уни «Мансур» деб номлашини айтиб ўтган. Бу ҳақда «Таъвилот ал-Қуръон»да шундай дейилади: «Абу Мансур» деб, унга «Мансур» исмли ўғил туғилиши умидида ишлатилади».
Бу орзу амалга ошган ёки йўқлиги ҳақида тарихий маълумот учрамайди. Қайд этилган жумла Имом Мотуридийнинг шахсий ҳаётидаги содда бир орзуни кўрсатса-да, унинг туйғулари қанчалик самимий эканини билдиради.
Имом Мотуридийнинг илмдаги даражаси ҳақида у зотнинг шогирдлари ва издошларидан етишиб чиққан етук олимлар юксак баҳолар берган. «Сайфул-ҳақ» (Ҳақиқат қиличи) деган шарафли унвонга сазовор бўлган олим Абу Муин Насафийнинг таъкидлашича: «Агар аҳли сунна олимлари орасида фақат Имом Абу Мансур Мотуридийнинг ўзи бўлганида ҳам, етарли бўлар эди». Бу таъриф Имом Мотуридийнинг аҳли сунна ва жамоа асосини барпо этишдаги ўрнини ёрқин намоён қилади.
Ундан ташқари, Абу Муин Насафий Имом Мотуридийга: «Илм уммонига шўнғиб, ундаги ноёб дурларни қўлга киритишга муваффақ бўлган, диннинг ҳужжат-далилларини баён этиб, уларни ўз фасоҳати, чуқур илми ва юксак ақл-заковати билан сайқаллаштирган олим», деган таърифни берган.
Устози Абу Наср Иёзийнинг у зотга нисбатан ҳурмати ва эътирофи ҳам жуда таъсирли. У дарс мажлисларида Мотуридий ҳозир бўлмагунча гапирмас эди. Ҳар гал уни узоқдан кўриб, ҳайрат билан назар ташлар ва Қуръони каримдан қуйидаги оятни тилга оларди: «Парвардигоринг хоҳлаганини яратади ва ихтиёр этади» (Қасос сураси 68-оят).
Абдулҳай Лакнавий «ал-Фавоидул-баҳия» асарида Имом Абу Мансур Мотуридийни мутакаллимлар имоми ва мусулмонларнинг тўғри ақидасини асослаб берган буюк аллома сифатида тавсифлайди. Унинг таъкидлашича, Имом Мотуридий беназир асарлар яратиб, ботил ақида вакилларининг бузғунчи ғояларига раддиялар берган.
Айрим манбаларда Имом Мотуридий тариқат шайхлари томонидан ҳам умматни тўғри йўлга йўлловчи шахс сифатида эътироф этилгани айтилади. Имом Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний Имом Мотуридийнинг тасаввуфдаги устозларидан бири бўлган.
Замонавий мотуридийшунос олимлардан Аҳмад Саъд Даманҳурий ўзининг Имом Мотуридийга бағишлаб ёзган асарида шундай дейди: «Имом Мотуридий фиқҳ, илм, тақво, дину диёнат, фазилат ва яхшиликда пешқадам бўлиб, у билан ҳамфикр ёки унга қарши бўлганларнинг барчаси унинг беназир олим эканини эътироф этган. У суннатнинг кескир қиличи, бидъат ва гумроҳликка қарши курашган аллома бўлган. Ул зот кўплаб китоблар ёзиб, ислом динини ҳимоя қилган, унга қарши чиққанларни мағлуб этган».
Мотуридийшунос олим Сўнмас Қутлуғ эса шундай дейди: «Имом Мотуридий Аллоҳ таоло томонидан инсониятга берилган энг улуғ инъом, бебаҳо туҳфадир».
Айримлар «Китоб ат-тавҳид»нинг кириш қисмидаги ақлий далилларга қараб, у зот фақат ақлга таянган деб хулоса қилади. Лекин Яратувчининг мавжудлигини инкор қилаётган инсонга ўша мавжудликни ақл орқали исботлаш табиий ва зарурий услубдир. Имом Мотуридий нақлни четлатмаган, балки уни ўз ўрнида ишлатган. Аксинча, Имом Мотуридий илмда нақл ва ақлни мукаммал тарзда уйғунлаштира олган олим эди. У зот ўзининг соғлом эътиқодга бағишлаб ёзган «Китоб ат-Тавҳид» асарида Қуръони каримнинг 77 та сурасининг, 350 та оятидан фойдаланган. Бу эса Мотуридийнинг ақида масаласида нақлга нақадар эътибор қилганини кўрсатади. Турк олими Бакр Тўпол ушбу кўрсаткичларни таҳлил қилиб, ҳатто Имом Мотуридийнинг ишора қилиб кетган оятларини ҳам келтирган ва бу сон янада юқори чиққанини таъкидлаган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан буюк олимга юксак ҳурмат ифодаси ўлароқ «Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарор қабул қилингани, албатта, бутун дунё мотуридийшуносларини чексиз қувонтирди. Бу эса ҳар бир инсоннинг қалбида фахр ва шодлик туйғусини уйғотмай қолмайди.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Имом Абу Мансур Мотуридий – ислом ақидасини ҳимоя қилган, аҳли сунна вал-жамоа таълимотининг илмий асосларини тизимлаштириб, мустаҳкамлаган буюк олимдир. У ўз асарлари ва илмий баҳслари орқали турли бидъатчи тоифаларнинг нотўғри ақидаларини рад этган. Имом Мотуридий фақатгина раддия берувчи эмас, балки ақидавий масалаларга ақл ва нақл асосида ечим топа билган буюк шахсият эди.
Ихтиёр Абдураҳмонов,
Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази илмий ходими
Манба: uza.uz