Буюк ипак йўлида жойлашган Бухоро шаҳридаги энг кўҳна ёдгорликлардан бири Мир Араб мадрасасидир. Ушбу мадраса Марказий Осиёда узоқ вақт зиё тарқатиш билан машғул бўлган илм даргоҳидир. Мир Араб мадрасаси шонли тарихининг янги давридан ҳозирги кунгача мингдан ортиқ малакали диний ходимлар, жуда кўплаб муфтийлар, уламолар ва бугунги кунда фаолият юритаётган имом-хатиблар таълим олганлар. Бу илм масканидан қўшни Республикаларнинг Ислом дини ривожига ҳам сезиларли ҳисса қўшган кўплаб машҳур уламолар етишиб чиққан.
Мир Араб мадрасасини бутун оламга машҳур қилган нарса ҳеч муболағасиз айтишимиз мумкинки, мадрасадан етишиб чиққан забардаст алламолар ва улар мерос қолдирган буюк асарлардир. Бу мадрасада турли даврларда олимлар, мударрислар таьлим бериб келдилар. Масалан яқин асрларда бу мадрасада Аҳмад Дониш, Садриддин Айни, Муфтий Эшон Бобохоннинг устозлари Миён Бузрук ҳам шу ерда таҳсил олиб, кейин мударрислик қилганлар.
Айни вақтда мадрасада 130 та талаба таҳсил олаётган бўлиб, улар диний ва дунёвий илмларни эгалламоқдалар. Талабаларимиз учун шинам синфхоналар, иссиқ ётоқхоналар ҳамда 200 та талаба 5 маҳал намозларини адо этишлари, амалиёт дарсларини ўтказишлари ва нотиқлик санъатидан фойдаланишлари учун янги таъминланган масжид талабалар фойдаланиши учун топширилди. Шу билан бирга мадрасада 100 га яқин ўриндан иборат бўлган янги таҳоратхона ва 200 та талаба ва устозлар овқатланишлари учун янги ошхона қурилиши якунланмоқда.
Бу мадрасанинг асрлар давомида илм маскани булиб, зиё нури таратиб келаётганига яна бир сабаб бу мадрасага асос солган улуғ зот нақшбандия тариқатининг улуғ пири Мир Араб саййид Абдуллоҳ Яманийнинг шарофати ва барокотларидан десак ҳеч муболаға қилмаган бўламиз. Зеро ривоятларда айтилишича, шайх Мир Араб ҳазратлари, мадраса қиёматгача илм ва таълим маскани бўлиб қолишлигини сўраб дуо қилган эканлар. Шу дуолар шарофати ила муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович 2017 йилнинг 11 март куни мадрасага ташрифи чоғида дунёга донғи кетган бу зиё масканида ёшларимизнинг таҳсил олишлари учун барча шарт-шароитларни яратиш бўйича тавсиялари келажакда яна Бухорийлар чиқишига туртки бўлди. Билим юрти жамоаси малакали диний кадрлар етиштириш учун астойдил хизмат қилмоқдалар. Бундан ташқари мадраса ҳовлисида Мир Араб саййид Абдуллоҳ Яманийнинг муборак жасадлари дафн этилган. Аллоҳ таолонинг дўсти бўлмиш Мир Араб шарофатлари боис ушбу мадрасада сакинат, ихлос, тақво ва илм то Қиёматга қадар боқий қолажак!
МАДРАСА МАСЖИДИ
Мир Араб мадрасаси мудири
Жобир Элов
ЎМИ Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Муҳаррам ойи қандай ой?
Муҳаррам ойи – мусулмонлар тақвимининг биринчи ойидир. Бу ой Аллоҳ таоло уруш, қон тўкишни ҳаром қилган (Зулҳижжа, Зулқаъда, Муҳаррам, Ражаб) тўрт ойнинг бири бўлиб, унинг ўнинчи куни яъни, ашуро куни алоҳида фазилатларга эга.
Ашуро қандай кун?
Бу кун ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Бу шундай яхши кундирки, бу кунда Аллоҳ Бани Исроилни душманларидан қутқарган. Шу боис Мусо алайҳиссалом бу кунда рўза тутган. Мен Мусога кўпроқ (яқин бўлишга) ҳақлироқман”, дедилар ва у кунда рўза тутиб, одамларни ҳам унинг рўзасини тутишга буюрдилар” (Имом Бухорий ривояти).
Ашуро куни рўза тутиш ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади.
Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ашуро кунининг рўзаси – Аллоҳдан умид қиламанки – бир йил олдинги гуноҳларга каффорат бўлади”, деганлар (Имом Муслим ривояти).
Бу кун яқинларга кенгчилик қилиш, бир йиллик кенгчиликка сабаб бўлади.
Абу Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким Ашуро куни аҳли аёлига кенглик яратса, Аллоҳ унга йил бўйи кенглик яратади”, дедилар (Имом Байҳақий ривояти).
Ашуро кунини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қандай ўтказардилар?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу кунни ўтказиб юбормаслик учун қаттиқ ҳаракат қилардилар, унинг савобига эришиш учун бу куннинг келишини интиқлик билан кутардилар. Бу ҳақда Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтадилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Ашуро куни рўзасини Рамазон ойи рўзасини кутиб соғингандек, бошқа кун ва ой рўзасини кутганларини кўрмадим” (Имом Бухорий, Имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини тутиб, одамларни ҳам бу куннинг рўзасини тутишга буюрганларида, саҳобалар: “Ё, Расулуллоҳ! Бу кун яҳудий ва насронийлар улуғлайдиган кун-ку!” дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аллоҳ хоҳласа келаси йил тўққизинчи куни ҳам тутамиз”, дедилар. Аммо, келаси йил келмасидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар (Имом Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло ушбу ойнинг фазилатларидан барча мўмин-мусулмонларни тўлиқ баҳраманд этсин. Ўзининг розилигини топадиган амалларда бардавом қилсин.
Даврон НУРМУҲАММАД