Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
08 Январ, 2025   |   8 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:49
Пешин
12:35
Аср
15:30
Шом
17:14
Хуфтон
18:33
Bismillah
08 Январ, 2025, 8 Ражаб, 1446

Бой бўлишни истайсизми?

10.01.2018   12275   5 min.
Бой бўлишни истайсизми?

Ҳаётда ҳар бир инсон бой бўлишни истайди ва бу йўлда тинмай ҳаракат қилади. Агар бу ҳаракат Аллоҳ кўрсатган ҳалол тарзда бўлса динимизда унга бой бўлишга ҳеч қандай тақиқ йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: Эй Амр, солиҳ бойлик солиҳ кишининг қўлида бўлса, қандоқ ҳам яхши! деганлар (Имом Бухорий Имом, Имом Табароний ривоят қилган).

Бироқ бугун баъзи одамларнинг ҳамма нарсани бойлик билан ўлчайдиган, фойда йўлида имон, эътиқод, барча муқаддас туйғулар ва инсонийликдан ҳам воз кечаётганларини гувоҳи бўлмоқдамиз. Улар бой бўлиш йўлида ҳатто ўзининг жигарларини ҳам чув туширишдан тап тортмаяптилар. Умрларида бирор бадиий ёки илмий китоб ўқишга одатланмаган бўлсалар-да, китоб дўконларидаги “Бой бўлиш сирлари”, “Фолбинлар башоратлари” мазмунидаги китобларни топиб ўқишади. Ҳар гал янги чиққан фолбиннинг “энг яқин мижоз”ига айланиб улгурадилар. Энг ачинарлиси, мўмай даромад топиш илинжида хорижга кетаётган аёлларнинг одам савдоси бозорининг маҳсулотига айланиб қолаётганидир.

«Биз хориж давлатларидан бирига борганимиздан сўнг, алданганимизни билдик. Даромадли иш топиб берамиз, деганлар бизга ёлғон гапирганини, аслида эса фоҳишалик билан шуғулланишимиз учун сотилганимизни айтишди. Бизни бу жирканч ишга мажбурлашар, айтганларига кўнмасак, уч-тўрт эркак овозимиз чиқмай қолгунча тепкилашар, хўрлашарди...» афсуски бу гаплар ҳам айнан бойлик ортидан қувган бир ўзбек аёлига тегишли.

Маълумотларга кўра, одам савдосидан жабрланганлар сони йилига ўртача 2,7 миллион кишини ташкил этмоқда. Одам савдоси бозори наркотик ва қурол савдосидан кейинги учинчи ўринни эгаллаб келмоқда. Жаҳон бозорида одам савдосидан кўрилаётган йиллик даромад 7 миллиард доллар миқдорида баҳоланмоқда.

Нега бугун миллатдошларимиз ўз аждодлари минг йиллардан буён тарихнинг энг оғир кунларида ҳам амал қилишган дин кўрсатмаларини қўйиб, сафсаталарга ишонишмоқда. Маҳалла, турли тадбир ва жамоат жойларида уларнинг қилмишларидан эҳтиёт бўлишга қанчалик тарғиб этилмасин, уларнинг қармоғига илинганларнинг сони камаймаяпти? Бу савол жавоби сабрсизликдир.Улар сабрни бир четга суриб қўйиб, ҳамма нарсага осонгина эришмоқчи бўлмоқдалар. Қадимда ота-боболаримиз не-не қонли синовларни бошидан ўтказмаган, бир бурда нонга муҳтож бўлган бўлсаларда, лекин ҳеч қачон сабрсизлик қилмаганлар.

Фараз қилинг, бир хонадонда турли сабаблар билан бирор тангчилик бўлди. Оила аъзолари бошқа хонадонга чиқиб кетмайди-ку. Фарзандлар бошқа ота-онани ўзининг ота-онаси деб билмайди-ку.

Аксарият одамлар бойлик ортидан қанчалик югурса-да, ер юзини кезиб чиқсаларда бойликларида ҳам, умрларида ҳам барака, ҳаловатнинг йўқлигидан шикоят қиладилар. Бунга Аллоҳнинг каломи Қуръонда кўрсатиб қўйилган ҳалол йўл билан ризқ излашни унутиб қўйганлари бош сабабдир. Аслида бой бўлишнинг, бойлик, мол-дунё орттиришнинг ягона йўли тақво билан, ҳалол йўл билан бойлик топишдир. Тақводорлик ризқнинг калити ҳисобланади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: «Кимки Аллоҳга тақво қилса, У унга (ташвишлардан) чиқиш йўлини (пайдо) қилур. Яна, уни ўзи ўйламаган жойдан ризқлантирур. Кимки Аллоҳга таваккул қилса, бас, (Аллоҳнинг) ўзи унга кифоя қилар. Албатта, Аллоҳ ўзи (хоҳлаган) ишига етувчидир. Аллоҳ барча нарса учун миқдор (меъёр ва муддатни тайин) қилиб қўйгандир» (Талоқ сураси, 2-3-оят).

Аллоҳ таоло ҳар бир жон учун ризқ тайин қилиб қўйган. Банда хоҳ ўз юртида бўлсин хоҳ хорижда бўлсин белгилаб қўйилган ризқгагина эгалик қилади. Ундан ортиғига ҳам камига ҳам эришиб бўлмайди. Айни шу ҳақиқатни ҳар биримиз яхши тушуниб олишимиз даркор. Чунки юртдошларимизнинг хорижга кетишларига ҳам айнан шу ақидага амал қилмасликлари сабаб бўлмоқда. Ота-она дуосини олиб, қалб тинч бўлиб бир бурда бўлсада нонни ўз оила аъзолари атрофида ейишга нима етсин. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Агар улар Аллоҳ ва Расули уларга ато этган нарсага рози бўлиб: “Бизга Аллоҳ кифоя. Бизга, албатта, Аллоҳ ўз фазлидан ато этур ва Расули ҳам. Биз Аллоҳ (розилиги)гагина рағбат қилувчилармиз, – десалар эди (ўзларига яхши бўлур эди)» (Тавба сураси, 59-оят).

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Бойлик мол-мулкнинг кўплигида эмас. Балки   бойлик кўнгил тўқлигидир (Имом Муслим, Термизий, Ибн Можа ва Аҳмад ривояти).

Аллоҳнинг берган неъматига шукр қилиш неъматнинг зиёда бўлишига сабаб бўлади. Ва аксинча, неъматга шукр қилмаслик, неъматнинг завол топишига олиб келади. Аллоҳ бундай марҳамат қилади: «Яна Раббингиз эълон қилган (бу сўзлар)ни эслангиз: Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман. Борди-ю, ношукрчилик қилсангиз, албатта, азобим (ҳам) жуда қаттиқдир» (Иброҳим сураси,7-оят).

Чиндан ҳам, бугун юртимиз тинч, турмушимиз фаровон. Бироқ бу неъматларнинг қадрига етмай, янада кўпроқ даромад топиш мақсадида фарзандлар, яқинларни ҳам унутиб хорижга кетаётган миллатдошларимиз яхши тушуниб олишлари лозимки аслида ота-она, фарзандлар билан бирга борига шукр, йўғига сабр қилиб, чиройли тарзда умргузаронлик қилиш, фарзандларини ўз юрти, халқи тараққиёти йўлида хизмат қиладиган авлод қилиб тарбиялаш ҳақиқий бойликдир.

Даврон НУРМУҲАММАД

тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар
Мақолалар

Мазҳаб соҳибларининг айтган сўзлари

7.01.2025   9150   7 min.
Мазҳаб соҳибларининг айтган сўзлари

Эргашилаётган мазҳаб соҳибларининг бу хусусда айтган сўзлари

«Фатавои ҳиндийя» китобида ҳанафий олимларинииг келтиришларича: «Маййит дафн этилгач, қабр олдида бир ҳайвонни сўйиб, гўштини тақсимлаб бўлгунча муддатда тиловат қилиб, маййитга дуо қилиш мустаҳабдир».

Муҳаммад ибн Ҳасан: «Ҳанафий мазҳаби машойихлари мана шу сўзни олишган», дедилар.

Аммо моликий мазҳаби машойихлари наздидаги эътимодли нарса бу амалнинг мустаҳаб эканлигидир.

Дасуқийнинг «Шарҳул кабийр»га ёзган хошиясида Ибн Ҳабиб мазкур амални «маҳбуб» деб атаган ва: «Агар имом Молик ушбу амални суннат қилиб олган кишини билсалар, кариҳ кўрардилар», деган.

Ушбу сўзни Ибн Рушд ҳам нақл қилган. Худди мана шу сўзни Ибн Юнус ҳам нақл қилган. Имом Лаҳмий эса «Қироат маҳбуб», деб эшитишни аъло кўрмаган. Ибн Ҳабиб Ёсин сурасини ўқишни «маҳбуб» деганлар. Бу икковларидан бошқаларнинг сўзларидан ҳам қироат мутлақ ҳолатда маҳбуб экани билинади.

Ваззоний Моликий «Навозилус-суғро» китобида келтиришича, қабрдаги қироат хусусида Ибн Рушд «Ажвиба» китобида, Ибн Арабий «Аҳкамул Қуръон» китобида, Фуртубий «Тазкира» китобида мисоллар келтириб, маййитнинг – хоҳ қабрда бўлсин, хоҳ уйида бўлсин, – қироатдан манфаат олиши айтилган.

Ушбу фикрни моликий мазҳабининг кўплаб уламолари ҳам нақл қилишган. Улар орасида Абу Саъид ибн Лубб, Ибн Ҳубайб, Ибн Ҳожиб, Лахмий, Ибн Арафа, Ибн Мавок ва бошқалар ҳам бор.

Шофеъий мазҳаби уламоларидан имом Нававий «Мажмуъ» китобида қуйидагиларни айтади:

«Қабрларни зиёрат қилувчилар учун аввало салом бериш ва зиёрат қилаётганда барча қабр аҳлига дуо қилиш мустаҳабдир. Ана шу саломи ва дуоси ҳадисдаги нарсаларга мувофиқ бўлиши лозим. Ва Қуръондан муяссар бўлганича ўқиб, ортидан дуо қилиши керак». Имом Шофеъий ва у кишининг соҳиблари мана шунга иттифоқ қилиб, далил келтиришган.

Имом Нававий «Ал-Азкор» китобида келтиришларича, маййит дафн қилиб бўлингач, бир ҳайвонни сўйиб, тақсимлангунича муддатда унинг ҳузурида ўтириш мустаҳаб амалдир. Ўтирганлар эса Қуръон тиловати, маййитга дуо, ваъз, хайр аҳлининг ҳикоялари ва солиҳларнинг ҳолатлари ҳақидаги суҳбатга машғул бўлишади. Имом Шофеъий ва у зотнинг асҳоблари: «Қуръондан баъзи қисмлар ўқилади. Агар Қуръоннинг барчаси хатм қилинса, яхшироқ бўлади», деб таъкидлашган.

Шунингдек, ҳанбалий олимлар ҳам қабр олдида Қуръон тиловатининг жоизлигини айтишган.

Аллома Мирдовий «Инсоф» китобида: «Қабр олдида қироат қилиш, икки ривоятнинг саҳиҳроғига қараганда, кароҳиятли эмас», деб айтган.

«Фуруъ» китобида имом Аҳмад ҳам далил келтирганлар. Ушбу китобнинг шарҳида: «Бу имом Аҳмаддан машҳурдир», дейилган.

Халлол ва у кишининг соҳиблари: «Қироат кароҳиятли эмас», дейишган. Кўпгина соҳиблар ҳам шунга иттифоқ қилишган. Улардан бири имом Қозий бўлиб, у киши бу фикрни «Важиз», «Фуруъ», «Муғний», «Шарҳ» китобларида келтирган. Ибн Тамим эса «Фоиқ»да келтирган.

Сийрат, таржимаи ҳоллар ва тарих китобларини ўқиганлар ҳам салафларнинг бу хусусдаги амалларини ва умматнинг ҳеч қандай инкорсиз унга эргашганларини, хусусан, Ҳанбалий ва аҳли ҳадис бўлмиш биродарларнинг ҳам бунга мувофиқ эканини кўради. Биз сўзимизнинг тасдиғи учун Ҳофиз Заҳабийнинг «Сияру аъломун-нубало» китобида Абу Жаъфар Ҳошимий Ҳанбалий (ҳижрий 470 йилда вафот этган) ҳақида ёзилган баъзи маълумотларни келтириш билан кифояланамиз. Бу зот ўз асрларида ҳанбалийларнинг шайхи бўлган. Вафот этганларида имом Аҳмаднинг қабрлари ёнига дафн этилганлар. Одамлар бир муддат у зотнинг қабрларини лозим тутиб ўтиришган. Айтилишича, қабрлари устида ўн мингта хатми Қуръон қилинган.

Ҳатто «Қабр олдида Қуръон тиловати бидъат ва бундай қилиш салаф ҳамда халафларнинг ишига хилоф», деган шайх Ибн Таймия вафот этганида ҳам қабри ва уйида хатми Қуръон қилинган. Буни Абдул Ҳодий Ҳанбалий ва бошқалар зикр қилишган.

