Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
28 Феврал, 2026   |   11 Рамазон, 1447

Тошкент шаҳри
Бомдод
05:41
Қуёш
07:00
Пешин
12:41
Аср
16:28
Шом
18:16
Хуфтон
19:28
Bismillah
28 Феврал, 2026, 11 Рамазон, 1447

Ўқитувчи ўйлари: илмдан юз ўгиришнинг оқибатлари

11.01.2018   7514   10 min.
Ўқитувчи ўйлари: илмдан юз ўгиришнинг оқибатлари

Севикли Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Илм талаб қилиш ҳар бир муслим учун фарздир», деганлар.

Боиси иймон келтириш учун ҳам илм керак. Мусулмон бўлиш учун ҳам илм керак. Ният қилиш учун ҳам илм керак. Ихлос қилиш учун ҳам илм керак. Ибодат қилиш учун ҳам илм керак. Аллоҳнинг розилигини топиш учун ҳам албатта, илм керак. Дўзахдан қутулиб, жаннатга кириш учун ҳам илм керак. Худди оила қуриш учун ҳам илм керак бўлгани каби бу дунё саодатини топиш учун ҳам илм керак, охират саодатини топиш учун ҳам илм керак.

Ислом диничалик илмни улуғлаган дин, тузум ёки фалсафа йўқ. Ҳар бир шахсга илм талаб этишни фарз қилиш фақат Исломда бор, холос. Қуръони каримда илм ва уламолар энг олий мақомга қўйилган. Ҳадиси шарифда ҳам илм, уни талаб қилиш, уламолар ҳақида кўплаб маълумотлар келган. Буларнинг ҳаммасини жамлаб, Исломнинг илмга бўлган муносабати ҳақида тасаввур ва шунга яраша аҳкомлар чиқарилган. Мусулмонлар ўз ҳаётларида Қуръон ва суннат таълимотларига амал қилиб яшаган пайтларида илм нурини бутун оламга тарқатганлар. Ёшу қари, эркагу аёл бешикдан то қабргача илм талаб қилиш ўзи учун фарз эканини тўла ҳис қилган ҳолда умр бўйи ўзини толиби илм ҳисоблаб яшаган.

Айрим дин душманлари аййуҳаннос солганидек, Ислом ҳеч қачон илмга қарши бўлмаган, балки жаҳолатга қарши бўлган. Агар баъзи бир кавний ва табиий илм уламолари тазйиққа учраган, азобланган ва ўлдирилган бўлса, бошқа дин вакиллари томонидан қилинган. Исломнинг бунга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Ҳозирги Испания, Португалия ва уларга қўшни давлатларнинг баъзи ҳудудларида саккиз юз йилга яқин давр мабойнида Андалусия номли Ислом давлати ҳукм сурган. Бу давлатда илм-фан, маданият гуллаб-яшнаган. Мусулмонларнинг турли илмий ўқув юртларида бошқа динларга мансуб кишилар ҳам бемалол таълим олган, илмий тажрибаларда иштирок этган. Аслида ҳозирги илмий тараққиётнинг ҳар бир соҳаси аввалида мусулмон олимлари турган. Бу ҳалигача одамлардан яшириб келинади. Ислом – илм дини эканини фақат жоҳиллар инкор қилиши мумкин. Шундай экан, илмга рағбатсизлик, ундан юз ўгиришнинг оқибати ҳам ёмон бўлади.

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидда одамлар билан ўтирган эдилар. Бирдан уч киши кириб келди. Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди. Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми? Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди. Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди. Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди”.

Яъни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар билан илмий суҳбат қуриб ўлтирган масжидга уч киши кириб келди.

«Улардан иккитаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Биттаси қайтди». Ўша уч кишидан иккитасининг илмга рағбати бор экан, илмий суҳбатдан фойдаланмоқчи бўлиб, илм манбаси бўлмиш зот Расули акром соллаллоҳу алайҳи васаллам томон юрди. Учинчи кишининг илмга рағбати йўқ экан, илмий суҳбат бўлаётганини кўриб, ортга қайтди.

«Ҳалиги икковлари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тепаларига келиб тўхтадилар. Улардан бири ҳалқадан бўш жой топиб, ўша ерга ўтирди. Иккинчиси орқага ўтирди. Учинчиси эса, ортга бурилиб чиқиб кетди».

