Машҳур муфассир, муҳаддис ва фақиҳ Зафар Аҳмад ибн Латиф Усмоний Таҳонавий 1892 йил Ҳинд диёрининг Девбанд шаҳрида дунёга келган. Уч ёшида онасидан айрилган Аҳмадни ўз қарамоғига олган меҳрибон бувиси илм йўлида фидоий аёл эди. У набирасига ҳар томонлама яхши тарбия бериб, келажакда унинг етук олим бўлиб етишишига замин яратди. Беш ёшида Девбанддаги “Дорул улум” мадрасасида ҳуснихат, тажвид каби бошланғич илмларни ўзлаштириб, етти ёшида урду, форс тилида ҳисоб ва риёзий китобларни ўрганади. Шундан кейин у Таҳона шаҳрига бориб, умматнинг ҳакими лақабини олган тоғаси Мавлоно Муҳаммад Ашраф Али Таҳонавийдан сарф, наҳв ва одобдан сабоқ олди. Орадан бир оз ўтгандан кейин тоғаси урду тилида “Баён ал-Қуръон” китобини ёзишга киришиб, Зафар Аҳмадни Конбурдаги ўзи асос солган “Жомиул улум” номли мадрасага ўқишга жойлайди. Мадрасада тоғасининг шогирдлари Муҳаммад Исҳоқ Бурдувоний ва Муҳаммад Рошид Канбурийлар қўл остида ҳадис илмини пухта ўрганади. Мазкур мадрасада Имом Бухорийнинг “Саҳиҳ ал-Бухорий”, Имом Муслимнинг “Саҳиҳ Муслим”, Абу Довуд, Имом Термизий, Ибн Можжа ва Имом Насоийларнинг “Сунан” асарлари, “Мушкот ал-масобиҳ”, “Мусталаҳ ал-ҳадис” каби ҳадис илмига оид муҳим манбаларни ўрганди. Бу илм даргоҳида юқори натижаларга эришгач, иқтидорли талабалар қаторида 1910 йили Зафар Аҳмад Саҳоранфурдаги “Мазоҳирул улум” мадрасасига ўқишга бориб, “Базлул мажҳуд фи шарҳи сунани Абу Довуд” (Абу Довуднинг “Сунан”асари шарҳига бор куч-ғайратни сарфлаш) китоби муаллифи Мавлоно Халил Аҳмад Саҳоранфурий ҳузурида ҳадис илмидан сабоқ олди. Шунингдек, у диний илмлар қаторида мантиқ, ҳандаса ва арифметика каби дунёвий фанларни ҳам яхши ўзлаштириб олди.
Ноёб қобилият ва ўткир зеҳн соҳиби Зафар Аҳмад мазкур мадрасага мударрис қилиб тайинланиб, у ерда етти йил фиқҳ, усул, мантиқ, фалсафа каби фанлардан дарс берди.
Илмда юқори натижаларга эришган ва умматнинг ҳакими деб танилган тоғаси унга “Эълоус сунан” (ҳадислар шаънини юксалтириш) асарини ёзишга ижозат берди ва унга йигирма йил вақт сарфлади. Натижада ҳанафий фиқҳи бўйича йигирма жилддан иборат энг муҳим манба вужудга келди.
Мазкур асар Абу Ҳанифага ва ҳанафийлик мазҳабига нисбатан қилинаётган бўҳтонларга барҳам берди. Абу Ҳанифа гўё ҳадис ва суннатни яхши билмаган, унинг мазҳабидаги ҳукмлар китоб ва суннатга асосланмаган, балки шахсий райълар асосида чиқарилган, ҳатто саҳиҳ ҳадислар зиддига ҳам райъга асосланган, деб нотўғри даъво қилувчиларга тўлиқ раддия бўлди. Шунингдек, “Эълоус сунан” асари орқали муаллиф ҳанафийлик мазҳабининг ҳукмлари Қуръон, ҳадис, ижмоъ ва қиёсий далилларга асосланганини исботлаб берди.
Кейинчалик Мавлоно Ҳаким буйруғига биноан Имом Абу Ҳанифа ва у кишининг шогирдлари ва шогирдларининг шогирдлари ҳақида “Инжаул-ватан анил-издирои би имомиз-замон” (Ватанни замон имоми билан таҳқирлашдан сақлаш) ҳамда Имом Жассоснинг “Аҳкам ал-Қуръон” китобига асосланиб “Далоил ал-Қуръон ала масаил ан-Нуъмон” (Нўъмон масалаларига Қуръон далиллари) китобларини таълиф қила бошлади. Бу китоб икки жилддан иборат бўлиб, Нисо сурасининг охирида тугаллаган ҳамда фақиҳ ва олимлар: “Ан-назару фийҳи наъиймун муқиймун, ваз-зафару бимислиҳи фатҳун азиймун” (Бу китобга назар роҳатбахш ва ундан ўтказиб бир китоб ёзиш буюк ихтиродир) деб таърифладилар.
