Муҳтарам жамоат! Оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Оила мустаҳкам, тинч, ҳалол ва пок бўлса, жамият ҳам осойишта, мустаҳкам, фаровон бўлади. Аксинча, оилаларда парокандалик, бузғунчилик бўлса, ўша жамият бузилади, тинчи йўқолади, у оқибатда чуқур таназзулга юз тутади. Бахтли оилалар туфайли бахтли жамият вужудга келади. Чунки, ўзаро меҳрли бўлган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирларига меҳрибон бўладилар. Бу хусусда Пайғамбаримиз с.а.в.дан қуйидаги ҳадис ворид бўлган:
عَنِ الْمُغِيْرَةِ بْنِ شُعْبَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: خَطَبَتُ اِمْرَأَةً فَقَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: هَلْ نَظَرْتَ إِلَيْهَا؟
قُلْتُ: لَا قَالَ: فَانْظُرْ إِلَيْهَا فَإِنَّهُ أَحْرَى أَنْ يُؤْدَمَ بَيْنَكُمَا
(رواه الإمام الترمذي)
яъни: Ал-Муғира бин Шуъба р.а. айтадилар: Мен бир аёлга совчи қўйдим. Расулуллоҳ с.а.в. менга: “Уни кўрдингми?” – дедилар. Мен: Йўқ, дедим. Шунда Расулуллоҳ с.а.в.: “Уни кўргин, кўриб (билиб) турмуш қуришлик ўртангизда улфат ва муҳаббат пайдо бўлишига сабаб бўлади”, дедилар (Имом Термизий ривояти).
Оилада юксак маънавий муҳитни ташкил этиш жуда муҳим. Бунда оила аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.
قَالَ أَبُو الدَّرْدَاءِ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ لِزَوْجَتِهِ: إِذَا غَضِبْتُ فَرَضِّنِي وَإِذَا غَضِبْتِ رَضَّيْتُكِ وَإِلَّا لَمْ نَصْطَحِبْ
яъни: Абу Дардо р.а. аёлига шундай деган: “Ғазабим келганда мени рози қилишга урун, сенинг ғазабинг келганда мен сени рози қилишга урунай. Акс ҳолда бирга яшай олмаймиз”.
Муҳтарам биродарлар! Кейинги пайтларда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёвни тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди. Авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта харажатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган, набираларни орзу қилган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвининг бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ёки олган келинингиз бедаво хасталикка чалинган бўлсаю, ота-онаси буни яшириб, узатиб юборишган бўлса-чи? Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор. Пайғамбаримиз с.а.в. мўмин-мўминга фириб беришлиги, уни алдаши мумкин эмаслигини таъкидлаб шундай деганлар:
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رضي الله عنه أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:
مَنْ غَشَّ فَلَيْسَ مِنِّي
(رواه الإمام مسلم)
яъни: Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Расулуллоҳ с.а.в.: “Ким фириб берса, у мендан эмас”, дедилар (Имом Муслим ривояти). Бошқа бир ҳадисда,
عَنْ أَنَسِ بْنِ مَاِلكٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ خَادِمِ رَسُولِ اللهِ عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: لَا يُؤْمِنُ أَحَدُكُمْ حَتَّى يُحِبَّ لِأَخِيْهِ مَا يُحِبُّ لِنَفْسِهِ
(رواه الإمام البخاري والإمام مسلم)
яъни: Расулуллоҳ с.а.в.нинг ходимлари Анас бин Молик р.а.дан ривоят қилинади, Пайғамбар с.а.в. дедилар: “Ҳеч бирингиз ўзига яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам яхши кўрмагунича мўмини комил бўла олмайди” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Оиланинг тинч, фарзандларнинг бахтли бўлишлигида эр-хотиннинг ҳар иккиси ҳам оиладаги ўз бурчларини астойдил адо этишга интилишлари муҳимдир. Эр ўз ўрнини йўқотган, хотин эса, эрнинг мавқесига даъвогарлик қилган оилаларда нафақат нотинчлик бўлади балки, эл-юрт, маҳалла кўй орасида ҳам бундай оиланинг ҳурмати бўлмайди. Оилани бошқариш масъулиятини Аллоҳ таоло Қуръони каримда эркакларнинг зиммасига юклаган.
Яна бир муҳим масала, бу – қурилган оилани бус-бутун сақлаб қолиш. Динимизда оила қуришга тарғиб этиш билан бирга, уни яхшилик билан тутишга буюрилган. Агар эр-хотин ўзаро келиша олмаган тақдирларида ислоҳ қилиш учун ҳар икки томондан ҳакамлар жалб этиш лозим бўлади. Қуръони каримда шундай дейилган:
وَإِنْ خِفْتُمْ شِقَاقَ بَيْنِهِمَا فَابْعَثُوا حَكَمًا مِنْ أَهْلِهِ وَحَكَمًا مِنْ أَهْلِهَا إِنْ يُرِيدَا إِصْلَاحًا يُوَفِّقِ اللَّهُ بَيْنَهُمَا
إِنَّ اللَّهَ كَانَ عَلِيمًا خَبِيرًا
(سورة النساء /35)
яъни: “Агар улар (эр-хотин)нинг оралари бузилиб кетишидан қўрқсангиз, эр оиласидан бир ҳакам, хотин оиласидан бир ҳакам юборингиз. Агар (эр-хотин) ислоҳни хоҳласалар, Аллоҳ ўрталарини мувофиқлаштиргай. Албатта, Аллоҳ билимдон ва хабардор зотдир” (Нисо сураси, 35-оят). Зеро, эр-хотиннинг орасини ислоҳ қилиш энг савобли амал саналади.
Аллоҳ таоло юртимизни тинч, оилаларимизни фаровон, фарзандларимизни баркамол бўлмоқларини насибу рўзи айласин. Омин!
Муҳтарам жамоат! Мавъизанинг ҳанафий мазҳабимиздаги фиқҳий масалалар қисмида намозни бузувчи амаллар ҳақида суҳбатлашамиз.
Намозда озми, кўпми дунёвий сўзни сўзлаш, хоҳ ихтиёрий, хоҳ беихтиёр бўлсин, намозни бузади.
Бирор кишига янглишиб салом берса ҳам намози бузилади. Саломга алик қайтариш ҳам хоҳ қасддан, хоҳ янглишиб бўлсин, намозни бузади.
Бирор нарса ейиш ёки ичиш намозни бузади.
Қибладан бошқа томонга бурилиш намозни бузади.
Намоздаги бир рукнни бажариш асносида уч марта ортиқча ҳаракат қилиш (масалан: кийимни тўғрилаш, қашиниш ва ҳоказо) намозни бузади.
Ўзи эшитадиган даражада кулиш намозни бузади, аммо ёнидаги эшитадиган даражада кулса, таҳорати ҳам, намози ҳам бузилади.
Дунёвий ташвиш туфайли “уф” тортиш, “оҳ-воҳ” дейиш ва йиғлаш намозни бузади, аммо охиратни ўйлаб, жаннатдан умидвор бўлиб, дўзахдан қўрқиб йиғласа намози бузилмайди.
Узрсиз томоғни қириш ёки йўталиш ҳам намозни бузади (масалан: атайлаб йўталиш).
Акса уриб “Алҳамдулиллоҳ” деган кишига “Ярҳамукаллоҳ” дейиш намозни бузади.
Бирор хабарга жавоб бериш гарчи Қуръон ўқиб бўлса ҳам намозни бузади (масалан: ”Фалончи вафот этди”, дейилса, намоз ўқиётган киши: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”, деб жавоб берса намози бузалади).
Таяммум билан намоз ўқиётган киши сувнинг борлигини сезиши намозни бузади.
Бомдод намозини ўқиётганида қуёшнинг чиқиши намозни бузади.
“Аллоҳу акбар” лафзидаги “а” товушини чўзиш намозни бузади.
Қуръонга қараб қироат қилиш намозни бузади.
Одамлардан сўраса бўладиган нарсани намозни ичида Аллоҳдан сўраб дуо қилиш намозни бузади (масалан: “эй Аллоҳ, менга кўп мол бер”).
(“Мухтасарул виқоя” ва “Нурул ийзоҳ” китобларидан)
Аннотация: Мазкур мақолада мўғуллар истилоси даврида яшаган, ҳанафий фиқҳ ва мотуридий ақида йўналишининг етук вакилларидан бири бўлган аллома Абул Баракот ан-Насафийнинг илмий мероси ўрганилади. Унинг калом, фиқҳ ва тафсир соҳаларига оид муҳим асарлари, хусусан “Мадорик ат-Танзил ва Ҳақоиқ ат-Таъвил” номли тафсири алоҳида таҳлил қилинади. Ушбу тафсир асари ҳанафийлик ва аҳли сунна таълимотига асосланган бўлиб, унда Замахшарийнинг “Кашшоф” ва Байзовий тафсирларидан танлаб олинган жиҳатлар, аммо мўтазилий ёндашувлардан ҳоли услуб қўлланилган.
Муаллиф Қуръон оятларини фиқҳий, тилшунослик ва каломий жиҳатдан изоҳлаб, тафсирни мўътадил, ихчам, исроилийлардан пок ва илмий ёндашувга асосланган ҳолда ёзган. Шунингдек, мақолада Абул Баракот Насафийнинг бошқа машҳур асарлари ва уламолар томонидан берилган таърифлар ҳам баён этилган. Бу мақола тафсир илми ривожига қўшилган бой илмий меросни очиб бериш баробарида, ҳанафий тафсир мактабининг ўзига хос жиҳатларини ҳам ёритади.
Калит сўзлар: Абул Баракот ан-Насафий, Мадорик ат-Танзил, Тафсир ан-Насафий, ҳанафий мазҳаби, мотуридий ақида, тафсир илми, Кашшоф, Байзовий, аҳли сунна вал жамоа, фиқҳ, калом, Қуръон тафсири, мўғуллар даври, исроилият, қироатлар, тафсир услуби.
Насафдан етишиб чиққан улуғ олимлардан бири Абул Баракот Насафий ўзининг тафсир, фиқҳ, ақида соҳаларига оид асарлари билан машҳур бўлган. У туғилиб, яшаган пайт мўгуллар ҳукмронлиги даври бўлганлиги учун Мовароуннаҳрда илмий, маданий ва иқтисодий ҳолат таназзулга тушиб қолган эди. Шундай бўлишига қарамасдан Абул Баракот Насафий каби фидоий олимлар илмни жонлантиришга ва қайта тиклашга ҳаракат қилганлар. Абул Баракот Насафийнинг турли соҳалардаги асарлари;
“Ал-Мусаффо фи шарҳ ал-манзума ан-Насафия” (“ан-Насафий назмининг мусаффо шарҳи ”) – илми каломга оид;
“Ал-Мустасфо фи шарҳ ал-фиқҳ ан-нофи” (“Танланган фойдали фиқҳ шарҳи”) – ислом ҳуқуқшунослигига оид;
“Умдат ал-ақоид” (“Ақидалар асоси”) – калом илмига оид.
Абул Баракот Насафийнинг тафсир илми бўйича аҳли илм орасида “Тафсир ан-Насафий” номи билан машҳур бўлган ва ҳанафий мазҳабига мувофиқ битилган “Мадорик ат-танзил ва ҳақоиқ ат-таъвил” (Қуръон маънолари ва таъвил ҳақиқатлари) китоби бошқа асарлар орасида энг қимматлиларидан бири десак, ҳеч ҳам муболаға бўлмайди. Чунки бошқа тафсир китоблари орасида катта шуҳрат қозонган “Тафсир ан-Насафий” китоби дунё бўйича энг кенг тарқалган ҳанафий мазҳабига биноан ёзилган, ундаги оятлар айнан мотуридия таълимотига биноан баён этилиб, ўша даврнинг илм марказлари Бухоро ва Самарқанднинг олимлари фикрлари билан бойитилгандир. Бу асарни ёзишда Насафий Замахшарийнинг “ал-Кашшоф ан ҳақоиқи-т танзил”, Байзовийнинг “Анворут-танзил ва асрорут-таъвил” ва бошқа тафсирлардан фойдаланган.
Аллома Лакнавий Абул Баракот Насафий 1310 йилда Бағдодга келгани, мударрислик қилгани ва шу ерда вафот қилганлини айтиб ўтган. 1310 йили раби ал-аввал ойининг жума куни кечаси Бағдодда вафот этган ҳамда Исфаҳон яқинидаги Изаж шаҳрида (Хузистон ва Исфаҳон оралиғида) дафн қилинган.
