frontend\widgets\header\Header: Attempt to read property "fajr" on null

Равил Гайнутдин Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисини табриклади

25.01.2018   12102   4 min.
Равил Гайнутдин Ўзбекистон мусулмонлар идораси раисини табриклади

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий

Усмонхон Алимовга

 ТАБРИК ХАТИ

 

Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси, Россия муфтийлар кенгашининг раиси, Россия  Федерацияси Президенти ҳузуридаги Диний бирлашмалар билан алоқалар Кенгаши аъзоси, муфтий шайх Равил Ғайнутдин Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий Алимов Усмонхонни Ислом академияси давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани олиши муносабати билан табриклади: 

 

Бутун дунё уламолари кенгаши уюшмаси  ва

Бутунжаҳон мусулмонлар бирлашмасининг Таъсис кенгаши аъзоси,

Ўзбекистон мусулмонлар идораси раиси, муфтий 

Алимов Усмонхонга 

 

Ҳурматли муфтий!

 Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси, Россия муфтийлар кенгаши ва шахсан ўз номимдан Сизни Ислом академияси давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги гувоҳномани олиши муносабати билан чин дилдан табриклайман. 

Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсинки, худди бизнинг буюк ўтмишдошларимиз Имом Бухорий, Имом Термизий, Абдулҳолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбандий даврида бўлгани каби бугунги кунда ҳам муҳтарам Президент Шавкат Миромонович Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлови   ва сизнинг раҳбарлигингиз остидаги Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг улкан ишлари натижасида Ўзбекистондаги олий исломий таълимнинг шонли анъаналари қайта тикланмоқда.    

Мен Ислом академиясининг Ўзбекистон ва ислом манфаати йўлида муваффақиятли ва самарали фаолият олиб боришига тилакдошман. Ўз дини ва умматига фидокорона хизмат қилиб келаётган  инсон сифатида Сиз азиз биродаримнинг барча эзгу ишларингизга Аллоҳнинг ўзи мададкор бўлишини чин дилдан тилаб қоламан! 

Ҳурмат ва эзгу дуолар ила,

 

Муфтий шайх  Равил Гайнутдин,

Россия Федерацияси мусулмонлари диний идораси

ва Россия муфтийлар кенгашининг раиси,

Россия  Федерацияси Президенти ҳузуридаги

Диний бирлашмалар билан алоқалар Кенгаши аъзоси 

 

Россия диний ташкилотларнинг халқаро ҳамкорлик фаолияти юқори баҳоланди

Ҳозирги кунда Россия Федерациясида мусулмонларнинг давлат ва жамият ҳаётига таъсири ортиб бораётгани соҳа мутахассислари томонидан эътироф этилмоқда. Барча фуқаролар сингари мусулмонлар ҳам мамлакат ривожи ва осойишталиги учун бор имкониятларини ишга солиб, жидду жаҳд қилишмоқда. Барча дин вакиллари қатори уларнинг ҳам ҳақ-ҳуқуқлари конституцион таъминлангани, айниқса, ижобий самаралар бермоқда. Жумладан, минглаб янги масжидлар қурилиб, ҳожиларнинг сони ошмоқда. Диний адабиётлар минглаб нусхада нашр этилиб, кўп сонли диний ўқув муассасалари, шунингдек, ўнлаб диний идоралар рўйхатдан ўтмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Россияда Ислом фақатгина диний омил, маънавий-маданий қадриятлар тарқатувчи ёки ижтимоий дастурларни амалга оширувчи сифатида эмас, балки жамият ҳаётидаги жараёнларнинг муҳим таркибий қисмига айланганини кўрсата бошлади. Мисол учун, мамлакатда истиқомат қилувчи мусулмонлар орасида соф ислом маърифатини тарқатиш, бузғунчи ғояларга қарши курашда Россия диний идоралари ва бошқа мамлакатларнинг диний бошқармалари ўртасидаги ҳамкорликлар – жамият осойишталиги учун муҳим аҳамият касб эта бошлади. Ҳатто, бу борадаги ишлар Давлат раҳбари томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

Куни кеча Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин Россия мусулмонларининг марказлашган диний ташкилотлари олиб бораётган халқаро фаолиятга юқори баҳо берди, деб хабар қилди kun.uz интернет-нашри.

Владимир Путин бу ҳақда Россия мусулмонлари марказлашган диний ташкилотлари муфтийлари ҳамда Болгария ислом академияси раҳбарлари билан учрашувда айтиб ўтган.

«Халқаро фаолиятга келадиган бўлсак, менинг фикримча, бу жуда қизиқарли, жуда тўғри йўналиш. Сизларга ёрдам ва қўллаб-қувватлов борасида бекорга мурожаат қилмайман, бу бизнинг бошқа давлатлардаги маърифий ишларимизга алоқадор», - дея айтиб ўтди у.

Ўз навбатида, Россия мусулмонлари диний бошқармаси раиси, Муфтийлар кенгаши раиси Равиль Гайнутдиннинг хабар беришича, Россия мусулмонлари ташкилотлари ўз мамлакати манфаатини нафақат унинг ичида, балки МДҲ давлатлари, мусулмонлар дунёси ва Европа мамлакатларида ҳам илгари суради.

