Фарзанд – Аллоҳ таолонинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги энг улуғи бўлиб, у дунё ҳаётининг зийнатидир. Шунинг билан бирга улуғ омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар бунинг қадрига етмоқлари, бунга шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим-тарбия беришлари ва охир-оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғлон, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан адо этишлари лозим бўлади.
Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай дейдилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидан яхшироқдир” (Термизий ривояти).
Бошқа бир ҳадисда эса: “Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди” дейилади (Термизий ривояти).
«Бекорчидан Худо безор», — дейди доно халқимиз. Ёшларимиз турли мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларнинг бўш вақтини унумли ўтказиш, касб-ҳунар, фойдали меҳнатга ўргатиш, турли тўгараклар фаолиятини жонлантириш, спорт клубларида қулай имкониятлар яратиб бериш муҳимдир.
Айни кунда кўплаб ёшлар бўш вақтларини интернетда, хусусан, турли ижтимоий тармоқларда ўтказишмоқда. Ижтимоий тармоқларда кўплар янги-янги дўстлар орттирмоқда, кимлардир узоқдаги ўз яқинлари билан мулоқотда бўлишмоқда. Бунинг нимаси ёмон дерсиз? Тўғри, гўё бунинг ёмон томони йўқдай. Аммо, интернет тармоқларида тарқатилаётган турли маълумотлар, рекламалар борки, улар алдов ва ғаразли мақсадларга йўналтирилган. Жумладан, жинойи тўдаларнинг юқоридаги каби таклифлари ҳам борки, ана шундай алдовларга ёшларимиз осонгина ишониб қолишлари ташвишлидир.
Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилишимиз керак? Авввало, интернет тармоқларида ақидапарастлик, бузғунчи ғояларни ёйиш, “оммавий маданият” кўринишларини ёшлар онгига сингдириш, уларнинг турмуш тарзига айлантиришга бўлаётган уринишларга асло бефарқ қарамаслигимиз керак. Қолаверса, ёшларимизни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликлари, юқоридаги каби алдовларга кўр-кўрона эргашмасликлари учун уларнинг билим ва тафаккурини бойитиш, интернет маълумотларидан ўринли фойдалана билиш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ёшларимизда ёт ғояларга, иллатларга қарши маънавий иммунитет, тушунча шаклланмас экан, ахборот хуружлари хавфидан асло қутила олмаймиз.
Таҳлиллар ёшлар иштирокидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти бекор қолган ёшлар томонидан содир этилаётганлигини кўрсатмоқда. Шу боис ҳам уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади.
Бу борада кенг жамоатчилик, яъни оила, маҳалла, таълим муассасаси ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ижобий натижалар беради. Ёшларимизнинг оилада, маҳаллада, ўзлари ўқиётган мактаб, лицей ва коллеждаги бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, албатта юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олади.
Қадимда буюк шоир ва ёзувчиларимиз, олимларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида китоб мутолаа қилганлар. Сўз мулкининг султони Навоий ҳазратлари 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг "Мантиқут-тайр" асарини ёд олган, буюк муҳаддисимиз Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёд билган. Аммо у даврларда бизга яратиб берилаётган имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз мақсадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибига айланишган.
Беғамлик, лоқайдликнинг онасидир. Ҳар қандай фазилат ҳаддан ошса, иллатга: тавозе — лаганбардорлик, андиша -кўрқоқлик, ибо — мутелик, уялиш — журъатсизликка айланади. Ер бузилса — деҳқон, бола бузилса — ота-она уялади. Яхши фазилат экиб, парвариш қилинмаса, ёмон сифатлар унади. Фарзанд кўриб, қаровсиз қолдирилса. у фидойи, ватанпарвар бўлмайди, гиёҳванд, жиноятчи ёки риёкор бўлади.
Агар биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралардан қатъият билан ҳимоя қилсак, ҳар қандай ғаразгўй кучлар мамлакат мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига рахна сола олмайди. Бу жамиятимиз, шу юрт, шу Ватанни муқаддас деб билган ҳар бир фуқаро олдида турган асосий вазифадир.
Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихларига, Ватанига, муқаддас ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Чунки илмли, одобли, фаросатли одам хаётда ўз ўрнини топиб олади. Бунинг учун эса фарзандингиз қўлига китоб беринг, шунда у адашмайди, доимо эзгуликка ошно бўлади, ёмонликдан йироқ бўлади.
Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ
Янгийўл “Жомеъ” жоме
масжиди имом хатиби
ЎМИ Матбуот хизмати
Савол: Маҳалламиздаги қабристонда мевали дарахтлар бор. Уларнинг мевалари пишган пайтда, кўпчилик қатори биз ҳам кириб еб турамиз. Баъзилар бу иш жоиз эмас деб қолишди. Шунга динимизда нима дейилган?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Бу ҳақида Бурҳониддин ибн Моза роҳимаҳуллоҳ шундай зикр қилганлар: "Қабристондаги дарахтларнинг ҳукми иккига бўлинади:
1. Улар ер қабристонга айлантирилишидан олдин экилган бўлиши мумкин;
2. Улар ер қабристонга айлантирилганидан кейин экилган бўлиши мумкин. Агар дарахтлар ер қабристон қилинишидан олдин экилган бўлса, эккан одамнинг мулки бўлади. Шунинг учун, дарахтларнинг эгаси тирик бўлса, унинг розилиги билан ёки ундан сотиб олиб, кейин истеъмол қилиш жоиз бўлади. Агар дарахтларнинг эгаси улардан одамлар ейишларини мубоҳ қилган (рухсат берган) бўлса, у ҳолда сўрамасдан ейиш ҳам жоиз бўлади. Аммо эгасининг нияти маълум бўлмаса ёки эгаси вафот этган бўлса ва нима мақсадда эккани номаълум бўлса, у ҳолда улардан ейиш жоиз бўлмайди. Агар дарахтлар ер қабристонга айлантирилганидан кейин экилган бўлса, ушбу ҳолатда ҳам, улар эгасининг мулки ҳисобланади.
Шунга кўра, бунда ҳам эгасининг ниятига боғлиқ бўлади. Агар эгаси маълум бўлмаса ёки унинг нияти маълум бўлмаса, у ҳолда улар қабристоннинг мулки бўлгани учун, уларни сотиб, пулини қабристоннинг эҳтиёжлари ва таъмири учун ишлатилади” (“Муҳийт”).
Демак, қабристондаги меваларни ейиш ёки бошқа экинларни олиш, уларни эккан эгасининг ниятига боғлиқ бўлар экан. Агар бошқалар ейишлари ёки фойдаланишлари учун эккан бўлса, улардан ейиш жоиз бўлади. Аммо ўзи учун эккан бўлса, ёки нияти маълум бўлмаса, ёки ким эккани маълум бўлмаса, у ҳолда уларни пулга сотиб олиб ейиш ёки фойдаланиш жоиз бўлади холос.
Шу ўринда шуни ҳам таъкидлаш жоизки, баъзилар қабристондаги мевали дарахтларнинг томири маййитнинг қони ва нажосатидан озуқа олгани учун, уларни ейиш макруҳ деган даъволарни қилишади. Бунга жавобан уламолар ушбу даъво ўринсиз ҳисобланади. Чунки дарахтларнинг илдизлари гарчи нажосатдан озуқа олса ҳам, истиҳола (бир нарсани бутунлай бошқа нарсага айланиши) йўли билан бошқа моддага айланади ва уларнинг меваларини ейиш ҳеч бир макруҳликсиз жоиз ва ҳалол бўлади деганлар ("Аҳкомул-жаноиз"). Аммо шундай бўлсада, қабристонларга мевали дарахтларни экмаслик тавсия қилинади. Зеро, уларнинг томирлари қабрларни ўпирилишига олиб келиши мумкин. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.