Бугун, 16 январь куни Қуръон мусобақасининг ҳудудий босқичлари Жиззах вилоятида давом этади. Сирдарё вилоятида эса мусобақанинг дастлабки ҳудудий босқичига оқ фотиҳа берилади.
Жиззах вилоятидаги мусобақанинг ҳудудий босқичи Жиззах шаҳридаги мусиқали драма театрида давом этмоқда. Сирдарё вилоятида эса мусобақанинг дастлабки ҳудудий босқичи Гулистон шаҳридаги “Осиё” кошонасида бошланади.
Бизни кузатишда давом этинг, ушбу икки вилоятдаги ҳудудий босқич жараёнларини жонли хабарларда ёритиб борамиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз” (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Эй мўминлар, Аллоҳ таоло сизга ошнолик ва бирдамликни инъом этганини эсланг. Зеро, Исломни қабул қилишингиздан олдин бир-бирингизга душман эдингиз. Аллоҳ таоло Ислом орқали қалбингизни бирлаштириб, ўзаро биродар қилди. Шундай экан, биродарингизга нисбатан қалбингизда асло гина, кин-адоват ва нафрат сақламанг!
Имом Саъдий роҳимаҳуллоҳ айтадилар: “Аллоҳ қалбингизни Ислом сабабли бирлаштирди ва шу боис ўзаро биродар бўлиб, раҳм-шафқатли ҳамда бир-бирингизга ёрдам бердингиз” (“Тафсири Саъдий”).
Бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Ҳамда уларнинг қалбларини бирлаштирган Зотдир. Агар ер юзидаги ҳамма нарсани сарф қилсанг ҳам, уларнинг қалбларини бирлаштира олмас эдинг. Лекин Аллоҳ уларни бирлаштирди. Албатта, У ғолиб ва ҳикматли Зотдир” (Анфол сураси, 63-оят).
Ҳунайн ғазотидаги ғалабадан кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам маккаликларга уларнинг қалбларини Исломга янада ошно қилиш мақсадида ўлжаларни орттириб бердилар. Бунга баъзи ансорийлар норози бўлиб: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Қурайшга беряптилар, бизни эса тарк қиляптилар”, дейишди.
Бу гап Набий алайҳиссаломга етди. Шунда ансорларни тўплаб: “Эй ансорлар жамоаси, залолатда эдингиз, Аллоҳ таоло сизни мен сабабли ҳидояга бошламадими? Тарқоқ эдингиз, Аллоҳ сизни мен сабабли оға-ини қилмадими? Фақир эдингиз, Аллоҳ мен сабабли сизларни бадавлат қилмадими?”.
Ансорлар у зот алайҳиссаломнинг ҳар бир саволларига: “Ҳа, Аллоҳ ва Расули марҳаматли ва афзалдир”, деб жавоб беришарди.
Даврон НУРМУҲАММАД