Ота-она ризолигини топиш ҳақида сўз борганида, фарзандларнинг мажбурияти, масъулияти ҳақида кўп гапирилади. Бу табиий ҳолат. Бироқ масаланинг биринчи томонида турган ота-оналарнинг улар олдидаги мажбуриятлари ҳақида чуқур ва пухта билиб олинса, бу энг биринчи бажарилиши лозим бўлган вазифа эканини ёдда тутилса, айни муддао бўлади.
Зеро ота-она ўзларининг бу вазифаларини яхши билиб, ўз вақтида бажариб борадиган бўлсалар, умрларининг кўп қисмини аҳамиятсиз нарсаларга эмас, балки дунё-ю охиратларига фойдаси тегадиган хайрли амаллар билан ўтказишга мушарраф бўладилар.
Ҳар бир ота-она фарзандини яхши тарбия кўришини, одобли-ахлоқли бўлишини ва энг муҳими итоатгўй бўлиб етишишини хоҳлайди. Айрим оилаларда етишган ўғил ёки қиз боланинг хатти-ҳаракатига, муомала-ю муносабатига атрофдагиларнинг ҳаваси келади. Кўнгилни овловчи ширин сўз ёки беминнат чиройли хизмати туфайли нафақат ота-онасининг, балки бошқаларнинг ҳам “отасига балли”, “онасига балли” деган дуои хайрларини олишга муяссар бўладилар. Бундай фарзандларни ҳам оиласи учун ҳам жамият учун энг кўп нафи тегадиган инсон бўлиб етишларига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Лекин ҳамма оилада ҳам аҳвол бир хил деб бўлмайди. Бола ҳали дунёга келмасдан бошланадиган тарбия жараёнига ҳаммамиз ҳам ўзимизни тайёрмиз деб айта олмаймиз. Баъзи ота-оналаримиз тарбия масаласининг нақадар жиддий ва ўта нозик эканини ўз вақтида тушуниб етмайдилар. Шунинг учун ҳам “тарбияли фарзанд” тушунчаси улар учун фақат орзу-ҳавас, айримлари учун армондан бошқа нарса бўлмай қолади. Чунки тарбия масаласига жиддий эътибор бермаслик ёки бу ишни энг бошидан бошлаб нотўғри олиб борилиши кўзланган натижани бермай қўяди.
Кишилик жамиятининг асосий аъзолари бўлган ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муносабатлар ҳар доим маълум тартиб-қоидалар, нормалар асосида тартибга солиниб келинган. Динимиз ота-она бўлишлик билан фарзанд устидан чексиз ҳақ ва ҳуқуқларга эга бўлиш мумкин деган бир тарафлама хулосага бормасликка чақиради. Айниқса, уларга нисбатан ҳаддан ортиқ босим ўтказиш, қаттиқ назортга олиш фойда ўрнига зарар бериши аниқ. Ёки ҳадан ортиқ эркалатиб бошига қўндириб олиш, катта бўляпти ақли киради, деб болани ўз ҳолига ташлаб қўйиш ҳам тарбияни олиб борилишида ижобий натижаларни бермайди. Шунинг учун ота-оналар фарзандли бўлишлари билан бирга уларнинг зиммаларига бир қатор жиддий масъулиятлар юкланишини унутмасликлари лозим. Чунки айнан мана шу вазифаларнинг бажарилиши билан “ақлли бола”, “тарбия кўрган бола” тушунчаларини реал ҳаётдаги ижросини таъминлашга секин-секин замин яратиб борилади.
Ота-оналарнинг фарзандлари устида ҳақлари бўлгани каби фарзандларнинг ҳам уларнинг устидан бир қанча ҳақлари мавжуд. Халқимизда “Қарс икки қўлдан чиқади” деган жуда ҳам чиройли мақол бор. Баъзан давраларда, суҳбатларда фарзандларидан шикоят қилаётган ёки норози бўлиб гапираётган айрим ота-оналарни кўриб қоламиз. Бир қарашда ҳасратларида жон бордек кўринади. Бола бўлганидан кейин ота-онани рози қилиши керак деймиз. Лекин масалага бироз чуқурроқ назар ташлаганимизда биз ўзимиз фарзандларимизни ақли ҳали кирмаган ёшлик чоғидан бошлаб, қўлидан иш келадиган вақтигача қанчалик уларнинг тарбиялари билан ҳақиқий шуғулландик? Тўғри едириш, ичириш, кийинтиришни жуда ҳам зўр бўлмаса-да, бировдан кам қилмаган ҳолда ўрнига қуйгандирмиз. Лекин тарбия дегани фақат едириш-ичириш дегани эмас-ку. Тарбия дегани улар сўраган пайтида аччиқланиб, бақириб жавоб бериш ҳам эмас.
