Самарқанд вилоятидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасида Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичига оқ фотиҳа берилди. Мусобақани онлайн узатиш ишлари бир неча дақиқадан сўнг бошланади.
Азиз мухлислар Самарқанд вилояти Пайариқ туманидаги интернет тезлигининг заифлиги сабабли мусобақани онлайн узатишда узилишлар ва камчиликлар бўлиши мумкин. Бунинг учун сизлардан узр сўраймиз. Бор куч ва имкониятимизни ишга солиб, камчиликларни бартараф этишга ҳаракат қиламиз. Аллоҳ таоло Ўзи мадад беришини сўраб, дуо қилиб туришингизни илтимос қиламиз.
Бизнинг muslim.uz портали ва ижтимоий тармоқлар орқали кузатиб боринг. Энг хушовоз қориларнинг ҳузурбахш тиловатларидан баҳраманд бўлишга барчани чорлаймиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
“Ҳаж – 2025” мавсуми зиёратчилари тоат-ибодатларини қулай шароитларда бажаришларини таъминлаш мақсадида Саудия Арабистони сафарида бўлиб турган Дин ишлари бўйича қўмита раиси Содиқжон Тошбоев, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари, “Ҳаж” ва “Умра” ишлари бўйича атташе Шуҳрат Амоний мутасадди идоралар билан музокаралар ўтказишмоқда.
Хусусан, муборак масканлар – Мино, Арафот ва Муздалифа водийларида муносиб шарт-шароитлар ҳозирлаш юзасидан мазкур ҳудудларда турар жой, транспорт, озиқ-овқат таъминоти билан шуғулланадиган “Тавофа” муассасаси раҳбарияти билан учрашув бўлиб ўтди.
Мулоқотда ҳар бир ҳожи учун Мино водийсида етарли ўрин билан таъминлаш, Арафот ҳудудидаги чодирларни иссиқ ўтказмайдиган замонавий сендвич панеллар билан ўрашни охирига етказиш, уларда “Sofa bed” (ёстиқ ва тўшак), “Martaba” (тўшак), совуткич сингари қулайликлар қилиш, коммунал хизматларни яхшилаш, уч маҳал иссиқ овқат ва мунтазам чой-салқин ичимликлар билан таъминлашга урғу қаратилди. Шунингдек, Муздалифа ҳудудида етарли миқдордаги гилам-полослар ва сув билан таъминлаш қўшимча қилинди.
Айниқса, ҳожиларнинг муқаддас маконларда вақтларини ғанимат билиб, доимо тоату ибодатда бўлишлари учун таниқли уламоларнинг суҳбатлари, машҳур қориларнинг қироатларини барчага етказиш учун микрафон ва овоз кучайтиргичларни етарли даражада ташкил этишга эътибор қаратилди.
Соҳа раҳбарлари томонидан Дин ишлари бўйича қўмита Зиёрат туризмини ривожлантириш бўлими бошлиғи Бобомурод Рустамов ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги "Ҳаж ва Умра" маркази раҳбари Зиёуддин Мақсудовга мазкур хизмат кўрсатиш йўналишларини янада синчковлик билан ўрганиш ва якуний маълумотларни тақдим этиш юзасидан кўрсатма берилди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати