Оғир кунларда доимо бир-бирига елкадош бўлган халқимиз шу кунларда Қозоғистонда рўй берган фожиадан ҳалок бўлган ҳамюртларимиз оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, таъзия билдиришда давом этишмоқда. Ҳатто қўшни ва олис вилоятлардан ҳам келиб, бундай қайғули кунларида шерик эканларини изҳор қилишмоқда. Савобли ишларда пешқадам бўлган имом-хатибларимиз бу ишда ҳам ибрат бўлишмоқда. Зеро, мўмин-мусулмонлар оға-ини эканлари Қуръони каримда таъкидланган: “Албатта, мўминлар динда ўзаро биродардирлар...” (Ҳужурот, 10).
Мана шу хитобни ўзларига шиор қилган Тошкент вилояти имом-хатиблари бош имом-хатиб Хайрулло Турматов бошчилигида фожиада қурбон бўлганларга ҳамдардлик билдириш учун кеча, 22 январь куни Наманган вилоятига боришди. Вилоятдаги ҳар бир хонадонга кириб, машъум фожиада ҳалок бўлганларнинг ҳақларига тиловати Қуръон ўқиб, дуолар қилинди. Динимизда бирор фожиа билан вафот этган мўминнинг даражаси юқори бўлиши, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадисларининг бирида киши сувга ғарқ бўлиб, ўтда куйиб, том остида қолиб, аёл киши тулғоқ пайтида вафот этса, шаҳидлик мақомини топишини айтиб, мусибат эгаларига тасалли берилди.
Имом-домлалар Яратган Парвардигордан ҳалок бўлганларнинг солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ қилишини, гуноҳларини мағфират этишини, ётган жойларини жаннат боғларидан бир боғ қилишини илтижо қилиб сўрашди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларининг мусибатларига шерик эканларини билдириб, сабру жамил тилашди.
Ўз навбатида мусибат эгалари ҳамдардлик изҳор қилинганидан маҳзун кўнгиллари ёришгани ва уламолар қайғуларига шерик эканлари бошларига келган қайғуни бироз аритганини таъкидлашди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ҳамду сано оламлар Парвардигори, биз яшираётган ва ошкора қилган нарсаларимизни билувчи Аллоҳ таолога бўлсин. Ундан ҳеч нарса махфий эмас — ерда ҳам, осмонда ҳам. Уни шукр ва ҳамдлар билан ёд этамиз. Кимки ўз айблари билан машғул бўлса, бошқаларнинг айбларига қарамайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, У зотнинг оила аъзолари ва саҳобаларига Аллоҳнинг салому дуолари бўлсин.
Эй мусулмонлар! Аллоҳдан қўрқинглар ва ўзингизни ғийбат ва чақимчилик ҳалокатига ташламанглар. Чунки бу икки иллат биродарлик алоқалари ва исломий бағрикенглик учун катта хавф солувчи, жирканч сифатлардандир. Улар қайси жамиятда кенг тарқалса, ўша жамиятнинг бирлиги парчаланади, диллар орасида муҳаббат ўрнига адоват пайдо бўлади, душманга қарши мададсиз қолинган бўлади.
Чақимчилик — бир одамнинг гапини бошқасига етказиб, улар ўртасини бузишга ҳаракат қилишдир. Бу иллат қанча фалокатлар келтириб чиқарган, қанча дўстликни парчалаган, муҳаббатни нафратга айлантирган! Шундан келиб чиқиб уламолар буни сеҳр деб атаганлар.
Чақимчиликдан сақланайлик! У пасткаш инсонларнинг одатидир. У ёмонликларни тарқатади, сирларни фош қилади, катта исёнларга сабаб бўлади. Кимки сизга чақимчилик қилса, билингки, у сиз ҳақингизда ҳам бошқаларга чақимчилик қилади.
Ғийбат — биродарингизни уни йўқлигида ўзининг ёқтирмайдиган нарсалари билан тилга олишдир — унинг хулқи ёки қиёфаси ҳақида бўлса ҳам. Ҳатто ўша нарса унда ҳақиқат бўлса ҳам, бу — ғийбат. Агар унда бўлмаса, бу туҳмат бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ғийбат ҳақида сўралганда: Ғийбат — биродарингизни у ёқтирмайдиган ҳолатда тилга олишингдир, дедилар. — Агар мен айтганим у кишида бўлса-чи? — деб сўралди. — Агар айтганинг унда бўлса, ғийбат қилгансан. Агар бўлмаса, унга туҳмат қилгансан, — дедилар.
Ғийбатдан сақланайлик! Бу гуноҳни кичик деб билмайлик. Оиша розияллоҳу анҳо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга Сафия онамиз ҳақида бир сўз айтганлар, яъни — “У пакана”, деганлар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ҳозир шундай сўз айтдингки, агар уни денгиз сувига аралаштирсанг, уни булғашга етар эди!”, деганлар.
Ғийбат ва чақимчилик — қабр азобининг сабабларидандир. Расулуллоҳ алайҳиссалом айтдилар: «Мени меърожга олиб чиқишганида, тирноқлари мисдан бўлган инсонларни кўрдим, ўз юзлари ва кўкракларини тирнар эдилар. Жаброилдан сўрадим: “Булар кимлар?” Жаброил: “Булар инсонларнинг гўштини еганлар ва уларнинг шарафларига тажовуз қилганлардир”, дедилар».
Бошқа мусулмонларнинг обрўларини ҳурмат қилайлик! Расулуллоҳ алайҳиссалом Хажжатул Вадоъда: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз — бир-бирингизга ҳаром, бу кун, бу ой, ва бу шаҳарингизнинг ҳурмати каби” деб айтдилар.
Аллоҳ бундай дейди: “Албатта, мўминлар орасида фаҳш ишлар тарқалишини хоҳлайдиганларга дунё ва охиратда аламли азоб бўлади. Аллоҳ билади, сизлар билмайсизлар”.
Аллоҳ таоло бизларни Қуръони карим ва Расулининг суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришимизни насиб этсин.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