Яъни, ҳалиги уч кишидан илмга қизиққан иккитаси бориб, Расулуллоҳнинг тепаларига тўхтади. Илмий суҳбатга қулоқ осишга жой ахтарди. Улардан бири илмий суҳбат учун ҳалқа қуриб ўтирган саҳобалар орасидан бўш жойни топиб ўтирди. Иккинчиси ҳаёли одам экан, ҳалқадагиларнинг орқасига келиб жойлашди. Учинчи илмга умуман қизиқмайдиган одам эса, бурилиб масжиддан чиқиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса илмий суҳбатни давом эттиравердилар.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фориғ бўлганларидан кейин»,

Яъни, илмий суҳбатни тугатганларидан сўнг: «Сизларга ҳалиги уч нафарнинг хабарини берайми?» дедилар. Ва улар ҳақида хабар беришни бошладилар. «Улардан бири Аллоҳдан бошпана сўради. Аллоҳ унга бошпана берди». Бу ҳалқадан бўш жой топиб ўтирган одам. Одатда зулмга, тазйиққа учраган, хавф-хатарда қолган одам бошпана сўрайди. Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг илм ҳалқасига келиб ўтирган одамни Аллоҳдан бошпана сўради, деб айтишлари улкан маъно касб этмоқда. Илмга ошно одам жаҳолат, онгсизлик зулмидан, тазйиқидан ва улардан келадиган хавф-хатардан Аллоҳнинг паноҳига қочганини англатмоқда. Бундай бало-офатдан қутулиб қолишнинг бирдан-бир йўли илм йўли экани, илм орқалигина Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиш мумкинлиги маълум бўлмоқда. Илм талаб қилишга бунчалик тарғиб ҳеч қаерда йўқ.

«Бошқаси эса ҳаё қилди. Бас, Аллоҳ ҳам ундан ҳаё қилди». Бу ҳалқанинг орқасига бориб ўтирган одам. У ўзини одамлар орасига уришдан ҳаё қилди. Шунинг учун Аллоҳ таоло ҳам уни савобсиз қолдиришдан ҳаё қилди. Унга ўзига яраша муомала қилди.

 «Яна бошқа бири юз ўгирди. Аллоҳ ҳам ундан юз ўгирди». Бу илмий мажлисдан юз ўгириб чиқиб кетган одам. Ҳадисда унинг илмдан юз ўгириши Аллоҳдан юз ўгиришга тенглаштирилмоқда. Шунинг учун ҳам ундан Аллоҳ юз ўгиргани баён қилинмоқда.

Ушбу ҳадиси шарифда илмий мажлисда ихлос билан иштирок этган одам Аллоҳ таолонинг бошпанасига сазовор бўлиши, илмдан қочишдан ҳаё қилган одамни иқоб қилишга Аллоҳ таолонинг ҳам ҳаё қилиши, илмдан юз ўгирган одамдан Аллоҳ ҳам юз ўгириши;

Энди ҳадиси шариф ҳикматидан ҳаётимизда қанчалик фойда олаётганимизни ўйлайлик. Бугун илму маърифат қадрлими, молу дунё, мансаб ва шунга ўхшаш ўткинчи нарсаларми?

Ҳозирги ҳаётимизда илм ҳалқасига ўзини урган қадрлими ёки сўму долларлар «ҳалқа»сига ўзини урган қадрлими? Илмдан юз ўгирган одамни Аллоҳдан юз ўгирган одамдек қоралай оламизми? Бу ва бунга ўхшаш саволларга ушбу ҳадиси шариф руҳида ижобий жавоб беришимиз жуда мушкул. Чунки ҳаётда не-не толиби илмлар Аллоҳ уларни ўз марҳамати ила йўллаб қўйган илм даргоҳларидан, илм масканларидан юз ўгириб кетадилар. Дунёнинг арзимас матоси, ўткинчи ташвишлари ила ўқишни ташламоқчи бўладилар.

Бир ўқувчим ўқишни ташламоқчи эканини, оиласи ночор қолиб, ўзи рўзғор тебратмоқчи эканини айтиб қолди. Узоқ ўйладим. Бу йигит илмга ўзини урса, оиласи оч қолса... Йўқ! Илм ўрганиб инсон оч қолмайди, балки Аллоҳ раҳмати ила ризқи ҳам ўйламаган тарафдан келаверади. Унга Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг шогирдлари Абу Юсуф илм ҳалқасини оиласи дея тарк этмоқчи бўлгани, аммо устози бунга қаршилик қилганини айтиб, яна дарсга қайтишини қаттиқ тайинладим. Минг шукр, у бироз қийналса-да илм олди, олим бўлди, ҳаёти гўзал бўлди.

Яна бир ўқувчим институтни ташламоқчилигини, динга кераксиз инсон бўлиб ўқишни тамомлаш нияти йўқлигини, барибир эплаб кетолмаслигини айтиб ҳасрат қилиб қолди. Узоқ ўйладим, мулоҳаза қилдим. Ҳақиқатда илмни хоҳламаганга бериш – уни зое қилиш, дейилган. Чала мулла дин бузар деган гап ҳам бор... Яхшилаб суриштирсам, ўша йигитни ўзи ёқтирган қизи бўлиб, қиз тараф йигитнинг совчиларига рад жавоби беришибти. Хуллас, йигит қиз тарафни кўндира олмабди. Шуни аламида ўқишни ташлаб кетмоқчи бўлибди. Қаттиқ аччиқландим. Уни хонамга чақириб роса уришдим, насиҳат қилдим. Агар илмдан воз кечиб кетса нима топиб, нималар йўқотишини тушунтирдим. Бундан ташқари бир қиз учун икки олам саодати, жаннат калити бўлмиш илмни ташлаш улкан гуноҳлигини уқтирдим. Талабам ўзига келди шекилли, юзида пушаймонлик белгилари сезилди, кўзи ёшланди. Қилган ишига тавба қилиб, яна дарсларга қайтди.

Яхшилаб мулоҳаза қилсак илмдан юз ўгириш жами яхшиликдан юз ўгириш демакдир. Илмни баъзи сабабларга кўра ташлаб кетмоқчи  бўлганларнинг аксарияти мажбурликдан, оила боқолмаслиги, хотираси сустлиги эмас, қалбларидаги дунёга бўлган махфий шаҳватдандир. Негаки, илм олиш, уни ўрганиш, ўрганганларини такрорлаш, ёдда сақлаш, унга амал қилиш жуда ҳам мушкул иш бўлганидан, кўп толиби илмлар оила қуриб ёхуд ўзини савдо-сотиққа уриб, илм машаққатига тоқат қиломайдилар. Осон йўлларни танлаб кетадилар.

Агар эътибор берилса, талаба илм даргоҳида юрганида фариштасифат, беозор, одоб ахлоқли, жидду жаҳд соҳиби бўлиб юради. Аммо илмдан узоқлашгани сари, оила ташвишларига кўмилиб боргани сари, илмга қизиқмайдиган, ваъз-насиҳат кор қилмайдиган, ҳалол-ҳаромга эътиборсиз бўлиб қолади. Бора-бора намозни ҳам тарк қилади. Тўғри ҳамма ҳам шундай эмас, лекин шу каби инсонлар орамизда борлиги айни ҳақиқат. Бунинг асосий сабаби иснонни илмдан узоқ бўлиши, илм мажлисларига қатнашмаслиги, насиҳат, маърузаларга қулоқ осмаслигидир. Ҳадиси шарифда инсон ё илм берувчи ёки илм ўрганувчи ёхуд уларга муҳаббатли бўлиши зикр қилинган. Бундан бошқа тоифа бўлишдан қайтарилган.

Хулоса қилиш мумкинки, инсон қай маконда, қай манзилда, қай соҳада бўлмасин, илм ўрганиши, китоб мутолаа қилиши, агар вақти етмаса аҳли илмларга аралашиб юриши, ваъз- насиҳатларга амал қилиб бориши керак.

Фахриддин Муҳаммад Носир

Тошкент ислом институти тиллар кафедраси мудири

ЎМИ Матбуот хизмати

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Қизлар ҳайз туфайли намоз ва рўзанинг савобидан маҳрум бўладими?

17.10.2024   6753   5 min.
Қизлар ҳайз туфайли намоз ва  рўзанинг савобидан маҳрум бўладими?

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Бир қиз айтади: «Ҳайз бошланиб қолса, роса алам қилади. Чунки мен намоз ўқишни яхши кўраман, ҳайз эса мени намоздан тўсади. Қайғуларим Рамазонда яна ҳам ортади. Ҳамма рўза тутса, бир ўзим рўза тутмаслигим менга оғир ботади. Бундан ташқари, ўша тутмаган рўзаларимни барибир кейин бир ўзим тутиб беришимга тўғри келади.

Аввалига қалбим хотиржам бўлмас эди. Лекин ҳайз кунларида қила олмаган ибодатларимнинг савоби поклигимда қилиб юрган пайтимдагидек ёзилиб бораверишини билганимдан кейин кўнглим таскин топди.

 

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Банда касал бўлиб қолса ёки сафарга чиқса, унга муқим ва соғлом пайтида қилиб юрган амалларига ёзилганидек савоб ёзилаверади» (Имом Бухорий ривояти).

 

Масалан, бир киши доим нафл намоз ўқиб, нафл рўзалар тутиб юрса, кейин бир куни сафарга чиқишга мажбур бўлиб ёки касал бўлиб қолиб, доимги ибодатларини қила олмай қолса, унга соғлом, муқим пайтидаги ибодатларининг савоби ёзилаверади.

Мисол учун, бир киши душанба-пайшанба кунлари рўза тутиб юрса, сафар қилгани учун рўза тута олмаса, ўша кунлардаги рўзасининг савоби барибир ёзилаверади. Яна бир одам суннат ва чошгоҳ намозларини доим ўқиб юрган бўлса, бир неча кун бетоб бўлиб, намозларини ўқий олмаган бўлса ҳам, шу кунлардаги намознинг савоби барибир ёзилаверади. Шунга қиёсан, қиз бола ҳам шаръий узр – ҳайз сабабли доимий ўқиб юрган намозини, тутиб юрган рўзасини адо қила олмаса ҳам, Аллоҳ таоло шаръий узри келишидан олдин доимий қилиб юрган амалларининг савобини ёзиб тураверади.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир ғазотда шундай деганлар: «Ортимизда, Мадинада шундай одамлар борки, биз қайси бир дара ёки водийни босиб ўтмайлик, улар ҳам биз билан бирга бўлдилар, чунки уларни узр ушлаб қолди, холос» (Имом Бухорий ривояти).

 

Шундай экан, хайрли ишни ният қилиб, бажармоқчи бўлган одам узрли сабаб туфайли уни бажара олмаса, ўша амалнинг савоби ёзилаверади. Ҳайз ҳам шаръий узр бўлиб, Аллоҳ таоло уни барча аёлларнинг пешонасига ёзган. Шунинг учун ҳар қандай яхшиликни, ибодатларни бажаришни ният қилган қизни унинг ихтиёрида бўлмаган ҳайз қони амал қилишдан тўсиб қолса, унга ўша амалларнинг савоби ёзилаверади. Ҳайзи сабабли намозни, рўзани тарк этишга мажбур бўлган қизга Аллоҳ таоло Ўзининг фазлу карами билан ўша ибодатларни адо этганларга бериладиган савобларни бераверади.

 

Яна бир қиз айтади: «Ҳайз сабабли эркак зотига ҳасад қилардим, уларга нисбатан гина сақлар эдим. Мен ҳам уларга ўхшаб ҳайзсиз, хотиржам яшашни орзу қилардим.

Лекин қизлар ҳайзнинг жисмоний, маънавий оғриқларини бошдан ўтказганлари учун жуда кўп савобларга эга бўлар экан. Буни билганимдан кейин ичим анча ёришди.

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Мусулмонга бирор ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, қайғуми, озорми, ғамми етса, ҳатто тикан кирса ҳам, Аллоҳ булар туфайли унинг хатоларини ўчиради» (Имом Бухорий ривояти).

 

Мўмин бандага етадиган ҳар қандай каттаю кичик мусибат учун унинг гуноҳлари мағфират қилинади. Демак, қуйидаги мусибатга учрасак, хотиржам бўлайликки, улар туфайли гуноҳларимиз кечирилар экан:

• ҳорғинлик (ҳолсизланиш, меҳнат, ҳатто юриш сабабли пайдо бўладиган қийналиш);

• беморлик;

• ташвиш (ҳали содир бўлмаган ишнинг ғами);

• қайғу (бўлиб ўтган мусибатга сиқилиш);

• озор (ўзгалар тарафидан етадиган ноҳақ жабр-ситам),

• ғам (ҳеч қандай сабабсиз кўнгил хира тортиши).

 

Қиз бола ҳайз келишидан олдин ҳадисда келган мана шу қийинчиликларнинг деярли барчасини бошидан кечиради. Ҳайзда жисмоний зўриқиш бор. Бу – ҳадисда келган ҳорғинликдир. Ҳайз келишидан олдин қиз бола ҳайз келишини ўйлаб сиқилади, эзилади. Бу эса мазкур ҳадисда зикри келган ташвишдир. Қиз бола ҳайз вақтида турли дилихираликлар сабаб маҳзун бўлади. Бу – ҳадисдаги қайғудир. Бу даврда баъзилар унга айнан ҳайз кўраётгани учун ҳам қўпол муомалада бўлади, бечора қиз бундан азият чекади. Бу – ҳадисдаги озордир. Ҳайз келишидан бироз олдин қиз бола ўзидан-ўзи сиқиладиган бўлиб қолади. Бу – ҳадисда келган ғам бўлиб, бирор-бир сабабсиз унинг юраги сиқилаверади.

Кўриб турганингиздек, қиз бола ҳайз даврида табиий касалликдан ташқари, турли мусибатларни бошдан кечиради.

 

Энди ушбу саволга жавоб беринг:

Бу мусибатларнинг ҳаммаси ҳайз даврига жамланган экан, унга сабр қилиш, рози бўлишнинг савоби қанчалар улкан бўлар экан-а? Демак, аслида қиз бола ҳайз кўришидан хурсанд бўлиши керак эмасми? Чунки бу нарса унинг кўплаб гуноҳлари кечирилишига сабаб бўлмоқда-ку!

Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ, Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.

Мақолалар