Аллоҳ таоло ҳамма нарсанинг қадарини белгилаб қўйган бўлса, касбнинг нима кераги бор, дейдиганлар ҳам мавжуд. Аллоҳ таолога таваккул қиладиган бўлсак, ҳеч нарса қилмай ётаверсак бўлаверади-да, дейдиганлар ҳам бор.
Уламоларимиз касбни таърифлаб: “Мақсадни ҳосил қилиш учун саъй-ҳаракат қилиш ва сабаб бўладиган нарсаларни ишга солишдир”, дейдилар.
Шунингдек, таваккул таърифида “Таваккул дунё ва охират ишларида фойдани жалб ҳамда зарарни даф этишда қалбнинг Аллоҳ таолога сидқидилдан эътиқод қилишидир”, дейдилар.
Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби бўйича, таваккул қалбга ва касб аъзоларига боғлиқ иш. Сабабларни ишга солмагунча, таваккул ҳосил бўлмайди.
Аллоҳга таваккул қилиш – улуғ сифат. Аммо, таваккал, Аллоҳ ирода қилганидек, тўғри ҳолда бўлиши керак. Баъзи кишилар таваккални нотўғри тасаввур этишади. Ўйламай, чора-тадбир кўрмай, сабабларини ахтармай, кўр-кўрона ҳаракатни таваккал деб тушунувчилар кўп. Бу мутлақо нотўғри тушунчадир.
Бирор нарсада Аллоҳдан бошқага суяниш тавҳидга зарар етказади, ширкка олиб келади. Шунинг учун ҳам, барча нарсада фақат Аллоҳга таваккал қилиш, суяниш имондан кейинги энг муҳим сифат ҳисобланади.
Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сизлар Аллоҳга ҳақиқий таваккал қилганингизда оч кетиб, тўқ қайтадиган қушдек ризқланган бўлур эдингиз”, дедилар” (Термизий, Аҳмад, Ҳоким ривояти).
Баъзи кишилар қушга ризқ берган Худо бизга ҳам ризқ беради, Ўзига таваккал қилиб тураверсак бўлди, деган фикрга борадилар. Аслида, ҳадиси шариф бу маънонинг зиддига келган. Бу ҳадиси шарифда агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккал қилсалар, суянсалар, худди ҳеч қандай жамғармага эга бўлмаган қушларга керак бўлган пайтда керакли ризқни бергани каби, уларга ҳам ризқ бериши турган гап эканлиги ҳақида сўз бормоқда.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, эрталаб уйғонган ҳар қандай қуш қорни очиб, ичига қапишган ҳолда бўлади. Шу билан бирга, унинг ҳеч қандай жамғармаси ҳам, кўзга олиб қўйган ризқ манбаи ҳам бўлмайди. Аммо у ризқ топиш мақсадида уясидан чиқади. Маълум вақт ўтгандан кейин қарасангиз, қорни қаппайиб қайтиб келаётган бўлади. Дунёдаги барча ҳайвонотнинг ҳоли шу. Агар бандалар Аллоҳ таолога ҳақиқий таваккал қилсалар, У зот уларга ҳам ғайбдан ризқ бериши турган гап. Фақат, қуш уясидан чиқиб ўз ризқини топишга ҳаракат қилганидек, бандалар ҳам керакли ҳаракатни қилмоқлари шарт.
Ким Аллоҳ буюрганини қилиб, қайтарганидан қайтса, бу дунё ва у дунёнинг қийинчиликларидан чиқадиган йўлни Аллоҳнинг Ўзи кўрсатиб қўяди (Талоқ, 2–3). Тақводор шахснинг мушкулини доимо Аллоҳнинг Ўзи енгил қилиб туради. Шу билан бирга, унга ўзи ўйлаб хаёлига келмаган томондан ризқу рўз етказиб беради. Одатда, кишилар ризқу рўзим сероб бўлсин, деган мақсадда тақводан воз кечишади. Бу эса, аксинча натижага олиб келади.
Ушбу ояти кариманинг маъносидан келиб чиқадиган қоидага биноан, тақводорлик қийинчиликларнинг осонлашиши ва ризқнинг ўйламаган тарафдан келишига сабаб бўлади.
Одам ишлаб топиб, ўзи манфаат олмаган нарсалар унинг ризқи бўлмайди. Мисол учун, одам ўлганидан кейин меросхўрларига қолган нарсалар унинг ризқи эмас, ўша нарсалардан манфаат оладиган меросхўрларнинг ризқидир.
Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби ризқни пок ва нопокка тақсим қилган бўлса ҳам, Аллоҳ таоло фақатгина ҳалол, пок ризқнигина қабул қилишини таъкидлайди. Ажру савоб ҳам шунга боғлиқ. Аллоҳ таоло ҳаром, нопок ризқни қабул қилмайди. Балки, унинг сабабидан жазолайди, азоб беради.
Мўмин киши ризқ Аллоҳ таолодан эканлигига имон келтирганидан кейин очкўз бўлмайди ва ҳаромга қўл урмайди.
У ҳалол, пок йўл билан ризқини териб ейишни йўлга қўйиб, қаноат билан саодатли турмуш кечиради.
