Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
30 Апрел, 2025   |   2 Зулқаъда, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:53
Қуёш
05:22
Пешин
12:25
Аср
17:16
Шом
19:22
Хуфтон
20:45
Bismillah
30 Апрел, 2025, 2 Зулқаъда, 1446

Ижтиҳод сўзининг луғавий ва истилоҳий маънолари нималардан иборат?

28.01.2018   1287   6 min.
Ижтиҳод сўзининг луғавий ва истилоҳий маънолари нималардан иборат?

Ижтиҳод – ислом фиқҳида ижтиҳод қиёс ва ижмода қўлланиладиган метод (услуб) ҳисобланади. Ижтиҳод араб тилида اجتهد   ижтаҳада феълининг ўзаги (масдари) бўлиб, аслий ҳарфлари ج ح د бўлган جهد  жаҳада калимасидан ўзлаштирилган. Агар جهد жуҳдунзамма билан ўқилса “тоқат” маъносида бўлади. أفرغ جهده афроғо жуҳдаҳу – бор кучини сарфлади, яъни тоқатини деган маъно келиб чиқади. جهد жаҳдун фатҳа билан ўқилса, “машаққат” маъносида бўлади. أصاب جهدا أي مشقة – “қийинчилик” етти, яъни машққатга дучор бўлди деган маънони ифодалайди.

Араб тилига оид машҳур “лисонул араб” китобида: “جهد сўзини фақат Ҳижоздагина замма билан айтилган улардан бошқалар уни фатҳа қилиб айтишган[1]”.

جهد жаҳада сўзи ўзбек тилида; 1) ҳаракат қилмоқ, интилмоқ, меҳнат қилмоқ, зўр бермоқ[2], جهده الأقصى жуҳдуҳу ал-ақсо — бор кучи билан ҳаракат қилмоқ, 2) толиқтирмоқ ва чарчатмоқ, деган маъноларни англатади.

Араб тилининг йирик луғат олими саналган аллома Маждуддин Муҳаммад ибн Ёқуб Ферузободий  جهد жаҳада – бу “тоқат” ва “машаққат” деганидир. Масалан:  جهد دابته жаҳада даббатаҳу – дегани “от-уловига меъёрдан ортиқ юк қўйди” маъносида ишлатилади деб ўз фикрини исботлайди[3]. Демак جهد жаҳада сўзини мўътабар луғат китоблари ва олимларнинг сўзларига таяниб, шуни айтиш мумкинки, “жаҳд” ёки “жуҳд” калималари  “ҳаракат қилиш, интилиш ва бир ишга қиттиқ тиришиш” маъно ва моҳиятиларни ўзида тўла қонли акс эттиради.

اجتهد ижтаҳада сўзи ўзбек тилида; 1) тиришқоқлик (қунт) билан қилмоқ, ғайрат (ҳафсала) билан қилмоқ, 2) мустақил (эркин) қарор чиқармоқ ва اجتهاد сўзи 1) ҳаракат қилиш, интилиш, ҳафсала, қунт, иштиёқ, 2) олий даражада билимга эга бўлиш ва шариат соҳасидаги баъзи масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқини олиш, الإجتهاد فى الشرع шариат қонун қоидаларини ишончли шарҳлаш,   الإجتهاد فى المسائل القضائية ал-итиҳаду фий ал-массаили ал-қозоияҳ ёки القضائي ал-қозоий юридик масалаларни мустақил ҳал этиш ҳуқуқи, 3) мустақил ижод, манбаларни эркин тадқиқ этиш; сарф фанида ўрганиладиган  إجتهد ижтаҳада бобининг масдари (ўзаги) бўлган اجتهاد ижтиҳадун “Ижтиҳод”нинг маъноси куч ва тоқатни сарф қилиш, ёки машаққатни талаб қилиб, унинг масъулиятини бўйнига олишдир. Бу икки маъно ҳам бир-бирини қўллаб қувватлайди.

Ибн Асир роҳматуллоҳи алайҳ айтади: ижтиҳод — иш, вазият, ҳолат ва бирор масаланинг талабида куч сарфлаш тушунилади. У имкон ва тоқат сўзларидан олинган.

“Ақробул мавадда” китоби муаллифи бундай таъриф беради: ижтиҳод – меҳнатга (иш) лозим бўлган ишни рўёбга чиқариш учун бор имкониятни сарф қилишликдир. أجتهد ажтаҳиду деб фақат қийинчилик ва меҳнати оғир бўлган ишларга айтамиз. Мисол учун أجتهد في حمل الحجر ажтаҳиду фий ҳамлил ҳажари (тошни кўтаришга тиришаман ёки ҳаракат қиламан) деймиз. Лекин, أجتهد في حمل الخردلة  ажтаҳиду фий ҳамлил хордалати (бир парча гўштни кўтаришга тиришаман ёки ҳаракат қиламан) демаймиз.

Аълоий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ижтиҳод масдар бўлиб, мақсадга етиш йўлида бор кучини охиригача ўша иш учун фидо қилиш маъносидадир. Бу сўз фақатгина инсон учун қийин ва машаққат бўлган ҳоллардагина ишлатилади”.

Ижтиҳоднинг истилоҳдаги маъноси борасида усулул фиқҳ уламолари ва фақиҳлар бир қанча турли таърифларни берганлар.

Юртимиз уламоларидан Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “усулул фиқҳ” китобида ижтиҳодга қуйидагича таъриф берганлар:  “Ижтиҳод” сўзи луғатда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилиш, биздаги “Жон-жаҳди билан уриниш” маъносини англатади. Ижтиҳод ҳукумларни тафсилий далилларидан чиқариб олиш амалиётидир. Ижтиҳод шариатда бор ҳамда барча аср ва замонларда матлуб нарсадир [4].

Сўзимизни “ислом энциклопедия”сида келтирилган жумлалар билан  якун ясаймиз:  “Ижтиҳод” (араб тилида – ғайрат қилиш, интилиш) – фақиҳ томонидан шаръий ҳукмни ҳосил қилиш учун барча билим ва тоқатини ишга солиш. Ижтиҳод шаръий ҳукми келмаган ишнинг махсус қоидаларни ишга солиб шаръий ҳукмини аниқлаш учун қилиниди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклигида у кишидан бошқа одам ижтиҳод қилмаган. Бу мумкин ҳам эмас еди. Ижтиҳод еттинчи аср охирида вужудга келган. Бу вақтга келиб саҳобаларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам  фаолиятлари, айтган сўзлари ҳақидаги хабарларда ихтилоф пайдо бўлган. Бундан ташқари мусулмон жамоасидаги ҳаёт тарзининг ўзгариб бораётганлиги туфайли кўплаб ҳуқуқий муаммолар туғилган. Шунинг учун ижтиҳоднинг асосий мақсади янги ёҳуд ўтмишдошлар томонидан ҳал этилмаган масалаларни топиш, исломга таянилган ва уни қувватлаган ҳолда ҳал этиш бўлган[5].

Демак, ижтиҳоднинг луғавий ва истилоҳий маъноларидан келиб чиқиб шуни хулоса қилиш мумкинки, яъни, “ижтиҳод” Аллоҳ таолонинг китоби ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидаги ҳақиқатни (энг тўғрисини) топиш учун бор имкониятини сарфлаш тушунилади.

Кенг маънода эса, ижтиҳод  деганда шариат  қонун-қоидаларини ишлаб шиқиш ва изоҳлашда инсон тафаккуридан фойдаланиш тушунилади. У Қуръон оятларини талқин қилишдан то ҳадисларнинг ҳақиқийлигини ўрганишгача бўлган кўплаб жараёнларни ўз ичига олади.

Шу билан бирга, шариатда ижтҳодни қўллаб бўлмайдиган ўринлар ҳам мавжуд бўлиб, улар ислом ақидасига тегишли масалалар ҳисобланади.

Ахборот-ресурс маркази ходими М.Мажидов

[1]  Абул Фазл Жамолиддин Муҳаммад ибн Мукрим. Лисонул араб. Байрут. 2005.-Б. 684.

[2] Муҳаммад Юсуф ва муаллифлар гуруҳи. Ан-найм ул-кабир. Наманган нашриёти. Наманган. 2014.-Б. 116.

[3] Маждуддин Муҳаммад ибн Ёқуб Ферузободий. Ал-қомус ал-муҳит. Байрут. 2003.-Б. 263.

[4] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Усулул фиқҳ. “Sharq” нашриёти. Тошкент. 2010. –Б. 508.

[5] Зуҳриддин Ҳусниддинов. Ислом энциклопедия. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Тошкент. 2004. –Б.106.

Фиқҳ
Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Ўзбекистон уламоси халқаро анжуманда нутқ сўзлади

28.04.2025   10778   1 min.
Ўзбекистон уламоси халқаро анжуманда нутқ сўзлади

Қозоғистон мусулмонлари диний бошқармаси ташкил топганига 35 йил тўлгани муносабати билан Олмаота шаҳрида “Марказий Осиё ва Қозоғистонда Ислом: тарихий анъаналар ва замонавий имкониятлар” мавзусида нуфузли халқаро анжуман ўтказилди. Унда турли давлатлардан келган ислом уламолари иштирок этишди. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Фатво маркази директор ўринбосари Ғуломиддин Холбоев ҳам қатнашиб, “Сунъий онг (интеллект) ва унинг ҳукми”  мавзусида чиқиш қилди.
 

Дарҳақиқат, сунъий онг (СО) – одам каби фикрлаб, қўйилган муаммога ечим топишга йўналтирилган бугунги технология. Гарчи у турли ускуна ва жиҳозлар кўринишида бўлса ҳам, қарор қабул қилиш, инсоний хулқ-атворга тақлид қилиш каби қобилиятларга эга.


Ахборот асри деб аталаётган бугунга келиб илм-фан ва ахборот-коммуникация технологиялари жуда ҳам тез ва шиддат билан ривожланиб бормоқда. Тараққий этган ўлкаларда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш кенгайиб, у кўплаб соҳаларга кириб бормоқда. Ушбу “онг”нинг шаръий ҳукмига аниқлик киритиш замона фақиҳлари олдида турган муҳим вазифалардан. Зеро, ундан мусулмонлар ҳам кенг миқёсда фойдаланмоқда.


Ўзбекистон уламолари вакили Ғуломиддин домла Холбоевнинг чиқиши шу маънода катта қизиқиш билан тингланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Матбуот хизмати

 

Ўзбекистон уламоси халқаро анжуманда нутқ сўзлади
Ўзбекистон янгиликлари