Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
29 Декабр, 2024   |   29 Жумадул сони, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:23
Қуёш
07:48
Пешин
12:30
Аср
15:21
Шом
17:05
Хуфтон
18:25
Bismillah
29 Декабр, 2024, 29 Жумадул сони, 1446

Қуръонни Қуръон билан тафсирлаш усули

11.01.2018   7563   9 min.
Қуръонни Қуръон билан тафсирлаш усули

Ҳанафий мазҳабининг таниқли олимларидан бири муфассир Абу Бакр Розий ал-Жассоснинг (917–980) “Аҳком ал-Қуръон” асарида  тафсир қилиш усулининг бир неча турларидан фойдаланганини кўрамиз. Шуни таъкидлаш лозимки, аллома ва муфассир Абу Бакр Розий ва унинг илмий меросини ўрганиш ва тадқиқ этишга собиқ шўролар даврида эътибор берилмаган. Бугунги кунда бу алломанинг ҳаёти ва илмий меросига нафақат юртимиз олимлари, балки мусулмон оламининг кўпгина илмий марказлари ва европолик тадқиқотчилар ҳам катта қизиқиш билан қарамоқда.

Абу Бакр Розий ал-Жассос таниқли аллома ва муфассир эканини “Аҳком ал-Қуръон” (Қуръон ҳукмлари) тафсирида қўлланган бир қанча тафсир усуллардан ҳам билиб олишимиз мумкин. Абу Бакр Розий ал-Жассоснинг ҳаёти ва илмий фаолияти сиёсий ва ижтимоий муносабатлар кескин тус олган бир даврга тўғри келгани боис турли оқим ва мактабларга муносабат билдириши тасодиф эмаслигини инобатга олиш даркор. Шу боис аллома Жассоснинг фиқҳий масалалар юзасидан билдирган фикр-мулоҳазалари ва қарашларини тафсир илми орқали беришга ҳаракат қилиши бугунги кунга қадар ислом дини тарихи ва манбашунослиги тадқиқотчилари диққат-эътиборини ўзига жалб этиб келмоқда. Маълумки, Қуръони каримда муайян масала ёки ҳодиса муносабати билан бирон ўринда қисқача изоҳ берилса, бошқа бир ўринда унга кенгроқ ва батафсил тўхталинган ёки бир оятда келган ҳукмни бошқа оятда насх қилинишини учратамиз. Бундай ҳолатлар Қуръони каримда кўп учрайди. Шунинг учун Қуръони каримни тафсир қилаётган муфассир, биринчи навбатда Қуръонни пухта билиши ҳамда бир мавзудаги оятларни тўплаб, уларни бир-бирига солиштириб кўриши ва шу оятлар мазмун-моҳиятини тушунишда мужмалликка йўл қўймаслиги лозим. Агар шундай йўл тутилса, Аллоҳнинг оятда кўзда тутган мақсадини У зотнинг ўзидан келган ҳукм воситасида тушунган бўлади ва бундай тафсир усулини Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш деб аталади. Ҳар бир муфассир бундай тафсир усулидан фойдаланмасдан тўғридан-тўғри бошқа тафсир усулига ўтиб кетишга ҳаққи йўқ, чунки илоҳий сўз эгаси ўз сўзининг маъносини ўз бандаларидан яхшироқ билади.

Тарихий ва илмий манбаларга мурожаат қилинса, Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш усулини энг биринчи Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари қўллаганлар. Бутун башариятни тўғри йўлга бошлашга юборилган Пайғамбар алайҳиссалом ўзларига нозил бўлган оятларни тушуна олмаган саҳобаларига бошқа оятлар билан шарҳлаб берар эдилар. Масалан, “Имон келтирган ва имонларига зулм (ширк) ни аралаштирмаганлар...” (Анъом сураси 82-оят) ояти нозил бўлганда, саҳобалар қайси биримиз зулм қилмаган, деб маҳзун бўлишди. Шунда Расулуллоҳ  мазкур ояти каримада келтирилган зулм сўзи улар ўйлаган зулм эмаслигини, балки ширк маъносида қўлланганини билдирганларидан кейин бу оятни янада кенгроқ тушунишга ёрдам бериш учун, “Эсланг, Луқмон ўғлига насиҳат қилиб, деган эди: “Эй, ўғилчам! Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки, ширк улкан зулмдир" оятини ўқидилар.

Муфассир Абу Бакр Розий Қуръонни Қуръон билан тафсир қилишга алоҳида эътибор қаратиб, бир-бирига ўхшаш оятларни жамлаб, бир-бирига солиштиришга ҳаракат қилган: фиқҳ ва ҳукмга оид оятларда ҳам ёки бошқа бир маънога алоқадор барча оятларни шарҳлашда шундай тафсир усулидан кенгроқ фойдаланишган. Шундан келиб чиққан ҳолда, Абу Бакр Розийнинг Қуръонни Қуръон билан тафсир қилиш усулини икки қисмга ажратиш мумкин бўлади:

  1. Бирон оятда келган сўз ёки жумланинг луғавий маъносига Қуръоннинг оятидан ҳужжат-далил келтириш;
  2. “Мавзуий тафсир”, яъни тафсир қилинаётган оят мавзусига алоқадор яна бошқа оятларни келтириш.

Бундан ташқари, муфассир аллома тафсир қилаётган бирон оятдаги лафзнинг луғавий маъносини тушунтириш ва унга изоҳ беришда Қуръон каримнинг ўзидан ҳужжат-далил келтириши “Аҳком ул-Қуръон” тафсирида кўп ўринларда учраб туради. Масалан, Бақара сурасининг 234-оятини шарҳлашда ундаги “ятараббасна” (يتربصن) лафзининг маъноси “бир нарсани кутиш” эканини келтириб, ҳудди шу лафз шу маънода ишлатилганини Мўминун сурасининг 30-ояти, Тавба сурасининг 98-ояти ва Тур сурасининг 30-оятларини далил сифатида келтириб ўтади[8]. Шунингдек, Бақара сурасининг 236-оятидаги “ёки” маъносини англатувчи “ав” (أو) зидловчи юкламаси баъзи оятларда “ва” маъносини ҳам англатиб келишини билдириб, унга Инсон сурасининг 24-ояти, Нисо сурасининг 43-ояти, Соффот сурасининг147-ояти ҳамда Анъом сурасининг 146-оятини далил қилиб кўрсатади ва бу оятларда ҳам ўша лафз “ёки” эмас, балки “ва” маъносида келганини тушунтиради.

Муфассир Абу Бакр Розий Қуръонни Қуръон билан тафсир қилишда кўп ўринларда мавзуий тафсир усулидан фойдаланади, яъни тафсир қилинаётган оят мавзусидаги яна бошқа оятларни келтириш билан кифояланади. Шу боисдан бир мавзу ёки атамага оид оятларни келтириш ўша мавзу ёки атамани тўлиқроқ ва яхшироқ тушунишга омил вазифасини бажаради.

 Яна шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, муфассир шарҳ бераётган бирон оятга айни шу оятдан олинадиган ҳукмлардан келиб чиққан ҳолда сарлавҳа қўйилганини ҳам учратамиз. Масалан, “Хавф намози боби”, “Илмни яширишдан қайтарилганлик боби”, “Ота-онага яхшилик боби”, “Пайғамбарга итоат этиш лозимлиги боби”, “Садақани миннат қилиш боби” ва бошқалар. Агар сарлавҳа қўйилган оятга ўхшаш бошқа оятлар мавжуд бўлса, уларни ҳам шу ўринда келтириб, қисқача ва мухтасар ҳолда шарҳлаб ўтилган. Масалан, Бақара сурасининг 159-оятида “Илмни яширишдан қайтарилганлик” номи остида алоҳида сарлавҳа берилиб, унда илмни яширишга доир оятлар – Бақара сурасининг 174-ояти ва Оли Имрон сурасининг 187-оятлари келтирилган. Шунингдек, қасосга оид оятнинг шарҳида “Қасддан ўлдирилган кишининг валийсига вожиб бўладиган нарсалар” номли сарлавҳа очилиб, унда қасосга тааллуқли барча  оятлар – Бақара сурасининг 178-ояти ва 194-ояти, Моида сурасининг 45-ояти, Исро сурасининг 33-ояти ва Наҳл сурасининг 126-ояти келтирилган. Бундай мисоллар “Аҳком ул-Қуръон” тафсирида кўплаб келтирилганини учратиш мумкин.

