Қуръон сўзи луғатда “ўқиш”, “жамлаш”, “бир-бирига қўшиш” каби маъноларни англатади. Улумул Қуръон истилоҳида Қуръони каримга бундай таъриф берилган:
اَلْقُرْآنُ كَلاَمُ اللهِ تَعَالَى اَلْمُنَزَّلُ عَلَى مُحَمَّدٍ صَلَّى اللهُ عَلَيهِ وَسَلَّمَ اَلْمُتَعَبَّدُ بِتِلاَوَتِهِ.
“Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган ҳамда тиловати ибодат саналадиган Аллоҳ таолонинг каломи Қуръон деб аталади”[1].
Қуръони карим олдинги илоҳий китоблардан бир қанча жиҳати билан фарқ қилади:
– Олдинги илоҳий китоблар маълум бир қавмларга хослаб туширилган, Қуръони карим эса бутун башариятга умумий қилиб туширилган;
– Олдинги илоҳий китобларнинг асл ҳолида сақланиши Аллоҳ томонидан тайин қилинмаган, Қуръони карим эса сақланиши тайин қилинган. Бунинг сабаби шуки, олдинги китоблардаги ҳукмлар муайян замон ва қавмларга хос бўлган;
Қуръони каримда 114 та сура бўлиб, улар турли воқеа ва муносабатлар билан 23 йил давомида босқичма-босқич Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга туширилган.
Ҳар бир мусулмон Қуръони каримнинг бандаларга нозил қилинган охирги илоҳий дастур эканига иймон келтириши лозим. Бу эса қуйидаги маъноларни билиш ва уларга шак-шубҳасиз ишониш орқали юзага чиқади:
وَأَنْزَلْنَا إِلَيْكَ الْكِتَابَ بِالْحَقِّ مُصَدِّقًا لِمَا بَيْنَ يَدَيْهِ مِنَ الْكِتَابِ وَمُهَيْمِنًا عَلَيْهِ
“Сизга (эса, эй Муҳаммад!) ўзидан олдинги Китоб(лар)ни тасдиқ этувчи ва у (китоблар)ни мувофиқлаштирувчи сифатида Китоб (Қуръон)ни ҳақиқатан нозил қилдик” (Моида сураси, 48-оят).
Ушбу оят тафсирида Замахшарий раҳматуллоҳи алайҳ: “Бу китоб бошқа китоблар устидан назоратчи этиб нозил қилинган, чунки бу китоб бошқа китобларнинг тўғри ва аниқлигига гувоҳлик беради”, деган.
إِنَّا نَحْنُ نَزَّلْنَا الذِّكْرَ وَإِنَّا لَهُ لَحَافِظُونَ
“Албатта, бу зикрни (яъни Қуръонни) Биз Ўзимиз нозил қилдик ва уни Ўзимиз асрагувчидирмиз” (Ҳижр сураси, 9-оят).
Ушбу оят тафсирида муфассирлар: “Аллоҳ таоло ушбу Қуръонни муҳофаза қилишни ўз зиммасига олган. Шунга кўра бошқа китобларда бўлгани каби унга бирор нарсани қўшиб қўйишга ёки ундан бирор нарсани олиб ташлашга ёки унинг бирор жойини алмаштиришга ё ўзгартиришга ҳеч кимнинг кучи етмайди”, деганлар.
وَإِنَّهُ لَكِتَابٌ عَزِيزٌ
“Шубҳасиз, у азиз Китобдир” (Фуссилат сураси, 41-оят).
Яъни Қуръони карим ҳар қандай инкор қилувчини мот қилиб қўядиган ҳужжати кучли тенгсиз китобдир.
لَا يَأْتِيهِ الْبَاطِلُ مِنْ بَيْنِ يَدَيْهِ وَلَا مِنْ خَلْفِهِ تَنْزِيلٌ مِنْ حَكِيمٍ حَمِيدٍ
“Унга олдидан ҳам, ортидан ҳам (ҳеч қандай) ботил (ноҳақлик) келмас. (У) ҳикмат ва ҳамд эгаси (томони)дан нозил қилингандир” (Фуссилат сураси, 42-оят).
Яъни Қуръони каримга бирор тарафдан ҳам ботил кела олмайди, уни инкор қилишнинг умуман иложи йўқдир.
ذَلِكَ الْكِتَابُ لَا رَيْبَ فِيهِ هُدًى لِلْمُتَّقِينَ
“Ушбу Китоб (Қуръон) шубҳадан холи ва тақводорлар учун ҳидоят (манбаи)дир” (Бақара сураси, 2-оят).
Яъни, ушбу китобнинг Аллоҳ таоло ҳузуридан туширилганига шак-шубҳа йўқ. Бу китоб буйруқларига бўйсуниш ва қайтариқларидан қайтиш билан Аллоҳ таолонинг ғазабидан қўрқадиган бандаларга ҳидоятдир.
هُدًى وَرَحْمَةً لِلْمُحْسِنِينَ (3) الَّذِينَ يُقِيمُونَ الصَّلَاةَ وَيُؤْتُونَ الزَّكَاةَ وَهُمْ بِالْآخِرَةِ هُمْ يُوقِنُونَ (4)
“Эзгу амал қилувчилар учун ҳидоят ва раҳмат (манбаи экани) жиҳатидан. Улар намозни баркамол адо этадилар, закотни (ўз жойига) берадилар ва охиратга аниқ ишонадилар” (Луқмон сураси, 3-4 оятлар).
