Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси, Россия муфтийлар кенгаши раиси, Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги
Диний бирлашмалар билан алоқалар Кенгаши аъзоси,
муфтий шайх Равил Гайнутдин жаноблари!
Муҳтарам муфтий ҳазратлари,
Ўзбекистон Ислом академияси давлат рўйхатидан ўтиб, гувоҳнома олиши муносабати билан Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси ва Россия муфтийлар кенгаши номидан йўллаган табригингиздан кўнглимиз тоғдек кўтарилди. Мамлакатимиздаги ушбу улкан янгиликни Россия мусулмонлари қўллаб-қувватлагани мўмин-мусулмонларимиз қувончини янада оширди.
Сизнинг Ўзбекистон Ислом академияси ташкил этилиши муносабати билан йўллаган илиқ сўзларингиз оммавий ахборот воситалари орқали халқимизга етказилганда ҳамма бирдек мамнун бўлди. Айниқса, Имом Бухорий, Имом Термизий даврида бўлгани каби бугун муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев қўллаб-қувватлови билан юртимизда исломий олий таълимнинг шонли анъаналари қайта тикланаётгани ҳақидаги фикрларингиз барчамизни жуда ҳам шодлантириб юборди.
Самимий тилакларингизда, Ислом академиясининг динимиз манфаати йўлида муваффақиятли фаолият олиб боришини билдирганингиз учун ташаккур. Биз ҳам ўз навбатида Ислом академияси ишини ривожлантириш, касбий ва илмий салоҳиятни оширишда Сизнинг вакилларингизни кўришдан бахтиёр бўлишимизни изҳор қиламиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва мўмин-мусулмонлар номидан Сиз жаноби олийларига, жамоангизга мана шундай хурсандчилик кунларда чин қалбдан бирга-бирга эканингиз учун самимий миннатдорлик билдирамиз.
Биродаримга энг эзгу тилаклар ва юксак эҳтиром ила,
Ўзбекистон мусулмонлари
идораси раиси, муфтий Усмонхон АЛИМОВ
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан самимий мулоқотлар йўлга қўйилгани кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 15 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди.
Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, оилавий масалалар, ҳаж, иш, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати