Бугун, 25 январь куни Ўзбекистон Миллий университетида Ислом академияси Илмий кенгашининг илк йиғилиши бўлиб ўтди. Унда академиклар, олимлар, профессор ўқитувчилар, фан докторлари, илмий кенгаш аъзолари ва дин пешволари иштирок этди.
Йиғилишда сўзга чиққан Ислом академияси ректори Н.Иброҳимов, Президентимизнинг “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари илм соҳасида меҳнат қилаётган олимлар, айниқса, диний соҳада илмий ишлар билан шуғулланаётган мутахассислар учун жуда ҳам катта қувончли воқеа бўлганини таъкидлади. Шунингдек, ректор шу йил 16 январь куни Ислом академияси давлат рўйхатига олиниб, ўз фаолиятини бошлагани, академия олдига қўйилган мақсад-вазифалар ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, ушбу академия ҳузурида икки йиллик магистратура, уч йиллик таянч докторантура ташкил этилгани мамлакатимиз ҳаётида улкан янгилик бўлганини таъкидлаб, бундай улуғвор ишларда муҳтарам Президентимизнинг жуда ҳам катта раҳнамоликлари борлигини алоҳида қайд этилди.
Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан ташкил қилинган ушбу Академияда “Қуръоншунослик”, “Фиқҳ илми”, “Ҳадисшунослик” ва “Калом илми” мутахассисликлари бўйича магистрлар, шунингдек, илмий-педагог кадрлар тайёрланиши мўмин-мусулмонларимиз, айниқса, уламолар, имом-хатиблар ва мударрислар учун жуда катта туҳфа бўлганини таъкидлаб, юртимиздан яна Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк алломалар етишиб чиқишига асосий омил эканини билдирдилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари Ислом академияси ўз фаолиятини бошлаши билан қутлаб, унинг келгусидаги режаларида улкан зафарлар тиладилар.

Бундан ташқари Ислом академиясининг Илмий кенгаши ваколатига кирувчи турли масалалар муҳокама қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Академия диний идора муассислигидаги диний ва дунёвий таълим берувчи нодавлат таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади. Унинг асосий мақсадлари – республикада фаолият олиб бораётган олий ва ўрта махсус диний таълим муассасаларини юқори малакали илмий кадрлар билан таъминлаш ҳамда тайёрланаётган мутахассисларнинг илмий ва касбий салоҳиятини ошириш, шунингдек, қуръоншунослик, тафсир ва фикҳ, ҳадисшунослик, калом илми йўналишлари бўйича магистрларни, етук илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлашдан иборатдир.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Сайёр йиғилиш
Бир кишига кўмаклашсангиз, у қанчалик шод бўлади.
Энди бир эмас, ўн эмас, юздан зиёд оилага ҳам маънавий, ҳам маърифий, ҳам моддий кўмак берилса, қанча кишининг кўнгли кўтарилишини, сизни алқашини тасаввур қилиб кўринг-а.
Бугун Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов бошчиликларида пойтахтимизнинг Янги ҳаёт туманидаги «Ниёзмат ота» жоме масжидида маънавий-маърифий сайёр йиғилиш ўтказилди.
Тадбирда Тошкент шаҳар бош имом-хатиби ўринбосари Эргашали домла Рустамов, Тошкент шаҳар туманлари бош имомлари, имом-домлалар, «Ҳаж 2026» иштирокчилари қатнашдилар.
Тумандаги ижтимоий-маънавий муҳитни янада соғломлаштириш мақсадида маҳаллаларга ташриф буюрилди. Адашиб ақидаси бузуқ турли оқимлар таъсирига тушиб қолган шахслар, ажрим ёқасига келиб қолган оилалар билан ҳам суҳбатлар олиб борилди.
Катта ҳаёт тажрибасига эга ҳожи оталар, ҳожи оналар имом-хатиблар, отинойилар билан биргаликда олиб борган маърифий тарғиботлари ўз самарасини берди: юздан зиёд хонадонга ҳам маънавий, ҳам моддий ёрдам кўрсатилди.
* * *
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Абдуқаҳҳор домла Юнусов Янги ҳаёт туманидаги маҳаллаларга ташриф буюриб, у ердаги бир қанча хонадонларга кириб, хонадон эгаларининг қалбларига хурсандчилик улашдилар.
Қувонарлиси, янги ўқув йили арафасида ҳомийларни жалб қилган ҳолда 30 та ҳақдор хонадон соҳиблари фарзандларига сумка, ўқув қуроллари ҳадя этилди.
Юздан зиёд хонадон эгаларининг кўнгли кўтарилиб, улар эзгу ишларнинг бошида турган барча азиз инсонларнинг ҳақларига хайрли дуолар қилишди.
Тошкент шаҳар вакиллиги
Матбуот хизмати