Шунга қарамасдан, муфассир Абу Бакр Розий ўз тафсирида бундай йўл тутмасдан, яъни сарлавҳа қўймасдан тафсир қилган мавзулар ҳам учрайди. Тафсир билан танишиш давомида бундай ҳолатларни осонлик билан аниқлаб, уларнинг мавзусига қараб сарлавҳа қўйиш мушкуллик туғдирмайди.

Масалан, Нисо сурасининг 28-ояти шарҳида алоҳида сарлавҳа қўйилганини кўрмасак ҳам, аммо шу оят мазмуни ва уни шарҳлаш давомида келтирилган оятлар мазмунидан келиб чиққан ҳолда унга “Динда қийинчилик ва машаққатнинг йўқлиги” деб сарлавҳа қўйиш мумкин. Зеро, оят шарҳида берилган оятлар – Аъроф сурасининг 157-ояти, Бақара сурасининг 185-ояти ва Оли Имрон сурасининг 28-оятларининг барчаси айнан шу мавзуга оид эканини билиш қийин эмас. Худди шу суранинг 5-ояти шарҳида ҳам худди шундай ҳолат кўзга ташланади. Бу оят тафсирида ҳам алоҳида сарлавҳа қўйилмаган бўлса ҳам, аммо оят мазмуни ва унинг шарҳида келтирилган оятлар мазмунидан келиб чиққан ҳолда унга “Мол-мулкни сақлашга буюрилганлик ва уни зоеъ қилишдан қайтарилганлик” деб сарлавҳа қўйилса хато бўлмайди. Чунки мазкур оят шарҳида берилган оятлар – Исро сурасининг 26, 27 ва 29-оятлари, Фурқон сурасининг 67-ояти ва Оли Имрон сурасининг 159-оятлари ҳам айнан шу мавзуга алоқадор бўлгани учун шундай хулоса чиқаришга имкон беради.

Умуман олганда, муфассир ўз асарида Қуръонни Қуръон билан тафсир қилишга алоҳида эътибор қаратиб, Қуръондаги бир-бирига ўхшаш оятларни бир ўринда жамлашдан ташқари хоҳ фиқҳий ҳукмларга оид оятлар бўлсин, хоҳ умумий тафсирга оид оятлар бўлсин, уларни бир-бирига солиштиришни ўз олдига мақсад қилиб қўяди. Аксар тадқиқотчилар машҳур муфассирлардан бири  Ибн Касирни Қуръонни Қуръон билан тафсир қилган муфассир деб ҳисоблаши кўпчиликка маълум[17]. Бу фикрни қўллаб-қувватлаган ҳолда аллома Абу Бакр Розийнинг Қуръон билан Қуръони тафсирлаш усулидан фойдаланишда муфассир Ибн Касирдан қолишмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Агар Абу Бакр Розийнинг Ибн Касирдан тўрт аср олдин яшаб ўтганини ҳам инобатга оладиган бўлсак, Абу Бакр Розий  Қуръони каримни тафсир қилишда бу усулни қўллаган илк муфассирлардан бири деган хулосага келиш ўринли бўлади.

Бурҳониддин АҲМЕДОВ,

тайёрлади

ЎМИ Матбуот хизмати

Қуръони карим
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Сафар соати

27.12.2024   3037   6 min.
Сафар соати

Баъзи уламолар инсоннинг ҳаёт билан видолашув дамларини “сафар чоғи”, “сафар соати” дейишади. Хусусан, машҳур олим Оиз Қарний “Саҳобалар ҳаётидан хотиралар” китобида Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг “сафар соати” ҳақида сўз юритиб, бу вақтнинг ростгўйлик, руҳнинг пок­ланиши, ошкоралик ва шаффофлик онлари эканини таъкидлайди. 
 

Бу вақтда ўлим тўшагида ётган инсондан дунё безакларига интилиш, иғво, мунофиқлик, сохтакорлик каби иллатлар чекинар ва у ўзининг ҳақиқати билан ёлғиз қолади. Ҳатто Фиръавн ҳам жон бериш онида ичидаги махфий ҳақиқатни ошкор қилиб, бундай деган:

لا إِلَهَ إِلا الَّذِي آَمَنَتْ بِهِ بَنُو إِسْرَائِيلَ وَأَنَا مِنَ الْمُسْلِمِينَ

“Иймон келтирдимки, Исроил авлоди иймон келтирган Зотдан ўзга илоҳ йўқдир. Мен ҳам мусулмонларданман” (Юнус сураси, ٩٠-оят).


Машҳур саҳобий Амр ибн Ос розиялло­ҳу анҳу ўлим тўшагида ётаркан, юзини деворга буриб олганди. Атрофида ўтирган дўстлари ва ўғли Абдуллоҳ Амр ибн Осга Мисрни фатҳ этиб, Исломнинг ёйилиши­га катта ҳисса қўшганини, Аллоҳнинг раҳматидан умидвор бўлишини эслатар, у зот бўлса, ўзини қандай оқибат кута­ётганини билмагани боис қўрқувдан йиғларди.


Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу сўнгги лаҳзаларини бошдан кечирар экан, яшаб ўтган ҳаётини хотирлаб, бундай хулосага келади: “Менинг умрим уч босқичда ўтди. Исломдан олдин жаҳолат босқичида яшадим. Ўша пайтда энг ёмон кўрганим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам эдилар. Ҳар қанча ҳийла-найранг ишлатиб бўлса ҳам, у зотни ўлдиришга тайёр эдим. Исломни қабул қилгач, Мадинага ҳижрат қилдим. Бу ҳаётимдаги иккинчи босқич, яъни куфрдан Исломга ўтиш босқичи эди...”


Амр ибн Ос Маккадан Мадинага Холид ибн Валид билан бирга ҳижрат қилганди. Улар Мадинага яқинлашаркан, Амр ибн Ос Холид ибн Валидга: “Ё олдинда юр ёки орқада қол. Менинг гуноҳларим кўп. Расулуллоҳга улар ҳақида айтмоқчиман. У зот билан ёлғиз қолишни истайман”, деди. Шундан сўнг Холид ибн Валид олдинга ўтиб кетди. Амр ибн Ос ро­зияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига ке­либ: “Қўлингизни беринг, байъат қи­ламан”, деди.


Расулуллоҳ Амр ибн Осга байъат учун қўлларини чўзганларида, у пайғамбаримизнинг муборак қўлларини маҳкам ушлаб олди. Набий алайҳиссалом: “Сенга нима бўлди, эй Амр?” деб сўрадилар. Амр ибн Ос: “Мен шарт қўймоқчиман, эй Аллоҳнинг Расули”, деди. У зот: “Нимани шарт қўясан?” дедилар. Амр ибн Ос: “Раббим ўтган гуноҳларимни мағфират қилишини шарт қилиб қўяман”, деди. Амр ибн Ос жоҳилият даврида Исломга қарши жангларда қатнашган ва кўпгина гуноҳ ишларга қўл урганди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Амр, билмайсанми? Ислом ўзидан олдинги нарсаларни йўқ қилади (гуноҳларни кечиради)”, дедилар.


Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу айтади: «Қўлимни Расулуллоҳ соллаллоҳу алай­ҳи ва салламнинг қўлларига қўйиб, байъат қилдим. Шундан сўнг муҳаббат ва итоаткорлик ила у зотга ҳамроҳ бўлдим. У зот мен учун инсонларнинг энг севимлиси эдилар. Исломдан аввалги нафратим муҳаббатга айланди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган ҳурматим сабабидан у зотга тик қарай олмаганман. Агар мендан у зотни тасвирлаб беришимни сўрасангиз, бу ишни уддалай олмайман. Чунки у зотга бўлган муҳаббатим, эҳтиромим ва ҳаёим сабабли Расулуллоҳнинг юзларига қарай олмаганман. Ана шу муҳаббат туфайли қайтадан дунёга келгандек бўлдим... Кошкийди, ўша ҳолатимда вафот топган бўлсам. Чунки мазкур ҳолат дин учун кураш, илм, тавба ва ҳидоят каби ҳис-туйғуларни ўзида жамлаганди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан сўнг ўзгариб қолдим. Бу ҳаётимнинг учинчи босқичи эди. Бу босқичда дунё мен билан ошкора ўйин қилди. Сиффин ва Жамал каби фитнали ҳодисалар содир бўлди. Аллоҳга қасам, жаннатга кираманми ёки дўзахгами, билмайман!.. Ҳозир биргина калима бор, холос. Уни Аллоҳнинг ҳузурида ўзим учун ҳужжат қиламан. Бу: “Ла илаҳа иллаллоҳу ваҳдаҳу ла шарийка лаҳ. Лаҳул-мулку ва лаҳул ҳамду ва ҳува ъала кулли шайъин қодир” калимасидир».


Шундан сўнг Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу кафтини маҳкам сиқди ва руҳи танасидан чиқиб кетди. Унинг ўғли Абдуллоҳ ибн Амр айтади: “Отамни ювгани олиб кирдик. Ғассоллар унинг бармоқларини ювиш учун очмоқчи бўлдилар, лекин улар маҳкам сиқилганди. Сўнг уни кафанлаш учун бармоқларини очдик, лекин улар яна ёпилиб қолди. Уни қабрга қўйганимизда ҳам қўллари маҳкам сиқилганди”...


Ушбу воқеа замирида барчамиз учун улкан сабоқ бор. Амр ибн Ос розияллоҳу анҳунинг нақадар самимийлиги, тавҳид калимасини дили ва тилида маҳкам тутиб, Раббисига юзланганига ҳавасдамиз, албатта.


Амр ибн Ос розияллоҳу анҳу умрини уч босқичга бўлди. Бизнинг “сафар соати”миз қандай кечаркин? Ҳаётимиз неча босқичдан иборат бўлади? Умримиз қандай кечяпти? Раббимиз биз ожиз бандаларига бу борада ҳам Ўз “таклиф”ини тақдим этган. Оли Имрон сураси ٨-оятида бундай дуо бор:

رَبَّنَا لَا تُزِغْ قُلُوبَنَا بَعْدَ إِذْ هَدَيْتَنَا وَهَبْ لَنَا مِنْ لَدُنْكَ رَحْمَةً إِنَّكَ أَنْتَ الْوَهَّابُ

“Роббанаа лаа тузиғ қулуубанаа баъда из ҳадайтанаа ваҳаб ланаа мил-ладунка роҳмаҳ. Иннака антал Ваҳҳааб”.

“Эй Раббимиз, бизни ҳидоят йўлига солганингдан кейин дилларимизни (тўғри йўлдан) оғдирма ва бизга ҳу­зурингдан раҳмат ато эт! Албатта, Сен Ваҳҳоб (барча неъматларни текин ато этувчи)дирсан”. 


Меҳрибон Зот барчамизни ушбу дуо-оят ҳақиқати билан ризқлантирсин! 

Мавжуда НУРИДДИНОВА
 тайёрлади.

Мақолалар