Одоб китобларимиздан шу нарса маълум бўлмоқдаки, фарзанд тарбиясини бошлашдан олдин ота-оналар маълум талабларга аввал ўзлари қатъи амал қилишлари лозим экан. Боладан бир нарсани талаб қилишдан олдин, аввал унга шу нарса берган бўлиши керак. Айрим ота-оналар фарзандлари уларни ойлаб, ҳатто, йиллаб ҳолларидан хабар олмаётганидан, меҳрининг йўқлигидан нолаётганини кўрамиз. Ақли кирмаган, нима деса хўп дейдиган, меҳрга зор бўлган вақтида қанча меҳр берган эди? Агар ҳар биримиз фарзандларимиз олдидаги вазифаларимизга иккинчи ёки учинчи масала сифатида эмас, балки энг биринчи бурчларимиздан деб қарайдиган бўлсак, бундан фақат ва фақат ўзимиз фойда кўрган бўламиз. Айрим оилаларда бола тарбияси умуман кун тартибидан ўрин олмаган, вақти келганда шуғулланиб, қолган пайтларда ўз ҳолига ташлаб қўйилади.
Гап шундаки, ота фарзанди олдидаги вазифа ва мажбуриятлари ижросига қатъи риоя қилиб, уларни ўз вақтида бажарадиган бўлса, фарзандининг тарбиясини ўз назоратига олиб, уни ўзига итоат этишига катта ёрдам берган бўлади.
Оиладаги ота-она томонидан илк тарбия ўз вақтида, тўғри берилса, бу албатта, ижобий натижасини беради. Тарбия кўрган бола ҳеч қачон ота-онасига қарши бормайди. Агар акси бўладиган бўлса, ўз фарзандларидан фақат салбий, зарарли муносбаталарни кўрган ота-оналар уларга қарши дуоибад қилишгача ҳам бориб қоладилар. Бир куни Ибни Муборак розияллоҳу анҳунинг олдига бир одам боласидан шикоят қилиб келади. Шунда Ибни Муборак у одамдан: “Сен болангни бирор марта дуоибад қилганмисан?” деб сўрайди. Келган одам: “Ҳа”, деб жавоб бериши билан: “Болангни тарбиясини сен бузган экансан”, – деб танбеҳ беради.
Имом Ғаззолий ҳазратлари “Иҳёу улумиддин” асарида шу мавзуга оид бир қатор ҳадиси шариф ва ривоятларни нақл қилади.
Бир саҳоба Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай сўради:
– Ё Расулуллоҳ, кимларга яхшилик қилайин? Аллоҳнинг Расули:
– Онангга ва отангга, – дедилар. Саҳоба:
– Онам ва отам йўқ, деб айтди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
– Фарзандларингга яхшилик қилгин. Ота-онанинг фарзандлари устида ҳақлари бўлгани каби, фарзандларнинг ҳам ота-оналари устида ҳақлари бор, – деб буюрдилар.
Ҳеч ким ташқаридан келиб фарзандалримизни тарбиялаб бермайди, оиламизда таълим-тарбия ишларини тартибга солиб бермайди. Бу ишларни ҳар биримиз, ўзимизнинг ақлу идрокимиз билан бажарамиз. Бу жараён ота-боболаримиздан таълим-тарбия йўли орқали наслдан наслга ўтиб келаётган одоб-ахлоқнинг энг нодир гавҳарлари ҳисобланади. Лекин бугунги тезкор, воқеалар шиддат билан ўзгариб бораётган 21 асрда бу анъаналарни аслидан узоқлаштирмасдан сақлаб қолиш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиз бўлишлигини ҳар доим ёдда тутишимиз зарур. Бугунги ҳаёт синовлари ўз оиласини муқаддас билган ҳар бир одамдан ҳар қачонгидан ҳам кўра ҳушёрроқ, зийракроқ ва донороқ бўлишни талаб этмоқда. Чунки илм-фан, техниканинг бундай тараққиёти ўз-ўзидан қўлга киритилаётгани йўқ. Ҳар бир эришилган тараққиёт маълум йўқотишлар эвазига қўлга киритилиши илмий исботланган ҳақиқат эканини эсимиздан чиқармаслигимиз шарт. Қолаверса, бугун дунёда кечаётган беқарор сиёсий, ижтимоий, иқтисодий ҳолатлар ҳар бир миллат учун ўз келажагига бефарқ бўлмасликни қатъи талаб этмоқда.
“Бугун ХХ асрдаги каби глобал бошқарув тизими мавжуд эмас. Муносабатлар жадвали ноаниқ. Биз на кўп қутбли ва на бир қутбли дунёда яшаяпмиз, бошбошдоқликлар тобора авж олмоқда. Олдиндан башорат қилиб бўлмайдиган вазият тобора кучлироқ роль ўйнамоқда”, – дейди БМТнинг Қочоқлар ишлари бўйича Олий комиссари А. Гутерреш вазиятни яққол тасвирлар экан.
Ташкилотнинг маълум қилишича, айрим давлатлардаги болалар ота-оналар ёки бошқа ёши катта яқин ҳамроҳларсиз хорижга чиқиб кетишмоқда. 2015 йилда 100 минг ёлғиз бола 78 мамлакатдан бошпана сўради. Бу 2014 йилдаги кўрсаткичдан уч баробар кўпдир. Улуғлар ҳимоясидан мосуво бундай болалар одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳларнинг енгил ўлжасига айланиб қолишяпти.
Ўзбекистондаги маҳалла, оила институтларининг ролини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар замирида одамлар орасидаги меҳр-оқибатни ошириш, оилалар мустаҳкамлигини сақлаш, ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш, оилавий можаролар, келишмовчиликлар, оилалар бузилиши сингари муаммоларни олдини олиш, жамиятда фаровонликни таъминлаш каби эзгу мақсадлар асосий эътиборга олинган.
Оила бузилдими фарзандлар ҳаёти, уларнинг ҳали ота-она меҳрига тўймаган қалблари биринчи бўлиб шикастланади, ўзи хоҳламай туриб тирик етим деган номни ўзига олишга, шу номни бир умр кўтариб юришга мажбур бўлади. Оила бузилиши билан боғлиқ барча муаммолар, албатта, боланинг тарбиясига, одобига қайсидир маънода таъсирини ўтказмай қўймайди. Агар статистик маълумотларга назар ташланса биздаги аҳволнинг ҳам қувонарли эмаслигини кўриш мумкин. Бу маълумотлар охирги йилларда Ўзбекистонда никоҳлар сони камайиб, ажрашишлар сони кўпайганидан дарак бермоқда. Нега бундай ҳолатлар тез-тез рўй бермоқда, фарзанд олдидаги бурч ва масъулият деган тушунчалар нима сабабдан ўзларини ота-она деб билувчи инсонларда ўз қадрини йўқотиб бормоқда?
Ўзбекистон Давлат статистика қўмитасининг охирги маълумотларига кўра, 2016 йилнинг январь-июнь (олти ойда) ойларида ФҲДЁ идоралари томонидан 92,4 мингта никоҳ ва 14,8 мингта ажрашиш қайд этилган. Агар ўтган йиллар билан таққосланса, никоҳлар сони бирмунча камайган, ажралишлар эса кўпайган. 2014 йил январь-июнида 107,8 мингта янги оила тузилган, 14,4 мингтаси эса тарқаб кетган.
2015 йилда ҳаммаси бўлиб 287 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, 2014 йилда эса 295,6 мингта янги оила пайдо бўлиб, 28,7 мингтаси тарқаб кетган эди. 2013 йилда 303 мингта янги оила пайдо бўлиб, 24 мингтаси тарқаб кетган.
Кундалик ҳаётимизда рўй бераётган бу воқеалар ҳар биримизни бефарқ қолдирмаслиги керак. Чунки оила, фарзанд тушунчалари энг олий қадрият бўлган бизнинг диёрларимизда бу борадаги салбий ҳолатларга бефарқ муносбатда бўлишга ҳеч қайси биримизнинг ҳаққимиз йўқ деб ҳисоблаймиз.
Бугун оила мустаҳкамлиги, фарзанд тарбияси каби муҳим вазифаларга ҳар қачонгидан ҳам жиддий қараб, бу борада давлат миқёсида олиб борилаётган хайрли ишларга яқиндан кўмакдош бўлиб, масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда ҳаракат қилишга тўғри келмоқда.
Ҳеч бир нарса бу дунёда абадий бўлмаганидек, инсон ҳам бу фоний дунёда абадий қолиб кетмайди. Фақат инсоннинг бу дунёда қолдириб кетадиган фарзандлари унинг наслини давом эттириб боради. Шу билан инсоннинг бир умрлик орзуси мана шу насли орқали ҳақиқатга айланади. Бас шундай экан, келажагимиз давомчиси бўлган фарзандларимизга жиддий эътибор беришимиз, уларнинг олдидаги вазифа ва мажбуриятларимизни тўла адо қилишимиз лозим. Шундагина улар биз ота-оналар олдидаги бурчларини тўла-тўкис бажариб, розиликларимизни олиб, икки дунё саодатига мушарраф бўладилар.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-оналарни фарзандларига нисбатан бир неъмат ва омонат сифатида қараб, муносбатда бўлишга ўргатади.
