Аввалроқ, 17 январь куни Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичи Сирдарё вилоятида давом этиши ва унда ушбу ҳудуддаги хушхон ҳофизи каломуллоҳлар, ёқимли қироатлари билан чиқишларини давом эттиришлари ҳақида хабар берган эдик.
Гулистон шаҳридаги “Осиё” кошонасида давом этаётган мусобақани кузатиш учун юзлаб мухлислар келишди. Мусобақа иштирокчиларини ушбу улкан аҳамиятга эга тадбир билан қутлаш мақсадида Сирдарё вилояти ҳокими Ғофуржон Мирзаев ташриф буюриб, мусобақа ғолиб ва совриндорларига эсдалик совғаларини улашди.
Шунингдек, вилоят ҳокими мусобақанинг энг нуфузли иштирокчиси бўлмиш кўзи ожиз, бироқ қалб "кўзи" очиқ қорига ҳокимликнинг дипломи ва қимматбаҳо совғасини топширди.
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан аҳоли билан самимий мулоқотлар йўлга қўйилгани кўплаб муаммоларни ҳал этишда муҳим омил бўлмоқда. Айниқса, фуқаролар қабули давомида ҳар бир мурожаат эътиборга олиниб, ўз ечимини топаётгани қувонарли ҳол.
Бугун, 15 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон домла Ишматбеков фуқароларни қабул қилиб, мурожаат, арз ва таклифларини эшитди.
Қабул чоғида улар томонидан кўтарилган масжидлар ҳолати, оилавий масалалар, ҳаж, иш, диний таълим ҳамда моддий ёрдам олиш сингари масалалар кўриб чиқилди.
Жумладан, оилавий муносабатларда келганларга муаммолар ечими бўйича маслаҳатлар, шаръий масалалар ечими юзасидан тавсиялар ва моддий ёрдам сўраганларга белгиланган тартибда кўмак берилди.
Бу каби қабул жараёнлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ҳудудлардаги вакилликлари ва барча жоме масжидларида ҳам ҳафтанинг ҳар чоршанба куни имом-домлалар томонидан амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Матбуот хизмати