Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний-маърифий нашри ҳисобланган “Ислом Нури” газетасининг 15 январдаги сонидан бошлаб “Қуръонни ўрганамиз” рукни остида Араб тили сабоқлари бериб борилади.
Араб тили дарслари Тошкент ислом институти проректори Ибодулла Аҳроров томонидан тайёрланган.
Ушбу дарсларни кузатиб бориш ва газетамизга обуна бўлишни истаганлар ўзлари яшаб турган ҳуддаги масжидларга бориб учрашиши лозим.
Бундан ташқари, ЎМИнинг “muslim.uz” портали орқали ҳар ҳафтада бир марта онлайн тарзда намойиш этиладиган Араб тили дарслари ҳам араб тилини ўрганишни мақсад қилган инсонлар учун жуда қўл келади деган умиддамиз.
Ислом нури газетаси ҳамда ЎМИнинг интернет тармоғидаги расмий порталини кузатиб бориш орқали ўз билимингизни янада ривожлантиришга муваффақ бўласиз.
Маълумот учун, “Ислом нури” газетаси ва “Ҳидоят” журнали Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг диний-маърифий нашрлари ҳисобланади.
ЎМИ Матбуот хизмати
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати