Ўзбекистон Республикаси Президенти мактабгача таълим муассасалари ходимлари маошини оширишга буйруқ берди.
28 январь куни Чироқчи туманида президент раҳбарлигида Қашқадарё вилояти фаоллари йиғилиши бўлиб ўтди.
Ушбу йиғилишда вилоятнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолати танқидий баҳолар асосида таҳлил этилди. Мавжуд муаммолар очиқ гапирилди, мутасадди раҳбарларга тегишли кўрсатмалар берилди. Президент Қашқадарё вилоятидаги мактабгача таълим муассасалари фаолиятига ҳам назар ташлаб, бу тизимдаги ишлар ва истиқболдаги режалар ҳақида гапирди.
“Қашқадарё вилоятида таълим соҳасининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш зарур. Умуман мактабгача таълим муассасалари эътибор берилмасдан, четда қолиб кетган эди. Бугунги кунда вилоятдаги боғча ёшидаги болаларнинг 24 фоизи таълим билан қамраб олинган. Айниқса, Деҳқонобод туманида болаларнинг 6-9, Яккабоғ туманида 15 фоизи қамраб олинган холос.
Ота-оналарга қулайлик яратиш мақсадида, жорий йилдан бошлаб қишлоқ жойларда бир бола учун тўлов нархи 90 минг сўмдан 60 минг сўмга камайтирилди. Икки ва ундан кўп боласи боғчага борадиган оилалар учун ҳар бир болага тўланадиган 82 минг сўмлик тўлов қиймати 48 минг сўмга туширилди. Бугунги кунда боғча ходимларининг маоши кам. Шу сабаб Молия вазири Қўчқоровга икки ҳафта ичида боғча ходимларининг маоши 30 фоизга ошириш тўғрисида қарор лойиҳасини топшириш вазифаси юклатилади”, - деди Шавкат Мирзиёев.
Президентнинг таъкидлашича, Қашқадарё вилоятининг Чироқчи, Миришкор, Деҳқонобод, Косон ва Ғузор туманларининг чекка қишлоқларида беш йил мактабгача таълим муассасаларига тўлов миқдори 50 фоизга камайтириб берилиши тўғрисида қарор қабул қилинади.
“Одамларнинг даромади йўқ. Шунинг учун бундай қийинчилик бўлмасди. Бу йилда вилоятда қўшимча 371та МТМ ташкил этилади. Мен бугун Шаҳрисабз шаҳридаги ташкил этилган инглиз тилини ўргатувчи нодавлат боғчасини бориб кўрдим. Мен улардан розиман, уларга нима ёрдам керак бўлса берамиз. Агар Қашқадарёда бу йилнинг ўзида 371та МТМ қурилса, биласизларми қанчадан қанча ота-она биздан рози бўлади? Боласи у ерда уч маҳал овқат ейди, битта тил ўрганади. Маънавият, Ватанга муҳаббат айнан шундай бошланади”, дея Шавкат Мирзиёевнинг сўзларини келтирган “Kun.uz” мухбири.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази экспозициялари орқали ислом маданияти ва Қуръон илмининг турли даврлардаги ривожланиш босқичлари ҳақида чуқур тасаввур олиш имкониятига эга бўлиш мумкин. Шунингдек, Қуръон матнлари қандай сақланиб қолгани ҳақида ҳам маълумотлар тақдим этилиши кутиляпти.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бунёд этилаётган Ўзбекистондаги мегалойиҳа — Ислом цивилизацияси марказининг экспозицияларини шакллантиришда контентларни замонавий технологиялар асосида тайёрлаш бош вазифа сифатида белгиланган.
Ана шу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Марказнинг махсус штабида Қуръон зали экспозицияси бўйича якуний таклиф ва хулосалар муҳокама қилинди. Унда экспозицияни мазмунан бойитиш, ноёб қўлёзмаларни танлаб жойлаштириш, уларни замонавий технологиялар асосида кенг оммага тақдим этиш каби масалалар муҳокама қилинди.
Залда 114 та ноёб Қуръон қўлёзмаси тўпланган бўлиб, бу юртимизда Қуръонга бўлган ҳурмат ва эътиборни намоён этади. Қўлёзмалар орасида жуда қадимий ва нодир нусхалар ҳам мавжуд. Жумладан:
- “Катта Лангар Қуръони” — бугунги кунда жуда кам сонли нусхалари сақланиб қолган, илк исломий қўлёзмалардан бири;
- Ҳазрати Усмон Қуръони — Қуръоннинг илк нашрларидан бири бўлиб, ислом оламида муқаддас манба сифатида эътироф этилади.
Шунингдек, бошқа даврларга оид кўплаб араб графикасида ёзилган, безакли, ноёб қўлёзмалар намойиш қилинади. Бу қўлёзмалар тарихий ва диний аҳамиятга эга бўлиб, уларни ўрганиш орқали ислом маданияти ва Қуръон илмининг турли даврлардаги ривожланиш босқичлари ҳақида чуқур тасаввурга эга бўлиш мумкин.
Муҳокамада Қуръон залини ташкил этишда замонавий услубларни қўллаш, яъни нафақат китобларни сақлаш, балки уларни интерактив ва тушунарли шаклда тақдим этиш масалалари муҳим ўрин тутди. Жумладан, қуйидаги технологияларни жорий этиш режалаштирилмоқда:
интерактив экранлар – ҳар бир қўлёзманинг саҳифаларини яқинлаштириб, ҳарфлари ва безакларини кўриб чиқиш имконияти;
аудиогидлар (овозли йўлбошчилар) – ҳар бир экспонат ҳақида ўзбек, араб, инглиз тилларида маълумотлар тинглаш имконияти;
виртуал экспозициялар – интернет орқали Қуръон залини масофадан туриб томоша қилиш имконияти;
Замонавий ёритиш ва намойиш техникаси – қўлёзмаларни зарар етказмасдан кўрсатиш имконини беради.
Бу усуллар орқали ташриф буюрувчилар ҳар бир Қуръон нусхасининг тарихи, ёзилган даври, географияси ва санъат даражаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлишади.
Мазкур зал фақат кўргазма эмас, балки илмий тадқиқотлар олиб бориладиган марказ ҳам бўлади. Бу ерда шарқшунослар, тарихчилар, филологлар, ҳаттотлар ва диний олимлар учун бебаҳо манбалар тақдим этилади.
Ҳамидулла Лутфуллаев, Шарқшунослик институти Тарихий манбалар бўлими бошлиғи, олим:
– Қуръони каримнинг дастлабки даврларига оид, айниқса Ҳазрати Усмон даврида ёзилган еттита қўлёзма нусхаси аниқланган. Экспозициядан жой олиши кутилаётган бу манбалар бизга Қуръон матни қандай сақланиб қолганини кўрсатади ва ўрганишимизга замин яратади. Қуръон зали ёш авлод, хорижий меҳмонлар, тадқиқотчилар ва зиёратчилар учун диний, маданий ва илмий бойликни бир жойда кўриш имконини беради.
Мазкур лойиҳа орқали Ўзбекистон мусулмон оламида яна бир бор илм, маънавият ва бағрикенглик маркази сифатида ўз ўрнини мустаҳкамлаши кутилмоқда. Қуръон зали эса бу йўлдаги муҳим қадамлардан бири бўлиб хизмат қилади.
cisc.uz