Сайт тест ҳолатида ишламоқда!
10 Январ, 2025   |   10 Ражаб, 1446

Тошкент шаҳри
Бомдод
06:24
Қуёш
07:48
Пешин
12:36
Аср
15:32
Шом
17:16
Хуфтон
18:35
Bismillah
10 Январ, 2025, 10 Ражаб, 1446

Тақвимлар тарихига бир назар

8.01.2018   34434   15 min.
Тақвимлар тарихига бир назар

Йил, ой, ҳафта ва кунлар ҳисобини юритиш тизими арабчада тақвим (тўғрилаш, тўхтатиш, баҳолаш сўзларидан олинган), лотинчада календарь (аслида “қарз дафтари”дан келиб чиққан) деб аталади. У қуёш, ой ва сайёраларнинг ҳаракатига, кун билан тун алмашинувига, ой ўзгариши ва йил фаслларининг даврий равишда такрорланишига асосланади.

Ўтмишда муҳим воқеа-ҳодисаларни бир ипга кетма-кет тизиб чиқишда асқатадиган тақвимлар ва тақвимбошилар кўп бўлган. Ҳар қайси миллат ўз ижтимоий-сиёсий фаолиятидаги энг жиддий тарихий эврилишлар даврини ўзи учун бошланғич деб билган. Масалан, қадимги турклар ва ибронийлар хилқатни, яъни дунёнинг яратилишини, мисрликлар самода Сириус юлдузининг кўриниши ёки Нил дарёси тоша бошлашини, юнонлар олимпиада ўйинларини, римликлар Рим шаҳри қурилишини, насронийлар милодни, қадимги араблар Фил санасини, мусулмонлар ҳижратни тақвимбоши сифатида танлашган. Лекин бу манбалар барча миллатлар учун муштарак бўлмагани туфайли вақт ўтиши билан аксарияти унутилиб, фақат милод ва ҳижрат бошланғичлари қолган.

Тақвимнинг асосий бирлиги йил бўлиб, у ойларга, ойлар эса кунларга ажратилади. Йил Ернинг Қуёш атрофида, ой Ойнинг Ер атрофида, кун Ернинг ўз ўқи атрофида айланишига қараб аниқланади. Табиийки, бу астрономик жараёнлар анча мураккаб кечади. Шу боис йилни ойларга, ойларни кунларга тақсимлаш масаласи азалдан турли халқларда ҳар хил йўсинда ҳал этилган ҳамда шамсий, қамарий ва шамсий-қамарий тақвимлар яратилган.

Шамсий йил ҳисоби

Шамсий (арабча – “қуёшга оид”) йил ҳисоби дастлаб қадимги мисрликлар томонидан жорий қилинган. Унга тропик йил асос қилиб олинган. Тропик йил эса Қуёш ясси доираси марказининг 21 мартда рўй берадиган баҳорги тенг кунлик нуқтасидан кетма-кет икки марта ўтиши оралиғидаги вақт бўлиб, 365 кун 5 соат 48 дақиқа 46 сонияга тенгдир.

Илк шамсий тақвимда йил ҳар бири 30 кунлик 12 та ойга бўлинган ва охирида уларнинг йиғиндисига 5 кун қўшилган. Шу тариқа бир йил 365 кундан иборат бўлган.  

Шамсий йил ўн икки бурждан – Қуёшнинг осмон гумбазидаги йиллик кўринма ҳаракат йўлидаги шунча нуқта ёки ўша доирада жойлашган ўн икки юлдуз туркуми ва улардан ҳар бирининг ҳайвонларга нисбат берилган ҳолда арабча номланган ва навбатма-навбат келадиган қуйидаги ойлардан иборат:

Ҳамал (Қўзичоқ) – 22 мартдан 21 апрелгача; 

Савр (Ҳўкиз) – 22 апрелдан 21 майгача; 

Жавзо (Эгизаклар) – 22 майдан  21 июнгача; 

Саратон (Қисқичбақа) – 22 июндан 21 июлгача; 

Асад (Арслон) – 22 июлдан 21 августгача; 

Сунбула (Бошоқ) – 22 августдан  21 сентябргача; 

Мезон (Тарози) – 22 сентябрдан 21 октябргача; 

Ақраб (Чаён) – 22 октябрдан 21 ноябргача; 

Қавс (Ўқ-ёй) – 22 ноябрдан  21 декабрдан; 

Жадий (Тоғтака) – 22 декабрдан 21 январгача;

Далв (Сувчи) – 22 январдан 21 февралгача; 

Ҳут (Балиқ, Наҳанг) – 22 февралдан 21 мартгача.

Яна бир гап. Қадим туркий халқларда ҳам ойлар 12 бурж номи билан юритилган. Шунингдек, ҳамал, савр, жавзо ойларидан иборат баҳор фасли; буржи обий, саратон, асад, сунбула ойларини қамраб олган ёз фасли; буржи норий, мезон, ақраб, қавс ойлари кирувчи куз фасли; буржи бодий, жадий, далв, ҳут ойларидан иборат қиш фасли буржи ҳокий деб аталган.

Ҳижрий тақвим

Унинг қисқача тарихи қуйидагича: Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам милодий 632 йил 27 майда  вафот этади. Ўша куниёқ Мадинада ислом халифалиги тузилади. Кейинчалик турли номларда то 1923 йил 3 мартгача қарийб ўн уч аср ҳукм сурган бу салтанатнинг Хулафои Рошидин аталмиш дастлабки босқичида ҳазрати Умар ўн йил иккинчи халифа вазифасини ўтайди. Бир куни мулозимлари унга шаъбон ойида тўланиши зарур қарзлар дафтарини кўрсатади. Халифа: “Бу қайси шаъбон ойи – бултургими ёки бу йилгими?” деб сўрайди, бироқ жўяли жавоб ололмайди. Негаки, ўша кезлар мусулмон дунёсида ҳужжатларга сана қўйилмасди. Орадан кўп ўтмай, Жазира волийси Абу Мусо иккита ёзма буйруқ олади. Олади-ю, боши қотади. Сабаби, улар ўзаро мувофиқ келмасди. Устига- устак, санаси йўқлиги туфайли қай бири олдин, қай бири кейин битилганини ажратиш мушкул эди. Абу Мусо бу мавҳумликни бартараф этиш илинжида халифага мурожаат қилади.

Бундай ҳолатлар бот-бот такрорланавергач, масала пишиб етилади. Ва ниҳоят, муҳаррам ойининг дастлабки куни – милодий 638 йил 23 январда ушбу муаммо муҳокамасига бағишланган машварат чақирилади. Пировардида 17 йил бурунги сана, аниқроғи, пайғамбаримиз Маккадан Мадинага кўчган кун (милодий 622 йил 23 сентябрь) йил боши сифатида қабул қилинади ва янги тақвим ҳижрий йил ҳисоби номини олади.

Ўз навбатида, ҳижрий ҳисоб ҳижрий-қамарий ва ҳижрий-шамсий йилга бўлинади. “Қамарий” (“қамария”) арабча сўз бўлиб, ўзбекчада “ойга тааллуқли” деган маънони англатади. Қадимги миллатлар тақвимда қамарий йилни кўпроқ қўллашган. Унга Ойнинг Қуёш атрофидаги ҳаракатида кетма-кет келган иккита бир хил фазаси, соддароқ қилиб айтганда, муайян ой пайдо бўлган кундан янги ой туғилгунга қадар ўтган вақт – 29 кун 12 соат 44 дақиқа 3 сония асос қилиб олинган. Демак, 12 ойдан иборат бир қамарий йил 354,36702 кунга тенгдир. Шу боис оддий қамарий йилнинг тоқ ойлари 30 кундан, жуфтлари 29 кундан, жами эса бутун ҳолда 354 кундан иборат бўлади. Айни чоқда, 354 кундан ортган қолдиқ (0,36702) уч йилда бир кеча-кундуздан ошгани сабабли ўртача уч йилда бир марта қамарий йил узунлиги 355 кун қилиб белгиланади ва арабчада кабиса йил (тўлиқ йил) деб аталади.

Ҳозир араб мамлакатларида фойдаланиладиган қамарий тақвим ХХ асргача асосий аҳолиси мусулмон бўлган бошқа мамлакатлар қатори бизнинг ўлкамизда ҳам қўлланган. Ундаги ойлар ҳар йили шамсий ойлардан 11 кун эрта келади. Инчунун, фақат 33 йилда бир бор эски ўрнига қайтиб, ўзига хос давра қуради. Ислом дунёси рўза, ҳайит, ҳаж каби диний ибодатлар важидан ҳижратга оид шамсий йил ҳисобини эмас, балки қадимги арабларнинг қамарий йил ҳисобини ишлатишган ва уни ҳижрий-қамарий дейишган.

Энди ҳар иккала тақвимда арабча номланган ойларнинг тартиби, ўзбекча маъноси ва неча кундан иборатлиги билан танишайлик.

Муҳаррам (тақиқланган, муқаддас) – биринчи ой, 30 кун. Исломдан аввал ҳам арабларда табаррук саналган бу ойда қабилалараро уруш-жанжаллар ва қон тўкишлар манъ қилинган.

Сафар  иккинчи ой, 29 кун. Унинг хусусияти бошқа ойларники билан бир хил. Исломга кўра, бу вақтда ҳам турли диний маросимларни ва тўйларни ўтказиш, сафарга чиқиш мумкин. Бинобарин, сафар ойининг бехосиятлиги ҳақидаги миш-мишлар мутлақо асоссиздир.

Рабиул-аввал (аввалбаҳор, баҳор бошидаги) – учинчи ой, 30 кун.

Рабиус-соний (иккинчи баҳор, баҳорнинг сўнггидаги) – тўртинчи ой, 29 кун.

Жумодул-аввал – бешинчи ой, 30 кун.

Жумодус-соний – олтинчи ой, 29 кун.

Ражаб – еттинчи ой, 30 кун. Арабистон ярим оролида исломдан олдинги жоҳилия даврида уруш тақиқланган зулқаъда, зулҳижжа, муҳаррам ойлари қаторида туради.

Шаъбон (иккинчи номи Барот, яъни имтиёз ёрлиғи) – саккизинчи ой, 29 кун.

Рамазон (рўза ойи) – тўққизинчи ой, 30 кун. У Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга Қуръони карим ваҳий қилина бошланган муқаддас ой ҳисобланади ва мусулмонларга рўза тутиш буюрилади. Рўза тутиш эса ҳижратнинг иккинчи йилидан бошланган.

Шаввол (унча катта ёки унча кўп бўлмаган) – ўнинчи ой, 29 кун.

Зулқаъда – ўн биринчи ой, 30 кун.

Зулҳижжа – ўн иккинчи ой, 29 кун.

Марказий Осиёда милодий йил ҳисоби оммавийлашгунга қадар қамарий ва шамсий тақвимлар ишлатиб келинган. Шамсий йил бошида Наврўз байрами кенг нишонланган.

Милодий йил ҳисоби

Кўҳна Рим тақвимида ҳам бир йил қадимги мисрликларнинг шамсий тақвимидагидек 365 кун деб олинган ва унинг ойларга бўлиниши янада мураккаблашган. Устига-устак, боя эслатганимиздек, иккала тақвимда ҳам йил узунлиги тропик йилдан тахминан 6 соат қисқалиги билан ажралиб турган. Шу сабаб баҳорги тенг кунлик ҳар тўрт йилда бир кунга сурилиб, айрим чалкашликларга сабаб бўлган. Рим ҳукмдори Гай Юлий Цезарь уларга барҳам бериш ниятида милоддан аввалги 46-йилда юнон астрономи Созиген таклифи бўйича тақвимга ўзгартиришлар киритган. Унга кўра, ҳар тўрт йилдан бири 366 кунлик (кабиса) йил сифатида қабул қилинган. Йил 12 ойга бўлиниб, тоқлари 31 кун, жуфтлари 30 кун, февраль ойи эса оддий йилларда 28 кун, кабиса йилда 29 кун қилиб белгиланган.

Бу тақвим Юлий календари номини олган. Аммо унда бир йил тропик йилдан 11 дақиқа-ю 14 сония ортиқ бўлгани туфайли ўртадаги фарқ ҳар 400 йилда тахминан уч кунни ташкил қилади. У йиғилиб-йиғилиб, ХVI асрда ўн кунга етади ва баҳорги тенг кунлик 21 мартга эмас, 11 мартга тўғри келиб қолади. Қарабсизки, христиан байрамларини аниқлашда муаммолар пайдо бўлади. Рим папаси Григорий XIII шуни назарда тутиб, 1582 йил 24 февралда италиялик шифокор ва математик Луижи Луллио лойиҳаси асосида ўзига хос ислоҳот ўтказади.

Кейинчалик “Григориан календари” ва “Ғарб календари” номини олган ушбу тақвимда, аввало, ўша йилнинг 4 октябридан кейинги сана 15 октябрга айлантирилиб, баҳорги тенг кунлик 21 мартга қайтарилади. Иккинчидан, тўртга бўлинадиган йиллар Юлий тақвимидаги сингари 366 кун қилиб олинади. Учинчидан, ҳар 400 йилдан 3 кун чиқариб ташланиб, 400 га бўлинмайдиган йиллар 365 кунлик оддий, февраль ойи бир кунга қўшилиши туфайли 366 кунни ташкил этадиган ва тўртга қолдиқсиз бўлинадиган йил эса кабиса йил сифатида эътироф этилади (Иккита ноль билан тугаб, 400 га бўлинмайдиган йиллар бундан мустасно).

Григорий тақвимига биноан, Исо алайҳиссалом туғилган кун илк милодий йилнинг 1 январи ҳисобланади. Тарихнинг мана шу санага қадар бўлган даври эски эра (милоддан аввалги), кейинги босқичи эса янги эра (милодий) саналади.

Янги тақвим замонлар оша дунёнинг кўплаб мамлакатларига тарқалди. Ўзбекистонда эса 1918 йил 14 февралдан қўлланила бошлади. Модомики, шундай экан, энди ундаги лотинча номланган, келиш тартиби сизу бизга яхши маълум ойлар маъноси билан танишайлик:

Январь (Januarius/Janus) – 31 кундан иборат. Қадимги римликларнинг қуёш маъбуди Янус исмидан олинган.

Февраль (februarius – ҳалолланиш ойи) – 28 кунга, кабиса йилида 29 кунга тенг. Бу ном қадимги римликларнинг ҳар йили 15 февралда ўтказилган покланиш маросимига дахлдор.

Март (Маrtius/Mars) – 31 кун. Рим мифологиясида уруш худоси Марс номига қўйилган.

Апрель (aprilis/apricus) – 30 кунлик. Қуёш иситадиган ой маъносида.  

Май (Maius) – 31 кун. Юнон афсоналари бўйича Меркурий худосининг онаси Майя шарафига Майус дейилган.

Июнь (Junius) – 30 кунлик. Қадимги Рим маъбудаси Юнонанинг исми қўйилган.

Июль (Julius – Юлий ойи) – 31 кунлик. Милоддан аввалги 45-йилда Рим ҳукмдори Юлий Цезарь номи берилган.

Август (Augustus – олий, муқаддас, улуғ) – 31 кунлик. Рим ҳоқони Октавиан мутлақ ҳокимга айлангач, Сенат унга Август (худолар томонидан шарафланган) фахрий мақомини берган. Бу сўз олдин ой номи, бора-бора ҳукмдорлар унвонини англатувчи атама бўлиб қолган.

Сентябрь (september – еттинчи) – 30 кунга тенг. Кўҳна Римда 1 мартдан бошланувчи ўн ойдан иборат тақвимнинг еттинчи, Григорий тақвимининг тўққизинчи ойи.

Октябрь (оctо – саккиз) – 31 кунлик. Қадимги Рим тақвимининг саккизинчи, Григорий тақвимининг ўнинчи ойи.

Ноябрь (november – тўққиз) – 30 кундан иборат. Эски Рим тақвимидаги тўққизинчи, Григорий тақвимидаги ўн биринчи ой.

Декабрь (юнонча deka, лотинча decem/dekember – ўн/ўнинчи) – 31 кунга тенг. Григорий тақвимининг ўн иккинчи ойи, Юлий тақвими ислоҳ қилингунча ўнинчи ой ҳисобланган.

Албатта, бошқа календарлар сингари милодий тақвими ҳам камчиликлардан холи эмас. Биринчидан, у бўйича ҳисобланса, Исо пайғамбар таваллуд топган сана милоднинг тўртинчи йилига тўғри келади. Иккинчидан, бу тақвимнинг йилбошиси ҳисобланмиш январь ойи ҳар ўн минг йилда жиддий фарққа учрайди. ХI асрда Умар Хайём қуёш санасига таяниб яратган ва Эрондаги салжуқийлар султони Жалолиддин Маликшоҳ томонидан ҳаётга жорий этилган тақвим эса илмий жиҳатдан ёндашганда, ўн минг йилда атиги икки кунга ўзгарадиган даражада пухта бўлган. Афсуски, султон вафотидан кейин у эътибордан четда қолиб кетган…

Тақвимларга оид бундай далиллар мозий дафтарларида жуда кўп.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ

тайёрлади

Мақолалар
Бошқа мақолалар

Жаннат неъматлари ҳақида ўйлаганмисан?!

8.01.2025   14682   14 min.
Жаннат неъматлари ҳақида ўйлаганмисан?!

