Имом Ғаззолий Аҳли сунна ва жамоа ақийдавий мазҳабининг тарихи ҳақида сўз юритиб, қуйидагиларни ёзади: Калом бир илм бўлиб, унинг мақсади аҳли суннанинг ақийдасини аҳли бидъатнинг ташвишидан муҳофаза қилиш ва қўриқлашдир. Аллоҳ таоло Ўз бандаларига Ўз Набийи тилида ҳақ ақийдани илқо қилди. Унда уларнинг дини ва дунёсининг салоҳи бордир. Шунингдек, унинг ҳақида Қуръон ва хабарлар нутқ қилди. Сўнгра шайтонлар ўз васвасаси ила бидъатчиларга суннатга хилоф ишларни илқо қилди. Улар ўша ишларни гапирдилар ва аҳли ҳаққнинг ақийдасини бузмоқчи бўлдилар.
Бас, Аллоҳ бир тоифа мутакаллимларни пайдо қилди ва уларнинг ҳимматини тартибга солинган калом ила суннатнинг нусрати йўлида ҳаракатга солди. Шу орқали, аҳли бидъатнинг суннатга хилоф равишда чиқарган алдамчиликлари фош қилинади. Ана шундан илми калом пайдо бўлди.
Бу гапларга қўшимча қилиб айтамизки, илми калом пайдо бўлган вақтга келиб, ақийдага оид масалаларга аввалги вақтларга ўхшаб фақат Қуръон ва суннатдан далил келтириш билан кифояланиш етмай қолган эди. Қарши тараф ақлий далил ҳам келтиришни талаб қилар эди.
Калом масалалари бўйича баҳслар мусулмон оламидаги ўша вақтнинг кўзга кўринган ақийдавий мазҳаблари: Аҳли сунна ва жамоа, мўътазилийлар, муржиъийлар, хаворижлар ва шийъалар ўртасида бўлган.
Кейинчалик, Аллоҳнинг каломига тегишли баҳслардан Аллоҳнинг сифатларига, Ислом давлати бошлиғи имомга оид масалаларга, қазо ва қадар масаласига ва ҳатто баъзи фиқҳий масалаларга ҳам ўтилган.
Вақт ўтиб, турли халқ ва тоифаларнинг Исломга киришлари билан бирга уларнинг ақийда ва фикрлари ҳам мусулмонлар орасига кириб келди.
Шу билан бирга, номусулмонлар томонидан Ислом ақийдаларига қарши фикрий ҳужум ва танқидлар ҳам авж ола бошлади.
Ана ўша ҳамлалардан Ислом ақийдасини ҳимоя қилиш ва уларга раддиялар бериш учун илми калом соҳиблари ғайримусулмонлар билан тортишувларнибошладилар.
Бу ишда Аҳли сунна ва жамоа уламолари ҳам, мўътазилалар ҳам ва бошқалар ҳам иштирок этдилар.Аввал бу тортишувлар тўғри йўналишда ва бир маромда кетди. Кейинчалик эса, бошқа илм ва соҳаларда бўладигани каби, турли бурилишлар ва хатолар юзага кела бошлади. Илми калом бобига бўлган-бўлмаган, турли-туман масалалар аралашиб кетди.
Шунингдек, мутакаллимлар орасига ҳам ҳар хил шахслар аралашиб қолди. Натижада, ҳақийқий илми каломни сохтасидан, ҳаққни ботилдан ажратиб олиш қийин бўлиб қолди.
Ана шундай оғир бир пайтда соф Ислом ақийдасини сақлаб қолиш учун ҳаракат қиладиган уламолар етишиб чиқдилар. Улар Қуръони Карим ва суитаълимотлари асосида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сахобалари услубида ақида услублариниёрита бошладилар. Уларга «Ахли суна ва жамоа» номи берилди.
