Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
18 Январ, 2025   |   18 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:22
Қуёш
07:45
Пешин
12:38
Аср
15:41
Шом
17:25
Хуфтон
18:43
Bismillah
18 Январ, 2025, 18 Ражаб, 1446

Имом-хатиб: фарзандингиз қўлига китоб беринг, адашмайди!

29.01.2018   4211   5 min.
Имом-хатиб: фарзандингиз қўлига китоб беринг, адашмайди!

Фарзанд – Аллоҳ таолонинг санаб адоғига етиб бўлмайдиган неъматлари ичидаги энг улуғи бўлиб, у дунё ҳаётининг зийнатидир. Шунинг билан бирга улуғ омонат ҳамдир. Бу буюк неъматга сазовор бўлган ота-оналар бунинг қадрига етмоқлари, бунга шукрлар айтиб, фарзанд олдидаги ота-оналик бурчларини пухта адо этишлари, яъни унга чиройли исм қўйишлари, яхши таълим-тарбия беришлари ва охир-оқибатда Аллоҳ розилигини топадиган, ўз миллати, Ватани, ота-онасига муносиб ўғлон, тенгдошлари ҳурмати ва муҳаббатини қозонган етук бир инсон бўлиши борасидаги масъулиятли вазифаларини чин ихлос ва садоқат билан адо этишлари лозим бўлади.

Бу борада Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.) бундай дейдилар: “Кишининг ўз фарзандини чиройли одоб-ахлоқ билан тарбиялаши кўп миқдордаги нафл садақасидан яхшироқдир” (Термизий ривояти).

Бошқа бир ҳадисда эса: “Ота болага гўзал одобдан яхшироқ нарсани бера олмайди” дейилади (Термизий ривояти).

«Бекорчидан Худо безор», — дейди доно халқимиз. Ёшларимиз турли мутаассиб гуруҳлар таъсирига тушиб қолмаслиги учун уларнинг бўш вақтини унумли ўтказиш, касб-ҳунар, фойдали меҳнатга ўргатиш, турли тўгараклар фаолиятини жонлантириш, спорт клубларида қулай имкониятлар яратиб бериш муҳимдир.

Айни кунда кўплаб ёшлар бўш вақтларини интернетда, хусусан, турли ижтимоий тармоқларда ўтказишмоқда. Ижтимоий тармоқларда кўплар янги-янги дўстлар орттирмоқда, кимлардир узоқдаги ўз яқинлари билан мулоқотда бўлишмоқда. Бунинг нимаси ёмон дерсиз? Тўғри, гўё бунинг ёмон томони йўқдай. Аммо, интернет тармоқларида тарқатилаётган турли маълумотлар, рекламалар борки, улар алдов ва ғаразли мақсадларга йўналтирилган. Жумладан,  жинойи тўдаларнинг юқоридаги каби таклифлари ҳам борки, ана шундай алдовларга ёшларимиз осонгина ишониб қолишлари ташвишлидир.

Бундай ҳолатларнинг олдини олиш учун нималар қилишимиз керак? Авввало, интернет тармоқларида  ақидапарастлик, бузғунчи ғояларни ёйиш, “оммавий маданият” кўринишларини ёшлар онгига сингдириш, уларнинг турмуш тарзига айлантиришга бўлаётган уринишларга асло бефарқ қарамаслигимиз керак. Қолаверса, ёшларимизни ёт ғоялар таъсирига тушиб қолмасликлари, юқоридаги каби алдовларга кўр-кўрона эргашмасликлари учун уларнинг билим ва тафаккурини бойитиш, интернет маълумотларидан ўринли фойдалана билиш кўникмасини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Ёшларимизда ёт ғояларга, иллатларга қарши маънавий иммунитет, тушунча шаклланмас экан, ахборот хуружлари хавфидан асло қутила олмаймиз.

Таҳлиллар ёшлар иштирокидаги жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг аксарияти бекор қолган ёшлар томонидан содир этилаётганлигини кўрсатмоқда. Шу боис ҳам уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратишни тақозо этади.

Бу борада кенг жамоатчилик, яъни оила, маҳалла, таълим муассасаси ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ижобий натижалар беради. Ёшларимизнинг оилада, маҳаллада, ўзлари ўқиётган мактаб, лицей ва коллеждаги бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, албатта юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олади. 

Қадимда буюк шоир ва ёзувчиларимиз, олимларимиз китобга шу қадар меҳр қўйган эдиларки, ҳатто тунлари шам ёруғида китоб мутолаа қилганлар. Сўз мулкининг султони Навоий ҳазратлари 7 ёшида Фаридиддин Атторнинг "Мантиқут-тайр" асарини ёд олган, буюк муҳаддисимиз Бухорий ҳазратлари эса олти мингдан зиёд ҳадисни ёд билган. Аммо у даврларда бизга яратиб берилаётган имкониятларнинг бир қисми ҳам бўлмаган. Лекин улар ўз мақсадлари сари интилиб, юксак маънавият соҳибига айланишган.

Беғамлик, лоқайдликнинг онасидир. Ҳар қандай фазилат ҳаддан ошса, иллатга: тавозе — лаганбардорлик, андиша -кўрқоқлик, ибо — мутелик, уялиш — журъатсизликка айланади. Ер бузилса — деҳқон, бола бузилса — ота-она уялади. Яхши фазилат экиб, парвариш қилинмаса, ёмон сифатлар унади. Фарзанд кўриб, қаровсиз қолдирилса. у фидойи, ватанпарвар бўлмайди, гиёҳванд, жиноятчи ёки риёкор бўлади.

Агар биз ёшларимиз онги ва руҳиятини заҳарли мафкуралардан қатъият билан ҳимоя қилсак, ҳар қандай ғаразгўй кучлар мамлакат мустақиллиги ва унинг порлоқ келажагига рахна сола олмайди. Бу жамиятимиз, шу юрт, шу Ватанни муқаддас деб билган ҳар бир фуқаро олдида турган асосий вазифадир.

Фарзандларимизга шундай тарбия берайликки, улар ўз ота-боболарига, ўз тарихларига, Ватанига, муқаддас ислом дини анъаналарига содиқ бўлиб қолишсин. Чунки илмли, одобли, фаросатли одам хаётда ўз ўрнини топиб олади. Бунинг учун эса фарзандингиз қўлига китоб беринг, шунда у адашмайди, доимо эзгуликка ошно бўлади, ёмонликдан йироқ бўлади.

 

Одилжон НАРЗУЛЛАЕВ

Янгийўл “Жомеъ” жоме

масжиди имом хатиби

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Таҳорат олганда гуноҳлар ювиладими?

14.01.2025   2993   2 min.
Таҳорат олганда гуноҳлар ювиладими?

“Мусулмон банда таҳорат олганида тана аъзолари покланишидан ташқари гуноҳлари ҳам кечирилади”, деб эшитганмиз. Бунга далил бўлувчи ҳадислар бор-ми?

Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким таҳоратни мукаммал адо этса, гуноҳлари танасидан, ҳатто тирноқлари остидан чиқиб кетади”, деганлар (Имом Муслим, Имом Насоий, Имом Аҳмад, Имом Табароний, Имом Байҳақий ривояти).

Одатда, очиқ аъзолардаги кирлар ёпиқ турган ёки тирноқ остида йиғилган кирларга нисбатан осон покланади. Тирноқ остидаги кирларни тозалаш учун алоҳида эътибор талаб этилади. Бу ерда банда тирноғи остидаги гуноҳлар ҳам кечирилиши айтилмоқда. Бу эса таҳорат сабабидан Аллоҳ ва банда ўртасидаги кичик гуноҳларнинг биронтаси ҳам қолмай кечирилишига далолат қилади.

Абу Умома розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мусулмон банда таҳорат қилса, гуноҳлари қулоғидан, кўзидан, икки қўлидан, икки оёғидан чиқиб кетади. Агар ўтирса, гуноҳлари кечирилган ҳолда ўтиради” (Имом Аҳмад, Имом Табароний “Авсат”да ва Имом Байҳақий ривояти).

Банда таҳоратини рисоладагидек бажарса, қулоғи, кўзи, қўли ва оёғи содир этган гуноҳлари кечирилади. Агар у таҳорат қилиб бўлса, биронта ҳам гуноҳи қолмайди.

Абдуллоҳ Сунобиҳий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Агар мўмин банда таҳорат қилиб, оғзини чайса, оғзидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бурнига сув олиб қоқса, бурнидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар юзини ювса, юзидан, ҳатто икки кўзининг четидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки қўлини ювса, қўлидан, ҳатто қўлининг тирноқлари тагидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар бошига масҳ тортса, бошидан, ҳатто икки қулоғидан гуноҳлари чиқиб кетади. Агар икки оёғини ювса, оёғидан, ҳатто оёғининг тирноқлари остидан гуноҳлари чиқиб кетади. Сўнгра масжидга бориши, (ўқиган) намози унга қўшимча (савоб) бўлади” (Имом Насоий, Имом Ибн Можа, Имом Молик, Имом Аҳмад, Имом Ҳоким ривояти).

Маълумки, таҳорат билан намоз банда гуноҳларига каффорат бўлади. Агар таҳоратни мукаммал қилиб, хушу билан намоз ўқилса, бу намоз орқали банда кўп ажрларга эришади.