Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний-маърифий нашри ҳисобланган “Ҳидоят” журналининг 2018 йилнинг 1-сонидан бошлаб “Болалар саҳифаси” рукни остида болалар учун сабоқлар берила бошланди.
Болалар учун сабоқлар улар тушунадиган лотин ёзувида берилмоқда.
Қуйида ушбу саҳифада болажонлар учун берилган биринчи сабоқ билан танишишингиз мумкин.
Биринчи сабоқ: Табаррук каломлар
Ассалому алайкум, азиз нуридийдалар!
Қани энди “Бисмиллаҳир роҳманир роҳим” деб чўкка тушиб ўтиринг-чи! Нега бундай деймиз, унинг маъносини биласизларми? Унинг маъноси: “Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан бошлайман” демакдир. Ҳар бир мусулмон фарзанди нима иш қилса ҳам, хоҳ дарс ўқисин ё бирор ишни бошлаётган бўлсин, уйга кираётган ёки дастурхонга ўтириб овқатланаётган бўлсин, хоҳ уйқуга ётаётган ёки кийим кияётган бўлсин, албатта, ана шу сўзларни айтиши керак. “Бисмиллоҳ”сиз бошланган иш баракали бўлмайди. Биз мусулмонлар ҳатто “Бисмиллоҳ” айтилмай сўйилган ҳайвоннинг гўштини емаймиз.
Бундан ташқари, сиз билиб олишингиз керак бўлган яна бир калима бор. У бундай айтилади: “Аъузу биллаҳи минаш шайтонир рожийм”. Маъноси: “Аллоҳ даргоҳидан қувилган шайтоннинг ёвузлигидан паноҳ сўрайман” дегани. Қуръондан бир оят ўқисангиз ҳам, албатта, олдин анашу калимани айтиш керак.
Қуръон ўқиш учун таҳорат қилиш зарур. Таҳорат қилиш унчалик қийин иш эмас. Олдин қўлларингизни уч марта ошиғи билан яхшилаб ювасиз, кейин оғизни уч марта сув билан чайқаб, бош ва кўрсаткич бармоқларингиз билан тишларни ишқайсиз, бурунга уч бор сув тортиб қоқасиз. Кейин юзингизни, пешонадан ияк остигача ва икки қулоқ орасини уч марта яхшилаб ювасиз.
Сўнгра икки қўл билакларини тирсаклар билан қўшиб ювасиз, қўлингизни ҳўллаб бошингизга, қулоқларингизга ва бўйнингизга (сурасиз) масҳ қиласиз. Шундан сўнг оёқларни тўпиғи билан қўшиб, панжалар орасига бармоқ тиқиб яхшилаб ювасиз. Бу амалларни қилиш тартибини ота-онангиздан сўрасангиз, сизларга яхшилаб ўргатишади.
Ҳозирча шулар етарли. Хайр, болажонлар!
Аҳмад Муҳаммад
тайёрлади
Сиз ўзингиз ва фарзандингиз учун диний-маърифий йўналишда билимга эга бўлмоқчи бўлсангиз “Ҳидоят” журналини кузатиб боринг.
Ушбу сабоқларни кузатиб бориш ва журналимизга обуна бўлишни истаганлар ўзлари яшаб турган ҳудуддаги масжидга мурожаат қилишлари мумкин.
Маълумот учун, “Ислом нури” газетаси ва “Ҳидоят” журнали Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний-маърифий нашрлари ҳисобланади. Бир йиллик обуна нархи “Ислом нури” газетаси учун 36 минг сўм ва “Ҳидоят” журнали учун эса 45 минг сўмни ташкил этади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Ўқилган намозимдан кўнглим тўлмади. Шу намозни қайта ўқишим керакми?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу масаланинг бироз тафсилоти бўлиб, унга кўра намоз қуйидаги ҳолатларда қайта ўқилиши лозим:
• Намозда бирор фарз амал бажарилмай қолиб кетган бўлса;
• Намозда бирор вожиб амал қасддан бажарилмай қолиб кетса;
• Намозда бирор вожиб амал унутиб бажарилмаса ва намоз охирида саждаи саҳв ҳам қилинмай тугатилган бўлса.
Агар намозда суннат амаллар тарк қилинган бўлса ёки намоз макруҳлик билан ўқилган бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқиш вожиб эмас, балки мустаҳаб (чиройли саналган) иш ҳисобланади. Ушбу ҳолатда қайтадан ўқимаса ҳам гуноҳкор саналмайди.
Саволда сўралган ҳолатга келсак, кўнгил тўлмаслиги юқорида санаб ўтилган фарз ёки вожиб амал тарк қилинган ҳолатлар сабабли бўлса, намоз қайта ўқилиши керак. Аммо ҳақиқатда собит бўлмаган шубҳа-гумонлар, васвасалар сабабли кўнгил тўлмаётгандек бўлса, у ҳолда намозни қайта ўқилмайди. Чунки кўп ҳолларда “кўнглим тўлмаяпти”, деб намозни қайта-қайта ўқийвериш инсонни ўзига бўлган ишончини йўқотади ва васваса касалига чалинишига олиб келади.
Шундай экан, намозда бажариладиган фарз, вожиб, суннат амаллар ҳақида яхши ўрганиш, энг асосийси турли хаёлларга чалғимасдан намозни эътибор билан адо этиш лозим бўлади. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.