Жаннат аҳлига ваъда қилинган абадий неъматлар ҳақида ҳам узоқ фикр эт, қалбинг умидга тўлсин. Нафсингни хавф қамчиси билан ҳайдаб, умид билан жиловла ва сиротул мустақимга йўлла. Ана шунда буюк мулкка етасан, аламли азобдан халос бўласан.

Аҳли жаннат хусусида, уларнинг юзларида акс этган неъматлар жилваси, мушк билан муҳрланган май ила қондирилишлари ҳақида ўйлаганмисан?! Жаннат аҳли оқ дурдан тикилган чодирлар ичида, қизил ёқутдан бўлган минбарларда, яшил болишлар ва гиламлар устида, май ва асал оқаётган дарёлар бўйида қурилган сўриларда ястаниб ўтирурлар. Уларнинг атрофида хизматга ҳозир ғуломлар ва ҳеч қачон қаримайдиган болалар бўлур. Жаннат оҳу кўзли, хушхулқ ва гўзал юзли аёллар билан зийнатланган. Ёқут ва маржондек нафис бу бокираларга илгари на бир инс ва на бир жин тегинган...
Уларнинг эгнидаги оппоқ ипак кўзларни қамаштиради. Бошларидаги инжу ва маржонлар қадалган тожлари ундан-да нурафшон. Ишвалари сокинлик ва осудалик билан безанган юзлар қариб қолиш каби ноқисликлардан холи. Улар жаннат боғчаларининг ўртасида ёқутдан бунёд этилган чодирда ёлғиз бўлурлар.

Уларнинг ҳузурида борлиғи ҳаё билан тўсилган мусаффо оҳу кўз ҳурлар бор. Устларида эса мангу ёш болалар оқар чашмадан қадаҳларни, кўзаларни ва косаларни айлантириб турурлар. Яна улар учун худди садаф ичида яшириб қўйилган гавҳар мисоли оҳу кўз ҳурлар бордир. Бу ҳурлар жаннат аҳлининг дунё ҳаётида қилиб ўтган солиҳ амалларининг мукофотидир. Улар жаннатнинг чашмалар, дарёлар оқиб турган эмин мақомида, Қодир Подшоҳ ҳузуридаги рози бўлинган ўринда Маликул Карим Парвардигорининг жамолига боқадилар. Уларнинг юзларида неъматлар жилваси порлайди. Уларга на бир заифлик, на бир хорлик етади. Балки улар Парвардигори томонидан ёғдирилаётган турли неъматлардан бахтиёр, ўзлари истаган масканда абадий қолгувчидирлар. Уларга у ерда на бир хавф, на бир ҳазинлик етмас, балки балою фалокатлардан омондадирлар.

Улар жаннат таомларидан ейдилар. Сут, май, асал тўла дарёлардан ичадилар. У дарёларнинг ерлари кумушдан, тошлари маржон, тупроғи мушк, ўтлари заъфарондир. Қуюқ кофур аралашган оқ атиргул сувларига тўла булутлардан ёмғирлар ёғади. Жаннат аҳлига асли кумушдан бўлган, дур, ёқут, маржонлар билан зийнатланган қадаҳлар, шунингдек, ичида муҳрланган май, аралашмаси чучук салсабил бўлган майкосалар келтирилади. У майкосалардан нур порлайди. Уларнинг софлиги шу даражадаки, майнинг майинлиги ва қирмизи рангги косанинг ташқари томонидан билиниб туради. Чунки, бу одамзоднинг санъати эмас, у бундай гўзалликдан ожиз. Майкосалар чеҳрасидан нур ёғилаётган ходимлар кафтида (жаннат аҳлига узатилган ҳолда) туради.

Ҳа, ходимларнинг нур порлаётган юзлари қуёшга ўхшайди, фақат, у юзлардаги ҳаловат, у кўзлардаги ҳусну малоҳат қуёшда не қилсин!
Ажабо! Охират диёрининг бу сифатларига, бу диёр аҳлининг ўлмаслигига ва жаннат аҳлининг кутилмаган ўзгариш, офат-балолардан омонда эканлигига аниқ ишонган киши, қандай қилиб, охири харобаликка юз тутувчи бу ўткинчи дунёни ўзига дўст билиши мумкин?! Қандай қилиб, у диёр лаззатини, бу дунё лаззатига алмаштириш мумкин?!

