Вафотига қадар пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ягона ва биринчи аёлларидир. Пайғамбаримиз қолган аёлларига Хадийжа онамиздан кейин уйланганлар. Бадавлат бева аёл (бойлик уларга вафот қилган иккинчи эрлариидан қолган), баланд бўйли, ақлли, жуда гўзал ва қатъийятли. То пайғамбаримиз билан учрашгунларига қадар, ҳеч кимга ўзларининг бойлик ва тақдирини боғламоқликка йўл қўймаганлар. Хадийжа онамизнинг вафотларидан сўнг пайғамбаримизнинг ҳеч бир аёллари у зотнинг қалбларида Хадийжадек жой эгалламаганлар.
Дунё аёлларининг энг яхшиси ўз даврида Имрон қизи Марям эди, бу даврнинг энг яхши аёли эса Хадийжадир (Саҳиҳ ал-Бухорий). Пайғамбармизга турмушга чиққунларига қадар Хадийжа (р.а.) Бану Усайд қабиласидан бўлган Абу Хала ибн Маликнинг никоҳида эди. Ундан Ҳинд исмли ўғил ва Зайнаб исмли қиз фарзанд кўрганлар. Абу Халага қадар эса Усаййик ибн Абид билан турмуш қурган эдилар ва ундан ҳам Абдуллоҳ исмли ўғилари ва Жария исмли қизлари бор эди. Хадийжа онамиз ҳар доим ўз қариндошларига, камбағалларга, шунингдек, оила қуришга қийналганларга ёрдам қўлини чўзар эдилар. Хадийжа онамизга Араб ярим оролининг бой зодагонлари, обрўли кишилари совчи қўйганларида, рад жавобини берганлар. Ҳаётлик даврларида Хадийжа онамиз Қурайшликлар маликаси, Ат-Тоҳира, Ал-Кубро деган номга эга бўлганлар. Хадийжа онамиз савдогарларга маблағ бериб, савдолари учун мол олиб келтирар эдилар. Пайғамбаримизнинг тўғри сўз ва ишончли эканликлари ҳақида ҳабар топгач, уларга тижорат учун катта маблағни ишониб топшириб, Шомга жўнатдилар. Пайғамбаримиз Шомга Хадийжанинг қули Майсара билан жўнаб кетдилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) қайтгач, Хадийжа (р.а) катта даромадга эга бўлдилар.
Бундан ҳам афзаллари Майсара кўрган мўжизалар бўлди (Айрим уламоларнинг айтишларича бу мўжиза икки фариштанинг қуёш нурларидан пайғамбаримизни тўсганликларидир). Хадийжа (р.а.) дугонаси Нафиса бинт Манияни пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг олдиларига улар билан турмуш қуриш истаклари борлигини билдириш учун юбордилар ва улар турмуш қурдилар. Бу вақтда Хадийжа (р.а.)нинг ёшлари ўттиз тўққиз пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ёшлари эса йигирма бешда эди.
Хадийжа (р.а.) вафотларига қадар пайғамбаримиз (с.а.в.)ни қўллаб-қувватладилар. Пайғамбаримиз (с.а.в.) одамларни исломга даъват қилганларида душманлар- дан ҳимоя қилдилар, энг қийин вазиятларда ёнларида бўлдилар. Исломни биринчи қабул қилган инсон бўлдилар, маблағларини ислом манфаати учун сарфладилар. Оиша (р.а.)дан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аёлларидан рашк қилмадим. Фақатгина Хадийжадан рашк қилдим. Мен уни кўрмадим ҳам. Расулуллоҳ (с.а.в.) қачон қўй сўйсалар, Хадийжанинг дугоналарига юборинглар, дер эдилар. Бир куни у зотнинг ғазабларини чиқариб: «Хадийжа!»дедим. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в): «Албатта, менга унинг муҳаббати берилган», дедилар». (Икки шайх ва Термизий ривояти). Хадийжа (р.а.) пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг Иброҳим исмли ўғилларидан ташқари барча фарзандларининг онасидир ва пайғамбаримизга Қосим, Зайнаб, Руқайя, Умму Кулсум, Фотима, Абдуллоҳ исмли фарзандлар ҳадя қилганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ўғил фарзандла– ри ёшлик чоғларида вафот этган. Қиз фарзандлари эса, пайғамбарлик даврларида исломни қабул қилиб, Маккадан Мадинага хижрат қилганлар. Фотима онамиздан бошқалари пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг ҳаётлик давриларида вафот этганлар. Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг амакилари Абу Толибнинг вафотларидан сўнг, Хадийжа (р.а.) ҳам вафот қилганлар. Аллоҳ таоло Хадийжа бинти Хувайлид (р.а.)дан рози бўлсин.