Аллоҳ таоло айтади:
“Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг” ( “Таҳрим” сураси, 6-оят)
Муфассирлар ушбу ояти каримадаги “ўтдан сақланиш”ни тарбия йўли билан амалга оширилишини маълум қилганлар.
Бошқа ояти карималарда эса аҳли оиласига керакли таълим-тарбияни бермаган оила раҳбарларининг охиратда бахтиқаро бўлиб қолишлари ҳақида огоҳлантириш беради.
Аллоҳ таоло айтади:
“Бас, сизлар ундан ўзга нимани хоҳласангиз, ўшанга ибодат қилаверинглар”, деб айт. Сен: “Албатта, зиёнкорлар қиёмат куни ўзларига ва аҳлларига зиён қилгувчилардир. Огоҳ бўлингким, ана ўша очиқ-ойдин зиёнкорликдир”, деб айт.” (“Зумар” сураси, 15-оят)
“Улар учун тепаларидан ҳам оловдан “соябонлар” бор, остларидан ҳам оловдан “соябонлар” бор. Бу билан Аллоҳ Ўз бандаларини қўрқитур: “Эй бандаларим, менга тақво қилинглар!” (“Зумар” сураси, 16-оят)
Ҳадиси шарифларда ҳам айнан шу масала жуда ҳам қатъи огоҳлантириш тарзида баён этилади.
Ҳадис. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Барчангиз бир поданинг чўпони кабисиз! Чўпон подасига қандай ғамхўрлик қиладиган бўлса, сурувни йиртқичлардан қандай қўриқлайдиган бўлса, сиз ҳам уй халқингизни ва қўлингиз, яъни амрингиз остида бўлганларни жаҳаннам оташидан худди шундай ҳимоя қилишингиз зарур! Уларга мусулмонликни ўргатишингиз керак, ўргатмасангиз жавобгар бўласизлар”. (Бухорий, Муслим)
Ушбу ояти карималар ва ҳадиси шарифда фарзандлар ота-онага берилган Аллоҳнинг омонати экани қайта-қайта тушунтирилмоқда. Бу омонатни қандай сақлаш ва унга қандай муносбатда бўлиш ҳам ояти карима ва ҳадиси шарифларда чиройли тарзда баён этилган. Энг муҳими бу омонат ота-она зиммасига жуда ҳам катта жавобгарлик ҳиссини ортмоқда. Зеро, хабардан кўриниб турганидек, ота-оналар мана шу омонатга нисбатан қандай муносабатда бўлганликлари билан охират кунида Аллоҳ наздида саволга тортиладилар.
Динимизда оилага, аҳлу аёл ва фарзандларга бўлган муносабатни энг чиройли тарзда йўлга қўйилишига чақирилади. Оталар учун фарзандларнинг нафақаси ва ейиш-ичишларини таъминлашга қатъи буюрилар экан, бунинг нақадар катта савоб экани ҳадисларда хабар берилади. Жумладан, оталарнинг бозордан ҳар хил ширин мевалардан сотиб олиб, фарзандларига беришлари яхши одатлар эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Чунки ҳадиси шарифларда оиласи, болалари учун бозорлардан егуликлар сотиб олиб келган оталарнинг гуноҳлари тўкилиши хабар берилади. Худди шунга ўхшаш эрталабдан оиласини ҳалол ризқ билан боқаман деб чиқиб кетган оталар учун катта-катта ажр-савоблар ва ваъдалар турганини ёдимизда тутиб, бу ишларни мамнуният билан бажарсак, албатта, кўзлаган мақсадларимизга эришамиз. Агар акси бўладиган бўлса, биз оталарнинг ишимиз яхши бўлмайди. Зеро тарбия китобларимизда: “Едириб, ичиришга (боқишга) зарурат бўла туриб, шуни зое қилган инсонга бу гуноҳ сифатида етади” деб марҳамат қилинади.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фарзанднинг отаси устидаги ҳақи учта эканини марҳамат қилганлар:
Ислом дини уламолари ояти карима ва ҳадиси шарифлардан келиб чиқиб, фарзандларнинг ота-оналари устидан бир қанча шаръий ҳақлари мавжудлигини маълум қилганлар. Ушбу ҳақлар шулардан иборат:
Улуғбек Султоновнинг
"Ота-онага хизмат қилиш
одоблари" китобидан олинди
ЎМИ Матбуот хизмати
Раббининг элчиси эканини тасдиқлаш учун ҳар пайғамбарга ҳам хос китоб нозил бўлиши шарт эмас
Олимлар пайғамбарни бундай таърифлаган: «Пайғамбар – шариат ваҳий қилинган инсон». Демак, пайғамбарлик Аллоҳ таолонинг Ўзи бандалари орасидан танлаб олган зотга ваҳий нозил қилиши орқали юзага чиқади. Алоҳида китоб тушиши пайғамбарлик шартларига кирмайди. Бунга қуйидаги далиллар далолат бўлади.
1. Пайғамбарлик хабари ваҳий орқали етказилади. Аллоҳ таоло бирор бандасини пайғамбарлик ё элчиликка танлар экан, унга сайланганини билдириб қўяди. Бу билдириш нубувват ва рисолатнинг асоси бўлган ваҳийнинг бир туридир. Ундан кейин Аллоҳ таоло ўша пайғамбарга китоб нозил қилиши ҳам, қилмаслиги ҳам мумкин.
Нубувват хабари баъзан китоб тушиши билан бошланади. Масалан, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга илк ваҳий бўлиб Алақ сурасининг «Яратган Зот бўлмиш Парвардигорингиз номи билан ўқинг!» ояти нозил қилинган. Бироқ пайғамбарлик кўпинча китоб тушишидан бошқа йўллар билан бошланган ва аксар пайғамбарларда шундай бўлган.
2. Нубувватнинг тасдиғи пайғамбарнинг сўзлари ва у келтирадиган мўъжизаларга боғлиқ. Аллоҳ таоло танлаган бандасига пайғамбарлик берганидан кейин одамлар орасида бу нубувват ва рисолатнинг ҳақиқийлиги фақат икки ҳодиса билан собит бўлади:
Биринчиси: Пайғамбар ўз умматига: «Аллоҳ таоло мени сизларга пайғамбар ва элчи қилиб юборди», деб эълон қилади.
Иккинчиси: Аллоҳ таоло ушбу даъвони тасдиқлаш учун ўша зот орқали мўъжиза кўрсатади.
Пайғамбарнинг «Мен Аллоҳнинг элчисиман, Аллоҳ мени сизларга набий қилиб юборди» деган сўзлари тиловат қилинмайдиган ваҳий (яъни, муқаддас китобнинг бир қисми) бўлиб, пайғамбарликнинг, элчиликнинг, шариат ва динга оид барча ҳукмларнинг ҳақлигини эътироф этиш мана шу сўзнинг тасдиғига таянади.
3. Китобнинг илоҳийлиги ғайри матлув (тиловат қилинмайдиган) ваҳий билан тасдиқланади: Аллоҳ таоло бирор элчисига китоб нозил қилганида, у пайғамбарга тушиши ҳамоно «Аллоҳнинг ҳузуридан тушган китоб» бўлиб қолмайди, яъни одамлар буни бирдан била қолмайди. Бу калом Аллоҳ таолонинг ҳузуридан тушганини собит қилиш элчининг «Бу китоб Аллоҳ таолонинг ҳузуридан нозил қилингандир» деган сўзлари орқали амалга ошади.
Демак, расулларнинг бу гувоҳлиги Аллоҳ таоло уларга билдирган тиловат қилинмайдиган ваҳийдир. Китоб кўринишидаги тиловат қилинадиган ваҳийнинг ҳақлиги мана шу тиловат қилинмайдиган ваҳий устига бино бўлади.
4. Агар пайғамбарлик фақат китоб тушиши билан амалга ошади, деб ҳисобланса, унда ўзига китоб нозил қилинмаган барча ҳақ пайғамбарларнинг нубуввати ботил бўлиб қолган бўларди. Шунингдек, бундай пайғамбар минглаб мўъжизалар кўрсатиб, ростгўйлигига минглаб далиллар келтирса ҳам, ҳеч ким унга имон келтиришга мажбур бўлмас ва бу гуноҳ саналмас эди.
Ваҳоланки, Аллоҳ таоло алоҳида китоб туширмасдан минглаб пайғамбарлар юборгани барчага маълум ва ижмоъ қилинган (барча уламолар бир овоздан тасдиқлаган, ҳақ деб иттифоқ қилган) ҳақиқатдир. Аллоҳ у зотларга ё тиловат қилинмайдиган ваҳий орқали билдирилган ҳукмларга амал қилишни, ё ўзидан олдинги пайғамбарларнинг китобига мувофиқ иш тутишни буюрган. Масалан, Мусо алайҳиссаломдан кейин Бани Исроилга юборилган пайғамбарлар Тавротга амал қилинишига масъул эди. Аллоҳ таоло Исо алайҳиссалом ҳақида бундай дейди: «Исо ибн Марям: «Эй Бани Исроил, албатта, мен ўзимдан олдин келган Тавротни тасдиқловчи ва мендан кейин келувчи Аҳмад исмли Расулнинг башоратини берувчи, Аллоҳ сизларга юборган Пайғамбарман», деганини эсланг. (Аҳмад) уларга ҳақ билан келган вақтда эса, “бу очиқ-ойдин сеҳрдир” дедилар» [Соф сураси, 6-оят].
