Қиш – мўминнинг баҳори рукнидан (8-мақола)
Парвардигоримизнинг меҳрибонлигини қарангки, тунлари ибодат қилувчи бандаларининг бу машаққатларини беэътибор қолдирмасдан уларни Ўзининг Каломида мақтаб қўйган. Собирлар, сиддиқлар, тасбиҳ айтувчилар, истиғфор айтувчилар, бошларини саждадан кўтармагувчилар, ёнбошлари ётоғидан йироқ қилиб, тоат-ибодатини самимий ихлос билан қилувчи бандаларига шундай мукофотлар ҳозирлаб қўйганини айтадики, ўша мукофотларни кўрганда уларнинг кўзлари қувонади.
Зотан, тун ярмида қилинган ибодат ҳар қандай риёдан холи бўлган энг самимий ибодатдир. Чунки ўша вақтда ибодат қилаётган одамни ҳеч ким кўрмайди. У Раббимиз билан ёлғиз қолади.
Бобораҳим Машраб:
Ҳар кишининг дарди бўлса, йиғласин ёр олдида,
Қолмасин армон юракда, этсин изҳор олдида, –
деганидек, кўнглида неки некбин туйғулари бўлса, фақат Унга айтади. Жонини бир нафас ҳимоясида қилиб қўйган Буюк Яратувчига ҳамду санолар айтади. Ана ўшаларни Аллоҳ таоло ояти карималарда қуйидагича мадҳ этади:
“Сабр қилувчилар, содиқлар, доимий тоат қилувчилар, нафақа қилувчилар ва саҳарда истиғфор айтувчилардир” (Оли Имрон, 17).
“Улар кечаю кундуз тасбиҳ айтарлар. Чарчамаслар” (Анбиё, 20).
“Улар тунларни Раббиларига сажда қилиб, бедор ўтказадилар” (Фурқон, 64).
“Уларнинг ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Улар Раббиларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан инфоқ қилурлар. Бас, ҳеч бир жон ўзлари учун қилиб ўтган амаллари мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас” (Сажда, 16-17).
“Йўқса, у кечалари ибодат қилиб, сажда этган, бедор ҳолида охиратдан қўрқиб, Рабби раҳматидан умидвор бўлган одамга тенгми?! Сен: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” – деб айт. Албатта, ақл эгаларигина эсларлар” (Зумар, 9).
“Албатта, тақводорлар жаннат ва булоқлардадир. Раббилари берган нарсаларни олувчилардир. Чунки улар бундан олдин эҳсон қилувчилардан бўлганлардир. Улар кечалари оз ухлар эдилар” (Заарийаат, 15-18).
“Улар баробар эмаслар. Аҳли китоблардан Аллоҳнинг оятларини сажда қилган ҳолларида кечасида тиловат қиладиган яхши тоифалари ҳам бор” (Оли Имрон, 113).
Тунги ибодатнинг шунча фазилати борлигини кўргандан кейин ҳар бир қалби салим юртдошимиз узун тунларнинг фазилатидан фойдаланиб қолишга жидду жаҳд этиши табиий.
Бинобарин, кечаси оз ухласак ҳам тонг отади, кўп ухласак ҳам кун ёришади. Аммо ёнбошимизни ётоққа эмас, пешонамизни саждага кўпроқ қўйсак, Раббимиз айтганидек, ўзимиз тасаввур қила олмайдиган даражада катта мукофотларга эришамиз.
Раббимиз барчамизни ҳар бир кунимиздан фойда ва тунимиздан фазилат олувчилардан қилсин!
ЎМИ матбуот хизмати
Ривоят қилинишича, Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳнинг қўлларида Аббос деган бир йигит тавба қилган экан. У йигит авваллари жуда кўп гуноҳ қилган бўлган, сўнг тавба қилган, лекин шу ҳолда етмиш марта тавбасини бузган. Охир-оқибат умрининг сўнгги дақиқалари яқинлашганда, ўлими кўзига кўринган пайтда онасини чақириб шундай деди:
— Она, Ҳасан Басрий ҳазратларини чақиринг, мен у зотнинг ҳузурларида тавбамни янгиламоқчиман, шоядки Аллоҳ таоло тавбамни қабул қилса.
Онаси шошилиб Ҳасан Басрийнинг ҳузурига бориб, салом берди ва:
— Мен Аббоснинг онасиман, ўғлимнинг ўлим пайти етди ва у сизни сўраяпти, тавбасини янгиламоқчи, деди. Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ бунга жавобан:
— Бор, менга тавба қилиб, уни қайта-қайта бузадиган одамнинг кераги йўқ, деди.
Аёл йиғлаган ҳолда уйига қайтиб келди ва ўғлига:
— Эй, ўғлим! Шайх сенинг ёмон қилмишларинг туфайли келишдан бош тортди, деди.
Шунда Аббос осмонга боқиб:
— Ё Роббим, Парвардигорим, шайх мендан юз ўгирди, аммо Сен мендан юз ўгирма, умидимни сўндирма, деб дуо қилди.
Шундан сўнг йигит онасига қараб:
— Эй, онажон! Агар вафот этсам, оёғингизни юзимга қўйинг, кейин бўйнимга арқан боғлаб, бозорда судраб юринг ва овозингиз борича “Бу — Аллоҳга осий бўлганнинг жазосидир” деб бақириб юринг. Шояд, менинг ҳолимни кўриб, Аллоҳ Ўз фазли ва раҳмати билан мени афв этса, деди.
Онаси уни ўзи айтганидек ўғлининг юзига оёғини қўймоқчи эди, ҳотифдан бир овоз эшитилди:
— Оёғингни сажда қиладиган жойга қўйма. Шуни билгинки, Аллоҳ таоло уни афв этди ва дўзахдан озод қилди.
Шундан сўнг онаси уни дафн қилди ва уйига қайтди. Шу кеча Ҳасан Басрий тушида бир овозни эшитди:
— Эй Ҳасан! Нима учун бандамни Менинг раҳматимдан умидсиз қилиб қўйдинг? Ахир уни Мен яратганманку ва Менинг раҳматим ҳар нарсани қамраб олади. Қасамки, агар яна шундай қилсанг, сени солиҳлар дафтаридан ўчираман!
Бу қисса Аллоҳнинг раҳмати ва фазлининг улкан эканини, ҳамда тавба қилишда инсон ҳеч қачон умидсиз бўлмаслиги кераклигини ёрқин тарзда баён қилади.
Ҳомиджон домла ИШМАТБЕКОВ