Инсон ўзи яшаётган юрт, маҳалла ободлиги, тинч-осойишталиги ва тараққиётига ҳисса қўшиши керак. Бу шарафли ишни ўзидаги камчиликларни тузатиб, савобли ишларини кўпайтириб, гуноҳлардан сақланиб, ён-атрофидагиларни ҳам ёмонликдан қайтариш орқали бажариши мумкин.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: «Инсон гуноҳ иш қилса, қалбида қора доғ пайдо бўлади. Агар шу ишидан пушаймон бўлиб, истиғфор айтса, у доғ ўчирилади. Аммо гуноҳ қилишдан тўхтамаса, қалбининг ҳамма қисмини зулмат қоплаб олади» (Абу Ҳурайра ривояти). Натижада қалбда Аллоҳ таолодан қўрқиш ҳисси йўқолади, инсоннинг бузғунчилик қилиши оддий ҳолга айланади.
Ўзимиз гуноҳ ишлардан сақланишимиз, хайрли амалларни кўпайтиришимиз билан бирга бошқаларни ҳам ёмонликлардан қайтариш пайида бўлишимиз керак. Чунки баъзилар ёмонликларни ҳаддан оширишлари сабабли кўпчилик бошига кулфат ёғилиши мумкин. Раббимиз бандаларни Қуръони каримда: «Ораларингиздаги ситамкорларгагина хос бўлмаган (балки ҳаммаларингизга оммавий бўладиган) фитна (азоб)дан сақланинглар...» (Анфол, 25), деб огоҳлантирган.
Ушбу оят тафсирида муфассир олимлар: «Қайси жамиятда гуноҳ, бошқалар ҳақига тажовуз ва ҳоказолар кўпайса, у ишларни қилганлар ва уларга бефарқ бўлганлар бирдай офатга йўлиқади», дейишган.
Муҳаммад Саид Тантовий «Ат Тафсирул Васит» китобида “Инсониятнинг бошига келадиган балолар одамларнинг ёмон ишларга муккадан кетишлари, бошқаларни яхшиликка чақирмасликлари, ёмонликдан қайтармасликлари сабабидандир»1, деб ёзади.
Аллоҳ таоло яхши амалларда бардавом, маънавияти юксак, эзгу ишларда ўзаро ҳамкорлик қилган кишиларининг ҳамиша юзини ёруғ, қўлини баланд қилади.
Ҳошимжон ОМОНОВ,
Тошкент ислом институти ўқитувчиси
ЎМИ Матбуот хизмати
1Муҳаммад Рашид ибн Али Ризо. «Тафсирул Манор». Миср. «Дорул Манор». 1990. 12-жуз, 530-бет.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларидан бир жаноза олиб ўтилди, шунда у зот алайҳиссалом: "Тин олувчи ва ундан тин олинувчи", дедилар.
"Ё Аллоҳнинг Расули, тин олувчи ва ундан тин олинувчи нима?" дейишди.
У зот алайҳиссалом: "Мўмин банда (вафот этса) дунёнинг қийинчиликларидан истироҳат олади. Фожир банда (ўлса) ундан бандалар, элу юртлар, дов-дарахтлар ва жонзотлар қутуладилар", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривояти).
Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: "Бирортангиз вафот этганида унга ўрни эртаю кеч кўрсатиб турилади: агар жаннат аҳлидан бўлса, жаннат аҳлидан экани, дўзах аҳлидан бўлса, дўзах аҳлидан экани. "Аллоҳ сени қиёмат куни қайта тирилтиргунича сенинг ўрнинг мана шудир", дейилади", дедилар» (Имом Бухорий ва имом Муслим ривоят қилишган).