Исо алайҳиссаломга ҳам Бани Исроилнинг бошқа пайғамбарлари каби Таврот ҳукмларига амал қилиш буюрилган эди. Пайғамбарларга китоб тушмаган бўлса-да, уларни ёлғончига чиқарган қавмларни Аллоҳ таоло турли азобларга мубтало қилди ва бу жазоларнинг бир қисмини Қуръони каримда баён этиб ҳам ўтди.
5. Китоблар ва саҳифалар фақатгина баъзи пайғамбарлар ва набийларга нозил қилингани, уларнинг аксариятига эса ҳеч қандай китоб ҳам, саҳифа ҳам тушмагани ижмоъ қилинган ҳақиқатдир. Уларга фақат ваҳийнинг ўзи – китобсиз, саҳифасиз – нозил қилинган. Шу билан пайғамбарлиги мукаммал, нубуввати собит бўлгач, улар юборилган қавмлар учун ҳужжат-далил тайёр ҳолатга келган ва энди одамлар имон келтириш ва эргашишга мажбур бўлган.
6. Мана Бу қисса Шуаро, Намл, Қасас, Тоҳа ва Нозиот сураларида баён қилинган бўлиб, воқеалар Мусо алайҳиссаломга Таврот нозил қилинишидан олдин юз берган. Аллоҳ таоло ушбу қиссада Мусонинг бир қибтийни (қибтийлар – қадимги Мирс халқи) ўлдириб қўйгани сабабли Фиръавн ва унинг қавмидан қочиб, Мисрдан чиқиб кетганини, Мадян томон йўл олганини ва у ердаги солиҳ кишининг қизига уйланганини зикр қилади. Кейин у аҳли аёли билан Мисрга қайтаётганда Тур тоғи томонида бир оловни кўриб қолади. Аллоҳ таоло айтади: «Бас, у(олов)га келганида, нидо қилинди: «Эй Мусо! Албатта, Мен Ўзим сенинг Раббингдирман. Кавушларингни еч. Чунки сен муқаддас Туво водийсидасан. Мен сени ихтиёр қилиб олдим. Ваҳий қилинадиган нарсага қулоқ ос. Албатта, Мен, Ўзим, Аллоҳдирман. Мендан ўзга илоҳ йўқ. Бас, Менга ибодат қил ва мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт» [Тоҳа сураси, 11-14-оятлар].
Аллоҳ азза ва жалла унга пайғамбар эканини хабар қилди ва унга ваҳий қилинаётган нарсага қулоқ тутишни, ибодат қилиш ва намозни адо этишни буюрди. Сўнг Ҳақ таоло икки мўъжиза бўлиши учун унга қўлидаги асони ташлашни, кейин эса қўлини қўйнига қўйишни буюрди. Шундан кейин буюк Зот унга Фиръавн ҳузурига боришни амр этди: «Биз сенга буюк мўъжизаларимизни кўрсатиш учун (шундай қилдик). Фиръавнга бор, албатта у туғёнга кетди», деди». [Тоҳа сураси, 23-24-оятлар].
Сўнгра Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом билан Фиръавн ўртасида нималар бўлганини зикр қилади.
Демак, Фиръавнга Мусо алайҳиссаломнинг даъвати етиб бориши ва бу даъватга улкан мўъжизалар ҳамроҳ бўлиши билан ҳукмдор учун ҳужжат қойим бўлган эди. Ваҳоланки, у пайтда Мусо алайҳиссаломга ҳали Таврот нозил қилинмаганди. Чунки, Таврот у зот Бани Исроил билан бирга Мисрдан чиқиб кетгани ва Фиръавн ғарқ қилинганидан кейин нозил бўлган. Бу Қасас сурасидаги оятларда баён этилган.
Шундай қилиб, ҳужжат ваҳий нозил бўлганидан кейин даъватнинг етиб бориши ва унга мўъжизалар ҳамроҳлик қилиши билан қойим бўлади. Фақат китоб билангина қойим бўлганида эди, Фиръавн учун ҳужжат кучга кирмаган ва Аллоҳ таоло томонидан унга ва қавмига далилсиз азоб берилган бўлар эди. бу эса, Ал-Адл бўлган Аллоҳнинг сифатига умуман тўғри келмайди.
Юқорида зикр қилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмас, балки баъзида китобсиз ва саҳифасиз ҳам бўлиши мумкин. Пайғамбарликнинг юзага чиқиши ва собит бўлишида асосий мезон – ваҳийнинг нозил бўлиши. Китоб эса Аллоҳ таоло элчилари орасидан саралаб олган зотларга хослаб берилган ваҳийдир.
7. Пайғамбарлик китоб тушиши билан эмас, балки ваҳий нозил бўлиши билан амалга ошишига ва ваҳийларнинг ҳаммаси ҳам тиловат қилинадиган эмаслигига далолат бўладиган жиҳатлардан яна бири – Аллоҳ таолонинг бирор китоби борлиги маълум бўлмаган ва Аллоҳ таоло китоб ато этмаган пайғамбарлари билан сўзлашганидир. Биз бу сўзлашувларни Ҳақ таоло сўнгги Китобида зикр қилгани туфайли билганмиз. Қуйида Қуръони Каримда Аллоҳ таолонинг китоб нозил қилинмаган пайғамбарлари билан сўзлашгани ҳақида ҳикоя қилинган воқеалардан намуналар келтирамиз.
1. Одам алайҳиссалом билан. Аллоҳ таоло айтади: “Ва: “Эй Одам, сен ўз жуфтинг ила жаннатда маскан топ. Унда нимани хоҳласаларингиз, енглар, ош бўлсин, фақат мана бу дарахтга яқин келманглар, бас, у ҳолда золимлардан бўласизлар”, дедик” [Бақара сураси, 35-оят].
Ҳақ таоло деди: “Рабби уларга нидо қилиб: «Сизларни ана ўша дарахтдан қайтарган эмасмидим ва, албатта, шайтон икковингизга очиқ-ойдин душмандир, демаганмидим?!» деди» [Аъроф сураси, 22-оят].
Бу воқеалар улар Ерга туширилишидан олдин, жаннатда бўлганида юз берган.
Улар Ерга туширилганидан кейин Аллоҳ таоло бундай деган: “Одам ўз Раббидан сўзларни қабул қилиб олди, кейин У Зот унинг тавбасини қабул қилди. Албатта, У тавбани қабул қилувчи ва раҳмли Зотдир” [Бақара сураси, 37-оят].
Бу ҳам Одам алайҳиссаломга бирор китоб нозил қилинмасдан олдин бўлган ишлар сирасидандир.
2. Нуҳ алайҳиссалом билан. Ҳақ таоло Нуҳ алайҳиссалом билан унинг қавми ўртасида кечган воқеаларни зикр қилганидан кейин бундай дейди: “Ва Нуҳга: «Қавминг орасидан аввал имон келтирганлардан бошқа ҳеч ким имон келтирмас ва уларнинг қилмишларидан қайғуга тушмагин. Бизнинг риоятимиз ва ваҳийимиз ила кема ясагин ҳамда зулм қилганлар тўғрисида Менга гап очмагин, албатта, улар ғарқ бўлгувчилардир», деб ваҳий қилинди. У кема ясамоқда. Ўз қавмидан бўлган зодагонлар қачон олдидан ўтсалар, уни масхара қилдилар. У: «Агар бизни масхара қилсангиз, биз ҳам худди сиз бизни масхара қилганингиздек сизларни масхара қиламиз. Бас, яқинда кимга шарманда қилувчи азоб келишини ва кимнинг устига муқим азоб тушишини билиб олурсиз», деди. Токи Бизнинг амримиз келиб, таннур фаввора отганда: «У (кема)га ҳар нарсадан бир жуфтдан ва аҳлингдан аввал сўз кетмаганини ва имон келтирганларни ол», дедик. У билан бирга имон келтирганлар жуда оз эди. У: «Кемага мининглар, унинг юриши ҳам, туриши ҳам Аллоҳнинг исми ила бўлур. Албатта, Рaббим мағфиратли ва раҳмлидир», деди. У (кема) уларни тоғлардек тўлқинда олиб кетаётганида, Нуҳ бир четда турган ўғлига: «Эй ўғлим, биз билан бирга (кемага) мингин, кофирлар билан бирга бўлмагин», деди. У (ўғил): «Тоққа жойлашиб олсам, мени сувдан сақлайди», деди. У эса: «Бугун Аллоҳнинг амридан сақловчи йўқдир. Кимга раҳм қилсагина (сақлар)», деди. Шунда улар орасини тўлқин тўсди ва у (ўғил) ғарқ бўлганлардан бўлди. «Эй Ер, сувингни ютгин, эй осмон, ўзингни тутгин», дейилди. Сув қуриди. Фармон бажарилди ва (кема) Жудий (тоғи)га жойлашди. «Золим қавмлар йўқолсин!» дейилди. Нуҳ Раббига нидо қилиб: «Рaббим, албатта, ўғлим аҳлимдандир, албатта, ваъданг ҳақдир ва Сен ҳукм қилгувчиларнинг энг ҳикматлисисан», деди. У Зот: «Эй Нуҳ, албатта у (ўғил) аҳлингдан эмас. Албатта, у яхши амал эмасдир. Ўзинг билмаган нарсани зинҳор сўрамагин. Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни насиҳат қиламан», деди. У: «Рaббим, мен ўзим билмаган нарсани Сендан сўрамоқдан паноҳ тилайман. Агар мени мағфират қилмасанг ва менга раҳм кўрсатмасанг, зиён кўргувчилардан бўламан», деди. «Эй Нуҳ, Биздан сенга ва сен билан бирга бўлган умматларга тинчлик ва баракотлар ила (кемадан) тушгин. Яна бир умматлар бўлур, уларни бироз ҳузурлантирурмиз, сўнгра уларни биздан бўладиган аламли азоб тутар», дейилди” [Ҳуд сураси, 36-48-оятлар].