Кейинроқ, одамларга тушунарли бўлиши учун матнларни таъвийл килишга хам мажбур бўлинди, Турли китоблар битилди. Аҳли сунна ва жамоанинг ақийда бобидаги таълимотлари тўпланиб, тартибга солинди. Охири келиб, ақийдавий мазҳаб бўлиб шаклланди ва ўз имомларига ҳам эга бўлди.Аҳли сунна ва жамоа исми бундан аввал ҳам бор эди. Аммо кейинроқ, юқорида номлари айтиб ўтилган турли фирқаларга муқобил ўлароқ, айни шу исмни ишлатила бошланди. "(Аҳли сунна деганда «суннатга юрганларнинг йўли ва ҳадисга амал қиладиганлардеган маъноларни кўзда тутилган. Бу борада имом ал-Ашъарий ва ал-Мотуридий аҳли сунна ва жамоанинг ақийда бўйича имомлари деб тан олиндилар.
Бу икки имом Ислом оламининг икки тарафида Ашъарий басралик, Мотуридий самарқандлик бўлса ҳам ва бир-бирлари билан кўришмаган бўлсалар ҳам, бир хил ишни бир хил вақтда, бир хил тарзда адо этганлари ҳамда икковларининг бирданига Аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг имоми (яъни,йўлбошчиси) деб эътироф қилиниши бу мазҳабнинг ақийдаси доимо барча юртларда маълум ва машҳур эканига ерқин далилдир.
АКРАМОВ АБДУВОҲИД
Мир Араб олий мадрасаси талабаси
Ал-Кисоий ал-Куфий 119/737 йил Куфада дунёга келган.
Тўлиқ исми: Али ибн Ҳамза ибн Абдуллоҳ ибн Баҳман ибн Файрузм ал-Кисоий ал-Куфий. Имом ал-Кисоий ёшлигида илм ўрганишга жуда интиларди, лекин бошланғич даврда муваффақият қозона олмасди. Бир сафар Қуръонни ёд олишда қийналгач, устозига: “Мен ҳеч нарсани ёдлай олмаяпман, чарчадим”, деди.
Устоз унга сабр қилишни ва Қуръоннинг баракасига ишонишни тавсия қилди. Шундан сўнг, Имом ал-Кисоий сабр билан ҳаракат қилиб, Қуръонни мукаммал ёд олди ва кейинчалик машҳур қироат имомларидан бири бўлди. Бу воқеа сабр ва меҳнатнинг самарасини эслатади.
Ҳаёти: Ал-Кисоий Куфада туғилган ва тилшуносликда ҳам, қироатда ҳам юқори мақомга эга бўлган. Ундан нега «Кисоий» деб ном олганлиги ҳақида сўрашганида у, – "чунки мен ҳажда кисода (кийимда) эҳром боғлаганман", деб жавоб берган экан. У асли форс бўлиб, Бани Асад қабиласининг қулларидан эди.
Илмий фаолияти: Унинг асосий устозлари Ҳамза ал-Куфий ва бошқа йирик қироатчилар бўлган. Бундан ташқари Куфа мактабини асосчиси ҳисобланади.
Муоз ал-Ҳарро ва Абу Жаъфар Руасийларда наҳвдан таҳсил олди. Улар-даги илмларни олиб бўлиб, улардан қониқмай қолгач, Басрага келиб Исо ибн Умар, Абу Амр ибн ал-Ало ва Ал-Халил ибн Аҳмаддан илм ўрганган. Қироатни эса Шўба ибн Ҳажжождан таълим олган.
У зот жуда кўп асарлар ҳам ёзган: "Китаб мухтасар фи ан-наҳв" (Наҳвга оид қисқа бўлган китоб), "Китаб ал-ҳудуд фи ан-наҳв" (Наҳвдаги ҳадлар оид китоб), "Китоб ал-қироат (Қироатга доир китоб)", "Китаб ал-адад (Сонларга доир китоб)", "Китаб ихтилаф ал-адад (Сонларнинг ихтилофига оид китоб)", "Китаб ал-ҳуруф (Ҳарфларга оид китоб)", "Китаб маоний ал-Қуръан (Қуръон маънолари ҳақидаги китоб)" каби кўплаб китоблар ёзган.
Наҳвдан Фарро унинг хос шогирдларидан ҳисобланади.
Кисоий 189/805 йил Рой шаҳрида вафот этган.
Маткаримов Нурмуҳаммад,
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси.