Шу кунларда уламолар ва имом-домлалар томонидан Қозоғистондаги фожиада ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига ҳамдардлик билдириш, хатми Қуръон ўқиб, руҳи покларига бахшида қилиш ишлари давом этмоқда.
Президентимиз Ҳаким Термизий мақбараси зиёрати чоғида ҳалок бўлган 52 ўзбекистонликнинг ўлимидан чуқур қайғуда эканларини айтиб, уларнинг яқинларига таъзия билдирдилар. Мана шундай табаррук қадамжода Қуръон оятларидан ўқилиб, муфтий ҳазратлари томонларидан ҳалок бўлган йигитлар ҳақига дуолар қилинди.
Шу куннинг ўзида Шайх Абдулазиз Мансур мотамсаро хонадонларга ташриф буюриб, Юртбошимизнинг ҳамдардлигини етказишди. Масжидларда ҳалок бўлганлар яқинларига таъзиялар изҳор қилинди. Тошкент, Андижон вилоятлари имом-хатиблари мана шундай тасалли бериш ишларини давом эттиришди.
Куни кеча ҳалокат қурбонларига жаноза намози ўқилиб, дафн этилди. Ушбу маросимда аҳоли билан бир қаторда вилоят ва туманлар раҳбарияти, кенг жамоатчик вакиллари ҳам иштирок этиб, ҳалок бўлган йигитлар ҳақига дуои фотиҳа қилдилар. Марҳумларнинг ота-онаси ва бошқа яқинларига сабр-бардош тиланди.
Бугун, 24 январь куни диний идора масжидлар бўлими мудири Раҳимберди Раҳмонов ва муҳтасиблик бўлими Исломиддин Зуҳриддинов бошчилигидаги уламолар Наманган вилоятидаги мусибат эгаларига муфтий Усмонхон Алимов ҳазратларининг ҳамдардликларини етказишди. Шунингдек, уларга моддий-маънавий кўмак қилиб, руҳий тасалли беришди.
Шу ўринда ибратли ривоятни келтиришни лозим топдик. Абу Синондан қилинган ривоятда у айтади: “Фарзандим Синон вафот этди. Уни дафн этиб, қабрдан чиқмоқчи эдим, қўлимдан Абу Талҳа Ҳавлоний тортиб чиқарди ва: “Сенга хушхабар айтайми?” – деди. Албатта, дедим. “Абу Мусо (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилишича, Аллоҳ таоло ўлим фариштасидан: “Бандамнинг фарзандини қабз қилдингми? Унинг кўз қувончи, қалб мевасининг жонини олдингми?” – деб сўрайди. “Ҳа”, деб жавоб беради фаришта. “Бандам нима деди?” – сўрайди Аллоҳ Ўзи билгани ҳолда. “У сенга ҳамд айтди ва истиржоъ келтирди”, жавоб беради ўлим фариштаси. Шунда Аллоҳ айтади: “Унга жаннатда бир уй барпо қилинг ва уни “Ҳамд уйи” деб номланг!”
Демак, Аллоҳ таоло ҳар қандай ҳолатда чиройли сабр қилгувчи мўмин бандалар қаторида бўлмоқликни барчамизга насиб этсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Сўнгги йилларни ўз ичига олган давр илмий ва эксперт доиралар томонидан Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичи деб аталмоқда. Ушбу қисқа вақт ичида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилган ислоҳотлар давлат ва жамиятнинг жадал ривожланишига эришиш, халқ фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Ўтган қисқа вақт давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди. Биринчидан, 2016-йилнинг 18-октабрида Тошкентда Ислом ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгаши 43-сессияси йиғилишида Ўзбекистон Президенти томонидан Самарқандда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди.
Иккинчидан, Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017-йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида иштирок этиб, халқаро майдонда ислом динига нисбатан кузатилаётган бир ёқлама салбий муносабатга нисбатан ўзининг қатъий позициясини мухтасар ифода қилиб, жумладан шундай деди: “Биз муқаддас динимизни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиганларни қатъий қоралаймиз ва улар билан ҳеч қачон муроса қила олмаймиз. Ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этади”.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотида Ўзбекистон раҳбари жаҳон ҳамжамиятига Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳақида сўзлади. Ислом цивилизацияси маркази ўз ғояси ва аҳамиятига кўра бетакрор лойиҳа бўлиб, ислом динининг илмий-маънавий бойлиги, бунёдкорлик салоҳиятини намойиш этишга қаратилган.
Ғайрат РАСУЛОВ,
Ўзбекистон халқаро ислом академияси
“Ислом тарихи ва манбашунослиги ИРCИCА” кафедраси мудири