ЎМИ Матбуот хизмати

 

Бошқа мақолалар
Янгиликлар

Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

13.08.2026   6167   3 min.
Шайбонийлар дахмаси зиёратгоҳга айлантирилади

Самарқанднинг юраги бўлган Регистон майдони ҳудудидаги Шайбонийхон ва унинг сулоласи дафн этилган маскан зиёратгоҳга айлантирилади.

Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаровнинг сўзларига кўра,1960–1962-йилларда ҳозирги Ислом Каримов кўчасини кенгайтириш, ободонлаштириш ишлари жараёнида мазкур дахма шу ҳудудда бўлган Шайбонийхон мадрасаси ҳовлисидан Регистон майдонига – Тиллакори ва Шердор мадрасалари ёнига кўчирилган.

“Маълумки, мазкур ҳудуд Амир Темур бобомиз даврида Самарқанд шаҳрининг энг муҳим марказларидан бири бўлган, бу ҳудудда кўплаб мадраса ва масжидлар бунёд этилган. Жумладан, Амир Темур масжиди ва унинг рўпарасида Бибихоним мадрасаси қад ростлаган. Кейинчалик Мирзо Улуғбек бобомиз томонидан улкан мадраса қурилган. Балки Шайбонийхон ҳам ана шу улуғвор мадраса ва масжидларга ҳавас қилиб, уларнинг ёнида мадраса қургандир. Чунки, тарихий манбалардан биламизки, Муҳаммад Шайбонийхон ҳам улуғ ҳукмдор бўлиш билан бирга илм-маърифат ҳомийси, илмли инсон ва ижодкор сифатида Самарқандда улкан бунёдкорлик ишларини амалга оширган, кўплаб масжид ва мадрасалар қурдирган. Амир Темурдан кейин қудратли давлат ташкил этиб, унинг чегараларини кенгайтирган, обод қилган”, дейди Регистон мажмуаси раҳбари.

Тарихий манбаларда Шайбонийхон 1510-йилда Эрон шоҳи Исмоил Сафавий билан бўлган жангда ҳалок бўлгач, унинг бошсиз танаси Самарқандга келтирилиб, Баланд Суфага дафн қилингани ёзилган.

Баланд Суфа ўз вақтида Шайбонийхон мадрасасида бўлган ва кейинчалик (1960–1962-йилларда) ўз ҳолича Регистон ҳудудига кўчирилган дахмадир.

Хонқул Самаровнинг қўшимча қилишича, шу пайтгача Муҳаммад Шайбонийхон шахсига муносабат ортидан бу жойга ҳам етарли даражада эътибор қаратилмаган.

Шунингдек, у олтмиш йилдан ортиқ вақтдан буён ушбу ҳудудда турган бу зиёратгоҳ ҳақида оддий одамлар, ҳатто кўпчилик тарихчиларда ҳам ма'лумот ё'қлигини, бунга сабаб эса ҳудудда ҳеч қандай кўргазмали восита ёки ёзув мавжуд эмаслигини таъкидлайди.

“Йиллар давомида халқимиз онгига Бобур ижобий, Шайбонийхон салбий шахс сифатида сингдирилди. Аслида эса давлатчилик тарихимиз, қолаверса, адабиётимиз ривожида бу икки буюк бобомизнинг ҳам ўз муносиб ўрни, ҳиссаси бор. Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг ўзи ҳам “Бобурнома”да бу зотнинг номи ҳақида тўхталиб, “Шайбоқ”, яъни “куч-қудратли” деган таъриф берган. Шайбонийхон ва шайбонийлар томонидан Самарқандда, умуман, ушбу минтақада катта бунёдкорлик ишлари амалга оширилгани ҳақида тарихий манбаларда кўплаб маълумотлар учрайди. Масалан, Шайбонийхон бир неча босқичли ўқитиш тизими жорий этиб, барча илмлардан хабардор бўлиш учун бола 26-йил таълим олиши керак, деб ҳисоблаган. Икки йиллик мактаб таълимидан сўнг ҳар бири 8-йилдан иборат уч босқичли мадраса таълимини олиш зарур бўлган”, дея маълумот беради Регистон мажмуаси раҳбари Хонқул Самаров.

Маълумот учун, Шайбонийхон кучли саркарда, ҳукмдор бўлиш билан бирга ижодкор сифатида нафис ғазал ва рубоийлар, достонлар ёзган. Жумладан, “Баҳр-ул худо” номли достони ва ўғли валиаҳд Темур султонга аталган панд-насиҳатлардан иборат китоби мавжудлиги қайд этилади.

Тарихий манбаларда келтирилишича, у бобоси Абулхайрхон вафотидан кейин пароканда бўлиб кетган қабилаларни бирлаштириб, кўчманчи ўзбеклар давлатини қайта тиклаган. Мовароуннаҳр, Хоразм ва Хуросонни эгаллаб, қудратли давлат барпо қилган. Муҳаммад Шайбонийхон бутун минтақани ягона бир марказ – Самарқанд қўл остида бирлаштирган.

О'збекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Ўзбекистон янгиликлари