Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қуръонни овозингиз билан безанг!” деб марҳамат қилдилар» (Абу Довуд ва Насаий ривояти).
Қуръони каримни чиройли овоз билан безаш масаласи олимлар ўртасида турли фикрларга сабаб бўлган. “Қуръоннинг чиройли овозга эҳтиёжи йўқ”, деган тушунчадагилар ҳадис аслида: “Овозингизни Қуръон билан безанг” маъносида бўлгани, бироқ ривоят асносида сўзлар ўрни алмашиб қолганини айтади. Уларга кўра, Аллоҳ таолонинг каломи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг абадий мўъжизалари бўлмиш Қуръон ҳеч кимнинг чиройли овозига муҳтож эмас. У ҳар жиҳатдан гўзал ва мукаммал, биз унинг қироати билан овозимизни гўзаллаштиришга муҳтожмиз.
Аммо кўпчилик уламолар бу фикрга қўшилмайди. Ибн Дайба таъкидлаганидек, ҳадисда келган “Қуръон” сўзидан мақсад унинг тиловатидир. Демак, ўткир хотира ва хушовоз ила Қуръони карим тиловатини гўзаллаштириш кераклигини англаш зарур. Зеро, гўзал сўз гўзал овоз билан янада ёқимли бўлади. Унинг хушовозда ўқилиши одамларда Қуръони каримни тинглашга бўлган мойилликни кучайтиради. Демак, ҳадисдан тиловатда имкон қадар овозни чиройли қилишга уриниш кераклиги тушунилади.
Шу ўринда бир нарсани таъкидлаш лозим, Қуръони каримни чиройли ўқийман деб уни тағаннийга (оҳангга солиш, қўшиққа ўхшатиш) айлантириш ҳам ярамайди. Уламолар тиловатда тажвид қоидаларидан четга чиқиб, тағаннийга йўл қўйишни макруҳ дейишган. Бундай тиловатни эшитганлар ҳам қарши чиқишлари, хатолигини тушунтиришлари лозим. Каломуллоҳ ҳар жиҳатдан ўзгача; унинг тиловатида ҳам бу ўзига хосликни асраш, турли қўшиқ ва байту ғазаллар оҳангига ўхшатмаслик керак. Мулла Али Қори “Мирқот” китобида қўшиқ каби оҳангга солиб тиловат қилиш ҳаромлиги, эшитганлар ҳам гуноҳкор бўлишига доир фатво берган. Унинг чек қўйилиши вожиб бўлган энг ёмон бидъатлардан эканини таъкидлаган.
Али Қори ушбу ҳадис шарҳида шу маънода ворид бўлган бошқа ҳадисларни ҳам келтиради: “Қуръонни овозингиз билан безанг. Зеро, хушовоз Қуръон чиройини орттиради” (Насаий ва Ҳоким); “Чиройли овоз Қуръон зийнатидир” (Табароний); “Ҳар нарсанинг безаги бор, Қуръоннинг безаги чиройли овоздир” (Абдурраззоқ).
Юқоридаги ривоятларни зикр қилгач, Али Қори айтади: “Бу ерда Қуръонни овоз билан гўзаллаштиришга амр бор. Қуръоннинг овоз билан гўзаллашиши тажрибада тасдиқланган ҳақиқат. Шундай экан, бу ҳол ҳадисда сўзлар ўрни алмашиб қолган, деган даъвони рад қилади”.
Али Қори фикрининг тасдиғи сифатида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга айтган ушбу сўзларини келтиради: “Сенга Оли Довуд алайҳиссаломга берилган мизморлардан бир мизмор берилган. Кеча кечқурун сени тинглаётганимни бир кўрсайдинг. Ҳақиқатан, сенга Оли Довуд алайҳиссаломга берилган мизморлардан бир мизмор берилган”.
Хулоса, муҳими Қуръонни ўқиш. Тартил билан ўқиб, қироатни безаш мустаҳаб эканига бутун уламолар иттифоқ қилишган. Тағанний ва лаҳн билан ўқиш хусусида эса ихтилоф бор. Жумҳур уламо бунинг жоиз эмаслигини, чунки мазкур ҳолатда хушуъ йўқолишини айтганлар.
ЎМИ Матбуот хизмати
Илмнинг қадр-қиммати барчамизга маълум. Илм сабабли Аллоҳ таоло Одамни фаришталардан афзал қилди. Илм сабабидан фаришталарга Одамга сажда қилишни буюрди. Аллоҳ таоло олимлар ва илм талабидагиларнинг мартабаларини юқорига кўтарди. У Зот бундай дея марҳамат қилади: «...Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур...»[1].
Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм олинглар! Аллоҳ учун таълим олиш – Аллоҳдан қўрқишдир. Илмни дарс қилиш – тасбеҳдир. Уни ўрганиш – ибодат, билмаганга ўргатиш – садақа, амал қилиш эса Аллоҳга яқинлашишдир”.
Илм сизнинг қадрингизни кўтаради ва илм орқали Аллоҳ таолога яқинлашиб борасиз. Абу Бакр Варроқ бу борада бундай дейди:
Илм ўз соҳибин кўтаргай юксак,
Хожа айлагайдир қулни-да шаксиз.
Ризолик йўли ҳам шул эрур демак,
Илмдан бошқаси абас, кераксиз.
Илм олувчи гўзал одоб-ахлоқ ила безанмоғи лозим. Умар розияллоҳу анҳу айтадилар: “Илм олинглар! Илм олар экансиз, сакинат ва ҳалимликни ҳам ўрганинг. Сиздан илм ўрганувчилар ҳам сизга нисбатан камтарин муносабатда бўлсинлар, сиз ҳам илм олаётган кишингизга тавозели бўлинг. Зулмкор олимлардан бўлманг. Сизларнинг илмингиз жаҳолат бирла турмас”.
“Мен билмайман” дейиш ҳеч қачон айб саналмайди. Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: “Қалбга роҳат берадиган энг гўзал нарса ҳақида савол сўрашганида, “Мен билмайман”, деб жавоб беришдир”, деганлар.
Ўрганган илмингизни одамлардан беркитманг. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар”[2], деганлар.
Ўрганаётган нарсаларингизга беэътибор бўлиб одамларга етказмай юриш яхши эмас. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илмни беркитса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида унга оловдан бўлган юганни солади”, [3] деганлар.
Амал қилинмайдиган илмда хайр йўқ. Ундай одамнинг устига жилд-жилд китоблар ортилган эшакдан фарқи йўқ.
Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу бундай дейдилар: “Илм ўрганиб, унга амал қилинглар. Илм ила чиройли кўриниш учун илм ўрганманг. Умрингиз узоқ бўлса, ҳали шунақаларни кўрасиз, одамлар кийим кийиб безанганидек, одамлар илм олиб ўзларига оро берадилар”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Имлни олимларга мақтаниш, у орқали эси паст, жоҳиллар билан талашиб-тортишиш ёки одамларнинг эътиборини ўзингизга қаратиш учун ўрганманг. Ким шундай қилса, у жаҳаннамдадир”[4], деганлар.
Ҳассон Шамсий Пошонинг
“Жаннат бўстонидаги оилавий оқшомлар” номли китобидан
Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Илҳом Оҳунд, Абдулбосит Абдулвоҳид таржимаси.
[1] Мужодала сураси, 11-оят.
[2] Имом Бухорий ривояти.
[3] Ибн Ҳиббон, Имом Ҳоким ва Имом Байҳақий ривояти.
[4] Ибн Можа ривояти.