Ижтиҳод – ислом фиқҳида ижтиҳод қиёс ва ижмода қўлланиладиган метод (услуб) ҳисобланади. Ижтиҳод араб тилида اجتهد ижтаҳада феълининг ўзаги (масдари) бўлиб, аслий ҳарфлари ج ح د бўлган جهد жаҳада калимасидан ўзлаштирилган. Агар جهد жуҳдунзамма билан ўқилса “тоқат” маъносида бўлади. أفرغ جهده афроғо жуҳдаҳу – бор кучини сарфлади, яъни тоқатини деган маъно келиб чиқади. جهد жаҳдун фатҳа билан ўқилса, “машаққат” маъносида бўлади. أصاب جهدا أي مشقة – “қийинчилик” етти, яъни машққатга дучор бўлди деган маънони ифодалайди.
Араб тилига оид машҳур “лисонул араб” китобида: “جهد сўзини фақат Ҳижоздагина замма билан айтилган улардан бошқалар уни фатҳа қилиб айтишган[1]”.
جهد жаҳада сўзи ўзбек тилида; 1) ҳаракат қилмоқ, интилмоқ, меҳнат қилмоқ, зўр бермоқ[2], جهده الأقصى жуҳдуҳу ал-ақсо — бор кучи билан ҳаракат қилмоқ, 2) толиқтирмоқ ва чарчатмоқ, деган маъноларни англатади.
Араб тилининг йирик луғат олими саналган аллома Маждуддин Муҳаммад ибн Ёқуб Ферузободий جهد жаҳада – бу “тоқат” ва “машаққат” деганидир. Масалан: جهد دابته жаҳада даббатаҳу – дегани “от-уловига меъёрдан ортиқ юк қўйди” маъносида ишлатилади деб ўз фикрини исботлайди[3]. Демак جهد жаҳада сўзини мўътабар луғат китоблари ва олимларнинг сўзларига таяниб, шуни айтиш мумкинки, “жаҳд” ёки “жуҳд” калималари “ҳаракат қилиш, интилиш ва бир ишга қиттиқ тиришиш” маъно ва моҳиятиларни ўзида тўла қонли акс эттиради.
اجتهد ижтаҳада сўзи ўзбек тилида; 1) тиришқоқлик (қунт) билан қилмоқ, ғайрат (ҳафсала) билан қилмоқ, 2) мустақил (эркин) қарор чиқармоқ ва اجتهاد сўзи 1) ҳаракат қилиш, интилиш, ҳафсала, қунт, иштиёқ, 2) олий даражада билимга эга бўлиш ва шариат соҳасидаги баъзи масалаларни мустақил ҳал қилиш ҳуқуқини олиш, الإجتهاد فى الشرع шариат қонун қоидаларини ишончли шарҳлаш, الإجتهاد فى المسائل القضائية ал-итиҳаду фий ал-массаили ал-қозоияҳ ёки القضائي ал-қозоий юридик масалаларни мустақил ҳал этиш ҳуқуқи, 3) мустақил ижод, манбаларни эркин тадқиқ этиш; сарф фанида ўрганиладиган إجتهد ижтаҳада бобининг масдари (ўзаги) бўлган اجتهاد ижтиҳадун “Ижтиҳод”нинг маъноси куч ва тоқатни сарф қилиш, ёки машаққатни талаб қилиб, унинг масъулиятини бўйнига олишдир. Бу икки маъно ҳам бир-бирини қўллаб қувватлайди.
Ибн Асир роҳматуллоҳи алайҳ айтади: ижтиҳод — иш, вазият, ҳолат ва бирор масаланинг талабида куч сарфлаш тушунилади. У имкон ва тоқат сўзларидан олинган.
“Ақробул мавадда” китоби муаллифи бундай таъриф беради: ижтиҳод – меҳнатга (иш) лозим бўлган ишни рўёбга чиқариш учун бор имкониятни сарф қилишликдир. أجتهد ажтаҳиду деб фақат қийинчилик ва меҳнати оғир бўлган ишларга айтамиз. Мисол учун أجتهد في حمل الحجر ажтаҳиду фий ҳамлил ҳажари (тошни кўтаришга тиришаман ёки ҳаракат қиламан) деймиз. Лекин, أجتهد في حمل الخردلة ажтаҳиду фий ҳамлил хордалати (бир парча гўштни кўтаришга тиришаман ёки ҳаракат қиламан) демаймиз.
Аълоий роҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ижтиҳод масдар бўлиб, мақсадга етиш йўлида бор кучини охиригача ўша иш учун фидо қилиш маъносидадир. Бу сўз фақатгина инсон учун қийин ва машаққат бўлган ҳоллардагина ишлатилади”.
Ижтиҳоднинг истилоҳдаги маъноси борасида усулул фиқҳ уламолари ва фақиҳлар бир қанча турли таърифларни берганлар.
Юртимиз уламоларидан Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф роҳматуллоҳи алайҳ ўзларининг “усулул фиқҳ” китобида ижтиҳодга қуйидагича таъриф берганлар: “Ижтиҳод” сўзи луғатда бор имконини ишга солиб ҳаракат қилиш, биздаги “Жон-жаҳди билан уриниш” маъносини англатади. Ижтиҳод ҳукумларни тафсилий далилларидан чиқариб олиш амалиётидир. Ижтиҳод шариатда бор ҳамда барча аср ва замонларда матлуб нарсадир [4].
Сўзимизни “ислом энциклопедия”сида келтирилган жумлалар билан якун ясаймиз: “Ижтиҳод” (араб тилида – ғайрат қилиш, интилиш) – фақиҳ томонидан шаръий ҳукмни ҳосил қилиш учун барча билим ва тоқатини ишга солиш. Ижтиҳод шаръий ҳукми келмаган ишнинг махсус қоидаларни ишга солиб шаръий ҳукмини аниқлаш учун қилиниди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам тириклигида у кишидан бошқа одам ижтиҳод қилмаган. Бу мумкин ҳам эмас еди. Ижтиҳод еттинчи аср охирида вужудга келган. Бу вақтга келиб саҳобаларнинг Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам фаолиятлари, айтган сўзлари ҳақидаги хабарларда ихтилоф пайдо бўлган. Бундан ташқари мусулмон жамоасидаги ҳаёт тарзининг ўзгариб бораётганлиги туфайли кўплаб ҳуқуқий муаммолар туғилган. Шунинг учун ижтиҳоднинг асосий мақсади янги ёҳуд ўтмишдошлар томонидан ҳал этилмаган масалаларни топиш, исломга таянилган ва уни қувватлаган ҳолда ҳал этиш бўлган[5].
Демак, ижтиҳоднинг луғавий ва истилоҳий маъноларидан келиб чиқиб шуни хулоса қилиш мумкинки, яъни, “ижтиҳод” Аллоҳ таолонинг китоби ва Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидаги ҳақиқатни (энг тўғрисини) топиш учун бор имкониятини сарфлаш тушунилади.
Кенг маънода эса, ижтиҳод деганда шариат қонун-қоидаларини ишлаб шиқиш ва изоҳлашда инсон тафаккуридан фойдаланиш тушунилади. У Қуръон оятларини талқин қилишдан то ҳадисларнинг ҳақиқийлигини ўрганишгача бўлган кўплаб жараёнларни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, шариатда ижтҳодни қўллаб бўлмайдиган ўринлар ҳам мавжуд бўлиб, улар ислом ақидасига тегишли масалалар ҳисобланади.
Ахборот-ресурс маркази ходими М.Мажидов
[1] Абул Фазл Жамолиддин Муҳаммад ибн Мукрим. Лисонул араб. Байрут. 2005.-Б. 684.
[2] Муҳаммад Юсуф ва муаллифлар гуруҳи. Ан-найм ул-кабир. Наманган нашриёти. Наманган. 2014.-Б. 116.
[3] Маждуддин Муҳаммад ибн Ёқуб Ферузободий. Ал-қомус ал-муҳит. Байрут. 2003.-Б. 263.
[4] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Усулул фиқҳ. “Sharq” нашриёти. Тошкент. 2010. –Б. 508.