Шунингдек, маййитга талқин қилиб туриш ҳам мустаҳаб амалдир. Рошид ибн Саъд, Замра ибн Ҳабиб ва Ҳаким ибн Умайрдан ривоят қилинади. Улар Химс аҳлидан бўлган тобеъинлардан эди. Улар: «Маййитни ерга қўйиб, устидан тупроқ тортилганидан кейин, одамлар тарқалишгач, ўша маййитнинг қабри устида туриб: «Эй фалончи! «Лаа илааҳа иллаллоҳу, ашҳаду аллаа илааҳа иллаллоҳу», деб уч марта айт. Эй фалончи! «Роббим Аллоҳ, диним Ислом, Набийим Муҳаммад алайҳиссалом», деб айтгин», дейди-да, кейин тарқалади», деб айтишган.

Абу Умома Бохилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. У киши шундай дедилар: «Агар вафот этсам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўликларга бажарилишини буюрган нарсаларни менга ҳам бажаринглар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга қуйидагиларни буюрдилар: «Агар биродарларингиздан бири вафот этса, қабрига тупроқ тортилгач, ичингиздан бири қабр бошида турсин-да, сўнгра: «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. У эшитади-ю, аммо жавоб бера олмайди. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Шунда ҳалиги киши ўтириб олади. «Эй фалончи ўғли фалончи», десин. Маййит: «Аллоҳ раҳмат қилгур, бизни тўғри йўлга бошла», дейди, лекин сизлар буни ҳис қилмайсизлар. Шунда атрофдагилар: «Дунёдан чиқаётганингдаги нарсани зикр қил. Яъни «Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ». Сен Аллоҳни Робб деб, Исломни дин деб, Муҳаммад алайҳиссаломни Набий деб, Қуръонни имом деб рози бўлгансан», десин. Чунки Мункар ва Накирнинг ҳар бири ўз соҳибининг қўлидан ушлаб: «Биз билан юр. Ҳужжати талқин қилинган кишининг ҳузурига бизни ўтирғизилмайди», дейди. Аллоҳ таоло унинг ҳужжатини иккови орасида тўсиқ қилади». Шунда бир киши: «Эй Аллоҳнинг Расули!

Агар онасини билмаса-чи?» деган эди, у зот: «(Бутун инсониятнинг онаси бўлмиш) Ҳаввога нисбат бериб: «Эй Ҳавво ўғли фалончи», дейилади», дедилар».

Ҳофиз ибн Ҳажар ушбу ҳадиснинг санадини «солиҳ» деганлар. Имом Зиё ҳам «Аҳком»ларида уни «кучли» деганлар.

Имом Нававий «Равза» китобида ушбу ҳадисни «заиф» деганлар. Лекин фазилат ҳақидаги ҳадисларда илм аҳли бўлмиш муҳаддис томонидан ишлатишга рухсат берилган. Ушбу ҳадисни бошқа саҳиҳ ҳадислар мустаҳкамлайди. Масалан, «Ўликларга субутни сўранглар» деган ҳадис ёки Амр ибн Оснинг васиятлари каби. Шом аҳли бу талқинга аввалги аср, яъни эргашиладиганлар замонидан буён амал қилиб келишади. Аллоҳ таоло: «Эслатгин, чунки эслатма мўминларга манфаат беради», деган (Зориёт сураси, 55-оят). Демак, банда эслатмага бу ҳолатда ундан-да ҳожатлироқдир.

Ибн Қайюм «Руҳ» номли китобида қуйидагиларни айтадилар: "Одамлар қадим пайтлардан то ҳозирги вақтимизгача, ҳадис собит бўлмаса ҳам, барча шаҳар ва асрларда ҳеч қандай инкорсиз бунга амал қилиб келишмоқда. Бу уммат мағрибдан машриққача ушбу одатни татбиқ қилган. У умматларнинг ақл ва маърифат жиҳатидан энг мукаммали бўлиб, ҳеч қачон эшитмайдиган ва ақл юритмайдиган кишига хитоб қилмайди. Бу нарсани бирор инкор қилувчи инкор ҳам қила олмайди. Балки бу аввалгиларнинг кейингиларга суннати бўлиб, кейингилар аввалгиларга эргашишади".

Кейинги мавзу:

Ўлганларга атаб Қуръон тиловат қилишнинг ҳукми;
Мавлид ва бидъат ҳақидаги ихтилоф.

МАҚОЛА