Аллоҳни зикр қилиш нафсга энг қийин, лекин ажри энг улуғ бўлган амал ҳисобланади. У қалбни сайқаллаштиради, мўминни куфр ва нифоқдан ажратиб туради. Зикр ибодатнинг илиги ва нажот калитидир. Зикрнинг суннатларидан бири махфийликдир. Зеро, махфий зикрнинг фазли жаҳрийсига қараганда етмиш марта кўп бўлади. Бу қуйидаги далилларда ўз исботини топган:
Биринчидан, махфий зикрнинг афзаллигига оятда ишора бор: “Роббингизга тазарру ва махфийлик билан дуо қилинг”.
Иккинчидан, ҳадисларда махфий зикр мақталган: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зикрнинг энг яхшиси махфийсидир”, деганлар. Абу Мусо Ашъарий раҳматуллоҳу алайҳ шундай ривоят қилади: “Хайбар ғазотидан қайтаётиб, бир водийда тўхтадик. Шунда одамлар овозларини баланд кўтариб такбир айта бошлашди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй инсонлар, ўзингизга эрк берманглар, албатта, сизлар кар ва ғойиб зотга дуо қилмаяпсизлар. Сизлар ўта эшитувчи ва ўта яқин Зотга дуо қиляпсизлар”, дедилар.
Учинчидан, саҳобийлар ҳам махфий зикрни афзал кўришган. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу масжидга кирса одамлар баланд овозда таҳлил айтаётган экан. Шунда Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сизлар бидъатчиларнинг ишини қилмоқдасизлар”, деб, уларни масжиддан чиқариб юборди.
Тўртинчидан, махфий зикр риёдан узоқ ва холи бўлиб, унинг самараси ва фойдаси жаҳрий зикрникидан кўра кўпроқ ва тезроқ ҳосил бўлади. Махфий зикр Аллоҳ билан бандаси орасидаги сир бўлиб, унинг ажрини Аллоҳнинг ўзи беради. Жаҳрий зикрда эса риёнинг хавфи кучлироқ бўлади.
Бешинчидан, махфий зикр ўзидан ҳушбўй ҳид ёки нур таратади. Зеро, махфий зикр қилган одамнинг нафаси тавҳид билан чиқади ва хушбўй мушк бўлиб таралади. Манбаларнинг гувоҳлик беришича, аксарият тасаввуф пирлари қаерга борсалар, ўша ерда мушкнинг ҳиди анқиб кетар экан. Ҳатто шундай кароматлар ҳам кўрсатишганки, тариқат пирларининг олган нафаслари нур бўлиб кўриниб турган. Бу махфий зикрнинг самарасидир. Фаришталар ҳам махфий зикрни номаи амолга ушбу хушбўй ҳид ёки нурнинг таралишига қараб ёзиб боришади. Жаҳрий зикрнинг ҳар бир ҳарфига яхшилик ёзилса, махфий зикрнинг нури ёки ҳушбйў ҳидининг ҳар бир заррасига савоб ёзилади.
Олтинчидан, махфий зикр касб билан шуғулланишга ҳам халал бермайди. Чунки у қалбда кечадиган жараён бўлиб, бошқа аъзоларнинг ҳаракатига нуқсон етказмайди. Аллоҳ таоло Жумъа сурасида шундай марҳамат қилади: “Бас, агар намоз тугаса, (намозни ўқиб бўлгач) ер юзига тарқалинглар ва Аллоҳнинг фазлидан (ризқу рўз) истанглар ҳамда Аллоҳни кўп зикр қилинглар! Шояд нажот топурсизлар!” Оятда касб билан шуғулланиш асносида Аллоҳни ҳам зикр қилишга тарғиб қилинмоқда. Яъни, бир сўз билан айтганда, Нақшбандия тариқатининг “Даст ба кору дил ба Ёр” (“Қўл иш билан, дил Ёр – Аллоҳ билан машғул”) таълимоти айнан шу оятнинг самарасидир. Жаҳрий зикрнинг бу борада имкониятлари нисбатан камроқ. Чунки жаҳрий зикрлар орасида шундайлари борки, вазиятга, атрофдаги одамларга ва бошқа шу каби омилларга қараб бажарилади ёки тарк қилинади. Масалан, ухлаб ётган ёки бирор иш билан машғул бўлиб турган одамнинг олдида Қуръон тиловатини жаҳрий қилиш аксар фақиҳларимизнинг фикрича макруҳ ҳисобланади. Лекин бу ўринларда махфий тиловат қилишга рухсат берилган.
