Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бозор-ўчар қилгани чиққан эди, пулини ўғирлатиб қўйди. Буни эшитган одамлар ўғрини қарғай бошлашди. Шунда ибн Масъуд уларни бу ишдан қайтарди ва дуо қилди:
– Эй Аллоҳ! Агар пулимни ўғирлаган одам муҳтожликдан олган бўлса, олганига барака бергин. Агар муҳтож бўлмай туриб олган бўлса, шу ўғирликни ҳаётидаги энг охиргиси қилгин!
“Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан
Шаҳобиддин ПАРПИЕВ
таржимаси
Cавол: Коллежда ўқиб юрган вақтларимда баъзан автобусдан йўлкирани бермасдан тушиб кетардим. Бу ишнинг оғир гуноҳ эканини англаб етдим. Буни қандай тўғриласам бўлади? Тахминий ҳисоблаб, садақа қилсам бўладими?
Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм. Сиз бу ишингиз учун аввало истиғфор айтиб, тавба қиласиз. Тўламаган йўлкираларингизни тахминий ҳисоблайсиз ҳамда ўзингиз фойдаланган автобуслар бошқармасидан йўлкиралар тўланадиган ҳисоб рақамлари бўлса, қарзларингизни шунга ўтказиб қўясиз ва шу билан зиммангиздаги юкдан қутиласиз, иншааллоҳ. Агар уларда бундай имконият бўлмаса, садақа қилиб юборасиз.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
Фатво маркази.