Масжидул Ҳаромдан кейинги энг мўътабар ва табаррук масжид “Масжидун Набий” жомеи (Пайғамбаримизнинг масжиди) Саудия Арабистонининг Мадина шаҳрида жойлашган. Масжид ўрнини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўн динорга сотиб олганлар ва масжид қурилишида саҳобаларга бош бўлиб, шахсан ўзлари иштирок этганлар. Масжид биноси хом ғиштдан, шифти хурмо шохи, устунлари эса хурмо ёғочидан бино қилинган. Ёмғир ёғса шифтдан сув ўтиб, сажда қилган одамнинг пешонаси лой бўлар эди. Жоме кейинчалик ҳазрат Умар ва Усмон розияллоҳу анҳум ҳамда кейинги халифа, подшоҳлар томонидан бир неча бор таъмирланиб, кенгайтирилган.
Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин олти юз эллик йил мобайнида масжиднинг ҳеч қандай гумбази бўлмаган. Биринчи бўлиб 1279 йили султон Мамлук уни ёғочдан қурдирган. Дастлаб у бинафшаранг, кейинчалик оқ ва кўк рангларда бўлган. 1837 йил ҳозирги яшил кўринишга келтирилди.
Масжид қурилган дастлабки йил унинг узунлиги 35 метр, майдони 1050 кв. метрни ташкил этган бўлса, ҳижратнинг еттинчи йилига келиб масжид томонлари 50 метр, майдони эса тахминан 2475 кв.м бўлган тўртбурчак шаклга келди. 1951 йил мамлакат раҳбари Абдулазиз Оли Сауд буйруғи билан масжид кенгайтирилди. 1955 йили охирига етган таъмирлаш ишларидан кейин масжиднинг ҳудуди 12271 кв.м.га етди. 1984 йил подшоҳ Фаҳд ибн Абдулазиз томонидан “Масжидун Набавий”ни янада кенгайтириш бўйича биринчи ғишт қўйилди.
Ҳозирда масжид юз минг квадрат километрли муҳташам майдонга айланган бўлиб, унда 1 миллиондан ортиқ мусулмон намоз ўқиши мумкин. Масжиднинг бир юз беш метрли иккита, етмиш беш метрли тўртта минораси, 400дан ортиқ устуни, 6800 та қандили, зиёратчиларни қуёшнинг жазирама нурларидан тўсиб турувчи очилиб-ёпиладиган катта соябонлари мажмуанинг кўркига кўрк қўшади. Кундузи қуёш нуридан мажмуа қум рангида, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрлари жойлашган ҳужра гумбази эса яшил рангда товланади.
Масжидга ўзгача кўрк бахш этаётган қуббаси ҳамда деворларига Қуръон оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг исмлари ёзилган.
Шунингдек, ушбу масжид Арабистон яриморолида илк бора электр қуввати пайдо бўлган иншоот ҳисобланади. Усмонлилар ҳукмронлиги даврида 1910 йилда ушбу масжидга чироқ ўрнатилган. Ҳатто турк султони саройида ҳам электр тармоғи бир неча йилдан сўнг пайдо бўлган.
“Масжидун Набий”да ўқилган намознинг савоби улуғдир. Бу ҳақда Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ушбу масжиддаги намоз ундан бошқалардаги мингта намоздан афзалдир. Масжидул Ҳаром бундан мустасно”, дедилар (Имом Муслим ривояти).
Ҳар йили ҳаж ибодатини адо этиш учун келган миллионлаб ҳожилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни зиёрат қилиш мақсадида ушбу масжидга ҳам ташриф буюришади. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким қабримни зиёрат қилса, унга шафоатим вожиб бўлур”, деганлар (Имом Қози Иёз ривояти).
Даврон НУРМУҲАММАД
тайёрлади
Инсон қалби гоҳ у тарафга, гоҳ бу тарафга ўзгариб туради: савобли иш қилганида, қалби яйрайди, дили чексиз қувончга тўлади. Гуноҳ-маъсият кирлари эса дил ойнасини хиралаштиради. Оқибатда қалб қораяди, кўнгли хижил бўлади.
