Ўлкамизда бошланган қорилар мусобақаси интиқлик билан кутилган қувончу шодликларни олиб келди. Мусобақа бошланган кундан бери одамлар фақат қориларнинг ҳузурбахш тиловатлари, юзларидаги нур, хонадонлардаги Каломуллоҳ такрорлари ва ўзларидаги руҳий таскин ҳақида сўз қилишмоқда. Барча ёшу қари, эркагу аёл навбатдаги Қуръон мусобақасини сабрсизлик билан кутишмоқда, ҳатто айримлар шаҳару қишлоқларни кезиб, ҳар бир ҳудуд босқичини кузатиб боришмоқда.
Мусобақанинг илк йилидаёқ иштирокчилар сони салкам беш ярим минг нафар бўлгани жуда ҳам қувонарли ҳолат. Аслида уларнинг сони бундан ҳам кўп бўлиши мумкин, келгуси йилда бу рақам бир неча бараварга ошади, иншоаллоҳ.
Мана шундай қориларимиз орасидаги мутлақ ғолибларни тақдирлаш ва барча қори иштирокчиларга эсдалик совғалари топшириш ишлари Диний идора, жойлардаги вакиллик ва ҳомийлар томонидан амалга ошириб келинмоқда.
Шу билан бир қаторда қориларнинг қўшимча равишда тақдирлашни истаган, фарзанду аржумандлари ҳам дунёда мана шундай кўзни қувонтирадиган, Охиратда эса ота-онасига тож кийдирадиган қорию қурролар бўлишини ният қилган узоқ-яқиндаги саховатпеша кишиларимиз ҳиммати учун “Ўзбекистон Қуръон мусобақаси” махсус ҳисоб рақам очилди.
Эндиликда хайр-саховатларини қори ва қорияларга нисор этишни истаган юртдошларимиз қуйидаги ҳисоб рақамга мурувват қилишлари мумкин.
Ташкилий ҳайъат
Ўзбекистон мусулмонлари идораси,
ЎзРес. ТИФ МБ Тошкент шаҳар Амалиёт бошқармаси,
Ҳисоб рақам: 20212000900110363053,
МФО: 00451,
ИНН: 201753892.
Мурожаат учун телефонлар: 8-371-148-77-70, +998-99-898-72-77.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ўлим ҳар бир инсоннинг ҳаётдаги охирги нафаси, шу билан ҳар бир инсоннинг абадияти ҳал этиладиган энг сўнги лаҳза, яхшилик ва ёмонликларимизнинг заррачасини ҳам қолдирмай кўз ўнгимизга олиб келадиган, ҳисоб қилинадиган вақт, қабрда жаннат боғчаларидан бир боғча ёки дўзах чуқурларидан бир чуқур бўлишини исботлайдиган ҳолдир.
Ўлимнинг ҳақиқий маъносини тушуниб, унинг улкан маҳобатини ҳис этган олимлар бўлар бўлмасга ўлим сўзини тилларига чиқараверишдан ҳам истиҳола қилганлар. Шунинг учун ҳам халқимиз талаффузида вафот этган кишига нисбатан тўғридан-тўғри ўлим сўзи ишлатилмайди. Балки фалон киши дунёдан ўтибдилар, йўқ бўлиб қолибдилар, омонатни топширибдилар каби сўзларни ишлатиш урфга айланган.
Бугун эса, бу сўзга нисбатан енгил муносабатда бўлиб қолганимиз ўз жонига қасд қилиш иллати авж олишига сабаб эмасмикан? Эътибор бериб қарасангиз, айримларда тушунчанинг етарли эмаслиги сабабидан кўпчилик ўзаро ҳазиллашиб ҳам ўлим сўзини ишлатмоқда, ҳатто айрим оналаримиз фарзандларини қўрқмасдан “ўлим” сўзини ишлатиб қарғамоқдалар.
Ўз жонига қасд қилиш иллатининг бундан ҳам даҳшатли сабабларидан бири кўпчилик ёши катталаримиз ҳам, ўлим хабарини эшитган пайтда мусулмон кишига хос бўлган одобни ҳам билмаслигидир. Кўпчилик узоқ вақт касал бўлиб ёки қийналиб дунёдан ўтган кишини эшитса, унга муносабат билдириб “ташвишдан, қийинчиликдан қутулибди” деган сўзларни ҳам ишлатмоқдалар. Бу каби гап сўзлар билан нафақат ўзимиз ғафлатда юрибмиз, балки ёшларимизнинг ҳам онгини чалғитишга, ўлим билан осонгина ўйнашишга сабабчи бўлиб қолмоқдамиз. Бу ҳақда ҳадиси шарифларда бундай дейилади:
فعَنْ عَائِشَةَ رضي الله عنها قَالَتْ : قِيلَ : يَا رَسُولَ اللَّهِ ، مَاتَتْ فُلَانَةُ ، وَاسْتَرَاحَتْ , فَغَضِبَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَقَالَ : إِنَّمَا يَسْتَرِيحُ مَنْ غُفِرَ لَهُ (رواه أحمد 24192)
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: “Ё Аллоҳнинг Расули, фалон аёл вафот этиб, хотиржам бўлди, дунёнинг машаққатларидан қутилди дейишди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб: “Аллоҳ таоло томонидан мағфират этилган кишигина нажот топади”, дедилар (Имом Аҳмад ривояти).
Ўз жонига қасд қилишнинг тарқалишига яна бир жиддий сабаблардан бири меҳр-шафқатнинг етишмаслигидир. Доимо бир-бирлари билан чиқиша олмайдиган, арзимас сабаб билан бақир-чақирлар бўлаверадиган оилаларда ўсаётган фарзандларнинг жажжигина қалби дунёни ушбу ёвуз оила тимсолида тасаввур этиб улғаяди. Дунёни меҳрсиз деб тушуниб улғайган фарзанднинг қулоғига иккинчи томондан ўлим сўзи оддий нарса, ҳаёт қийинчиликларидан қутулиш йўли бўлиб эшитилиб тургандан кейин у нима қилсин?
Бир ҳақиқатни ҳеч қачон унутмайлик, фарзандларимизга берган меҳримиз сабабидан ҳам биз икки дунёда Роббимиз томонидан раҳм қилинамиз. Аллоҳ таолонинг Ўзи азиз халқимизни бу каби иллатларнинг домига тушиб қолишдан Ўз паноҳида асрасин.
Ш.Исроилов
ТИИ Модуль таълим тизими талабаси,
Учқўрғон тумани Муҳаммад Зариф жоме масжиди имом-хатиби