Йил, ой, ҳафта ва кунлар ҳисобини юритиш тизими арабчада тақвим (тўғрилаш, тўхтатиш, баҳолаш сўзларидан олинган), лотинчада календарь (аслида “қарз дафтари”дан келиб чиққан) деб аталади. У қуёш, ой ва сайёраларнинг ҳаракатига, кун билан тун алмашинувига, ой ўзгариши ва йил фаслларининг даврий равишда такрорланишига асосланади.
Ўтмишда муҳим воқеа-ҳодисаларни бир ипга кетма-кет тизиб чиқишда асқатадиган тақвимлар ва тақвимбошилар кўп бўлган. Ҳар қайси миллат ўз ижтимоий-сиёсий фаолиятидаги энг жиддий тарихий эврилишлар даврини ўзи учун бошланғич деб билган. Масалан, қадимги турклар ва ибронийлар хилқатни, яъни дунёнинг яратилишини, мисрликлар самода Сириус юлдузининг кўриниши ёки Нил дарёси тоша бошлашини, юнонлар олимпиада ўйинларини, римликлар Рим шаҳри қурилишини, насронийлар милодни, қадимги араблар Фил санасини, мусулмонлар ҳижратни тақвимбоши сифатида танлашган. Лекин бу манбалар барча миллатлар учун муштарак бўлмагани туфайли вақт ўтиши билан аксарияти унутилиб, фақат милод ва ҳижрат бошланғичлари қолган.
Тақвимнинг асосий бирлиги йил бўлиб, у ойларга, ойлар эса кунларга ажратилади. Йил Ернинг Қуёш атрофида, ой Ойнинг Ер атрофида, кун Ернинг ўз ўқи атрофида айланишига қараб аниқланади. Табиийки, бу астрономик жараёнлар анча мураккаб кечади. Шу боис йилни ойларга, ойларни кунларга тақсимлаш масаласи азалдан турли халқларда ҳар хил йўсинда ҳал этилган ҳамда шамсий, қамарий ва шамсий-қамарий тақвимлар яратилган.
Шамсий йил ҳисоби
Шамсий (арабча – “қуёшга оид”) йил ҳисоби дастлаб қадимги мисрликлар томонидан жорий қилинган. Унга тропик йил асос қилиб олинган. Тропик йил эса Қуёш ясси доираси марказининг 21 мартда рўй берадиган баҳорги тенг кунлик нуқтасидан кетма-кет икки марта ўтиши оралиғидаги вақт бўлиб, 365 кун 5 соат 48 дақиқа 46 сонияга тенгдир.
Илк шамсий тақвимда йил ҳар бири 30 кунлик 12 та ойга бўлинган ва охирида уларнинг йиғиндисига 5 кун қўшилган. Шу тариқа бир йил 365 кундан иборат бўлган.
Шамсий йил ўн икки бурждан – Қуёшнинг осмон гумбазидаги йиллик кўринма ҳаракат йўлидаги шунча нуқта ёки ўша доирада жойлашган ўн икки юлдуз туркуми ва улардан ҳар бирининг ҳайвонларга нисбат берилган ҳолда арабча номланган ва навбатма-навбат келадиган қуйидаги ойлардан иборат:
Ҳамал (Қўзичоқ) – 22 мартдан 21 апрелгача;
Савр (Ҳўкиз) – 22 апрелдан 21 майгача;
Жавзо (Эгизаклар) – 22 майдан 21 июнгача;
Саратон (Қисқичбақа) – 22 июндан 21 июлгача;
Асад (Арслон) – 22 июлдан 21 августгача;
Сунбула (Бошоқ) – 22 августдан 21 сентябргача;
Мезон (Тарози) – 22 сентябрдан 21 октябргача;
Ақраб (Чаён) – 22 октябрдан 21 ноябргача;
Қавс (Ўқ-ёй) – 22 ноябрдан 21 декабрдан;
Жадий (Тоғтака) – 22 декабрдан 21 январгача;
Далв (Сувчи) – 22 январдан 21 февралгача;
Ҳут (Балиқ, Наҳанг) – 22 февралдан 21 мартгача.
Яна бир гап. Қадим туркий халқларда ҳам ойлар 12 бурж номи билан юритилган. Шунингдек, ҳамал, савр, жавзо ойларидан иборат баҳор фасли; буржи обий, саратон, асад, сунбула ойларини қамраб олган ёз фасли; буржи норий, мезон, ақраб, қавс ойлари кирувчи куз фасли; буржи бодий, жадий, далв, ҳут ойларидан иборат қиш фасли буржи ҳокий деб аталган.
Ҳижрий тақвим
Унинг қисқача тарихи қуйидагича: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 632 йил 27 майда вафот этади. Ўша куниёқ Мадинада ислом халифалиги тузилади. Кейинчалик турли номларда то 1923 йил 3 мартгача қарийб ўн уч аср ҳукм сурган бу салтанатнинг Хулафои Рошидин аталмиш дастлабки босқичида ҳазрати Умар ўн йил иккинчи халифа вазифасини ўтайди. Бир куни мулозимлари унга шаъбон ойида тўланиши зарур қарзлар дафтарини кўрсатади. Халифа: “Бу қайси шаъбон ойи – бултургими ёки бу йилгими?” деб сўрайди, бироқ жўяли жавоб ололмайди. Негаки, ўша кезлар мусулмон дунёсида ҳужжатларга сана қўйилмасди. Орадан кўп ўтмай, Жазира волийси Абу Мусо иккита ёзма буйруқ олади. Олади-ю, боши қотади. Сабаби, улар ўзаро мувофиқ келмасди. Устига- устак, санаси йўқлиги туфайли қай бири олдин, қай бири кейин битилганини ажратиш мушкул эди. Абу Мусо бу мавҳумликни бартараф этиш илинжида халифага мурожаат қилади.
Бундай ҳолатлар бот-бот такрорланавергач, масала пишиб етилади. Ва ниҳоят, муҳаррам ойининг дастлабки куни – милодий 638 йил 23 январда ушбу муаммо муҳокамасига бағишланган машварат чақирилади. Пировардида 17 йил бурунги сана, аниқроғи, пайғамбаримиз Маккадан Мадинага кўчган кун (милодий 622 йил 23 сентябрь) йил боши сифатида қабул қилинади ва янги тақвим ҳижрий йил ҳисоби номини олади.
Ўз навбатида, ҳижрий ҳисоб ҳижрий-қамарий ва ҳижрий-шамсий йилга бўлинади. “Қамарий” (“қамария”) арабча сўз бўлиб, ўзбекчада “ойга тааллуқли” деган маънони англатади. Қадимги миллатлар тақвимда қамарий йилни кўпроқ қўллашган. Унга Ойнинг Қуёш атрофидаги ҳаракатида кетма-кет келган иккита бир хил фазаси, соддароқ қилиб айтганда, муайян ой пайдо бўлган кундан янги ой туғилгунга қадар ўтган вақт – 29 кун 12 соат 44 дақиқа 3 сония асос қилиб олинган. Демак, 12 ойдан иборат бир қамарий йил 354,36702 кунга тенгдир. Шу боис оддий қамарий йилнинг тоқ ойлари 30 кундан, жуфтлари 29 кундан, жами эса бутун ҳолда 354 кундан иборат бўлади. Айни чоқда, 354 кундан ортган қолдиқ (0,36702) уч йилда бир кеча-кундуздан ошгани сабабли ўртача уч йилда бир марта қамарий йил узунлиги 355 кун қилиб белгиланади ва арабчада кабиса йил (тўлиқ йил) деб аталади.
Ҳозир араб мамлакатларида фойдаланиладиган қамарий тақвим ХХ асргача асосий аҳолиси мусулмон бўлган бошқа мамлакатлар қатори бизнинг ўлкамизда ҳам қўлланган. Ундаги ойлар ҳар йили шамсий ойлардан 11 кун эрта келади. Инчунун, фақат 33 йилда бир бор эски ўрнига қайтиб, ўзига хос давра қуради. Ислом дунёси рўза, ҳайит, ҳаж каби диний ибодатлар важидан ҳижратга оид шамсий йил ҳисобини эмас, балки қадимги арабларнинг қамарий йил ҳисобини ишлатишган ва уни ҳижрий-қамарий дейишган.