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Темирга сув тегса занглайди. Худди шунга ўхшаб қалбларни ҳам занг босади", дедилар. Шунда: "Ё Расулуллоҳ, унинг жилоси нима?" деб сўралди. У зот: "Ўлимни кўп эслаш, Қуръон ўқиш", дедилар.
Қалб худди темир каби занглайди. Темирга сув тегса, сиртини занг босади. Гуноҳлар йиғилиб йиғилиб қалбни занглатади, дилни қорайтиради, кўнгилни ғаш қилади. Қалб қорайиши оқибатида инсон шуури ўтмаслашади, меҳр-оқибат туйғуси киши билмас тарзда кўтарилиб боради.
Мазкур ҳадисда айтилишича, ўлимни эслаган, Қуръон ўқиган одамнинг қалби занглардан тозаланади. Қандай қилиб, дейсизми? Гап шундаки, ўлимни эслаган кишининг ўткинчи дунёга хоҳиши сўнади. Ўлимни эслаган, охиратни ўйлаган инсон гуноҳлардан тийилади, нафаси кириб-чиқиб турганида Парвардигорига тезроқ тавба қилишга шошилади, ўзини ислоҳ қилади. Инсон ўлимни эслаганда лаззатлар парчаланади, ҳакалаб отиб турган нафс хоҳишлари сал бўлсаям жиловланади. Бир кунмас-бир кун дунёни тарк этишини билган киши оқибатли бўлади, бир иш қилишдан олдин охирини ўйлайди, мулоҳаза юритади.
Юқоридаги ҳадисда айтилишича, Қуръон тиловати қалбдаги зангларни кетказади. Ҳақиқатан, Қуръон ўқиш билан қалб яйрайди, кўнгил таскин топади. Мўмин банда қироатдан бир дунё маънавий озуқа олади. Шу йўсин қалбни қоплаган занг қурумлари аста-секин тозаланиб боради. Бежизга "Қуръон қалбга малҳам, дилни тозалайдиган илоҳий даво", дейилмаган.
Маълумки, темирга доим ишлов бериб турилмаса, кўп ўтмай занглайди. Худди шунга ўхшаб, Қуръон ўқилмаса, дилни занг босади. Ҳамиша Қуръон ўқийдиган инсон қалбига гард юқмайди. Тиловат билан жилоланган қалби ойнадек ярқираб туради.
Ҳозирги "замонавий" одамларнинг кўпи дунёга ҳирс қўйиш дарди билан оғриган. Кишилар орасида ўзаро ишонч, садоқат, вафо, меҳр-оқибат камайиб кетаётгандек. Бизнингча, бунинг сабаби битта: ўлимни унутиш, Қуръон ўқимаслик.
Айрим одамларга ўлимни эслатсангиз, охиратдан гап очсангиз: "Қўйинг, яхши мавзуда гаплашайлик!" дея сўзингизни бўлади. Ўлимни эслаш ёмонми?! Ҳар кимнинг бошида бор-ку бу савдо! Ўлимдан қочиб-қутулиб бўлмайди. Шунинг учун ўлимга тайёргарлик кўриш керак. Қандай қилиб, дейсизми? Ўлимга ҳозирлик солиҳ амаллар билан бўлади, қоронғи гўрни ёритувчи Қуръон тиловати билан бўлади. Қуруқ кафанлик олиб ёки қабристондан ўзи учун алоҳида жой ажратиб қўйган одамни охират сафарига ростмана шай деб бўлмайди.
Толибжон домла Хурсанмуродов,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.
Али ибн Ҳусомиддин Муттақий Ҳиндий. "Канзул уммол фи сунанил ақволи вал афъол". – Байрут.: Муассасатур рисолат, 1989. - Б. 210.