Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Ҳеч шубҳа йўқ, ҳар бир диннинг ўзига хос хулқи бор. Ислом динининг ўзига хос хулқи ҳаёдир”. Ҳаё – кишини инсоний ахлоққа тўғри келмайдиган ҳар қандай нарсадан тийилишга ундовчи сифат. Ҳаё хижолат чекиш, истиҳоладан фарқ қилади. Чунки хижолат чекиш ҳамиша ҳам ижобий хислат ҳисобланмайди. Баъзан у салбий оқибатларга ҳам сабаб бўлиши мумкин.
Ҳаё бир вақтнинг ўзида жоиз бўлмаган иш ва сўзлардан қайтаргани каби, яхши ишларга ундовчи ҳамдир. Бу гўзал хислат одамлар орасида ҳам, ўзи ёлғиз қолганида ҳам эгасининг иккиюзламачилик қилишига йўл қўймайди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳаёнинг ҳаммаси яхшидир”, деганлар.
Ҳаё инсоннинг икки дунёси, шунингдек, атрофидагилар учун ҳам фойдали фазилат. Уламоларимиз ҳаё ҳақида: “Ҳаё ёмон, қабиҳ иш ва қилиқларни тарк этишга ундайдиган, ҳақдор кишининг ҳақига путур етказишдан қайтарадиган яхши сифатдир”, дейишган.
Имонимизнинг бир бўлаги – ҳаё биздан узоқлашиб, бегонасираб кетишига йўл қўймайлик.
Ёрмуҳаммад ЭШНАЗАРОВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
ЎМИ Матбуот хизмати
Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмита, Сергели туман ҳокимлиги ҳамда Маърифий тарғибот маркази ҳамкорлигида Сергели туманидаги 104-мактабда "Хўжа Аламбардор" жоме масжиди имом-хатиби Устоз Раҳимберди домла Раҳмонов иштирокида "Қипчоқ" ва "Саховат" МФЙда истиқомат қилувчи ота-оналар ва аҳоли вакиллари билан маърифий тадбир бўлиб ўтди.
Тадбир давомида жаҳолатнинг жамият ривожига етказадиган салбий оқибатлари, илм-маърифатнинг эса инсон ҳаёти ва жамият тараққиётидаги ўрни ҳақида атрофлича сўз юритилди. Ислом динининг асл инсонпарварлик тамойиллари, илм ва адолатга чақирувчи моҳияти ҳақида батафсил тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, ота-онага ҳурмат ва уларга хизмат қилишнинг фазилати, фарзанд тарбиясидаги маърифат ва Ватанга садоқат руҳини шакллантиришнинг аҳамияти алоҳида таъкидланди.
Тадбир сўнгида аҳоли томонидан берилган саволларга жавоблар берилди.
t.me/marifiymarkaz