Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти, буюк давлат ва сиёсат арбоби Ислом Каримов ўз васиятига кўра, Самарқанд шаҳридаги Ҳазрати Хизр мажмуаси ёнида дафн этилган эди.
Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бу ерда Биринчи Президентимизнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги буюк хизматларига муносиб улуғвор мақбара мажмуа бунёд этилди.
Мажмуанинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этди ва нутқ сўзлади. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Давлатимиз раҳбари Самарқандга ташрифлари давомида мажмуа қурилишининг бориши билан бир неча бор танишди. Ушбу масканни юртимизнинг энг қутлуғ қадамжоларидан бирига айлантириш, зиёратчилар учун ҳар томонлама қулай шароитлар яратиш борасида улкан ишлар амалга оширилди.
Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов мақбарасини зиёрат қилиб, Биринчи Президентимиз хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.
Тадбир иштирокчилари, мамлакатимизнинг барча жойларидан келган юртдошлаимиз мақбарани зиёрат қилиб, гуллар қўйдилар.
Президент Шавкат Мирзиёев Ислом Каримов ҳайкали пойига ҳам гул қўйди.
Шу куни Форумлар мажмуасида элга эҳсон оши тортилди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари Мадинаи мунаввара шаҳридаги «Zamzam Pullman» меҳмонхонасида бўлиб турган зиёратчилар билан суҳбатлашдилар. Юртдошларимиздан соғликлари, кайфиятлари, ибодатларини қандай адо этаётганлари, меҳмонхонадаги шароитлар ҳақида фикр-мулоҳазаларини сўрадилар.
Бўлажак ҳожилар зиёрат ва ибодатларни бекаму кўст адо этишлари учун кўрсатилаётган хизматлардан ниҳоятда мамнунлигини билдиришди. Айниқса, меҳмонхона Ҳарами шарифга жуда яқинлиги ёши улуғ кишилар учун ҳам қулай бўлаётгани, беш маҳал намозни Масжиди Набавийда адо этишнинг шукуҳи ҳақида сўзладилар. Малакали имом-хатиблардан ташкил топган элликбошилар, ишчи гуруҳи, шифокорлар туну-кун шай туришганини алоҳида эътироф этишди.
Муқаддас заминда тоат-ибодатларини хотиржам бажараётган зиёратчилар яқинлари, оила аъзолари қаторида тез-тез эл-юртимиз, давлатимиз раҳбари ва бошқа мутасаддилар ҳақларига дуолар қилиб, офият ва фаровонлигимиз бардавомлигини Аллоҳдан сўрашмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати