Азиз Қуръон мухлислари бугун қорилар мусобақасининг Навоий вилояти ҳудудий босқичига оқ фотиҳа берилади. Барча вилоятлар каби Навоий вилоятининг ҳам ўзи хос жиҳатлари мавжуд. Буюк мутафаккир Алишер Навоий номи билан аталувчи ушбу энг кенжа вилоят ҳудуди жиҳатидан энг катта бўлиб, аҳолисининг кўп миллатлилиги билан алоҳида ажралиб туради.
Бугун, 22 январь куни ушбу вилоятнинг бир неча туманларида мусобақанинг ҳудудий босқичлари бошланади. Сиз азизлар билан ўтган кунлар давомида Сирдаё, Жиззах, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида хушовоз қорилар тиловатини тинглаб, руҳимиз маънавий қувват олди. Қани бир кўрайликчи, Навоий қорилари бизни қайси жиҳатлари билан лол қилар экан. Биз саноат шаҳри деб билган Навоий вилоятида балки кутилмаган ҳолатлар бизни ажаблантирса керак, иншоаллоҳ.
Бир неча дақиқалардан сўнг Навоийда Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичига оқ фотиҳа берилади. Ҳозирдан тайёргарликлар жуда авжида, мусобақа muslim.uz сайти ва ижтимоий тармоқ саҳифаларида онлайн узатиб борилади.
Шундай экан, барча Қуръон ихлосмандларини Навоий шаҳридаги “Алишер Навоий” жоме масжида бўлиб ўтадиган Қуръоний зиёфатга таклиф этамиз. Марҳабо, азизлар!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Фарзандингизнинг сочини тарасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Кимнинг сочи бўлса, уни парвариш қилсин”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ тараб қўйяпман деб айтинг.
Ўғилчангизга атир сепсангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Менга бу дунёдан хушбўйлик, аёллар маҳбуб қилинди. Намоз эса кўз қувончим қилинди”, деганлар, ўша ҳадисга мувофиқ атир суртяпман деб айтинг.
Фарзандингиз мактабга кетаётганда Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Ким илм талабида йўлга тушса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди”, деган ҳадисларини эслатинг.
Фарзандингизга кулиб қараганингизда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Биродарингнинг юзига табассум билан боқишинг ҳам садақадир”, деган ҳадисларини эслатинг.
Фарзандингизни мақтасангиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “Яхши сўз ҳам садақадир”, деганларини эслатинг.
Фарзандингизга ёши катта кексаларни ҳурмат қилишни ўргатиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кичикларимизга раҳм шафқат қилмаган, кексаларимизни эъзозламаганлар биздан эмас”, деганларини айтинг.
Шу тариқа фарзанд тарбиясини суннат ва сийратга боғлаб, ҳадислар асосида таълим-тарбия беринг.