Кеча Наманганда бошланган қорилар мусобақаси сабаб бутун вилоятни, қолаверса, диёримизнинг барча ҳудудини илоҳий файз‑футуҳ чулғаб олди, байрамлар ва хурсандчиликлар асло тўхтамаяпти, зинҳор тўхтамасин ҳам. Ҳатто дам олиш кунлари ҳам одамларимиз Қуръонга ошно бўлишди, унинг файзидан ором олишди.
Мана шундай шодиёна кунлар бугун ҳам Намангандан ўз зиёсини таратишда давом этади. Барча-барчани Қуръонга бўлган муҳаббатини янада сайқаллашга даъват этамиз.
Маълумки, қалб бир нарсага муҳаббат қилса, унга боғланиб қолади, унга муштоқ бўлади, унга қаттиқ қизиқади. Агар қалб Қуръонга муҳаббат қилса, унинг қироатидан лаззатланади, унга бор эътиборини қаратади ва бунинг натижасида чуқур тушунишу тадаббур ҳосил бўлади. Аксинча, агар муҳаббат бўлмаса, қалбнинг Қуръонга юзланиши қийин бўлади. Қуръонга томон бурилиш фақатгина нафсини қаттиқ тергаш, ўзини мажбурлаш орқали жуда ҳам оғир кечади. Қуръон муҳаббатининг ҳосил бўлиши тадаббурнинг энг кучли ва олий даражада кечишига сабаб бўлади.
Дўсту биродарларимиз, ҳаммамизни икки дунё саодатига етакловчи, ҳидоят манбаи Қуръонга бўлган муҳаббатимизни зиёдалаштирайлик, саралаш босқичига саноқли кунлар қолган қорилар мусобақасини диққат билан кузатайлик, бир неча кундан кейин бундай шукуҳни излаб ҳам топиб бўлмайди.
Шундай экан азизлар, бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқларни кузатиб боринг. Барчамизга Яратганнинг раҳмати бўлсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Савол: Аёл киши узрли пайтида пиширган овқатни еб бўлмайди, шунинг учун бундай аёл овқат тайёрламаслиги керак, деган гап эшитдим. Шу гап тўғрими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Йўқ, динимизда бундай таъқиқ мавжуд эмас. Ҳайз кўрган аёл бемалол овқат тайёрлаши, пишириши мумкин. Уламолар ҳайз кўрган аёлга оид ҳукмларни баён қиларканлар, аёл киши хамир қориб, ёпган нонини, пиширган овқатини ейиш мумкин эканини таъкидлаганлар. Шунингдек, аёл киши узрли пайтларида, эркак ётоқни алоҳида қилиб олишдан ҳам қайтарилган. Яъни шариатимизда аёл кишининг узрли бўлиб қолгани учун ундан жирканилмайди, ташлаб қўйилмайди. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.