Аллоҳга қасамки, агар жаннатда сиҳат-саломатлик билан бирга ўлим, очлик, ташналик каби офатлардан омонлик бўлса-ю, бошқа ҳеч нарса бўлмаса, фақат шу сабабнинг ўзи ҳам бу дунёдан юз ўгиришга арзийди. Нега энди охират диёри бу дунёдан устун қўйилмасин? Ахир, жаннат аҳли ҳар қандай хавфдан омон подшоҳлардир. Улар турли-туман неъматлар ичида шод-хуррам, хоҳлаган неъматлари олдида муҳайё! Улар ҳар куни Арш ёнида ҳозир бўлиб, Аллоҳнинг дийдорига назар соладилар...
Абу Ҳурайра Расули акрам алайҳиссаломнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Мунодий нидо қилади: "Эй жаннат аҳли! Энди сиз ҳамиша соғломсиз, ҳеч қачон дардга чалинмайсиз, ҳамиша тириксиз, ҳеч қачон ўлмайсиз. Доимо ёшсиз, ҳеч қачон қаримайсиз. Албатта, сиз саодатли бўласиз, ҳеч қачон бахтсизликка йўлиқмайсиз"» (Муслим ривояти).
Аллоҳ таоло дейди: «Қилиб ўтган (яхши) амалларингиз сабабли сизларга мерос қилиб берилган жаннат мана шудир» (Аъроф, 43-оят).

Жаннат сифатлари билан танишмоқчи бўлсанг, Қуръон ўқи. Жаннат ҳақида Аллоҳ таолонинг баёнидан улуғроқ баён борми?!

«Парвардигори (ҳузурида) туришидан (яъни, Парвардигор олдида туриб, ҳаёти дунёда қилиб ўтган барча амалларига жавоб беришидан) қўрққан киши учун икки жаннат бордир» (Раҳмон, 46) оятидан то сура охиригача, шунингдек, Воқеа ва бошқа сураларни ҳам ўқи, жаннат ҳақидаги хабарларнинг тафсилотига боқ! Аввало, жаннатнинг сони билан боғлиқ жиҳатларга эътиборингни қарат. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам Раҳмон сурасидаги «Парвардигори (ҳузурида) туришидан қўрққан киши учун икки жаннат бордир» ояти хусусида дейдилар: «Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари кумушдан. Икки жаннат бор, у ернинг идишлари ва бошқа барча нарсалари олтиндан. «Адн» дейилмиш мангу жаннатда аҳли жаннат ва Парвардигорининг орасида кибриё ридосигина бўлур» (Муттафақун алайҳ).

Кейин жаннат эшикларини тасаввур қил. Уларнинг сони тоатингга яраша. Яъни, қайси мўминнинг Аллоҳ таолога итоати кўп бўлса, унга очиладиган жаннат эшиклари ҳам шунчалик кўп бўлади. Жаҳаннам эшикларининг сони ҳам кишининг маъсиятига мувофиқ бўлади. Яъни, инсон Аллоҳ таолога қанча кўп итоатсизлик қилса, унга шунча кўп дўзах эшиклари очилади.
Абу Ҳурайра Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини ривоят қилади: «Кимки Аллоҳ йўлида ўз молидан бир жуфт нарсани инфоқ қилса, у жаннатнинг барча эшикларидан чорланади. Жаннатнинг саккизта эшиги бор. Кимки аҳли намоз бўлса, «Бобус солат» (Намоз эшиги)дан, рўза аҳли «Бобус сиям» (Рўза эшиги)дан, аҳли садақа бўлса, «Бобус садақа» (Садақа эшиги)дан, аҳли жиҳод бўлса, «Бобул жиҳод» (Жиҳод эшиги)дан ичкарига чорланади». Шунда Абу Бакр розияллоҳу анҳу:
– Аллоҳга қасамки, бу эшикларнинг биттасидан чақирилган киши нажот топади. Жаннат эшикларининг барчасидан чорланадиган киши ҳам борми?
Ҳа, сен ўшалардан бири бўлишингни умид қиламан, дедилар Набий алайҳиссалом» (Муттафақун алайҳ).

Осим ибн Замра Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилади: «Ҳазрати Али дўзахни эслатди. Шундай бир қўрқинч билан эслатдики, унинг даҳшатидан ҳозир қўрқинчдан бошқаси хотиримдан кўтарилди. Кейин шу оятни ўқиди: «Парвардигорларидан қўрққан зотлар эса тўп-тўп ҳолда жаннатга киритиладилар. Қачонки улар дарвозалари очилган ҳолдаги (жаннатга) келиб етганларида ва унинг қўриқчилари: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» деганларида (улар беҳад шодланурлар)» (Зумар, 73-оят).

Сўнгра кейинги чашмага бориб, у билан покланадилар. Уларга неъматлар жилваси ёғилади. Бадандаги туклардан мудом хуш бўйлар таралади. Сочлар гўё атирли мой сурилгандек бир текис, тартибли. Кейин улар жаннатга етиб келадилар. Жаннат қўриқчилари уларга: «Сизларга тинчлик-омонлик бўлсин! Хуш келдингиз! Бас, унга мангу қолгувчи бўлган ҳолларингизда кирингиз» – дейишади.
Сўнг вилдон – мангу ёш болалар уларни қарши олишиб, атрофида айланишади, бамисоли, дунё болалари узоқ вақт кўрмаган яқинларини соғинч билан кутиб олиб, атрофида айланишганлари каби. Улар аҳли жаннатга: «Қувонинг, шодланинг! Қаранг, Аллоҳ таоло сизга шунчалик неъматни ато қилибди!» – дея суюнчилашади».

Ровий дейди: «Мангу ёш болалардан бири жаннат аҳли завжаларидан бўлган оҳу кўз ҳурлардан бирига: «Фалончи келди!» деб у жаннатийнинг дунёда чақирилган исмини айтади. Шунда оҳу кўз ҳур:
– Сен уни аниқ кўрдингми? – деб сўрайди.
– Ҳа, аниқ кўрдим, мана у изимдан келяпти, – дейди у. Ўшанда у ҳур севинчдан шу даражада енгиллашиб кетадики, бир зумда жаннат эшиги бўсағасида ҳозир бўлади. Жаннатий банда ўз масканига етиб, маржонлардан иборат соҳил устига қурилган қизил, сариқ, яшил каби турфа рангда товланаётган кўшкка назари тушади. Бошини кўтариб, чақмоқдан чақнаётган кўшкнинг шифтига аста қарайди. Агар Аллоҳ таолонинг тақдири бўлмаганида бу ёрқинлик унинг кўзини кўр қилган бўлар эди. Кўзини шифтдан олар экан, қошида завжаларини, булоқ бўйига қўйилган қадаҳларни, тизиб қўйилган ёстиқларни ва тўшалган гиламларни кўради. Сўнгра уларга суяниб: «...Бизларни бу (неъматларга) йўллаган Зот-Аллоҳга ҳамду сано бўлгай. Агар бизни Аллоҳ ҳидоят қилмаганида ҳаргиз йўл топа олмас эдик...» – дейди (Аъроф, 43-оят).
Кейин мунодий нидо қилади: «Мангу ҳаётсиз, ҳаргиз ўлмайсиз. Доимо бунда муқимсиз, ҳеч қачон кетмайсиз. Ҳамиша саломатсиз, ҳеч қачон хасталанмайсиз».
Расули акрам алайҳиссалом дедилар: «Қиёмат куни жаннат эшиги олдида ҳозир бўламан, унинг очилишини сўрайман. Шунда жаннат қўриқчилари:
– Ким у? – дейди.
– Муҳаммад! – дейман.
Сиздан олдин бирорта кишига эшикни очмасликка буюрилган эдим, – дейди у» (Муслим ривояти).
Жаннатдаги кўшклар, у ерда даражаларнинг фарқланиши тўғрисида ҳам фикр эт. Чунки, охират даража жиҳатидан энг юксак, афзаллиги жиҳатидан энг улуғ мезондир. Одамлар тоатларнинг зоҳирий кўринишида ва ботиний хулқда бир-биридан фарқлангани каби амалларига кўра тақдирланишда ҳам фарқланадилар. Агар юксак даражаларни кўзлаётган бўлсанг, жидду жаҳд қил, токи Оллоҳ таолога итоат қилишда ҳеч ким сендан ўзиб кетолмасин. Ахир, Оллоҳ таоло айни шу майдонда сенга мусобақа ва рақобатни буюрган-ку!
«(Эй инсонлар), Парвардигорингиз томонидан бўладиган мағфиратга ҳамда Оллоҳ ва Унинг пайғамбарларига иймон келтирган зотлар учун тайёрлаб қўйилган, кенглиги осмон ва ер кенглиги каби бўлган жаннатга шошилингиз...» (Ҳадид, 21-оят).
«У (май)нинг муҳри мушк бўлур. Бас, баҳслашгувчи – мусобақа қилгувчи кишилар (мана шундай мангу неъматга етиш йўлида) баҳслашсинлар – мусобақа қилсинлар» (Мутаффифун, 26-оят).
Ажабо! Яқинларинг ё қўшниларингдан бирортаси бойиб кетса ёки иморатини баланд қилиб кўтарса, сиқиласан, қийналасан. Ҳасад туфайли ҳаётинг аччиқ зардобга айланади. Лекин энг олий қароргоҳда, жаннатда шундай яқинларинг ёки қўшнилар борки, улар ўз фазилатлари билан аллақачон сендан ўзиб кетди. Бу фазилатларга дунё ва ундаги жамики нарсалар ҳам бас келолмайди.
Абу Саид Худрий Пайғамбар алайҳиссаломнинг шундай деганларини ривоят қилади: «Устма-уст, даражама-даража жойлашган кўшк аҳли жаннатийларга, бамисоли узоқ уфқларда мағрибу машриққа сочилиб, бир-бири билан мусобақалашаётган юлдузлардек бўлиб кўринади.
– Эй Оллоҳнинг расули, улар пайғамбарлардан ўзгаси етолмайдиган манзилми? – дея сўрашди.
– Жоним измида бўлган Зотга қасамки, у Оллоҳга иймон келтирган ва мурсалларни тасдиқлаган кишиларнинг манзилларидир» (Муттафақун алайҳ).
Расули акрам бу ҳақда яна шундай деганлар: «Жаннатдаги баланд даража эгаларини улардан қуйидагилар худди осмон уфқларида порлаган юлдузларни кўргандай кўрадилар. Абу Бакр ва Умар шулардандир...» (Термизий ривояти).
Жобир Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бундай ривоят қиладилар: «Пайғамбар алайҳиссалом бизга:
Сизларга жаннат кўшкларининг хабарини берайми? – дедилар.
– Ота-онамиз Сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг расули, хабарини беринг, – дедик.
Жаннатда ҳамма томони гавҳардан бунёд қилинган кўшклар бор. Бу кўшклар шу даражада шаффофки, ташқарисидан ичи, ичидан ташқариси кўриниб туради. Кўшк ичкарисида на кўз кўрган, на қулоқ эшитган, на инсон хотирига келган бир неъмат, туганмас лаззат, адоқсиз сурур бор, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, бу кўшклар ким учун ҳозирланган? – сўрадим.
– Шундай бир киши учунки, у саломни ёяди, таом едиради, давомли рўза тутади, тунда одамлар уйқуга ғарқ пайтда намоз ўқийди, – дедилар.
– Ё Аллоҳнинг расули, буларни ким бажара олади? – дедик.
– Умматим бу ишларни бажаришга қодир. Улар ҳақида сизларга хабар берайинми? Ким биродарига йўлиққан пайтда салом берса ё алик олса, демак у саломни ёйган бўлади. Кимки аҳли оиласини тўйгунча озиқлантирса, таом едирувчилар жумласидан бўлади. Кимки рамазон ойида ва ҳар ойнинг уч кунида рўзадор бўлса, давомли рўза тутган ҳисобланади. Кимки хуфтон ва бомдод намозини жамоат билан адо қилса, тунда одамлар яъни, яҳудийлар, насоралар ва мажусийлар уйқуда пайтда намоз ўқиган бўлади, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» (Абу Наим ривояти).

Аллоҳ таолонинг: «...абадий жаннатлардаги покиза масканларга киритур» (Саф, 12) ояти ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўрашди. Расули акрам дедилар: «Покиза масканлар – маржонлардан бунёд қилинган қасрлардир. Ҳар бир қасрда қирмизи ёқутдан бўлган етмишта ҳовли, ҳар ҳовлида яшил зумраддан бўлган етмишта уй, ҳар уйда бир тахт, ҳар тахтда барча ранглардан уйғун етмишта тўшак, ҳар тўшакда оҳу кўзли ҳурлардан бир жуфти ҳалол бор. Ҳар уйда етмишта дастурхон, ҳар дастурхонда етмиш хил таом бор. Ҳар уйда етмишта ходима бор. Мўмин кишига ҳар куни эрталаб шундай бир қувват бериладики, кун давомида ходимларнинг барчаси билан қўшилишга қодир бўлади» (Абу Шайх ривояти).

Абу Ҳомид Ғаззолий "Иҳё улумуд дин (Сўнгги манзил зикри)" китобидан