[5] Зуҳриддин Ҳусниддинов. Ислом энциклопедия. “Ўзбекистон миллий энциклопедияси” Давлат илмий нашриёти. Тошкент. 2004. –Б.106.
Аллоҳ таоло айтади: «Улар эҳсон қилганларида исроф ҳам, хасислик ҳам қилмаслар (тутган йўллари) бунинг ўртасида – мўътадилдир»[1].
Ўзингиздан бойроқ бўлганлар билан тенглашишга уринманг. Акс ҳолда бўйнингизгача қарзга ботиб, маломатга қоласиз.
Ўзингизга, оила аъзоларингизга, шунингдек, қўли юпин кишиларга нисбатан зиқналик қилманг.
Зиқна одам учун таъмагир бўлмасдан яшаётганининг ўзи катта гап. Аллоҳ таоло айтади: «(Бахиллик қилиб) қўлингизни бўйнингизга боғлаб ҳам олманг. (Исрофгарчилик қилиш билан) уни бутунлай ёйиб ҳам юборманг. Акс ҳолда маломат ва маҳрумликда ўтириб қолурсиз»[2].
Мен жуда катта маош оладиган, бироқ ой тугамасиданоқ ойлигидан бир чақа ҳам қолмайдиган кишиларни биламан. “Улар шунча пулни, мол-дунёни қаерга сарфлашяпти экан”, деб ҳайрон қоламан. Аллоҳ таоло айтади: «...ва мутлақо йўл қўйманг! Чунки исрофгарлар шайтонларнинг дўстларидир. Шайтон эса, Парвардигорига нисбатан ўта ношукр эди»[3].
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу: “Анча кунга етадиган рўзғорликни бир кунда ишлатиб юборадиган оилага аччиғим келади”, деганлар.
Муовия розияллоҳу анҳу: “Зое бўлган, бировнинг ҳаққи ўтиб кетган нарсани “исроф” деб ҳисоблайман”, деганлар.
Сарф-харажатда исрофгарчиликка йўл қўядиганлар, зиқналик қилувчилар дунёда ҳар куни қанчадан-қанча мусулмон очликдан ўлаётганини наҳот билишмаса?!
Кимдир эътироз билдириб: “Улар биздан узоқда-да” деса, “Ахир улар бизнинг Исломдаги биродарларимиз, дин қардошларимиз-ку!” – деймиз. Биз эрта қиёмат кунида улар борасида ҳам сўроқ қилинмаймизми? Қолаверса, орамизда рўзғорига ора-сирада гўшт кирадиганлар бор. Гоҳида шу озгина гўштни олишга ҳам имкон топа олмай, ойлаб гўшт емайдилар.
Бир жамоа одамлар Қайс ибн Убода розияллоҳу анҳунинг олдиларига озроқ егулик сўраб келишди. У зот боғларида тўкилган меваларни териб, яхшисини чиригидан ажратиб саралаётган эдилар. Улар Қайс розияллоҳу анҳуга нима учун келишганини айтишди. Саҳобий уларга сўраганларини бердилар. Келган жамоа бир-бирларига ажабланиб қараб: “Ночор ҳаёт кечираётган бўлсангиз, яна қизғанмай инфоқ қилишингиз қизиқ бўлди-ку”, дейишди. У зот: “Сизларга эҳсон қилиш учунгина шундай яшайман”, дедилар (яъни, саҳобий розияллоҳу анҳу мен иқтисод қиламан ва исроф қилмаганим ҳолда, сиз каби муҳтожларга ёрдам беришга ҳам ортинаман демоқчи бўлдилар).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Чиқимда иқтисод қилиш тирикчиликнинг ярмидир. Одамларга муҳаббатли бўлиш ақлнинг ярмидир. Чиройли савол бериш эса ярим илмдир”, [4] дедилар.
Улуғлардан бири айтади: “Ким фарзандига иқтисод қилиб яшашни ўргатса, унга кўп мерос қолдиришдан ҳам кўпроқ яхшилик қилибди”.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Фурқон сураси, 67-оят.
[2] Исро сураси, 29-оят.
[3] Исро сураси, 26–27-оятлар.
[4] Имом Табароний ривояти.