Ҳар бир жамиятнинг тараққиёт асосида илм туради. Илмсизлик эса уни қолоқлик ва жаҳолатга етаклайди. Илгари илмни диний ёки дунёвий деган турга ажратилмаган. Фиқҳ, тафсир ва бошқа диний илмлар қаторида олам ва борлиқ жумбоқларини кашф этиш, коинотнинг сирли тилсимларини очиш мақсадида дунёвий фан соҳалари билан шуғулланилган. Ўша вақтда қайси илмга зарурат пайдо бўлса, ўша илмни ўрганишни олимлар ўзларини бурчли деб билганлар.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Охират учун дунёни тарк этган киши ёки дунё учун охиратни тарк этган киши сизларнинг яхшиларингиз эмас. Лекин яхшиларингиз унисидан ҳам, бунисидан ҳам олган кишидир”, деганлар. Шундан ҳам биламизки, дунёвий илмни деб диний илмни, диний илмни деб дунёвий илмни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Диний илм соҳасида Имом Бухорий, Имом Термизий, Замахшарий, дунёвий илмда Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий ва бошқа олимларимиз жаҳонга танилдилар.
Илгари қайси бир юрт ёки шаҳарда таниқли илм даргоҳи ёки мадраса бўлса, ўша юртга илмсевар талабалар отли-пиёда етиб борганлар ва таниқли олимлар ҳузурида таҳсил олганлар. Бунинг осон эмаслигини Навоий бобомиз қуйидагича тасвирлайди:
Эгнида авроқу китоби анинг,
Қилғали таҳсил шитоби анинг.
Қушдек ўлуб сайр муяссар анга,
Эгнида авроқи бўлуб пар анга.
Ҳозирги вақтда ҳам диний, ҳам дунёвий илм соҳаларини ўрганишга юртимизда шарт-шароит ва имкониятлар етарли. Олдинги аждодларимиз ҳар икки илм соҳасини теран ўрганиб, ҳар иккисида ибрат ва намуна бўлганларидек, илм йўлида фидойилик билан таҳсил олинса, бундан халқимизга катта манфаатлар етади.
Олдинги аждодларимиз ҳам дунёвий, ҳам диний илм соҳаларида оламшумул кашфиётларни амалга оширганларини кўп гапириб, фахр-ифтихор билан тилга оламиз-у, лекин нега бу анъана давом этмасдан олис тарихда қолиб кетгани, бунинг асл илдизи нимадан иборатлиги хусусида ўйлаб кўрмаймиз.”Аниқки, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас” (Раъд, 11-оят), деган ояти карима хусусида теранроқ мулоҳаза юритсак, фойдадан холи бўлмайди. Ўз юртимизда кейинги бир-икки аср давомида бошқа юртлардан келтирилган оддий техника ва жиҳозларни кўрганда юртдошларимиз анча вақтларгача унинг олдига боришга ботинмаганини ва токи кўзлари ўргангунича одамлар анчагача ажабланиб юрганига нима дейсиз?
Айни вақтда ва имконият борида ғайрат отини қамчилаш керакки, илмнинг забт этилмаган чўққиларини эгаллашда аждодларимиздек ғайрат-шижоат билан тадбир ва тадоригини кўриш фойдадан холи эмас.
Бобомурод ЭРАЛИ
тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Шогирд устози билан суҳбат қилиб ўтирган эди. Шогирд устозидан сўради:
– Устоз, дунёдан ўтганингиздан кейин одамлар сизни қандай хотирлашини хоҳлар эдингиз?
Устоз бир муддат сукут сақлаб, сўнг саволга жавоб берди:
– Бизни одамлар қай тариқа эслашлари муҳим эмас. Балки қабрда ва Аллоҳнинг ҳузурида қандай кутиб олинишимиз муҳим. Дейлик, орадан бир аср ўтиб, болаларимиз, балки набираларимиз ҳам оламдан ўтиб кетар. Биз ҳозир қийналиб, умримизни, топган маблағимизни сарфлаб қурдирган уйларимиз бузилиб кетар ё уларда бошқалар яшар. Шунинг учун ўлгач, бизни ким нима деб эслашига эмас, абадий сафарга ҳозирлик кўришимиз керак.
Ҳа, азизлар! Бу дунёда яшар эканмиз, ким учун яхши ота-она, ким учун яхши умр йўлдош, ким учун яхши фарзанд бўлишга ҳаракат қиламиз. Жамиятда эса ўзимиздан яхши ном қолдиришга уринамиз. Лекин бу ишлар замирида Аллоҳ таолонинг амир ва қайтариқларига амал қилиш ётганини баъзан унутиб қўямиз. Елиб-югуришларимиз фақат одамлар учунгина бўлиб қолади.
Аслида мўмин одам ҳар бир амалини холис Аллоҳ учун қилиб, имкон қадар бошқалардан яшириши лозим. Акс ҳолда қилган амалининг савобидан маҳрум бўлади. Энг ёмони баъзилар мана шундай ножоиз ишни қилиб, камига суратга ҳам олдириб тарқатмоқда.
Тустарий раҳимаҳуллоҳдан сўрашди: “Нафсга энг оғир нарса нима?”. Айтдики: “Ихлос – нафсга энг оғир нарса. Чунки ихлосда нафс учун насиба бўлмайди”. Ихлоснинг аломати шуки, амал қилувчига унинг амалидан одамлар хабардор бўлдими-йўқми – унга фарқи бўлмайди.
Энди ўзимизни бир тафтиш қилайлик-чи, кунлик ишларимиз, амалларимиз шу мезонга мос келармикан?..
Акбаршоҳ Расулов