Юқоридаги мулоҳазалардан жаҳрий зикр мутлақо мумкин эмас, деган хулосага келиш ноўрин. Шундай вазиятлар борки, махфий зикрдан кўра жаҳрийси афзал бўлиб қолади. Масалан, зикрни қалбга мустаҳкам жойлаштириш, атрофдагиларни ҳам савобга дохил қилиш, тариқат устози шогирдининг ҳолатини ҳисобга олиб вазифа бериши, қиёматда ўзининг фойдасига гувоҳларни кўпайтиришда ва бошқа шу каби ҳолатларда ният холис бўлиши ва риёдан йироқ бўлиш шарти билан жаҳрий зикр махфийсидан афзал бўлади. Аллоҳу аълам бис соваб.
А.МАЛЛАБОЕВ,
Манбалар хазинаси ходими
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: «Ўзингиздан юқоридагиларга эмас, ўзингиздан қуйидагиларга қаранглар, шунда Аллоҳнинг сизга берган неъматларини оз санамайсиз» (Имом Муслим ривояти).
Инсон мол-дунёда, чиройда, ижтимоий ҳолатда ўзидан устунроқ одамларга эътибор бераверса, Аллоҳ таоло ҳақида ёмон гумонга бориб қолади. «Мендан бошқаларга роса яхши неъматлар берган экан, улар неъматларга кўмилиб яшаяпти. Мен эса доим нимагадир муҳтож бўлиб яшайман» деб, ўзига берилган неъматларни оз санайди, ҳатто кўрмай қолади. Бу эса Аллоҳ таоло берган неъматларни менсимасликка олиб боради. Натижада розилик ҳиссини йўқотиб қўяди, бунинг ҳаловатини туя олмай, азоб ичида яшайди. Бу эса уни нафрат, ҳасад томон етаклайди. Натижада инсон ўзидан устун бўлганларга ёмонлик қилишга ўтади. Баъзида улардан устун бўлиш мақсадида ҳатто ўғрилик қилишдан, ёлғон сўзлашдан ҳам тоймайди. Бойлик орттириш йўлида одамлар билан мусобақалашиб, ўзини ғам-ғуссага, изтиробга кўмиб ташлайди.
Инсон мол-дунё, чирой, соғлик, қувват борасида ўзидан пастроқ бўлганларга қараса, Аллоҳ таолонинг унга кўрсатган карамини кўради, бошқа кўплаб одамларга бермаган неъматларини унга берганини ҳис қилади. Натижада сакинат, хотиржамлик туяди, одамларга нисбатан меҳр-муҳаббатли бўлади, фақир-мискинларга хайр-эҳсонлар қилиб, Аллоҳнинг марҳаматига шукр келтириб, умргузаронлик қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз умматларига дунёда ҳам, охиратда ҳам саодатга эриштирувчи нарсани васият қилганларини тушуниб етади.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётни яна ҳам гўзал қиладиган, қалбни бахт ва сурурга тўлдирадиган энг гўзал васиятларидан бири - Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳудан нақл қилинган қуйидаги ҳадисдир.
«Халилим менга етти нарсани васият қилганлар:
мискинларни яхши кўришни, уларга яқин бўлишни буюрганлар;
ўзимдан юқоридагиларга эмас, ортдагиларга қарашни буюрганлар;
ҳеч кимдан ҳеч нарса сўрамасликни буюрганлар;
силаи раҳм қилишни буюрганлар;
аччиқ бўлса ҳам, ҳақиқатни айтишни буюрганлар;
Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликни буюрганлар.
«Лаа ҳавла ва лаа қуввата иллаа биллаҳ (қудрат ва қувват фақат олий, улуғ Аллоҳ биландир)» ни кўп айтишни буюрганлар».
Бир қиз айтади: «Бу ҳаётдаги шодлигимнинг сабаби – Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абу Зарр розияллоҳу анҳуга қилган еттита васиятларидир. Бу васиятни ўрганиш бошқа, унга амал қилиш бошқа экан. Мен Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган ишончим сабабли бу васиятларга амал қилдим. Ахир у зот биз умматлар икки дунёда ҳам бахтли-саодатли бўлишимиз учун юборилмаганмидилар? Мен бу васиятлар доим кўз олдимда, ёнимда бўлсин деб, бир нечта қоғозга кўчириб, бирини чўнтагимга, бирини ёстиғимнинг остига, бирини кийим жавонимга, бирини дарс столимга қўйиб қўйганман. Сўнгра уларга амал қила бошладим. Шу васият сабабли ўзимга ишончим ортди, қалбим сакинатга тўлди. Масалан, ўсмирлик муаммолари сабаб бирор кун ҳам психолог маслаҳатига муҳтож бўлмадим. Яқинларим, дугоналарим кўпайди. Ҳар кеча Аллоҳнинг фазли билан хотиржам уйқуга кетаман».
Бошқа бир қиз айтади: «Неча йиллар ўзимдан, ҳаётимдан, атрофдаги ҳаммадан норози бўлиб яшабман. Сиқилиш, тушкунлик, уйқусизлик – ҳаммасини бошдан ўтказдим. Ҳатто жонимга қасд қилмоқчи ҳам бўлганман. Бой оиланинг фарзанди бўла туриб, шу аҳволга тушиб қолдим. Бир куни бир дугонам мени етимларга, камбағалларга эҳсон қилайлик деб, ёрдамлашишга чақирди. Унинг яқинлари бир хайрия жамғармасида ишлар экан, бу эҳсонлар ўша жамғармадан эди. Аллоҳнинг марҳамати билан, хайрли иш экан деб, рози бўлдим. Мана шу фикр ҳаётимнинг ўзгаришида илк қадам бўлди. Бир бева аёлникига бордик. Ёш-ёш етим болалари бор экан. Унинг уйига бордиму, ҳаётимда илк бор саодат, шукрона ҳиссини туйдим. Бу аёлнинг уйини, шароитини кўрсангиз эди… Аёл мурғак гўдаклари билан ҳаётнинг аччиқ зарбаларига дош бериб яшаётган бўлса-да, Аллоҳнинг неъматлари, кўрсатган марҳаматлари учун тинмай ҳамд айтар эди. Биз озгинагина пул, рўзғор учун керакли нарсаларни берсак, ҳаққимизга узундан-узоқ дуолар қилди. Унинг дуоларида хурсандчилик, самимият, розилик ва ихлос балқиб турар эди. Ўша кунги зиёратдан йиғлаб қайтганим ҳали ҳам эсимда. Чунки шу пайтгача нақадар аҳмоқона ҳаёт кечириб келганимни ўша куни ҳис қилган эдим. Афсуски, умримнинг асосий қисми бойларга қараш, мол-дунё борасида улар билан мусобақа қилиш билан ўтиб кетибди. Бирорта дугонам меникидан чиройлироқ нарса сотиб олса ёки уникига ўхшаш нарсани излаб топа олмасам, кўзларимдан уйқу қочиб, ҳатто йиғлашга тушардим.
Бева аёлнинг зиёратидан кейин ҳаётга муносабатим бутунлай ўзгарди. Шундан кейин энди буёғига заифлар, ожизларга, камбағалларга ёрдам бераман деб бел боғладим. Моддий жиҳатдан қийналиб турган одамга ёрдам бериш шунақанги буюк саодат эканки, кўплаб инсонлар бундан мутлақо бехабар экан. Камбағаллар билан елкадош бўлиб яшасангиз, қандай аҳволда яшаётган бўлсангиз ҳам, ҳаётингиздан рози бўлиб қоласиз. Уларга янада кўпроқ ёрдам бериш учун ўқишда, ишда янада кўпроқ тер тўкасиз. Бу эса ҳаётингизга барака киргизади, хотиржам ухлашингизга сабаб бўлади. Бошимдан ўтказган тажрибаларимдан келиб чиқиб, барча маҳзун қизларга камбағалларнинг, етимларнинг оналарига яқинроқ бўлишни, уларга имкон борича моддий, маънавий ёрдам беришни, улар билан тез‑тез суҳбатлашиб туришни тавсия қиламан. Бу тавсияга амал қилсангиз, ҳақиқий ҳаловат, чинакам хотиржамлик нималигини ўшанда биласиз. Бировга ёрдам беришнинг завқи бировдан ёрдам олишнинг завқидан кўра тотли бўлар экан».
Абдуллоҳ Абдулмуътий, Ҳуда Саъид Баҳлулнинг
“Қулоғим сенда қизим” китобидан Ғиёсиддин Ҳабибуллоҳ,
Абдулҳамид Умаралиев таржимаси.