Қуръон мусобақаси Сирдарёда давом этади
Бугун, 17 январь куни Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичи Сирдарё вилоятида давом этади. Гулистон шаҳридаги “Осиё” кошонасида давом этаётган мусобақа ўзининг энг юқори босқичига кўтарилмоқда. Ушбу ҳудуддаги хушхон ҳофизи каломуллоҳлар, ёқимли қироатлари билан бугун чиқишларини давом эттиришади. Якунда ҳудудий босқичнинг мутлақ ғолиблари эълон қилинади ва уларга тантанали равишда Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг дипломи ва қимматбаҳо совғалар топширилади.
Бизни кузатишда давом этинг, ушбу вилоятдаги ҳудудий босқич жараёнлари бир соатдан кейин онлайн ёритиб борилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Cавол: Уйда бир қанча Қуръон китоблари бор. Кўпроқ биттасидан фойдаланаман. Бошқаларини ҳам ўқишим керакми ёки биттасини ўқиётганим кифоя қиладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Мусҳафи шарифнинг эҳтиромига зид иш қилинмаса, уйда бир нечта мусҳафлар туришининг зарари йўқ. Нечта мусҳаф бўлса, ҳаммасидан ўқиш керак деган талаб ҳам йўқ. Чунки киши ўзига қулай ва кўзи ўрганган битта мусҳафдан қироат қилиши мумкин. Агар ҳаммасидан ўқиб турса ёки хатм қилишда ҳаммасидан фойдаланса, нур устига нур бўлади. Уламоларимиз одамлар ўқий олмаса ҳам, хайр-барака умидида уйида мусҳаф сақласа бўлади, дейишган. Жумладан, “Фатовои Қозихон” китобида бундай дейилган:
“Уйида мусҳаф тутган, лекин ўқимайдиган киши ҳақида уламолар: “Агар у бу иши орқали хайр-баракани ният қилган бўлса, гуноҳкор бўлмайди, балки бундан савоб умид қилинади”, дейишган”. Валлоҳу аълам.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.