Қуйида ушбу буюк имом ҳақида баъзи уламоларнинг фикрлари келтирамиз: Имом Лакнавий уни шундай таърифлаган: “Комил имом, замонасининг зийрак олимларидан, фиқҳда асосий манбаларга амал қилган, ҳадис ва унинг маъноларида етук олим".
Имом Ибн Ҳажар уни “дунёнинг алломаси” деб атаган.
Ибн Камол Паша унинг юксак илмий мақоми ҳақида шундай деган: “У мутақаддим фақиҳлар ва муҳаққиқлар қаторида юқори мавқега эга бўлиб, заиф ва мавзуʼ ҳадисларни ўз асарларида келтирмаган, балки мустаҳкам далилларга таянган”.
Шунингдек, у шундай деган: “Ижтиҳод эшиги у киши билан ёпилган, ундан кейин ҳеч бир мазҳабда янги мужтаҳид келмаган”.
Абул Баракот Насафийнинг бир қатор асарлари Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида сақланади.
Насафий тафсири таърифи ва муаллифининг ундаги услуби.
Бу тафсирни Имом Насафий роҳимаҳуллоҳ “Тафсирул Байзовий” ва Замахшарийнинг “Кашшоф” тафсирлаидан мухтасар қилиб олган. Лекин у Кашшофдаги мўтазила эътиқодидаги фикрларни ташлаб, Аҳли сунна вал Жамоа мазҳабига кўра таълиф қилган. Бу тафсир узун тафсирлар билан қисқа тафсирлар орасидаги ўртача тафсирдир. Бу тафсирда Имом Насафий роҳимаҳуллоҳ қироат ва таркиб қоидалари ўртасидаги важҳларни жамлаган. Бунга Кашшофда келган балоғат қоидалари ва яширин нозик маъноларни кашф этишдан иборат бўлган бир қанча нарсаларни ҳам киритган.
Шу билан бирга, Замахшарий ўз тафсирида қўллаган савол ва жавобларни ҳам келтирган. Лекин имом Насафий раҳматуллоҳи алайҳ ўзининг бу тафсирида оятларни асос қилиб олган. Шунинг учун “Кашшоф”нинг соҳиби сураларнинг фазилати ҳақида мавзуʼ ҳадисларни келтирганидек у киши мавзуʼ ҳадисларни келтирмаган.
Имом Насафий роҳимаҳуллоҳ грамматик қоидаларга чуқур кирмай, балки енгил тўхталиб ўтган. Мутавотир етти қироатни лозим тутиб, ҳар бир қироатни ўз қорисига нисбатини берган. Ҳукм оятларнинг тафсирида фиқҳий мазҳабларга қисқача тўхталиб ўтган. Ҳар бир мазҳаб келтирган фикрларни қисқача баён қилиб, асосан, кўпинча ўзининг ҳанафий мазҳабини қўллаб-қувватлаган. Мазҳабига мухолиф келганларга раддиялар берган. Бу тафсирда Исроилиёт ривоятларининг зикри камдан-кам учрайди. Шунда ҳам бундай ривоятларни келтириб туриб, сўнгра рад қилади.
Дарҳақиқат, имом Насафий роҳимаҳуллоҳ ўз тафсирининг аввалида қисқа бир иборани келтириб, унда ўзининг бу тафсирини ёзишдаги йўналиши ва услубини баён қилиб, жумладан, шундай дейди: “Тафсир илмида қироат ва таркиб важҳларини жамлаган, «Бадиʼ ва ишорат” илмининг нозик жиҳатларини ўз ичига олган, Аҳли суннат вал жамоатнинг сўзлари билан безалган, бидъат ва залолат аҳлининг ботил фикрларидан холи бўлган, малол келадиган даражада жуда узун бўлмаган ва халал берадиган даражада жуда қисқа бўлмаган, ўртача бир китобни ёздим».
Ҳамидуллаев Нўмонхон,
Имом Бухорий номидаги Тошкент Ислом институти талабаси.
ФОЙДАЛАНИЛГАН МАНБА ВА АДАБИЁТЛАР РЎЙХАТИ