وَنُنَزِّلُ مِنَ الْقُرْآنِ مَا هُوَ شِفَاءٌ وَرَحْمَةٌ لِلْمُؤْمِنِينَ وَلَا يَزِيدُ الظَّالِمِينَ إِلَّا خَسَارًا
“(Биз) Қуръондан мўминлар учун шифо ва раҳмат бўлган (оят)ларни нозил қилурмиз. (Лекин бу оятлар) золим (кофир)ларга фақат зиённи орттирур” (Исро сураси, 82-оят).
ص وَالْقُرْآنِ ذِي الذِّكْرِ
“Сод. Зикр манбаи бўлмиш Қуръонга қасамёд этаман!” (Сод сураси, 1-оят).
وَكَذَلِكَ أَوْحَيْنَا إِلَيْكَ رُوحًا مِنْ أَمْرِنَا
“(Эй Муҳаммад!) Шундай қилиб, амримиз билан Сизга Руҳни (Қуръонни) ваҳий қилдик” (Шуро сураси, 52-оят).
Аллоҳ таоло Қуръони каримни руҳ деб номлади, чунки бу китобнинг ичида банданинг нафсини жаҳолат ўлимидан сақлайдиган ҳаёт бор. Молик ибн Динорнинг қуйидаги сўзлари буни тушунишимизга яқиндан ёрдам беради: “Эй Қуръон аҳли, Қуръон қалбларингизга нимани экди? Ёмғир ернинг баҳори бўлгани каби Қуръон ҳам қалбларнинг баҳоридир”.
Оламлар Роббисига ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога ҳамда у зотнинг оилаларию саҳобаларига салавот ва саломлар бўлсин!
Абдулқодир Абдур Раҳим
тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
[1] Манноъ Қаттон. Мабаҳис фи улумил Қуръон. – Байрут: “муассасату кутубис сиқофия”, 1980. – Б. 21.
18 август Тошкентнинг нафақат диний, балки маданий ва илмий мероси тарихида муҳим ўрин тутувчи сана. Қуръони Каримнинг энг қадимий қўлёзмаларидан бири сифатида эъзозланадиган Усмон Мусҳафи асрлар давомида Марказий Осиё тарихининг турли босқичларига гувоҳ бўлиб келган, хабар бермоқда iccu.uz.
Ушбу нодир қўлёзма йирик ҳажмдаги пергамент варақларга ёзилган бўлиб, матни қадимий Ҳижоз хатида битилган. Мусҳафда ҳозирги араб ёзувидаги нуқта ва ҳаракат белгилари мавжуд эмас. Манбаларда унинг сақланиб қолган қисми 338 ёки 353 варақдан иборат экани ҳақида турли маълумотлар учрайди. Айрим йўқолган пергамент варақлар кейинчалик қоғоз билан алмаштирилган. Қўлёзманинг аниқ санаси хусусида илмий адабиётларда турли қарашлар мавжуд.
Тарихий маълумотларга кўра, Мусҳаф узоқ йиллар Самарқандда сақланган. 1868–1869 йилларда у Санкт-Петербургга олиб кетилган ва Император халқ кутубхонасига топширилган. 1905 йилда қўлёзманинг 50 та факсимиле нусхаси кўчирилган. 1917 йилдаги сиёсий ўзгаришлардан кейин мусулмон уламоларининг талаби билан Мусҳаф аввал Уфага, кейин эса Ўрта Осиёга қайтарилиши жараёни бошланган.
1924 йилда Усмон Мусҳафи Татаристон, Бошқирдистон ва Туркистон уламоларидан ташкил топган махсус кузатувчилар ҳамроҳлигида махсус поезд орқали Уфадан Тошкентга олиб келинди. Тошкентга олиб келинганидан сўнг Мусҳаф бир муддат шаҳардаги масжидлардан бирида сақланди. Кейинчалик унинг асраб-авайланишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон тарихи давлат музейига топширилди.
1989 йил 14 март куни Тошкентда бўлиб ўтган Мусулмонларнинг IV қурилтойида Ўзбекистон ҳукумати қарори билан Усмон Мусҳафининг мусулмонлар ихтиёрига қайтарилгани эълон қилинди. Кейинчалик у Ўзбекистон мусулмонлари идораси ихтиёрига топширилди. Мусҳаф бир муддат Ҳазрати Имом мажмуасидаги «Мўйи Муборак» мадрасаси музей-кутубхонасида махсус шароитда ҳам сақланди.
Усмон Мусҳафининг тарихий ва маданий аҳамияти халқаро миқёсда ҳам эътироф этилган. 1997 йилда қўлёзма ЮНЕСКОнинг «Memory of the World» — «Жаҳон хотираси» дастури рўйхатига киритилган.
2025 йил 13 ноябрь — Усмон Мусҳафи тарихида яна бир муҳим сана. Айнан шу куни нодир қўлёзма Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказига олиб келинди. Бугун Қуръон залидаги асосий экспонатлардан бири сифатида алоҳида ўрин эгаллаб, юртимизнинг кўп асрлик диний, илмий ва маънавий меросини намоён этувчи бебаҳо ёдгорлик сифатида тақдим этилган. Шунингдек, Марказда турли даврларда Сомонийлар, Қорахонийлар, Хоразмшоҳлар ва Темурийлар даврида кўчирилган Қуръон нусхаларини ҳам кўриш мумкин. Усмон Мусҳафи тарихи бу фақат бир қўлёзманинг тарихи эмас. Бу асрлар оша сақланган илмий ва маънавий мерос, уни асраб-авайлаган авлодлар хотираси ва Ўзбекистон заминида шаклланган буюк ислом цивилизациясининг узвий давомийлиги ҳақидаги тарихдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати