Оила аъзолари орасидаги муносабатлар яхши бўлиши керак
Тартиб ва интизом бўлган жойдагина қонун-қоида амал қилади. Тартиб бўлмаган жойда иш ҳам юрмайди, ривожланиш ҳам бўлмайди. Оилада тинчлик-хотиржамликнинг бўлиши, оила аъзолари орасида меҳр-оқибатнинг мавжудлиги, ота-она ва фарзандларнинг ўзаро самимий муносбаталари бу кичкина жамият деб номланган оиланинг ички-тартиб қоидалари ҳисобланади. Бизнинг оиламиз катта оролдаги танҳо оила эмас, балки ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз, амаки-тоғаларимиз, амма-холаларимиз, биз билан яқин борди-келдиси бўлган дўсту ёр, қўни-қўшниларнинг оилалари орасида эканини эсимиздан чиқармайлик.
Янги ишга кирган ходимга ҳам аввал бошида керакли шарт-шароитини яратиб бериб, ички тартиб-қоидалар билан таништириб ундан кейин иш талаб қилинади. Оилада ҳам худди шундай бўлиши керак эмасми? Оиламизда тартиб ўрнатганмиз, болаларим айтганларимни қилади, тўғри йўлда олиб кетяпман деймиз-у жойи келганда фарзандларимизнинг қилиб қўйган ишларини кўриб ёқамизни ушлаб қоламиз. Йўқ, бу менинг фарзандим эмас, бу унинг иши эмас, буни бошқа биров қилган, уни мажбурлаган….. Кошки бу важларнинг энди фойдаси бўлса?
Ота-онага хизмат қилиб, уларнинг розиликларини олиш бутун бир бошли оила, қариндош-уруғ, ҳатто қўни-қўшни, ёру дўстлар жамоасини ўз ичига оладиган комплекс хизматлар мажмуаси десак муболаға бўлмайди. Чунки оят ва ҳадислардан шу нарса маълум бўлмоқдаки, бу борадаги илк қадам оилада бевосита ота-онадан бошланса-да, у бориб-бориб ака-укалар, амаки-тоғалар, ота-онанинг ёру дўстларига бўлган муносабаталарни ҳам ўз ичига олмоқда.
Икки ё уч ёки ундан кўп фарзандли оилаларда, кейинчалик уларнинг ҳар бири оила қуриб бола-чақали бўлгандан кейинги бир бутун катта оилани кўз олдингизга келтиринг. Бу кичкина жамият гарчи ҳаммаси бир ота ва онадан кўпайган бўлса-да, турли характердаги ҳар хил салоҳиятдаги катта-ю кичик одамларни ўз қарамоғига олади. Мана шу кичкина кишилик жамиятида ҳеч кимнинг кўнглини оғритмасдан, имкон қадар ҳамма билан яхши муносабат ўрнатган ҳолда ота-онанинг хизматини қилиб, розиликларини топиш лозим бўлади. Камчилик ва хатолар ҳаммада ҳам бўлади. Айниқса бу болаларда кўп учрайди. Зотан инсон қусурлардан холи эмас.
Оила аъзолари орасидаги, айниқса ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муомаланинг яхши бўлишлиги, энг аввало, уларнинг баъзи қусур ва камчиликларига кўз юмишликка боғлиқдир.
Агар оила аъзолари ҳисобланган фарзандларнинг бирортасида ёмонроқ одати бўлса, буни унга чиройли қилиб, юмшоқлик билан тушунтириш лозим. Бу чиройли сўзни мисоллар ёки ибратли ҳикоялар билан тушунтирилса янада яхши бўлади. Бу жараёндаги, яъни оила аъзоларига тарбия беришдаги энг муҳим жиҳат, сўздан бошқа ортиқча ҳаракатларга эҳтиёж қолдирмасликдан иборатдир. Демак, айтилиши билан хато ва камчиликлар бартараф этиладиган бўлса, ортиқча гап-сўзларга ўрин қолмайди ва бу тарбиянинг яхши таъсиридан дарак беради.
Ота-она томонидан буюрилган ишлар фарзанд томонидан қаршилик билан қабул қилинса, ижроси кечиктирилса ёки бажарилмайдиган бўлса, бундай буйруқларни бергандан кўра бермаслик маъқул, дейилган тарбия китобларимизда. Чунки айнан мана шу зарурат болани ота-онанинг амрига исён қилиб, Аллоҳнинг азобига гирифтор бўлиб қолмаслиги учун ҳам керакдир. Зеро ҳадиси шарифда:
“Фарзандининг итоатига ёрдам берган отага, Аллоҳ раҳмат қилади”, деб марҳамат қилинган. (Саҳовий, “Мақосидул-Ҳасана”, 516)
Бу ҳадиси шарифда фарзанди қарши чиқиб осий бўлиб қолишига сабаб бўладиган буйруқни бермаган ота назарда тутилган. Бу аслида ҳар бир ота-она учун энг муҳим ва керак бўладиган кўрсатма ҳисобланади. Чунки бола то ақлини таниб, оқ-қорани ажратиб, савобу гуноҳ нималигини яхши билиб олгунича қанчадан қанча қовун пишиғи ўтиши лозим бўлади. Ҳатто бола катта бўлиб, ҳаётда ўз ўрнини топиб кетганда ҳам ота-она айнан шу масалада жуда эҳтиёткор бўлса, фақат яхши бўлади.
Тарбия китобларимизда устознинг даражаси отаникидек улуғлиги айтиб ўтилади. Бу бежизга эмас. Чунки устоз инсоннинг маънавий тарбияси билан шуғулланиб, уни комил инсон бўлиб етишига асосий эътиборини қаратади. Шунинг учунг ҳам уларнинг таълим-тарбия бериш усулларида, аввало, устознинг ўзи чиройли одоб эгаси бўлишлиги, кейин оғир-вазминлик, сабр-тоқатлик, чидамлилик каби қобилиятларга эга бўлиш энг биринчи талаблардан ҳисобланган. Ислом оламининг буюк шайхлари ҳаёти ҳақидаги тарихий манбаларда ёзилишича, илм даргоҳларида таълим олаётган айрим шогирдларда кузатилган камчилик ёки нуқсонни талабага айтиш учун устози йиллаб, ҳатто, айримлари қирқ йил кутганлари баён этилган. Бу нима дегани? Инсон хато ва камчиликдан холи бўлмаганидек, шу нуқсонларини бирданига қабул қилиб, уни бартараф этишга ҳам лойиқ эмас дегани. Инсонга ўз хатосини то ўзи ақл-идроки билан тушуниб етиши учун унга йиллар керак бўлади. Баъзида эса шу камчилигини унга айтиш учун зарур ва қулай фурсатни топиш учун ҳам ота-оналарга кунлар, балки ойлар керак бўлар. Шунинг учун фарзанд тарбиясида, айниқса, ота-оналарнинг уларга нисбатан муносабатларида тарбиянинг мана шунга ўхшаш нозик жиҳатларини эсларидан чиқармасликлари айни муддао бўлади.
Ҳикмат. Абу Лайс Самарқндийнинг “Танбеҳул ғофилийн” асарида аллома Фузайл бин Ийёс раҳматуллоҳи алайҳнинг қуйидаги хулосалари ифода этилган:
“Шу ишларни қилган одам мутлақо мурувват ва фазилат соҳиби бўлади: ота-онасига яхшилик қиладиган, қариндошларини зиёрат этадиган, дин биродарларига илтифот ва ҳурмат кўрсатадиган, аҳли аёли, болалари ва хизматчиси билан яхши муомалада бўлиб, ҳаёт кечирадиган, динини муҳфаза қиладиган, молини шариат буюрган тарзда ҳалол сақлаб, ортиғини эҳсон қиладиган, тилини тийган, кўзлари уйига, ибодатга қаратилган тарзда ҳаёт кечирадиган, беҳуда ишлар ва кераксиз одамлардан узоқда юрган.”
Тарбия китобларимизда, болалар етти ёшигача оиланинг райҳонлари экани, уларни мазза қилиб ҳидлаш мумкинлиги, етти ёшдан ўн тўрт ёшгача ота-онанинг хизматчиси экани, кейин эса ё душманингиз ёки дўстингиз бўлади, деб айтилган.
Ўқиган-билганларимиздан шу нарса маълум бўлмоқдаки, бирорта кишига, шу жумладан, ўз фарзандига ҳам бир нарсани ўргатишда тарбияни шуни қилгин, буни бажармагин каби кескин буйруқ ва мажбурлаш тарзида бермаслик керак экан. Ҳар қандай тарбия жараёнида чиройли ўрнак кўрсатиш энг яхши натижа бериши тажрибалардан билинмоқда.
Шундан келиб чиқиб, ота-оналар ҳам яхши ва хайрли ишларни фақат тушунтиравермасдан, насиҳатларини амалда ўзлари бажариб кўрсатиб турсалар, яхши ўрнак бўлади.
Улуғбек Султоновнинг
"Ота – онага хизмат қилиш
одоблари" китобидан олинди
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак. Ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилишдан ҳеч ким четда турмаслиги лозим. Жадидчи алломаларимиздан бирлари: “Фарзанд тарбиясига лоқайд қараган миллат инқирозга маҳкумдир”, деб бежизга айтмаган.
Исломда болалар тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота‑онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.
Сўнгра Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу «Агар хоҳласангиз: «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди» (Тўртовлари ривоят қилишган).
Ушбу муборак ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда.
“Фитрат” соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган қобилият деганидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш қобилияти билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.
Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:
«Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади».
Яъни, ота-оналар болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.
Шу жойда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.
«Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?».
Яъни ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бус-бутун туғилади. Бирортасининг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо, эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда уларнинг қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади.
Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни сабабият қонуни ила бир-бирига боғлаб қўйган. Оч инсон таом емаса, қорни тўймайди. Ота-она қўшилмаса, бола туғилмайди. Худди шунингдек, тарбия бўлмаса, инсон тарбия кўрган бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади.
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Авлодларингизни, биринчидан: “Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланглар...” Чунки Аллоҳ таоло уни йўқдан бор этиб, ота-онани унинг дунёга келишига сабабчи қилди. Ва уларнинг қалбларига фарзанд меҳру муҳаббатини солди. Агар Аллоҳ таоло фарзанд муҳаббатини қалбга солмаганида, уни бағрига босмасди, раҳм-шафқат қилмасди, кўчага ташлаб кетган бўларди. Шунинг учун фарзанд Аллоҳ таолони севиб, унга шукрлар қилиши лозим.
Иккинчидан: “Аллоҳнинг Расулини севадиган қилиб тарбияланглар”. Чунки Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни халқ орасидан танлаб олиб, халққа Пайғамбар қилиб юборган. Қуръони каримнинг Анбиё сураси 107-оятида ул зотни “Биз сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юборганмиз”, дейилган. Пайғамбаримиз инсонларга ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлган, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот, бутун дунё аҳлининг устози саналади.
Учинчидан: “Аллоҳнинг Китобини севадиган қилиб тарбияланглар...”. Чунки бу Китоб инсониятни ҳидоятга чорлайди.
Бу учта талаб инсон фарзандига ўргатилиши лозим бўлган қоидалардан саналади.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васаллам айтдилар: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан кўра афзал нарса бера олмайди”.
Албатта, фарзанд илмли ва одобли бўлса ота–она ҳурматини ва ҳақ-ҳуқуқларини яхши адо қилади. Оилада яхши тарбия топган фарзанд яхши ва ёмонни фарқлай олади. Қайси оилада, қайси маҳаллада ёшлар тарбияси яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла, ўша юрт гуллаб яшнайди. Бу эса жамиятнинг равнақ топишига олиб келади.
Давоми бор...
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.