Ҳозир сиздан: “Оёғингиз тагида ер борми?” ёки “Тепангизда осмон борми?” деб сўрашса сиз ҳеч иккиланмай: “Ҳа”, деб жавоб берасиз. Аллоҳ таолога ишончимиз ҳам шундай кучли бўлиши керак. Кимдир сиздан: “Аллоҳ таоло сизни кўриб турибдими?” деб сўраса, ишонч ва қатъийлик билан “Ҳа” деб жавоб бера олишингиз керак.
Келинг, сизга мисол тариқасида бир ҳикоя сўзлаб берай. Бир куни икки дўст саёҳатга чиқишибди. Улардан бирининг кўзи ожиз экан. Кеч кирганида улар дам олиш учун бир ерда тўхташибди. У ер ҳавоси ҳудди денгиз бўйидагидек кундузи жуда иссиқ, кечаси эса сезиларли даражада совуқ бўлар экан. Тонг отгач, дўстларнинг соғломи егулик топиб келгани кетибди. Кўзи ожизи эса ён-атрофни қўли билан пайпаслаб, қаттиқ нарсани тутибди. Совуқда тошдай қотиб ётган илон экан. Ҳалиги одам ажойиб таёқ топиб олдим деб ўзида йўқ хурсанд бўлиб турган пайтда дўсти бироз егулик олиб келибди. У илонни ушлаб ўтирган дўстига бақириб, қўлидаги илонни дарҳол ташлашини сўрабди. Кўзи ожиз киши эса дўстим менга ҳасад қиляпти деб ўйлаб илонни маҳкам ушлаб олиб бермайман деб туриб олибди. Дўсти унинг қўлидаги таёқ эмас, илон эканини ва уни зудлик билан ташлаб юборишга ҳарчанд ундаса ҳам, кўндира олмабди.
Хуллас, иккаласи яна йўлга чиқишибди. Кун чиқиб ҳарорат кўтарилгач, кўзи ожиз кишининг қўлидаги “таёқ” секин ўзига кела бошлабди. Ниҳоят етарлича исиниб, кучга киргач, кўзи ожизни чақибди...
Оламларга раҳмат бўлиб келган Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мерожга кўтарилганларида дўзахнинг даҳшати-ю, жаннатнинг гўзаллигини ўз кўзлари билан кўрганлар. Бизни дўзах сари етаклайдиган ишлардан қайтарганлар. Афсус, баъзилар ўзи кўрмагани боис қайсарлик қилади, оқибатини ўйламайди. Аллоҳ таоло кеч бўлмасидан кўзларимизни очсин, ҳидоятга бошласин, яхши, эзгу амалларни бардавом қилишга муваффақ айласин.
Дилафрўз САЛОҲИДДИН қизи тайёрлади.
Кунларнинг бирида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қоринлари ниҳоятда оч эди. Ётиб ухламоқчи бўлдилар аммо ухлашга ҳам қийналдилар. Бир муддатдан кейин ўринларидан туриб, бир тошни қоринларига қўйиб ётмоқчи бўлдилар. Бу ҳолатни кўрган Оиша розияллоҳу анҳо онамиз қаттиқ ҳавотирландилар.
Оиша розияллоҳу анҳо онамизнинг кўзларига ёш келди. “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилсангиз, Сиз учун ҳамма нарса муҳайё бўладику”, дедилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан олдинги Пайғамбарлар ҳам шу ҳолатда кетишди. Мен ҳам Роббимнинг ҳузурига шундай бораман”, дедилар.
Абу Толҳа розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга очликдан шикоят қилдик. Қорнимизга (боғлаб олинган) биттадан тошни олиб кўрсатдик. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иккита тошни олиб кўрсатдилар”.
Бугун уйингизда бирор таом тайёрлаётганингизда ёнингиздаги қўшнингизнинг қорни оч бўлиши мумкинлигини эсдан чиқарманг. Ҳовлингизда тутунини чиқариб тансиқ таом пиширсангиз, қўшни хонадонда ҳомиладор келин бўлса, уларга ҳам чиқаришни унутманг. Қайнатма шўрва қилсангиз овқатга кўпроқ сув солинг бир коса қўшнига ҳам берасиз.
Оиша онамиз розияллоҳу анҳо: “Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оиласи бир кунда икки марта егулик емаган, еса ҳам биттаси хурмо бўлган”, деганлар (Имом Бухорий ривояти).
Акбаршоҳ РАСУЛОВ