ЎМИ Матбуот хизмати
Бир ўтириб, яшаб ўтган шунча йиллик ҳаётимизда бошдан кечирган ғам-ғуссаларимиз ҳақида фикр юритиб кўрсак, қайғулар икки хил эканини кўрамиз:
Биринчиси – ўша пайтда кўзимизга катта кўриниб, ҳатто йиғлашимизга сабаб бўлган қайғуларимиз. Лекин вақт ўтиши билан улар аслида оддий нарса экани, йиғлашга арзимаслиги маълум бўлади. Баъзан ўша кунларни эслаганимизда кулгимиз келиб, «Шу арзимас нарса учун ҳам сиқилиб, йиғлаб юрган эканманми? У пайтларда анча ёш бўлган эканмиз-да», деб қўямиз.
Иккинчиси – ҳақиқатдан ҳам катта мусибатлар. Баъзилари ҳаётимизни зир титратган. Бу қайғулар ҳам ўтиб кетади, лекин ўчмайдиган из қолдириб кетади. Бу излар узоқ йилларгача қалбга оғриқ бериб тураверади. Бу қайғулар баъзан тўхтаб, баъзан ҳаракатга келиб, янгиланиб турадиган вулқонга ўхшайди. Бундай ғам-қайғуларнинг яхши тарафи шундаки, улар ҳаётда ҳам, охиратда ҳам яхшиликларнинг кўпайишига сабаб бўлади. Улар қалбимизда ўчмас из қолдирса, ҳар эслаганда кўзларимизда ёш қалқиса, энг асосийси – ўшанда дуога қўл очиб, сабр билан туриб бера олсак, кўп-кўп яхшиликларга, ажр-савобларга эга бўламиз. Ғам-қайғу янгиланиши билан яхшиликлар ҳам янгиланиб бораверади.
Ғам-қайғусиз ҳаётни кутиб яшаётган қизга «Сиз кутаётган кун бу дунёда ҳеч қачон келмайди», деб айтиш керак.
Аллоҳ таоло «Биз инсонни машаққатда яратдик», деган (Балад сураси, 4-оят).
Бу ҳаёт – ғам-ташвишли, азоб-уқубатли, машаққатли ҳаётдир. Мўмин одам буни жуда яхши тушунади. Бу дунёда қийналса, азоб чекса, охиратда албатта хурсанд бўлишини билади. Инсон мукаммал бахтни фақатгина охиратда топади. Шунинг учун улуғлардан бирига «Мўмин қачон роҳат топади?» деб савол беришганда, «Иккала оёғини ҳам жаннатга қўйганида», деб жавоб берган экан.
Аллоҳнинг меҳрибонлигини қарангки, охират ҳақида ўйлаб, унга тайёргарлик кўриш ҳаётни гўзал қилади, қайғуларни камайтириб, унинг салбий таъсирини енгиллатади, қалбда розилик ва қаноатни зиёда қилади, дунёда солиҳ амалларни қилишга қўшимча шижоат беради, мусибатга учраганларни бу ғам-ташвишлар, азоб-уқубатлар бир кун келиб, бу дунёда бўлсин ёки охиратда бўлсин, барибир якун топишига ишонтиради. Охират ҳақида ўйлаб, фақат солиҳ амаллар қилишга интилиш инсонни бахтли қилади.
Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Кимнинг ғами охират бўлса, Аллоҳ унинг қалбига қаноат солиб қўяди, уни хотиржам қилиб қўяди, дунёнинг ўзи унга хор бўлиб келаверади. Кимнинг ғами дунё бўлса, Аллоҳ унинг дардини фақирлик қилиб қўяди, паришон қилиб қўяди, ваҳоланки дунёдан унга фақат тақдир қилинган нарсагина келади».
Аллоҳ таоло фақат охират ғами билан яшайдиган (охират ҳақида кўп қайғурадиган, ҳар бир амалини охирати учун қиладиган) қизнинг қалбини дунёнинг матоҳларидан беҳожат қилиб қўяди. Қарабсизки, бу қиз ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзини бахтли ҳис қилади, ҳаётидан рози бўлиб яшайди. Хотиржамликда, осойишталикда, қаноатда яшагани учун истамаса ҳам қўлига мол-дунё кириб келаверади. Зеро, Аллоҳ таоло охират ғамида яшайдиган, шу билан бирга, ҳаётий сабабларни ҳам қилиш учун ҳаракатдан тўхтамаган кишининг ризқини кесмайди, уни неъматларига кўмиб ташлайди.
Аммо Аллоҳ таоло бор ғам-ташвиши дунё бўлган қизни фақирлар қаторида қилиб қўяди. Бундай қиз мол-дунёга кўмилиб яшаса ҳам, ўзини фақир, бечора ҳис қилаверади. Натижада дарди янгиланаверади, дардига дард қўшилаверади, фикрлари тарқоқ бўлиб, изтиробга тушади. Афсуски, шунча елиб-югургани билан фақат дунёнинг неъматларига эриша олади, охиратда насибаси бўлмайди.
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.