Энди ҳар иккала тақвимда арабча номланган ойларнинг тартиби, ўзбекча маъноси ва неча кундан иборатлиги билан танишайлик.
Муҳаррам (тақиқланган, муқаддас) – биринчи ой, 30 кун. Исломдан аввал ҳам арабларда табаррук саналган бу ойда қабилалараро уруш-жанжаллар ва қон тўкишлар манъ қилинган.
Сафар – иккинчи ой, 29 кун. Унинг хусусияти бошқа ойларники билан бир хил. Исломга кўра, бу вақтда ҳам турли диний маросимларни ва тўйларни ўтказиш, сафарга чиқиш мумкин. Бинобарин, сафар ойининг бехосиятлиги ҳақидаги миш-мишлар мутлақо асоссиздир.
Рабиул-аввал (аввалбаҳор, баҳор бошидаги) – учинчи ой, 30 кун.
Рабиус-соний (иккинчи баҳор, баҳорнинг сўнггидаги) – тўртинчи ой, 29 кун.
Жумодул-аввал – бешинчи ой, 30 кун.
Жумодус-соний – олтинчи ой, 29 кун.
Ражаб – еттинчи ой, 30 кун. Арабистон ярим оролида исломдан олдинги жоҳилия даврида уруш тақиқланган зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ойлари қаторида туради.
Шаъбон (иккинчи номи Барот, яъни имтиёз ёрлиғи) – саккизинчи ой, 29 кун.
Рамазон (рўза ойи) – тўққизинчи ой, 30 кун. У Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим ваҳий қилина бошланган муқаддас ой ҳисобланади ва мусулмонларга рўза тутиш буюрилади. Рўза тутиш эса ҳижратнинг иккинчи йилидан бошланган.
Шаввол (унча катта ёки унча кўп бўлмаган) – ўнинчи ой, 29 кун.
Зулқаъда – ўн биринчи ой, 30 кун.
Зулҳижжа – ўн иккинчи ой, 29 кун.
Марказий Осиёда милодий йил ҳисоби оммавийлашгунга қадар қамарий ва шамсий тақвимлар ишлатиб келинган. Шамсий йил бошида Наврўз байрами кенг нишонланган.
Милодий йил ҳисоби
Кўҳна Рим тақвимида ҳам бир йил қадимги мисрликларнинг шамсий тақвимидагидек 365 кун деб олинган ва унинг ойларга бўлиниши янада мураккаблашган. Устига-устак, боя эслатганимиздек, иккала тақвимда ҳам йил узунлиги тропик йилдан тахминан 6 соат қисқалиги билан ажралиб турган. Шу сабаб баҳорги тенг кунлик ҳар тўрт йилда бир кунга сурилиб, айрим чалкашликларга сабаб бўлган. Рим ҳукмдори Гай Юлий Цезарь уларга барҳам бериш ниятида милоддан аввалги 46-йилда юнон астрономи Созиген таклифи бўйича тақвимга ўзгартиришлар киритган. Унга кўра, ҳар тўрт йилдан бири 366 кунлик (кабиса) йил сифатида қабул қилинган. Йил 12 ойга бўлиниб, тоқлари 31 кун, жуфтлари 30 кун, февраль ойи эса оддий йилларда 28 кун, кабиса йилда 29 кун қилиб белгиланган.
Бу тақвим Юлий календари номини олган. Аммо унда бир йил тропик йилдан 11 дақиқа-ю 14 сония ортиқ бўлгани туфайли ўртадаги фарқ ҳар 400 йилда тахминан уч кунни ташкил қилади. У йиғилиб-йиғилиб, ХVI асрда ўн кунга етади ва баҳорги тенг кунлик 21 мартга эмас, 11 мартга тўғри келиб қолади. Қарабсизки, христиан байрамларини аниқлашда муаммолар пайдо бўлади. Рим папаси Григорий XIII шуни назарда тутиб, 1582 йил 24 февралда италиялик шифокор ва математик Луижи Луллио лойиҳаси асосида ўзига хос ислоҳот ўтказади.
Кейинчалик “Григориан календари” ва “Ғарб календари” номини олган ушбу тақвимда, аввало, ўша йилнинг 4 октябридан кейинги сана 15 октябрга айлантирилиб, баҳорги тенг кунлик 21 мартга қайтарилади. Иккинчидан, тўртга бўлинадиган йиллар Юлий тақвимидаги сингари 366 кун қилиб олинади. Учинчидан, ҳар 400 йилдан 3 кун чиқариб ташланиб, 400 га бўлинмайдиган йиллар 365 кунлик оддий, февраль ойи бир кунга қўшилиши туфайли 366 кунни ташкил этадиган ва тўртга қолдиқсиз бўлинадиган йил эса кабиса йил сифатида эътироф этилади (Иккита ноль билан тугаб, 400 га бўлинмайдиган йиллар бундан мустасно).
Григорий тақвимига биноан, Исо алайҳиссалом туғилган кун илк милодий йилнинг 1 январи ҳисобланади. Тарихнинг мана шу санага қадар бўлган даври эски эра (милоддан аввалги), кейинги босқичи эса янги эра (милодий) саналади.
Янги тақвим замонлар оша дунёнинг кўплаб мамлакатларига тарқалди. Ўзбекистонда эса 1918 йил 14 февралдан қўлланила бошлади. Модомики, шундай экан, энди ундаги лотинча номланган, келиш тартиби сизу бизга яхши маълум ойлар маъноси билан танишайлик:
Январь (Januarius/Janus) – 31 кундан иборат. Қадимги римликларнинг қуёш маъбуди Янус исмидан олинган.
Февраль (februarius – ҳалолланиш ойи) – 28 кунга, кабиса йилида 29 кунга тенг. Бу ном қадимги римликларнинг ҳар йили 15 февралда ўтказилган покланиш маросимига дахлдор.
Март (Маrtius/Mars) – 31 кун. Рим мифологиясида уруш худоси Марс номига қўйилган.
Апрель (aprilis/apricus) – 30 кунлик. Қуёш иситадиган ой маъносида.
Май (Maius) – 31 кун. Юнон афсоналари бўйича Меркурий худосининг онаси Майя шарафига Майус дейилган.
Июнь (Junius) – 30 кунлик. Қадимги Рим маъбудаси Юнонанинг исми қўйилган.
Июль (Julius – Юлий ойи) – 31 кунлик. Милоддан аввалги 45-йилда Рим ҳукмдори Юлий Цезарь номи берилган.
Август (Augustus – олий, муқаддас, улуғ) – 31 кунлик. Рим ҳоқони Октавиан мутлақ ҳокимга айлангач, Сенат унга Август (худолар томонидан шарафланган) фахрий мақомини берган. Бу сўз олдин ой номи, бора-бора ҳукмдорлар унвонини англатувчи атама бўлиб қолган.
Сентябрь (september – еттинчи) – 30 кунга тенг. Кўҳна Римда 1 мартдан бошланувчи ўн ойдан иборат тақвимнинг еттинчи, Григорий тақвимининг тўққизинчи ойи.
Октябрь (оctо – саккиз) – 31 кунлик. Қадимги Рим тақвимининг саккизинчи, Григорий тақвимининг ўнинчи ойи.
Ноябрь (november – тўққиз) – 30 кундан иборат. Эски Рим тақвимидаги тўққизинчи, Григорий тақвимидаги ўн биринчи ой.
Декабрь (юнонча deka, лотинча decem/dekember – ўн/ўнинчи) – 31 кунга тенг. Григорий тақвимининг ўн иккинчи ойи, Юлий тақвими ислоҳ қилингунча ўнинчи ой ҳисобланган.
Албатта, бошқа календарлар сингари милодий тақвими ҳам камчиликлардан холи эмас. Биринчидан, у бўйича ҳисобланса, Исо пайғамбар таваллуд топган сана милоднинг тўртинчи йилига тўғри келади. Иккинчидан, бу тақвимнинг йилбошиси ҳисобланмиш январь ойи ҳар ўн минг йилда жиддий фарққа учрайди. ХI асрда Умар Хайём қуёш санасига таяниб яратган ва Эрондаги салжуқийлар султони Жалолиддин Маликшоҳ томонидан ҳаётга жорий этилган тақвим эса илмий жиҳатдан ёндашганда, ўн минг йилда атиги икки кунга ўзгарадиган даражада пухта бўлган. Афсуски, султон вафотидан кейин у эътибордан четда қолиб кетган…
Тақвимларга оид бундай далиллар мозий дафтарларида жуда кўп.
Абдунаби ҲАЙДАРОВ
тайёрлади
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Ислом тарихидаги энг улуғ, маънавий жиҳатдан энг ибратли кунлардан бири Ашуро куннидир. Ҳар йили муҳаррам ойининг ўнинчи куни нишонланадиган бу сана нафақат рўза тутиш фазилати билан, балки Аллоҳ таолонинг бандаларига кўрсатган марҳамати, Мусо алайҳиссалом ва унинг қавмини нажот этганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу кунга алоҳида эътибор берганлар ва умматларини ҳам унинг фазилатларидан баҳраманд бўлишга чорлаганлар. Ашуро куни мусулмонлар учун маънавий покланиш, гуноҳларга каффорат ва суннатни ҳаётга татбиқ этиш имконидир.
Бу кун мусулмонлар учун рўза тутиш тавсия этилган кунлардан бири бўлиб, уламоларнинг кўпчилиги бу кунни рўза билан ўтказишни мустаҳаб деб ҳисоблайди. Ашуро куни рўза тутиш суннат амаллардан бири бўлиб, унинг фазилати жуда катта. Тасуъо (тўққизинчи) ва Ашуро (ўнинчи) кунларида рўза тутиш пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган суннатлардандир. Бу Аллоҳнинг кунларидан бири бўлиб, У Зот ўз бандаларига марҳамат кўрсатган, яъни У зот Калимуллоҳ Мусо алайҳиссалом ва Унинг қавми Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинининг зулмидан нажот этган кундир.
Ашуро кунини рўза билан ўтказишнинг асосий сабаби бу кунда Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссалом ва Бани Исроилни Фиръавн ва унинг қўшинидан нажот этганидир. Пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасини жуда аҳамиятли деб билар эдилар. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирор кунни бошқалардан афзал деб рўза тутишга уринганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун — Ашуро куни ва ушбу ой — Рамазон ойидан ташқари” (Имом Бухорий ривояти).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларни Ашуро куни рўза тутишга рағбатлантирар ва: “Ашуро куни рўзаси ўтган бир йилнинг гуноҳларига каффорат бўлишини Аллоҳдан умид қиламан”, дер эдилар (Имом Муслим ривояти).
Мусулмонлар бу суннатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилганларидан сўнг амалиётга тадбиқ эта бошладилар. У киши яҳудийларни Ашуро куни рўза тутаётганини кўрдилар ва бунинг сабабини сўраганларида, улар: “Бу яхши кун бўлиб, Аллоҳ ушбу кунда Бани Исроилни душманларидан нажот этган, шунинг учун Мусо алайҳиссалом ушбу кунни рўза билан ўтказган”, дейишди. Шунда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Мен Мусога сизлардан кўра яқинроқман”, деб, ўша куни рўза тутдилар ва бошқаларга ҳам рўза тутишни буюрдилар.
Шу кундан бошлаб бу амал суннат сифатида амалга оширила бошланди ва мусулмонлар учун ўтган йилнинг гуноҳларидан покланиш, катта савоб ва фазилатга эришиш имкони сифатида қаралади.
Ашуро куни бу барча мусулмонлар учун муҳим сана ҳисобланади. Кўплаб инсонлар бу кунда рўза тутишга ва ибодат қилишга интилади.
Кўпчилик Ашуро кунини ягона ҳолда рўза тутиш мумкин эмас, деб ҳисоблайди. Аммо Азҳар муассасаси ўз фатволаридан бирида бу фикрни рад этган. Унда таъкидланганидек, жума ёки шанба куни Ашуро кунига тўғри келса ҳам, уни алоҳида ҳолда рўза тутиш ман қилинган эмас.
Азҳар уламоларининг таъкидлашларича, имом Таҳовий раҳматуллоҳи алайҳдан ривоят қилинган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўзасига изн берганлар ва унга тарғиб қилганлар. Лекин бу кун шанбага тўғри келса, тутманглар, демаганлар. Бунинг ўзиёқ, Ашуро ҳар қандай кунга тўғри келса ҳам рўза тутиш мумкинлигини кўрсатади”.
Шунингдек, агар Ашуро ёки Арафа куни жума ёки шанба кунига тўғри келса ёки инсоннинг одатдаги рўзали куни бўлса, бу ҳолда рўза тутишда ҳеч қандай монеълик йўқ.
Дорул-Ифто (Миср Фатво ҳайъатининг 2023 йил 26 июльдаги 7756 рақамли Профессор Доктор Шавқий Иброҳим Аллом фатвосида) ҳам Ашуро кунини яъни муҳаррамнинг 10-кунини ягона ҳолда рўза тутиш жоизлигини тасдиқлаган. Шу билан бирга, ихтилофдан қочиш мақсадида, у билан бирга бир кун аввал 9-кун ёки бир кун кейин 11-кун рўза тутиш тавсия этилди.
Миср Дорул-Ифто муассасаси таъкидлашича, муҳаррамнинг 9-кунини рўза тутиш қатъий суннатдир. Бу борада Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ашуро куни рўза тутганларида, Пайғамбаримизга яҳудий ва насронийлар бу кунни улуғлашларини айтишган. Шунда у зот: “Келгуси йили, агар Аллоҳ хоҳласа, тўққизинчи куни ҳам рўза тутаман”, деганлар. Ибн Аббос айтадилар: келгуси йил келмасдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этдилар. Бу ҳадисни Имом Муслим ўз “Саҳиҳларида” келтирганлар.
Суннатда Ашуро куни рўзаси тутишнинг фазилати ҳақида бир қатор ривоятлар келтирилган. Унга кўра, муҳаррам ойида рўза тутиш тавсия этилган амаллардан саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар:
“Рамазондан кейинги энг афзал рўза Аллоҳнинг ойи муҳаррам ойида тутиладиган рўзадир. Фарз намозлардан кейинги энг афзал намоз кечаси ўқиладиган (таҳажжуд) намоздир”.
Ашуро кунининг фазилати шундаки, бу кун тутиладиган рўза ўтган бир йиллик гуноҳларга каффорат бўлади. Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради:
— Арафа куни рўзаси ҳақида нима дейсиз?
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган ва келгуси йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, дедилар.
— Ашуро куни рўзаси ҳақида нима дейсиз? деб сўрадилар.
У зот: “Аллоҳдан умид қиламанки, ўтган йилнинг гуноҳларига каффорат бўлади”, деб жавоб бердилар.
Шунингдек, Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
“Мен Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни бирон кунни бошқалардан кўра афзал деб рўза тутишга шунчалик интиқлик билан интиқлик қилганларини кўрмаганман, фақат ушбу кун Ашуро куни ва ушбу ой Рамазон ойи бундан мустасно”.
Уламоларимиз Ашуро кунида аҳли оилага кўпроқ сарф қилиш, яъни уларни қувончли қилиш, ризқда кенглик қилишнинг тавсия этилган амаллардан эканини таъкидлайдилар. Бу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадисларига асосланади:
“Кимки Ашуро кунида ўз аҳлига (оила аъзоларига) кенглик қилса, Аллоҳ таоло унга бутун йили кенглик беради”.
Хулоса ўрнида шуни эслаш жоизки, Ашуро куни бу бир кунлик рўза орқали бутун бир йиллик гуноҳлардан покланиш умиди берилган, Аллоҳнинг махсус марҳамати тўкилган муқаддас кундир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан бири бўлган ушбу рўзани тутмоқ, уни 9-куни ёки 11-кун билан бирга адо этмоқ мусулмон киши учун катта ажру савоб манбаидир.
Шунингдек, бу кунда аҳли оилага шодлик улашиш, ризқда кенглик қилиш ҳам суннатга уйғун амаллардан ҳисобланади. Демак, Ашуро куни ибодат, муҳаббат ва маънавий янгиланиш кунидир. Ундан оқилона фойдаланган киши на дунёда, на охиратда зиён кўрмайди.
Дилшод Алиев,
"Болои Ҳовуз" масжиди имоми.