Зафар Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ яшаган даврда урду тилида таълиф қилган “Ал-матин фил-ихфааи би омин”, (намозда Фотиҳа сурасининг охирида “омин” калимасини махфий ичида айтиш бўйича матн) “Шаққул-ғайн ан рафул-йадайн” (намозда икки қўлни кўтариш борасида ҳаддан ошиш), “Роҳматул-Қуддус фи таржимати баҳжатин-нуфуус”, “Фатиҳатул-калам фи қироати халфал-имом” (Имомнинг ортидан қироат қилиш масаласи бўйича кириш сўзи) номли китоблари ҳанафийлик мазҳаби ҳукмлари асосли эканини исботлаб берди
Бирма давлатидаги “Ранкун” мадрасасида икки йил ишлаб, катта мажлисларда маърузалар қилди. Шундан сўнг яна Таҳона Буҳунга қайтиб, фатво бериш ва уларни одамларга тушунтириш ишлари билан шуғулланди ҳамда “Далоил ал-Қуръон” деган асарини давом эттирди.
Сўнгра Покистоннинг Докҳа шаҳридаги университетга ҳадис, фиқҳ ва усул фанлари бўйича мударрис лавозимига тайинланди. Мазкур университетда саккиз йил ишлаб, мударрислар саййиди унвонига мушарраф бўлди. Шарқий Покистонда Қуръон, ҳадис, фиқҳ ва бошқа илмлар бўйича “Ал-жомиату ал-Қуръанияту ал-арабийя” мадрасасига асос солди.
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи мазҳаби фиқҳининг фидокор ҳимоячиси Зафар Аҳмад ат-Таҳонавий мана шундай сермаҳсул умр кечириб, умрининг охирида оғир хасталикка йўлиқди ва саксон икки ёшида вафот этди. Аллоҳ таоло у кишига ўз раҳмати ва ризоси ёнидан жой берсин.
Муҳаммадсиддиқ Усмонов тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Тонг саҳар тўрт мучамизнинг соғ, оиламиз тинч, ташқарида ҳеч қандай хавфнинг хатарисиз уйғониш биз ҳар доим ҳам эътибор беравермайдиганимиз, шукрини адо этишни эсимиздан чиқарадиганимиз неъматлар сирасига киради. Гўё асли шундай бўлиши керакдек яшайверамиз. Яна бир тур неъматлар борки, бизнинг эътиборимиздан четда. Буларга сув, ҳаво каби биз қадрламайдиган, лекин булар бўлмаса, бир соат ҳам яшай олмайдиган эҳтиёжларимиз киради.
Бу неъматларнинг шукрини адо этмаслик, яъни қадрига етмаслик оқибати нималарга олиб келиши бугунги кунда намоён бўляпти. Пала-партиш фойдаланиш сабаб Орол денгизининг қуриши нафақат минтақамизнинг, балки бутун дунёнинг муаммосига айланиб улгурганига анча бўлди. Биз учун текинга бериб қўйилган бу бебаҳо неъматни қадрламаслик орқасидан бугун инсоният жиддий муаммолар қаршисида турибди. Аллоҳ таоло Ўзининг каломида берилган неъматларни қадрлашни таъкидлаб, «Еб-ичинглар, аммо исроф қилманглар. Чунки У Зот исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят), деб буюрди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилаётган буюк саҳобалардан бири Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг сувни кўпроқ ишлатаётганини кўрдилар ва унга: «Ҳой Саъд! Бу қандай исрофгарчилик?!» дедилар. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу: «Эй Аллоҳнинг Расули! Таҳоратда ҳам исроф бўладими?» деди. У Аллоҳнинг ибодати учун таҳорат қилаётганда сувни сал кўпроқ ишлатиш исроф саналмаса керак, деб ўйлаган экан. Шунда у зот алайҳиссалом: «Ҳа, ҳатто оқиб турган дарёнинг ёқасида бўлсанг ҳам», дедилар.
Биз эса «Сув – текин» деган тушунча билан бир пайтлар шаҳарларимиз, қишлоқларимиз, маҳаллаларимизда зилол сувга тўлиб оққан ариқ-анҳорларни қуритдик. Борларини чиқиндихонага айлантирдик. Оқибатда илгари одамлар бемалол ичаверган ариқ сувлари ҳозир ҳатто қўл ювишга ҳам ўйланиб қолинадиган ҳолга келди.
Яқин-яқингача пойтахтнинг шимоли-шарқ томонидан кўриниб, баҳри дилингизни очган, хуш кайфият бағишлаган пурвиқор тоғлар бугун кўринмай қолганига одамлар энди-энди аҳамият бера бошлашди. Дарахтларнинг камайиши, автоуловларнинг кўпайиши, мавжуд яшил ҳудудлар қисқариб, ўрнига режасиз қуриб ташланаётган уй-жой экологияга, она табиатга таъсир қилмай қолмади. Қалин чангли парда ортига яширинган тоғлар худди бизни ёрдамга чақираётган, вақтида чора кўрилмаса, оғир оқибатлар юзага келишидан огоҳлантираётгандек гўё.