Сўнг Аллоҳ таоло Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга деди: “Ана шу ғайб хабарларини сизга ваҳий қилмоқдамиз. Бундан олдин уларни сиз ҳам билмас эдингиз ва қавмингиз ҳам. Бас, сабр қилинг, албатта, оқибат тақводорларникидир” [Ҳуд сураси, 49-оят].
Хўш, Аллоҳ таолонинг Нуҳ алаҳиссаломга бу ваҳийси ва унга қаратилган хитоби бирор китобда келганмиди?! Ёки бу Аллоҳ таоло унга тўғридан-тўғри сўзлаган хитоб бўлиб, у ерда ўқиладиган ҳеч қандай китоб бўлмаганмиди?!
Ушбу оятларнинг услуби ва ундаги нидонинг йўсини Аллоҳ таолонинг Нуҳ алайҳиссаломга тўғридан-тўғри хитоб қилганини, ўқийдиган бирор китобни нозил этиш орқали амр этмаганини кўрсатади.
3. Юсуф алайҳиссалом билан. У қудуқ тубида ётганда Аллоҳ таоло ваҳий қилиб, ҳали акаларига уларнинг қилмишлари ҳақида хабар беражагини айтди: “Бас, уни олиб кетишгач ва уни қудуқнинг қаърига ташлашга келишиб олишгач (уни амалга оширдилар), (Биз) унга: «Бу ишлари тўғрисида уларга (кези келганда), албатта, хабар берурсан, ваҳоланки, улар (Юсуф эканингни) сезмайдилар», деб ваҳий қилдик.” [Юсуф сураси, 15-оят]. Кейинчалик у Миср азизи (Бош вазири) бўлганидан кейин уларга бу ҳақда хабар берди.
Хўш, у қудуқда бўлганида келган бу ваҳий ҳақиқий ваҳий бўла туриб, тиловат қилинадиган ваҳиймиди (муқаддас китобнинг бир қисми эдими)? Йўқ, у ғайри матлув ваҳий эди.
Аллоҳ таоло пайғамбарларига хитобни тиловат қилинадиган ваҳий кўринишида (китоб ҳолида) туширмагани борасидаги оятлар булар билан чекланмайди. Қуръони каримда бундай оятлар жуда кўп бўлиб, эслатиб ўтиш мақсадида озгинасини келтириш билан кифояландик, холос.
Демак, пайғамбарликнинг асоси алоҳида бир китоб нозил бўлишига эмас, балки бевосита Аллоҳ таолонинг танланган бандасига ваҳий юборишига боғлиқдир. Қуръоний қиссалар ва тарихий далиллар кўрсатганидек, ваҳийлар фақатгина китоб шаклидаги (тиловат қилинадиган) матнлардан иборат бўлмай, кўп ҳолларда пайғамбарларга тўғридан-тўғри билдирилган (тиловат қилинмайдиган) илоҳий хитоблар кўринишида келган. Шу сабабли инсониятга ҳақиқатни етказиш ва уларга қарши илоҳий ҳужжатни қойим қилиш учун фақатгина ваҳийнинг ўзи етарли бўлган, китоб эса Аллоҳ таоло Ўзи хоҳлаган элчиларигагина ато этган махсус ваҳийдир.
Нурмуҳаммад Маткаримов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Ҳадис илми мактаби ўқитувчиси,
Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот
маркази илмий ходими
Мазкур мақолага
.Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2026 йил 7 июлдаги 02/2 -сонли хулосаси олинган