Кеча, 12 январь куни хориж сафарида бўлиб турган Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Россия Федерациясининг Ставрополь ўлкаси муфтийси Муҳаммад ҳожи Раҳимов ва бир гуруҳ ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан учрашдилар. Шунингдек, Пятигорск шаҳридаги масжид ва мадрасалар фаолияти билан яқиндан танишдилар.
Дастлаб Ставрополь ўлкаси муфтийси билан бўлган мулоқотда томонлар бугунги кунда Ислом дини қадриятларини асраб-авайлаш, мусулмон давлатлари ўртасида дўстлик ва ҳамкорлик ришталарини янада мустаҳкамлаш йўлида тинимсиз меҳнат қилиш зарурлиги тўғрисида сўз борди. Жумладан, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Ўзбекистонда дин соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар, катта янгиликлар ва улкан ўзгаришлар тўғрисида гапириб бердилар. Ҳазрат сўзларида давом этиб, Ўзбекистон ва Ставрополь мусулмонлари идораси алоқалари йилдан-йилга сайқалланиб келаётгани, охирги икки йилда икки мусулмонлар идоралари вакиллари бир неча бор мулоқот қилишганини таъкидладилар.
Шунингдек, муфтий ҳазратлари Ставрополь ўлкасидаги ўзбекистонлик меҳнат мигрантлари билан учрашиб, юртимизда дин соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар, янги масжид-мадрасалар очилгани, илмий марказлар, ихтисослашган мактаблар ташкил этилгани, кенг миқёсда Қуръон мусобақаси уюштирилаётгани, шунингдек, ватанга садоқат, оила муқаддаслиги, огоҳлик мавзуларида амру-маъруф қилиб бердилар.
Бундан ташқари меҳнат мигрантларининг яшаш ва ишлаш шароитлари билан қизиқиб, уларнинг берган саволларига муфтий ҳазратлари жавоб бердилар. Кўп йиллардан буён Ставрополь ўлкасида яшайдиган, асли самарқандлик бўлган табаррук ёшдаги онахон билан учрашиб, дилдан суҳбатлашдилар.
Ҳозирги кунларда Ўзбекистонда ижтимоий-иқтисодий ва дин соҳасида кенг кўламли ўзгаришлар тўғрисида муфтий ҳазратлари “Пятигорск” радиосига интервью бердилар.
Ставрополь ўлкасига сафар давом этмоқда.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати
Абу Умома ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, унинг жаннатга киришини фақат ўлими тўсиб туради", деганлар (Имом Насоий, Имом Табароний ривояти).
Ҳасан ибн Али розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: «Ким ҳар бир фарз намозидан кейин Оятул Курсийни ўқиса, келаси намозгача у (банда) Аллоҳнинг ҳимоясида бўлади» (Имом Табароний ривояти).
Қаранг, бу жуда ҳам осон, аммо савоби улкан, гуноҳларни кетказувчи, жаннатга етказувчи бўлган амалдир. Лекин дангасалигимиз, бепарволигимиз оқибатида бунга эътибор бермаймиз, амал қилмаймиз. Кўпчилигимиз ҳатто билмаймиз ҳам. Аввал билмасак, энди билиб олдик. Энди билганимизга амал қилайлик ва бошқаларга ҳам етказайлик.
Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларини ёйилишига хизмат қилиш у зотга бўлган муҳаббат ва эҳтиромнинг юксак намунаси ҳисобланади. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини аниқлик билан етказганларнинг ҳаққига: “Менинг гапимни эшитиб, ёдлаб, сингдириб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин”, деб дуо қилганлар (Имом Термизий ривояти).
Аллоҳ таоло барчамизга ҳар бир ишда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилишимизга тавфиқ ато этсин, омийн!
Аллоҳумма солли ва саллим ъала Муҳаммадин ва ъала оли Муҳаммад
Даврон НУРМУҲАММАД