Ва ачинарлиси бу оғир оқибатлар ўзини кўрсата бошлади. 60 йиллик тажрибага эга IQAir ташкилоти томонидан тайёрланган охирги йиллик ҳисоботда қайд этилишича, ҳавонинг ифлосланиши оқибатида бир йилда дунё бўйича 7 миллион аҳоли ҳаётдан бевақт кўз юммоқда, миллиардлаб инсон нафас йўллари касалликлари ҳамда бошқа оғир дардларга йўлиқмоқда. IQAir сайти маълумотларига кўра, 2023 йил якунлари бўйича тузилган рейтингга мувофиқ, Ўзбекистон 134 давлат орасида 23-ўринни банд этиб турганини жуда ачинарли. Рўйхатдаги ҳавоси энг ифлос учликни Бангладеш, Покистон ва Ҳиндистон эгаллаган (iqair.com/ru/world-most-polluted-countries).
Сурункали респиратор касалликларининг дунё бўйлаб тарқалиши ва бу жараёнларнинг асоратларини ўрганган бир гуруҳ британиялик олимлар инсон ўлимига сабаб бўлаётган бешта асосий омиллардан бири нафас олиш тизими касалликлар эканини маълум қилишди. Тиббиёт соҳасига оид янгиликларни ёритадиган «Тhe Lancet» нашри эълон қилган мақолада 1990–2019 йилларда нафас йўллари касалликларининг тарқалиши 39,8 фоизга, ушбу дардлардан вафот этганлар сони эса 28,5 фоизга ошгани айтилган. Бронхиал астма энг кўп тарқалаётган сурункали респиратор касаллик сифатида қайд этилган бўлиб, нафас йўлларининг касалланиши, биринчи навбатда, чекиш иллати, шунингдек, ҳавонинг ифлосланиши ҳамда саноат ишлаб чиқаришининг турли хилдаги салбий оқибатлари сабаб юзага келмоқда.
Юртимиздаги мактабларнинг бирида атроф-муҳитни асраб-авайлаш ҳамда бошқа ижтимоий муаммоларни бартараф этиш, уларнинг олдини олишга бағишланган тадбирда бир ўқувчи йигит Она Ернинг одамларга қилган мурожаатини ўқиб берган эди. Сиз ҳам бу мурожаатга бир эътибор бериб кўринг-а:
«Эй одамзод, нималар қилиб қўйдинг, нималар қиляпсан! Тўхта! Бўлди! Етар энди. Дарахтларни кесиб, қанча ўрмонларни йўқ қилдинг, ҳавони, сувни булғатдинг. Кўлу дарёларни қуритдинг. Жуда қизиб кетдим. Яратилганимдан бери бунақа қизимаганман. Ҳаммаёғимни ёндириб, илма-тешик қилиб ташладинг-ку! Яна нима истайсан, одамзот?! Шаҳарларда тупроқ қолмади! Ҳаммаёқни тошдек бетон билан қоплаб ташладинг. Менинг сабрим чексиз эмас. Захираларим ҳам тугаб боряпти. Мени асрамасанг, эртага ўзинг қийналасан. Ўзингни бос. Тўхта. Атрофга қара! Ақл билан иш тутиб, менга озгина ёрдам бериб юборсанг, у ёғига ўзимни ўзим тиклаб оламан. Яхшиям Аллоҳ менга ўзимни ўзим совутиш қобилиятини берган. Лекин вазият шу зайлда давом этаверса, яъни табиат шу тарзда ифлослантирилаверса, тикланиш қобилиятим ҳам иш бермай қўйиши мумкин. Аввалги ҳолга қайтиши даргумону, лекин вазиятни яхши томонга ўзгартириш мумкин. Яхши инсонлар ҳали бор бу дунёда. Ҳаммангиз бирлашсангиз, қўлингиздан кўп нарса келади, Худо хоҳласа».
Ўсмир йигитнинг бу мурожаати ҳар биримизга кўзингизни очинг, вақт борида имкониятларни ишга солинг, деяётгандек гўё...
Аллоҳ ҳеч бир нарсани бекор яратмаган. Ҳар бир ўсимликнинг, ҳар бир жониворнинг вазифаси бор. Шунингдек, уларнинг мавжудлиги, яшаши бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Бу занжирни узиш мумкин эмас. Бордию ҳайвонот ёки наботот оламининг бир вакили йўқ қилинса, бунинг оқибати қачондир барибир сезилиши аниқ.
Аччиқ ҳақиқат шуки, бор табиатдаги, яъни атроф-муҳитдаги кўпгина ресурслар йўқотиб бўлинган. Аммо ўша нарсаларнинг кўпини тиклаш, қайтариш мумкин. Ўз навбатида, борини сақлаб қолиш ҳам жуда муҳим. Шундай экан, Аллоҳ берган буюк неъматлар – сув, тупроқ, ҳаво, ўсимликлару жониворларга бўлган муносабатимизни ўзгартирайлик, азизлар. Зеро, биздан кейинги авлод ҳам озод ва обод юртда яшашга ҳақли.
«Ҳилол» журнали 8(65)-сонидан