Кўк гумбаз масжиди Шаҳрисабзнинг марказий майдонида «Чорсу» савдо маркази яқинида жойлашган Дорут-Тиловат мажмуасининг бир қисмидир.
Масжидни Мирзо Улуғбек отаси – Шоҳруҳ Мирзо шарафига қурдирган.
Масжиднинг ташқи девори, баланд гумбази устуни ва ички томонини қадама нақшлар безаб туради.
Бино пештоқида «Баланд жойдаги ушбу жума масжиди энг гўзалидир… унинг улкан гумбази бор. Бу гумбаз Шаҳрисабзда ям-яшил шаҳар устидаги мовий осмон сингари савлат тўкиб туради» деган арабча ёзув сақланиб қолган.
Гумбазнинг таянч қисмида шундай нома бор: «Меҳрибон ва раҳмдил Аллоҳ номи билан! Аллоҳ олдинги ва кейинги гуноҳларингни кечириши, марҳаматини дариғ тутмаслиги ва тўғри йўлга бошлаши учун сенга шубҳасиз ғалабани тортиқ этдик».
Масжид ичкарисида «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Масжидга қоронғида борадиганларга Қиёмат кунида ёрқин нур тиланг’ деб айтдилар. Муҳим хабар. Аллоҳнинг Пайғамбари ҳақ гапни айтдилар» ёзуви битилган.
@madaniymerosi
Туркиянинг “CNN-Türk” телеканалида эфирга узатилган “Тафаккур доираси” дастурида сўзга чиққан таниқли олим, Миллий мудофаа университети ректори, профессор Эрҳан Афёнжу Ўзбекистоннинг бой тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти ҳақида фикр юритди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Кўрсатувда қатнашган турк тарихчиси Эрҳан Афёнжу Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг энг гўзал шаҳарлари жойлашган алоҳида географик ҳудуд сифатида таърифлаган.
Олимнинг фикрича, жуда кўпчилик сайёҳлар Ўзбекистонни ўз кўзи билан кўришни истайди. Чунки дунёга машҳур Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкент каби шаҳарлар ана шу заминда жойлашган.
Турк тарихчиси ёшларга мурожаат қилиб, хорижга саёҳат қилишни, аввало, Туркий дунё мамлакатларини кашф этиш, аждодлар юрти билан яқиндан танишишдан бошлаш лозим эканини таъкидлади.
“Ёшларга тавсиям шуки, ҳозир хорижга саёҳат қилмоқчи бўлсангиз, аввало Туркий заминни айланинг. Масалан, Ўзбекистонга бориб, тарихий шаҳарларни кўриб келинг, аждодларингиз юрти билан танишинг. Сўнг Салжуқийлар давлати барпо этилган заминларни кўринг”, – деди профессор.
Эрҳан Афёнжунинг таъкидлашича, бундай саёҳатлар ёшлар учун ҳар томонлама фойдали ва қизиқарли бўлиб, уларнинг тарихий хотираси ва дунёқарашини бойитади.
“Масалан, Самарқанднинг гўзаллигини дунёнинг кўп жойларида топа олмайсиз. Айниқса, турк ёшлари ўз аждодлари яшаган заминни бориб кўришлари лозим”, – деди олим.
Профессор Ўзбекистонни туркий цивилизациянинг асосий бешикларидан бири, илм-фан маркази сифатида ҳам алоҳида эътироф этган.
Шунингдек, турк тарихчиси Ўзбекистоннинг нафақат тарихий ва маданий, балки географик жиҳатдан ҳам яшаш учун қулай ҳудуд эканини таъкидлаган.
Дастур давомида профессор билдирган фикр-мулоҳазалар Туркия жамоатчилиги орасида Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари, бой маданий мероси ва туризм салоҳиятига бўлган қизиқишни янада оширишга хизмат қилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати