Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталарига тақдим этган Мурожаатномасини алоҳида эътибор, катта ҳаяжон, чуқур мамнуният билан тингладик. Унда қайд этилган масалалар ҳар биримизни тўлқинлантирди, ўйлантирди, мушоҳадага чорлади. Айниқса, фарзандлар таълим-тарбияси, ёт ғояларга эргашиб, адашганлар қисмати хусусида гапирар экан, Президентимиз биз улуғ алломалар ворислари эканлигимизни, юртимизда ислом динининг асл моҳиятини тарғиб этиш борасида улкан ишлар олиб борилаётганини, шундай экан, ноёб ва бой маънавий меросимиздан ёшларимизни қанча кўп баҳраманд этсак, шунчалик наф бўлишини таъкидлаб ўтдилар.
Юракдан айтилган бу сўзлар кимни таъсирлантирмайди, кимни қувонтирмайди?! Дарҳақиқат, мамлакатимиз фозилу фузалолари азал-азалдан жаҳон аро шуҳрат қозониб, ҳақли равишда “Ислом оламининг қуввати” унвонига сазовор бўлган. Самарқанд ва Бухорода Мирзо Улуғбек қурдирган мадрасалар ўрта асрларнинг университетлари вазифасини бажарган. Айни вақтда аждодларимизнинг диний-маърифий меросини янада теран ўрганиш ва таҳлил қилиш, уларнинг илмий анъаналарини муносиб давом эттириш бугунги авлод олдида турган долзарб вазифалардан саналади.
Шунингдек, шиддат билан ўзгариб бораётган глобаллашув даврида дунёда муқаддас ислом дини аҳкомларини нотўғри талқин қилиш, уларни сохталаштириш йўли билан турли фитна ва бузғунчиликлар содир этиш ҳолатлари кузатилаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундай мураккаб вазият динимизнинг софлигини сақлаш, унинг тинчлик ва инсонпарварликдан иборат асл моҳиятини аҳоли ва, айниқса, ёшларга етказишга қодир, юқори даражада илмий ва диний салоҳиятга эга мутахассисларни тайёрлашни тақозо қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йилнинг 1 сентябрида Тошкент шаҳридаги Ҳазрати Имом мажмуасида давлат, жамоат ва ёшлар ташкилотлари, диний соҳа вакиллари билан учрашувида диний таълим тизимини таҳлилий ўрганиб чиқиш ва замон талаблари асосида такомиллаштириш, юқори илмий тайёргарликка эга мутахассисларни тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича вазифалар белгилаб берилган эди. Ана шу вазифалар асосида буюк мутафаккир аждодларимиз асос солган илмий мактаблар ва йўналишлар давомийлигини таъминлаш, олий ва ўрта махсус диний таълим ўқув юртлари, илмий тадқиқотлар марказларини юқори илмий савия ва малакага эга мутахассислар тайёрлаш мақсадида Президентимиз томонидан 2017 йил 15 декабрда имзоланган “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор барчамизни беҳад қувонтирди.
Академиянинг ташкил қилиниши юртимизда ислом дини назариясини чуқур эгаллаган, буюк аждодларимизнинг бебаҳо илмий-маърифий меросини теран ўрганган, диний ва дунёвий илмлар, хорижий тилларни пухта ўзлаштирган ҳар томонлама етук мутахассислар тайёрлаш имконини яратади. У ерда машғулотлар ўтказиш, илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш жараёнига Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқшунослик институти, Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент ислом университети, Ўзбекистон Миллий университетининг профессорлари, фан докторлари ва номзодлари, шунингдек, хорижий давлатларидан исломшунос олим ва мутахассислар жалб этилади. Академияда олиб бориладиган илмий-тадқиқот ишлари натижалари асосида Ўзбекистон Ислом энциклопедияси, буюк аждодларимиз тўғрисида илмий-оммабоп адабиётлар, илмий-маърифий китоблар яратилади, илмий журнал чоп этилиши кўзда тутилган.
Бугунги кундаги тезкорлик, очиқлик, эркинлик тамойилларига асосланган интеграция жараёнларининг чуқурлашиши, ўз навбатида, жамият барча соҳаларининг шиддат билан ривожланишига кенг йўл очмоқда. Бир томондан янги ташкил топган давлатлардаги миллий ва диний ўзликни англаш жараёнлари кечаётган бўлса, иккинчи томондан, маданиятлараро ўзаро таъсирлашиш кучайиб, жамият соҳалари доирасида глобал яхлитлашиш тенденцияси вужудга келмоқда. Айни пайтда, турли сиёсий кучлар томонидан диний омилдан ғаразли мақсадлар йўлида фойдаланишнинг янги усул ва воситаларининг қўлланилиши диний экстремизм, халқаро терроризм муаммоларининг чуқурлашиб боришига олиб келмоқда. Шу жиҳатдан, кўп конфессияли Ўзбекистоннинг глобал диний маконда тутган ўрни ва унга таъсир этувчи объектив ва субъектив омилларни аниқлаш, мустақиллик йилларида диний соҳада амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда эришилган ютуқларни таҳлил қилиш, мазкур соҳа ривожланишининг ўзига хос хусусиятларини тадқиқ этиш муҳим назарий ва амалий аҳамият касб этади.
Хусусан, бугун Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифи ва ташаббуси асосида ислом дини равнақи, унутилган улуғ алломаларимиз ҳаёти ва фаолияти, шунингдек, уларнинг нафақат мусулмон олами, балки бутун дунё халқлари тан олган асарларини халқимизга қайтариш, диний билимларни теран ўрганиш имконини берувчи янги билим даргоҳларини очиш, хорижий мамлакатлар билан турли соҳаларда кенг алоқалар боғлаш бўйича кўплаб хайрли ва эзгу ишлар амалга оширилди. Бу ишларнинг барчаси эзгуликни кўзлаб олиб борилаётган оқилона сиёсат маҳсулидир.
Маълумки, дин маданий, маънавий инсоний қадриятларни сақлаб қолиш ҳамда авлоддан авлодга етказишдаги роли беқиёсдир. Ўзбек халқи ҳаётига диний қадриятлар, исломий тушунчалар чуқур сингиб кетган. Ёшларни дунёвий билимлар билан бир қаторда Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбандий таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари асосида тарбия қилиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, алломаларнинг илмий-маънавий мероси ўзбек миллати, халқи ғурурига ғурур қўшиб, уларнинг ворислари сифатида ягона халқ бўлиб яшашида куч-қувват бағишлайди.
Бугунги глобаллашув шароитида ранг-баранг, баъзан бир-бирига мутлақо зид дунёқарашлар, сиёсий, миллий, диний оқимлар, мазҳаб ва секталар ўртасидаги фикр талашувлари гоҳо баҳс-мунозара доирасидан чиқиб қонли тўқнашувлар, оммавий қирғинларга сабаб бўлмоқда, одамлар бошига беҳисоб қайғу-кулфатлар солмоқда. Ислом дини эса турли халқлар ўртасида мулоқот ўрнатиш, уларни маънавий ва руҳий жиҳатдан яқинлаштириш, зулм ва зўравонликка қарши биргаликда курашга даъват этиш борасидаги аҳамияти беқиёсдир. Шу боис бу ҳақда Юртбошимиз Бирлашган Миллат Ташкилоти Бош ассамблеясининг 72-сессиясида тарихда биринчилардан бўлиб бонг урди. Юртбошимизнинг Ўзбекистоннинг тинчликни асраш, бутун башариятни дўстлик ва биродарликда яшашга даъват этиш, одамларни олий мақсадлар сари бошлашга қаратилган фикр ва мулоҳазалари, шубҳасиз, миллати, дини ва тилидан қатъи назар, жаҳондаги ҳар бир инсонда чуқур ҳурмат туйғусини уйғотди.
Сўнгги пайтда жамиятимизда амалга оширилган таҳлиллар турли соҳалар ва даражаларда амалга оширилаётган тадбирларга қарамай, жиноятчиликнинг қисқариши жуда секин экани, асрий миллий ананаларимизга хилоф равишда бир оила аъзолари орасида келишмовчиликлар ҳатто қотиллик содир этилишига олиб келаётгани Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 17 ноябрь куни ички ишлар органлари ва тинчлик-осойишталикни таъминлашда иштирок этувчи бошқа соҳалари билан учрашувда таълим-тарбия ишларида жумладан имом-хатибларнинг ҳам фаоллиги ва масъулиятини оширишга чақирди.
Дарҳақиқат, фарзандлар – юрт келажаги, уларнинг тарбиясини ота-оналар, мактаб ва бошқа таълим муассасалари, ҳуқуқ-тартибот органлари билан бир қаторда диний соҳа ходимлари ҳам иштирок этишлари, одамлар орасида кўпроқ бўлиши айни заруратдир. Бу борада ҳар биримиз давлатимиз раҳбари айтганидек, қилаётган ишимизга, аввало, ўзимизни ишонтирсак, таълим-тарбия тизимидаги ўзгаришлар ҳам албатта ёшларимизни буюк аждодларимизга муносиб бўлиш, ватанпарварлик ва одамийлик, меҳнатсеварлик ва илмга чанқоқлик руҳида тарбияланишларида катта натижалар беради.
Тоир РЎЗИЕВ,
Навоий вилояти бош имом-хатиби.
Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм
Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак. Ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилишдан ҳеч ким четда турмаслиги лозим. Жадидчи алломаларимиздан бирлари: “Фарзанд тарбиясига лоқайд қараган миллат инқирозга маҳкумдир”, деб бежизга айтмаган.
Исломда болалар тарбияси ота-онанинг энг масъулиятли ва узоқ давом этадиган бурчларидир. Бошқа бурчлар баъзи ишларни қилиш ёки мулкни сарфлаш билан охирига етади. Аммо тарбия масъулияти бардавом бўлади. Зотан, ота‑онанинг фарзанд неъматига ҳақиқий шукрлари ҳам айнан тарбия масъулиятини шараф билан адо этиш орқали юзага чиқади. Амалий шукр – берилган неъматни неъмат берувчи зотни рози қиладиган тарзда тасарруф қилиш билан бўлади. Бинобарин, фарзанд неъматига амалий шукр қилиш ўша фарзандни Аллоҳ таолога итоат қиладиган банда қилиб тарбиялаш билан юзага чиқади. Фарзанд тарбиясида ота-онанинг ўрни қанчалар катта эканини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қуйидаги ҳадиси шарифларидан билиб оламиз.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир туғилган бола фақат фитрат (соф табиат) ила туғилади. Бас, ота-онаси уни яҳудий ёки насроний ёки мажусий қилади. Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?» дедилар.
Сўнгра Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу «Агар хоҳласангиз: «(Бу) Аллоҳ одамларни яратган асл фитратдир. Аллоҳнинг яратганини ўзгартириб бўлмас. Ушбу тўғри диндир», деган оятни ўқинг», дер эди» (Тўртовлари ривоят қилишган).
Ушбу муборак ҳадиси шарифда Аллоҳ таоло инсонларни яратиш пайтида соф табиат билан яратса ҳам, кейинчалик инсонлар, хусусан, ота-она тарбияси сабабли бу софликка футур етиши, унинг бузилиши ҳақида сўз кетмоқда.
“Фитрат” соф табиат, динни тўғри қабул қилишга бўлган қобилият деганидир. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёда туғиладиган ҳар бир бола соф табиат билан, Аллоҳ таолонинг динини қабул қилиш қобилияти билан туғилиши ҳақида хабар бермоқдалар.
Демак, Аллоҳ таоло ҳеч кимни аввалдан сен яҳудий бўласан, сен насроний бўласан, сен мажусий бўласан, деб мажбур қилмайди. Одамларнинг турли динга мансуб бўлишига сабаб бор:
«Бас, ота-онаси уни яҳудий, насроний ёки мажусий қилади».
Яъни, ота-оналар болаларини ўз динларида тарбиялашлари оқибатида болаларнинг соф табиати бузилиб, яҳудий, насроний ва мажусий бўлиб қоладилар.
Шу жойда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу маънони тўлиқроқ тушунтириш мақсадида саҳобаи киромларга ҳиссий бир мисол келтирмоқдалар.
«Бу худди ҳайвоннинг бус-бутун ҳайвон туғишига ўхшайди. Сиз унда қулоқ-бурни кесилганини ҳис қилганмисиз?».
Яъни ҳар бир ҳайвон боласи онасидан бус-бутун туғилади. Бирортасининг қулоғи ёки бурни кесилмаган бўлади. Аммо, эгалари белги қўйиш мақсадида ва яна бошқа ниятда уларнинг қулоқларини, бурунларини кесадилар ва ҳоказо. Шунга ўхшаб, инсон ҳам онадан соф табиат билан туғилади, у яҳудий, насроний ёки мажусий бўлиб туғилмайди. Ота-онасининг тарбияси туфайли яҳудий, насроний ёки мажусий бўлади.
Аллоҳ таоло бу дунёдаги нарсаларни сабабият қонуни ила бир-бирига боғлаб қўйган. Оч инсон таом емаса, қорни тўймайди. Ота-она қўшилмаса, бола туғилмайди. Худди шунингдек, тарбия бўлмаса, инсон тарбия кўрган бўлиб вояга етмайди. Шунинг учун ҳам Исломда бола тарбиясига алоҳида эътибор берилади.
Тарбия ҳақида Имом Ғаззолийнинг «Иҳёу улумуд-дин» китобида бундай дейилади: “Бола ота-она қўлида бир омонатдир. Қалби турли нақш ва расмлардан пок, нима нақш солинса, қабул қилади, нимага мойил қилинса, мойил бўлаверади. Агар яхшиликка ундалса ва ўргатилса, унинг устида ўсаверади, дунё ва охиратда саодатли бўлади, ота-онаси ҳамда одоб, таълим-тарбия берганлар барчаси савобига шерик бўлишади. Агар ёмонликка ундалса ва ҳайвон каби бўш қўйилса, ёмонликка учрайди, ҳалок бўлади ва унга қараб турган киши зиммасига гуноҳкорлик тушади”.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Авлодларингизни, биринчидан: “Аллоҳни севадиган қилиб тарбияланглар...” Чунки Аллоҳ таоло уни йўқдан бор этиб, ота-онани унинг дунёга келишига сабабчи қилди. Ва уларнинг қалбларига фарзанд меҳру муҳаббатини солди. Агар Аллоҳ таоло фарзанд муҳаббатини қалбга солмаганида, уни бағрига босмасди, раҳм-шафқат қилмасди, кўчага ташлаб кетган бўларди. Шунинг учун фарзанд Аллоҳ таолони севиб, унга шукрлар қилиши лозим.
Иккинчидан: “Аллоҳнинг Расулини севадиган қилиб тарбияланглар”. Чунки Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни халқ орасидан танлаб олиб, халққа Пайғамбар қилиб юборган. Қуръони каримнинг Анбиё сураси 107-оятида ул зотни “Биз сизни (бутун) оламларга раҳмат қилиб юборганмиз”, дейилган. Пайғамбаримиз инсонларга ота-онасидан ҳам меҳрибонроқ бўлган, дунёдаги барча яхшиликларни ўргатган зот, бутун дунё аҳлининг устози саналади.
Учинчидан: “Аллоҳнинг Китобини севадиган қилиб тарбияланглар...”. Чунки бу Китоб инсониятни ҳидоятга чорлайди.
Бу учта талаб инсон фарзандига ўргатилиши лозим бўлган қоидалардан саналади.
Ҳазрати Пайғамбаримиз соллаллоху алайхи васаллам айтдилар: “Ота-она ўз боласига гўзал одобдан кўра афзал нарса бера олмайди”.
Албатта, фарзанд илмли ва одобли бўлса ота–она ҳурматини ва ҳақ-ҳуқуқларини яхши адо қилади. Оилада яхши тарбия топган фарзанд яхши ва ёмонни фарқлай олади. Қайси оилада, қайси маҳаллада ёшлар тарбияси яхши йўлга қўйилар экан, ўша оила, ўша маҳалла, ўша юрт гуллаб яшнайди. Бу эса жамиятнинг равнақ топишига олиб келади.
Давоми бор...
Муҳаммад Қуддус АБДУЛМАННОН,
Хўжаобод тумани “Етти чинор” жоме масжиди имом ноиби.