Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Август, 2025   |   14 Сафар, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
03:55
Қуёш
05:25
Пешин
12:34
Аср
17:27
Шом
19:36
Хуфтон
20:59
Bismillah
08 Август, 2025, 14 Сафар, 1447

Икки илм

26.01.2018   4401   3 min.
Икки илм

Ҳар бир жамиятнинг тараққиёт асосида илм туради. Илмсизлик эса уни қолоқлик ва жаҳолатга етаклайди. Илгари илмни диний ёки дунёвий деган турга ажратилмаган. Фиқҳ, тафсир ва бошқа диний илмлар қаторида олам ва борлиқ жумбоқларини кашф этиш, коинотнинг сирли тилсимларини очиш мақсадида дунёвий фан соҳалари билан шуғулланилган. Ўша вақтда қайси илмга зарурат пайдо бўлса, ўша илмни ўрганишни олимлар ўзларини бурчли деб билганлар.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Охират учун дунёни тарк этган киши ёки дунё учун охиратни тарк этган киши сизларнинг яхшиларингиз эмас. Лекин яхшиларингиз унисидан ҳам, бунисидан ҳам олган кишидир”, деганлар. Шундан ҳам биламизки, дунёвий илмни деб диний илмни, диний илмни деб дунёвий илмни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Диний илм соҳасида Имом Бухорий, Имом Термизий, Замахшарий, дунёвий илмда Абу Райҳон Беруний, Абу Али ибн Сино, Муҳаммад Хоразмий ва бошқа олимларимиз жаҳонга танилдилар.  

Илгари қайси бир юрт ёки шаҳарда таниқли илм даргоҳи ёки мадраса бўлса, ўша юртга илмсевар талабалар отли-пиёда етиб борганлар ва таниқли олимлар ҳузурида таҳсил олганлар. Бунинг осон эмаслигини Навоий бобомиз қуйидагича тасвирлайди:

Эгнида авроқу китоби анинг,

Қилғали таҳсил шитоби анинг.

Қушдек ўлуб сайр муяссар анга,

Эгнида авроқи бўлуб пар анга.

Ҳозирги вақтда ҳам диний, ҳам дунёвий илм соҳаларини ўрганишга юртимизда шарт-шароит ва имкониятлар етарли. Олдинги аждодларимиз ҳар икки илм соҳасини теран ўрганиб, ҳар иккисида ибрат ва намуна бўлганларидек,  илм йўлида фидойилик билан таҳсил олинса, бундан халқимизга катта манфаатлар етади. 

Олдинги аждодларимиз  ҳам дунёвий, ҳам диний илм соҳаларида оламшумул кашфиётларни амалга оширганларини кўп гапириб, фахр-ифтихор билан тилга оламиз-у, лекин нега бу анъана давом этмасдан олис тарихда қолиб кетгани, бунинг асл илдизи нимадан иборатлиги хусусида ўйлаб кўрмаймиз.”Аниқки, то бир қавм ўзларини ўзгартирмагунларича Аллоҳ уларнинг аҳволини ўзгартирмас” (Раъд, 11-оят), деган ояти карима хусусида теранроқ мулоҳаза юритсак, фойдадан холи бўлмайди. Ўз юртимизда кейинги бир-икки аср давомида бошқа юртлардан келтирилган оддий техника ва жиҳозларни кўрганда юртдошларимиз анча вақтларгача унинг олдига боришга ботинмаганини ва токи кўзлари ўргангунича одамлар анчагача ажабланиб юрганига нима дейсиз?

Айни вақтда ва имконият борида ғайрат отини қамчилаш керакки, илмнинг забт этилмаган чўққиларини эгаллашда аждодларимиздек ғайрат-шижоат билан тадбир ва тадоригини кўриш фойдадан холи эмас. 

 

Бобомурод ЭРАЛИ

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Дунё ташвишлари сизни “маст” қилмасин!

06.08.2025   4380   2 min.
Дунё ташвишлари сизни “маст” қилмасин!

Ўтган солиҳлардан бири Аллоҳ таолонинг ушбу: ...Маст ҳолингизда, то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг... (Нисо сураси, 43-оят) оятини эшитиб, бундай деди: Қанчадан-қанча намозхонлар борки, улар хамр ичмаганлар, лекин дунёнинг машғулотлари уларни маст қилиб қўйганидан намозида нима деяётганини билмайди.

 

Изоҳ: Демак, инсон нафақат ароқ ёки бошқа маст қилувчи ичимликлардан, балки дунёнинг кўплаб чалғитувчи, ўзига тортувчи ишлари, ташвишлари ва уларни ҳал қилишга бўлган ҳаракатлар натижасида ҳам “маст” бўлиши мумкин экан.

Яъни, инсон шунчалик кўп дунёвий ишларга шўнғиб кетадики, улар унинг фикри-ёдини эгаллаб олади ва оқибатда у Аллоҳга ибодат қилаётганида ҳам дунёни ўйлайверади, намозида нима деяётганини тушунмай қолади.

Шунингдек, дунёга бўлган ҳаддан ташқари муҳаббат ва у билан банд бўлиш инсоннинг руҳий ҳолатига салбий таъсир кўрсатишини, натижада ибодатларнинг қадри ва моҳияти ҳам йўқолиб қолади.

Худди маст инсон каби, бундай киши ҳам ўзининг ҳолатини тўлиқ англаб етмайди ва ибодатнинг ҳақиқий ҳузуридан маҳрум бўлади.

 

Эслатма: Қуръони каримдаги: Маст ҳолингизда, то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг.. ояти ичкилик хусусида нозил бўлган иккинчи оятдир.

Агар биринчи оятда (Бақара сураси, 219-оят) ичкиликда кўп фойда ва зарарлар бор, аммо унинг зарари фойдасидан кўпроқ, дейилган бўлса, бу ерда мусулмонлар учун энг улуғ мақом бўлган намоз ўқиш пайтида маст ҳолда бўлмасликка буюриш билан Қуръон унинг ҳаром нарса эканлигига ишора қилиб, унга нисбатан мўминларда нафрат уйғотмоқда.

Навбатдаги ичкилик тўғрисида келадиган оятда уни ҳаром, деб эълон қилинади. Шариатнинг барча ҳукмлари ана ўша сўнгги оятга асосланади.