Баҳила розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шомга келганларида Жобия мавзеида хутба ўқиб, бундай деди:
– Эй инсонлар! Аллоҳнинг Китоби – Қуръонни ўрганинглар, у туфайли танилгайсиз. Унга амал қилинглар, унга лойиқ бўласиз. Зеро, ҳеч бир ҳақ эгаси Аллоҳга маъсият қилиб, Унинг амрига бўйсуниш даражасига ета олмаган.
Ҳақ сўзни айтиш кишининг ажалини яқинлаштирмайди, ризқини узоқлаштирмайди. Билинглар, банда ва ризқи орасида бир парда бор. Агар у сабр қилса, ризқи унга келади. Агар сабр қилолмай, пардани мажбурлаб очмоқчи бўлса, ҳам парда йиртилади, ҳам ризқидан бебаҳра қолади.
Отларни яхши парвариш қилинг. Ўқ отишни ўрганинг. Ялангоёқ юринг. Мисвок ишлатинг. Румликларнинг ахлоқидан ўрнак олманг. Қўпол инсонлар билан ҳамсуҳбат бўлманг. Ҳаммомга яланғоч кирманг.
– Эй инсонлар! Билинглар, Аллоҳ таоло уч кишини оқламайди, юзларига қарамайди, Қиёмат куни уларни Ўзига яқин тутмайди. Булардан биринчиси, бировни бошлиқ қилиш мақсадида дунё манфаати учун ёқлаган ва ундан истаганини олганида уни мақтаган, орқасидан эса ёмонлаган кимсадир. Иккинчиси эса нарсаларини сотувга чиқариб: “Аллоҳга қасам, менга мана шу нархда оламан дейишди, лекин бермадим”, деб мол сотган савдогар. Учинчиси, мусулмонларни сўкадиган фосиқ кимсадир.
– Эй инсонлар! Гоҳ сеҳрга, гоҳ коҳинга, гоҳ фолчига бориб, уларнинг “хабар”ларига ишонган кимса Аллоҳ таоло ва Унинг пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил бўлганларни инкор этган бўлади”.
“Ал-Канз”, “Ҳаётус саҳоба” китоблари асосида
Сумайро АБДУМУРОД қизи
тайёрлади
ЎМИ Матбуот хизмати
Ҳаётда кўпинча тўғри йўналиш эмас, балки тезлашиш ўргатилади. Тезроқ юриш, тезроқ етиб бориш, ҳамма нарсани тезроқ бажариш... Лекин ҳеч ким тўхтаб: “Бунчалик шошилишдан мақсад нима?” деб сўрамайди. Инсон тинимсиз ҳаракатда бўлишни эришиш, табиий ҳаёт тарзи деб ўйлаб, сарфланаётган умри эвазига аслида нимага эришаётгани ҳақида ўйламай қўяди.
Баъзан йўлни йўқотдик, деб ўйлаймиз. Ҳолбуки, йўқоладиган нарса йўл эмас, балки тўғри йўналишдир. Бу йўналиш харитадаги чизиқлар ёки телефондаги йўл кўрсаткич эмас, балки Аллоҳ таоло борлиғимизга жо қилган ички йўналтиргич, яъни фитратимиздир.
Бу ички йўналтиргич баъзан тўғри томонни кўрсатмаётгандек туюлади. Дунё ташвишлари, нафс истаклари кўпайиб кетганида, у сарсон бўлади ё қотиб қолади. Шунда биз уни бузилди деб ўйлаймиз. Лекин фитрат бузилмайди, шунчаки биз унга аҳамият бермай қўйган бўламиз. Баъзилар бу йўналтиргични бошқаларнинг қўлига бериб қўяди...
Йўналишини йўқотган одам тўғри йўлга қайтиши керак. Бу қайтиш шунчаки бир манзилга қайтиб боришмас, балки ички дунёмиздаги тарқоқликни жамлаш, фитратимизга қайтишдир. Шунда инсон дунёнинг “ҳаммасига эришиш” васвасасидан халос бўлади. Ўтмишдаги хато ва синовлардан ибрат олади, аммо уларни ўзига оғир юк қилиб олмайди. Бошқалардан ва ҳаётдан жуда кўп нарса кутишни тўхтатади...
Ҳақиқий хотиржамлик – ҳамма нарса мукаммал бўлиши деганимас. Инсон ўз ҳаракат доираси чегарасига етганида Аллоҳнинг қазо ва қадарига рози бўлса хотиржамлик топади. Бу лоқайдлик эмас.
Мусулмон киши ҳам хурсанд бўлади, қайғуради, бошқалар каби яшайди. Лекин у ўткинчи туйғулар, орзу-ҳаваслар аро сарсон бўлиб қолмайди. Чунки дунёдаги ҳар бир ҳолат вақтинчалик синов эканини яхши англайди.
Инсон ўзлигига қайтганида бошқаларнинг юкини елкасига олишга уринмайди. Ёрдам беради, лекин ҳар ким ўз қисмати ва қилмиши учун ўзи масъул эканини тушунади. Бошқаларнинг айбига қарамай, ўз хатоларини тузатиш билан банд бўлади. Муҳими, ҳар ишида шошқалоқлик қилмайди. Чунки охиратга ва маънавий камолотга элтувчи йўлни шошиб босиб ўтиб бўлмаслигини билади.
Айтилганидек: “Ким ўзини таниса, Раббини танийди”. Бу мартабага эришган қалб эса ҳеч қачон адашмайди.
Абдулатиф АБДУЛЛОҲ