Робия САИДҲАНБАЛОВА
тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Куни кеча мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан муҳтарам Президентимиз томонидан юксак давлат мукофотларига сазовор бўлган бир гуруҳ ватандошларимиз тақдирланди.
Энг қувончлиси шуки, тадбирда диний-маърифий соҳада фидокорона хизмат қилиб келаётган, халқимизнинг маънавий юксалишига беқиёс ҳисса қўшаётган таниқли уламоларимиз ва фахрийларимизнинг заҳматли меҳнатлари юксак даражада эътироф этилди!
Хусусан, Диний идора тизимида узоқ йиллардан бери самарали хизмат қилиб келаётган устозлардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фахрийлар кенгаши раиси Шайх Абдулазиз Мансур, Самарқанд вилояти Пайариқ тумани "Имом ал-Бухорий" жоме масжиди фахрий имоми Маҳмуджон домла Ибодуллаев, Бухоро вилояти Когон тумани "Баҳоуддин Нақшбанд" жоме масжиди имом-хатиби Абдуғофур домла Раззоқов "Имом Бухорий" орденини Давлатимиз Раҳбаридан қабул қилиб олишди.
Устозларнинг илмий-маърифий фаолияти, халқ ичида маърифат улашишдаги фидойиликлари давлатимиз томонидан юксак қадрлангани бутун диний-маърифий соҳада меҳнат қилаётганлар учун катта фахр ва шарафдир.
Ушбу воқеа Янги Ўзбекистонда диний-маърифий соҳага, миллий қадриятларимизни авайлаб-асраш ҳамда ривожлантиришга қаратилаётган изчил ва хайрли сиёсатнинг амалий ифодасидир.
Халқимизда қадимдан маърифат аҳлини улуғлаш, уларнинг заҳматли меҳнатини қадрлаш эзгу анъана саналади. Ислом таълимотида ҳам илм эгаларига алоҳида мақом ва ҳурмат билан қаралади. Зеро, Имом Термизий бобомиз ривоят қилган ҳадиси шарифда: «Уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир», дейилган.
Уламоларга кўрсатилаётган бундай эътиборнинг нечоғли хайрли экани қуйидаги ҳикматда ҳам ўз ифодасини топган. Улуғ зотлардан бири Товус раҳматуллоҳи алайҳ отасидан қуйидагича ривоят қилган: «Тўрт кишини ҳурмат қилиш суннатдир: олим, ёши улуғ инсон, подшоҳ ва ота» (Имом Абдураззоқ ривояти).
Мазкур юксак мукофот миллий ва диний қадриятларимизни тиклаш, Ислом маърифатини кенг тарғиб этиш, жамиятда бағрикенглик ва тинчлик-омонликни бардавом сақлаш йўлидаги кўп йиллик хайрли хизматларнинг муносиб эътирофидир.
Давлатимизнинг бундай эътибори диний соҳа ходимларига янада улкан масъулият юклайди, маънавий юксалиш йўлидаги хайрли хизматлар кўламини янада кенгайтиришга хизмат қилади, инша Аллоҳ.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати